muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 2 май куни Бутунжаҳон форуми доирасидаги тадбирлар Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида давом этди. Диний етакчиларнинг Шуша йиғилишда “Ғарб-Шарқ мулоқоти: янги чақириқлар ва мафкуравий таҳдидлар”, “Динни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш” каби мавзулар юзасидан нотиқлар маърузалар ўқиб, дин пешволари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Анжуманда диний конфессиялар етакчилари, маданият соҳаси вакиллари, уламолар, муфтийлар, профессор-олимлар, давлат, жамоат ва дин арбоблари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари бугун дунёда кечаётган мафкуравий таҳдидлар, дин ниқоби остидаги турли фитна ва ёвузликларнинг олдини олиш, диний бағрикенглик масалаларини муҳокама қилдилар.

Хусусан, сўнгги йилларда дунёнинг турли ҳудудларида хавотирли воқеалар тобора кескинлашиб бораётгани, бир қатор минтақаларда низолар кучаяётгани, бу каби қарама-қаршиликларнинг олдини олиш ҳар бир дин пешвосининг бурчи экани ҳамда ҳеч бир дин зўравонликни тарғиб қилмаслиги тўғрисида сўз борди.

Шунингдек, тинчлик-осойишталикни сақлаш йўлида диний бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини кенг ёйиш, адоват ва муросасизликка олиб борувчи ҳар қандай иллатни бартараф этиш муҳим аҳамият касб этишига урғу қаратилди. Шу боис, бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик катта қийматга эга эканини бутун инсоният чуқур англаб етиши зарурлиги қайд этилди.

Мулоқот якунида форум қатнашчилари дунёда кечаётган долзарб муаммоларни биргаликда ҳал қилишда мазкур йиғинлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар ва халқаро анжуманда кўтарилган масалалар юзасидан “Шуша декларацияси” ни қабул қилдилар.

Шунингдек, Форум қатнашчилари Шуша шаҳрининг тарихий-маданий қадамжоларини зиёрат қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Зайниддин домла ЭШОНҚУЛОВ

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Кеча, 1 май куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Тинчлик ва глобал хавфсизлик йўлидаги мулоқот” мавзусида Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқотининг VI форуми ўз ишини бошлади. Очилиш маросимида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев иштирокчиларга муваффақият тилаб, мазкур анжуман маданиятлараро мулоқотнинг муҳим майдонига айланаётганини билдирди.

Халқаро анжуманда БМТ альянси, ЮНEСКО, АЙСЕСКО, Жаҳон туризм ташкилоти ва дунёнинг турли мамлакатларидан келган диний конфессиялар етакчилари, маданият соҳаси вакиллари, вазирлар, таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, давлат, жамоат ва дин арбоблари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли ва Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозоданинг таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам қатнашмоқда.

Форум жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини яна бир бор замонавий таҳдидлар, тинчлик-хавфсизлик муаммолари, урушлар, қарама-қаршиликлар, динлараро муросасизлик кабиларга қаратиб, жаҳон ҳамжамиятини тинчлик-осойишталикни қарор топтиришга чақирмоқда. Шунингдек, илм-фан, таълим, ёшлар, иқлим ўзгариши, маданий меросни муҳофаза қилиш, ксенофобия ва ноқонуний миграция каби мавзулар муҳокама этилмоқда.

 Сўзга чиққан нотиқлар “Динлар ва диний етакчиларнинг халқаро хавфсизликка қўшган ҳиссаси”, “Ижтимоий тармоқлар ва дин: имкониятлар ва муаммолар”, “Динлараро мулоқот орқали ишончни мустаҳкамлаш”, “Терроризм, диний ва ирқий муросасизлик, нафратга чақириш ва ксенофобия халқаро хавфсизликка таҳдид”, “Диннинг иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит муаммоларига муносабати” каби мавзуларда чиқиш қилдилар.

Очилиш маросимидан кейин Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жаноблари Туркий давлатлар муфтийлари билан тор доирада мулоқот ўтказди.

Ушбу форум доирасида "Динлараро мулоқот орқали ишончни мустаҳкамлаш” мавзусида диний етакчиларнинг Баку учрашуви ўтказилди. Унда Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлаб, жаҳонда тинчлик-осойишталикни қарор топтиришда дин пешволарининг ўрни ҳақида сўз юритдилар.

Форум тадбирлари 3 майга қадар давом этади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 1 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, таклиф ва мулоҳазаларини тингладилар.

Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган шаръий масалалар, масжидлар қуриш, имом-хатиблар фаолияти, оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси ва моддий ёрдамга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.

Қабул давомида Наманган, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.

Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Page 2 sur 1644
Top