Хорижга ноқонуний ишга юбормоқчи бўлган хусусий бандлик агентлиги ходимлари ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ДХХ ходимлари иштирокида ўтказилган тадбир давомида Корея Республикасига ишга жўнатишни ваъда қилиб, 5 кишидан жами 35 минг доллар олмоқчи бўлган хусусий бандлик агентлиги вакиллари ушланди.

«Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, «O. xususiy bandlik agentligi» МЧЖ ходимлари М.И., Т.А. ва фуқаро И.Х. фуқаро Л.К. ва бошқаларнинг ишончига кириб, уларни алдаб, 4 нафар ўғиллари ва 1 нафар жиянини ноқонуний равишда, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан Корея Республикасига ишга юбориш эвазига ҳар бири учун 7 000 АҚШ долларидан жами 35 000 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан, 17 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га берган маълумотда.

Шунингдек, тезкор тадбир давомида «A.visa» МЧЖ раҳбари Ш.А. юқорида номлари келтирилган 5 кишини ноқонуний равишда Корея Республикасига ишга юбориш эвазига бўнак сифатида 2 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Read 2313 times
Top