Рамазон

Рўза – барча умматлар ибодати

Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз (Бақара, 183). 

 Манбааларда қайд этилишича, рўза тутиш ибодати Одам (алайҳиссалом)дан бошлаб то Муҳаммад (алайҳиссалом) давригача ўтган барча пайғамбарлар ва уларнинг умматларига фарз қилинган.

 

Инсоният тарихида ўтган пайғамбарлар, авлиёлар, буюк мутафаккирлар, табаррук зотлар рўза тутиб улуғ мақомга эришганлар. Мусо (алайҳиссалом)нинг Аллоҳ билан юзлашишдан олдин рўза тутгани, Яҳё (алайҳиссалом) ҳаётининг катта қисмини рўзадор бўлиб ўтказгани, Исо (алайҳиссалом) пайғамбарлик келишидан аввал чўлда рўза тутгани ҳақида ривоятлар келган.

 

Ягона Илоҳга эътиқод қилувчи диндорлар ҳам, бутпарасту мушриклар ҳам рўза тутадилар. Аммо рўза тутишнинг шарт ва қоидалари давр, макон, инсоннинг қайси халқ ва қай бир динга мансублигига қараб фарқ қилиб келган. Ҳатто бир дин вакиллари ўртасида ҳам минтақавий жойлашуви, миллати ёки оқим-йўналишига қараб мазкур ибодатда фарқланиш бўлган.

 

Жоҳилият даврида рўза тутган Қурайш аҳли ҳақида Ойша (розияллоҳу анҳо) шундай дейди: “Ошуро куни Қурайш жоҳилиятда рўза тутадиган кун эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам жоҳилият даврида бу кунда рўза тутар эдилар. У зот Мадинага келганларида ҳам бу кун рўзасини тутдилар ва бошқаларга ҳам буюрдилар. Рамазон фарз қилинганида, у фарз бўлиб, Ошуро тарк қилинди. Уни хоҳлаган тутди, хоҳламаган тутмади” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

 

Яҳудийлик дини вакиллари ҳам Ошуро куни рўза тутишган. Бу тўғрида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида яҳудийлар Ошуро куни рўза тутишар эди. Улар: “Бу кунда Мусо Фиръавн устидан ғолиб бўлган”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига: “Сизлар Мусога улардан кўра ҳақлироқсиз, сиз ҳам рўза тутинг!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло яҳудийларга фарз қилган рўза еттинчи ой ўнинчи кун рўзаси бўлиб, уни “Тисри” деб аташган. Бу гуноҳлар каффорати куни ҳисобланиб, уни “Каббур” деб ҳам аталарди. Кейин яҳудий уламолари яна тўрт кун – тўртинчи, бешинчи, еттинчи ва ўнинчи ойларнинг биринчи кунини рўза деб эълон қилганлар. Яҳудий динидаги нафл рўза тўғрида шундай ҳадис келган: “Аллоҳга энг севимли рўза Довуд (алайҳиссалом)нинг рўзаси... У бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ юрарди” (Муттафақун алайҳ).

 

Насронийлар ҳам яҳудийларга эргашиб рўза тутишар эди. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ошуро куни рўзасини тутиб, бошқаларга ҳам тутишни буюрганларида саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, бу кунни яҳудийлар ва насронийлар улуғлайди”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Келаси йил бўлганда, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Лекин келаси йилгача Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот қилдилар” (Имом Муслим ривояти).

 

Тарихий манбаалардан маълум бўладики, илоҳий ҳукмга кўра, аввал-бошдан яҳудий ва насроний динларида рўзадорлар кун давомида  озиқ-овқат истеъмолидан буткул тийилиши талаб этилган. Бироқ вақт ўтиб, одамлар мазкур ибодатга ўзгартиришлар киритишган. Жумладан, яҳудийлик динида рўзадорларнинг чўмилиши, хушбўй мойлардан фойдаланиши, пойабзал кийиши, меҳнатнинг айрим турларидан воз кечиши каби талаблар жорий этилган. Насронийликда эса рўза деганда маълум турдаги егуликлардан тийилиш тушуниладиган бўлди.

 

“Православ ва бошқа черковларда жорий қилинган Буюк парҳез (Великий пост)нинг илоҳий рўза хабарини тарқатган Исо Масиҳ ва унинг ҳаворийларига даҳли йўқ, – дейди православ руҳонийси, россиялик жамоат арбоби Андрей Кураев “Эхо Москвы” радосига берилган интервьюда. – Гап шундаки, рўзанинг ушбу кўриниши христиан дини тарихининг 4-5 асрларидан шаклланган. Илк  насронийлар тутган рўза ҳозирги мусулмонларнинг ибодати билан бир хил бўлган. Яъни, кун давомида – саҳардан то қуёш ботгунгача овқат, суюқлик истеъмол қилиш буткул ман этилган. “Ёвғон овқат” (насронийлар рўза кунлари истеъмол қиладиган ҳайвон гўшти, ёғи ва сут маҳсулотларидан холи егулик) деган тушунча насронийлик дини тарқалган пайтда умуман бўлмаган. Рўзами, демак, ҳар қандай егулик таъқиқланган”.

 

Турли динларда рўза нафақат давомийлиги, шартлари, балки кимга ёхуд нимага атаб тутилишига қараб ҳам фарқланади. Маълум саналар, ҳодисалар, турмушда рўй берадиган ҳолатлар рўза тутишга асос қилиб олиниши мумкин. Баъзи динларда бу борада аниқ тартиб-қоидалар белгиланмаган – рўзадорнинг виждони, имконияти, ҳохишига ҳавола этилади.

 

Уч монотеистик дин – яҳудийлик, насронийлик ва Ислом вакиллари, яъни Китоб аҳли учун рўзанинг асосий моҳияти фақат маълум муддатга моддий эҳтиёжларни чеклаш эмас, балки ибодатни янада юқори даражага кўтаришдан иборатдир. Рўза азалдан истиғфор, пушаймонлик, итоат, илтижонинг бир кўриниши бўлиб, шу йўл билан Яратганнинг мағфиратига эришилган. Илоҳга яқинлашиш, У билан мулоқотга тайёргарлик мақсадида ҳам рўза тутилган. Тўлақонли рўза тутишда руҳий тарбия, қалбни ғуборлардан халос этиш, фикр-хаёлни поклаш,  хайрли амаллар билан Аллоҳ розилигига эришишга катта аҳамият берилган, бунга Аллоҳ таолога ибодат,  унинг буйруғига  итоат сифатида қаралган.

 

Ислом шариатида рўза муайян шартлар билан, аниқ белгиланган кунларда тутилиши жорий этилган. Замон ва макони, миллати, шахсиятидан қатъи назар, жами мусулмонлар фарз рўзани бир пайтда, бир тартибда тутадилар. Шундагина ибодатдан кўзланган олий мақсадга етилади, шундагина рўзанинг асосий ҳикматларидан бири – Ислом жамиятида тақводорлик малакасини оширишга эришилади. Аллоҳнинг динига имон келтирган мусулмонлар У яратган борлиқда фақат Ўзининг кўрсатмаларига амал қилиб яшамоқ лозимлигини биладилар. Зеро, Аллоҳ бандаларига икки дунё саодатини раво кўргувчи Зот. Унинг ҳар бир ҳукми инсон манфаатига қаратилгандир. Демак, Ер юзининг қай чеккасида яшамасин, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайридин, инсон рўзанинг энг тўғри, энг ҳаққоний кўринишини фақат Ислом дини кўрсатмаларида топиши мумкин. 

Юлдуз ҲОШИМОВА

 

 

Read 86404 times
Top