Рамазон

Рўзадор аёллар учун макруҳ амаллар

Мағфират ва барокат  ойи  бўлмиш рамазон фаровон юртимиз бўйлаб ўз шукуҳини кўрсатмоқда. Халқимизнинг юзларидаги мамнуният, бир-бирларига эҳсонлар улашишларидаги шижоатларининг янада зиёда бўлганлиги бунинг яққол далилидир. Халқимиз рамазон ойида қилинган ҳар бир яхшиликнинг савоби бир неча баробар кўпайтириб берилишига умид қилган ҳолда ҳаракат қилмоқдалар. Оналаримиз, опа-сингилларимизнинг  ўзлари  рўзадор бўла туриб ифторлик ва саҳарликларга турли таомлар тайёрлашлари албатта таҳсинга лойиқдир. Аммо баъзи ҳолларда, таом тайёрлаш асносида уларнинг овқатнинг тузини билишлик учун татиб кўраётганликларига гувоҳ бўлиб қоламиз. “Сиз рўзадорсизку!” - деган гапимизга - “Татиб кўрса ҳеч нарса қилмайди...” - деган жавобни оламиз.Тўғри, рўза таом татиб кўрганлик  сабабли очилиб кетмайди, аммо бу макруҳ  ҳисобланади.

Изоҳ: Макруҳ - маън қилинган амал. Макруҳни қилмаган киши савобга қолади. Қилган киши гуноҳкор бўлади.

Шу сабабдан рўзадор кишига макруҳ бўладиган ишларга алоҳида

тўхталишни лозим деб билдик. Бу ҳусусда фиқҳий манбаларда ёзилган ҳукмларни келтирмоқчимиз.

  1. “Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши

макруҳдир”.[1]  Бу ҳолатларда нарсалар ичкарига кетиб қолиб рўзани бузиш ҳавфи бордир. Яна бошқа инсонлар кўриб рўза тутмаган экан деган гумонга бориб қолишлари мумкин. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва оҳират кунига иймон келтирган бўлса, туҳмат мақомларига яқинлашмасин” - деганлар. Демакки бундай ҳолатлардан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз керак бўлади.

  1. “Фақатгина, ёш болага зарурат юзасидан овқат чайнаб бериш макруҳ эмас”. Бу ҳукм бироз шарҳни талаб қилади. Агар онани сути фарзандини тўйдиришга етарли бўлмаса, ёш боланинг оч қолиш эҳтимоли кучли бўлса, шу ҳолатдагина она чайнаб беришига руҳсат берилади.[2] Бу вазиятда ичкарига таомни кетиб қолишидан эҳтиёт бўлиш зарур. Сўнг оғизни сув билан чайиб юбориш тавсия қилинади.
  2. “Рўзадорга ўпиш - агар ортидан бирор нарса бўлиш ҳавфи бўлса макруҳдир.” Бунга қучоқлашиш, ушлаш каби шаҳватни қўзийдиган барча ишлар киради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир одам Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан рўзадорнинг қучоқлашиши ҳақида сўради.Унга руҳсат бердилар. Бошқа биров у зотнинг ҳузурларига келиб сўраган эди, уни қайтардилар. Қаралса,У зот рухсат берган киши чол экан,қайтарган шахс эса йигит экан”. (Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилган)[3].

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам баъзи шаръий ҳукмларни баён қилишда кишиларнинг шахсини ҳам эътиборга олганлари кўриниб турибди. Қари чол кампирини қучоқлагани билан рўзасига путур етадиган даражада шаҳвати қўзғалмаслиги аниқ. Ёш йигит эса бу иши билан рўзаси очиладиган даражага етиши турган гап. Демак, рўзадорнинг бу борадаги ҳукми унинг ҳолига қараб берилади.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолларида ўпар ва қучоқлар эдилар.У зот ичингизда энг шаҳватига молик эдилар”. Демак бу масалада шаҳватга молик бўлиш асосий меъёр экан.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг шогирдлари Имом Муҳаммад: “Ўпишлик мутлоқ макруҳдир. Чунки бу фитнадан ҳоли эмасдир. Яъни бу шаҳватга олиб борувчи йўлдир”, деганлар.[4]

Хулоса қилиб айтганда, рўзадор одам рўзасини очилиб кетишига олиб борувчи ҳар қандай шубҳа ва рўзага шикаст етказадиган ишларни қилмаслиги маъқул.

Рамазон онларини тинч-осойишта юртимизда ҳотиржамликда, оиламиз ва яқинларимиз даврасида, тўкин дастурҳон атрофида ўтказаётганлигимиз Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматидир. Бу неъматлар учун Аллоҳга чексиз шукрлар бўлсин. Барчамизга ушбу ойда кўплаб ажрларга эга бўлишни насиб этсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим

юрти ўқитувчиси Гаипова Жозиба 

 

[1] Убайдуллоҳ Ибн Масъуд. “Нуқоя Мухтасари Виқоя”. Мовароуннаҳр,1991.

[2] Нажмиддин Муҳаммад Дарконий. “Ихтисори ривоя ала Мухтасари Виқоя”. Байрут-Лубнан: Дарул кутуб илмия.1-жилд.

[3]Нажмиддин Муҳаммад Дарконий. “Ихтисори ривоя ала Мухтасари Виқоя”. Байрут-Лубнан: Дарул кутуб илмия.1-жилд.

[4] Ўша манба

Read 108462 times
Top