muslim.uz

muslim.uz

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйида эр-хотин орасида содир бўлиши мумкин бўлган, аммо Исломда ҳаром қилинган жинсий алоқа кўринишлари ҳақида сўз юритилади.

Ҳайз ва нифос кўриш вақтидаги жинсий алоқа

Хотин киши ҳайз кўраётган пайтда эр унга жинсий яқинлик қилиши Исломда ҳаром саналган амаллардандир.

Аллоҳ таоло айтади: «Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади», деб айт» (Бақара сураси, 222-оят).

Аёл ҳайз кўраётган вақтида унга яқинлик қилиш ушбу оятга биноан ҳаром қилингандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳайз вақтида аёлларга яқинлик қилишдан қайтарганлар.

Маймуна онамиздан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларини ҳайз ҳолатида бўлганларида кийимлари устидан қучоқлар эдилар» (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисдан ҳайз ҳолатида бўлган аёлларга жинсий яқинлик қилиб бўлмаслиги, аммо уларни қучоқлаш, ўпиш мумкинлиги келиб чиқади.

Нифос кўраётган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиш ҳаром қилинган амаллардандир. Нифос – аёл киши бола туғгач узоғи 40 кун кўрадиган қондир. Нифоснинг энг оз муддати белгиланмаган.

Ҳайз вақтида жинсий яқинликни ман қилинганлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар нифосга ҳам тааллуқлидир.

Рўзада оғиз ёпиқ бўлган вақтда ва ҳаж вақтида жинсий яқинлик қилиш

Рамазон рўзасини тутиб оғиз ёпиқ ҳолатида жинсий алоқа қилиш ҳаромдир. Рамазон вақтида оғиз очилгандан кейин жинсий яқинлик жоиз бўлади. Рамазонда бўлмай, шунчаки нафл рўза тутилган вақтда ҳам жинсий яқинлик жоиз эмас. Нафл рўза тутмоқчи бўлган аёл рўза тутиш учун эрининг олдидан ўтиб қўйиши лозим.

Рамазон рўзасида жинсий яқинлик қилиш мумкин эмаслиги, рўза бузилиши ва каффорат бериши шарт экани Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисларида келган. Ушбу ҳадисда бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, Рамазон рўзаси вақтида аёли билан қўшилгани ҳақида хабар берганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга каффорат бериши лозим эканлигини айтганлар.

Ҳаж ойларида ҳажга эҳром боғлаганларга ҳам жинсий яқинлик қилиш жоиз эмас. Жинсий яқинлик қилиб қўйсалар унинг вақтига кўра ҳажлари бузилади ёки каффорат беришлари лозим бўлади.

Улуғ Аллоҳ айтади: «Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни билади. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй ақл эгалари!» (Бақара сураси, 197-оят).

Ўзига ҳажни фарз қилиш – ҳажни ният қилиб, эҳромга кириш деганидир. Демак, ундай одамга шаҳвоний ишлар, яъни жинсий яқинлик ва унинг ҳақидаги гап-сўзларни сўзлаш мумкин бўлмайди.

Афзал Аброр таржимаси

Оиланинг муқаддас эканлиги шу даргоҳда инсон насл-насабини давомчилари дунёга келишидир. Оила сўзи “Аёл” сўзидан иштиқоқ қилинган бўлиб, оила деганда аёл тушунилади. Демак, аёл муқаддас ҳисобланар экан.

Муқаддас динимизда аёлларнинг алоҳида тутган ўрни бор. Жамиятда унга ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб берди. Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмас эди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланишган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган:

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар).

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги замонамизда ҳам, жаҳолат қолдиқларидан баъзи ҳолатларни кўриб, наҳотки шунчаликка боришадими деб истиғфор айтишдан нарига ўтмайсиз.

Самарқанд шаҳрида юз берган воқеа бутун Ўзбекистон халқини тинчини бузди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган аёлнинг эри томонидан шафқатсизларча калтакланиши аёлнинг оиладаги ўрнини билмасликдан бошқа нарса эмас. Кишини яхши ёки ёмон эканини билиш учун динимизда бир қоида бор. Пайғамбаримиз муборак ҳадисларида: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муносабатда бўлганингиздир”, деб марҳамат қиладилар. Оила раҳбари эркакнинг зиммасига аҳли-аёлини моддий ва маънавий томонлардан ўз ҳимоясига олиши вазифа қилиниб белгиланган. Шундай экан эр кишилар бу масалада эътиборли бўлишлари жуда зарур.

Ижтмоий тармоқларда тарқалган, қалбни оғритадиган мазкур ҳолатни содир этган эркак кишининг ҳатти-ҳаракати мусулмон кишининг қиладиган иши эмаслигини айтиб ўтамиз. Тезроқ тавбага шошилишини маслаҳат берамиз. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазаби қаттиқдир.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида барча соҳаларда юксалишлар кўзга ташланмоқда. Илм-фан, таълимни қўллаб-қувватлаш, диний соҳадаги ўзгаришлар хорижий экспертларнинг эътирофига сабаб бўлмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Халит ЭРЕН, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори:

— Ўзбекистон илм-марифат ривожланган мамлакат, Ислом маданияти бешигидир. Ислом тамаддунининг бой манбаларини ўзида мужассам этган бу ажойиб мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар бизда катта таассурот уйғотмоқда. Ислом таълимотини чуқур ўрганиш, илм ва тамаддун ғояларини тарғиб этиш бўйича нуфузли халқаро ташкилотларда илгари сураётган ташаббусларини жуда катта қизиқиш ва мамнуният билан кузатиб бораяпмиз. Ва биз бу эзгу ташаббусларни тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти этиб сайланганидан бери Ўзбекистонни дунёга очиш борасида тинимсиз саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Бунда ўлканинг бой маданий маънавий меросини кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг 2016 йил Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзо-давлатларининг Ташқи ишлар вазирлари йиғилишида ва 2017 йил БМТ Бош ассамблеясида илгари сурган ташаббуслари у кишининг нафақат ислом умматининг, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг келажаги ҳақида қайғураётганидан далолат беради.

IRCICA Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган муассасалар — Имом Бухорий Халқаро тадқиқот маркази, Ислом тамаддуни маркази, Ўзбекистон Ислом академияси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ислом академиясида IRCICA кафедраси ташкил этилган. Бундан ташқари биз юқорида зикр этилган муассасалар билан ҳамкорликда қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириб, Шавкат Мирзиёевнинг маърифатпарвар дунёқарашини жаҳон афкор оммасига таништиришда фаол иштирок этаяпмиз.
Биз Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган диний-маърифий соҳалардаги барча ташаббусларни Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ва кенг халқаро майдонда қўллаб-қувватлаймиз ҳам уларни тарғиб этишга ҳисса қўшамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усмонов Миср – Ўзбекистон дўстлик жамиятининг фаол аъзолари, Қоҳирадаги таниқли олим ва ёзувчилар – профессор Магди Заабал, Аҳмад Рагаб Ризк, доктор Ал-Саид Хани ва Миср Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдураҳмон ал-Хамиси билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Элчи учрашув аввалида Қоҳира университетининг Археология факультети профессори, мисрлик олим Аҳмад Рагаб Ризканини Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида муҳим дастурларни тарғиб қилишда амалий ёрдам бергани учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан топширилган Ўзбекистоннинг юксак давлат мукофоти – "Дўстлик" ордени билан табриклади.
Аҳмад Рагаб Ризк узоқ йиллардан буён Мовароуннаҳр олимлари, илоҳиётшуносларининг бой маънавий-илмий мероси бўйича батафсил, шу билан бирга, чуқур тадқиқот ишларини олиб бормоқда. У Ўзбекистон фан ва маданиятининг ноёб ёдгорликларига бағишланган қатор китоб ҳамда монографиялар муаллифи. Икки жилдли «Бухоро. Ислом цивилизацияси ёдгорликлари" китоби ҳам унинг қаламига мансуб. Мисрлик олим Тошкент, Самарқанд, Хива, Фарғона, Қўқон, Термиз каби дунёда тан олинган тамаддун марказларида жойлашган тарихий ёдгорликларга бағишланган қатор илмий мақолаларни нашрга тайёрламоқда.
Учрашувда профессор Аҳмад Рагаб Ризк Ўзбекистон Президентига меҳнати ва саъй-ҳаракатларини1 юқори баҳолагани учун самимий миннатдорлик билдирди ва Шарқ мамлакатларида Ўзбекистон халқининг бой тарихи ва маданиятини оммалаштиришга ўз ҳиссасини қўшишда давом этишини қайд этди.
Тадбир доирасида Миср – Ўзбекистон дўстлик жамияти фаоллари билан 2020-2021 йилларда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тақдимот, кўргазма, веб-семинар ва бошқа тадбирларни тайёрлаш ҳамда ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top