Ҳар қандай муваффақиятга эришиш учун қуйидаги уч режага асосланган кўплаб қадамларни босиб ўтиш керак:
1- Мақсадни аниқ қўйиш;
2- Тартиб ва низомга амал қилиш;
3- Ўзгартириб туриш, турфа-хиллик касб этиш.
Ҳар бир режа ўзидан олдингиси устига қурилади.
Биринчиси: мақсадни аниқ белгилаб олиш. Ишни бошлашдаги энг биринчи ва энг муҳим қоида бу – “Ишни бошлаган вақтинг зеҳнингда ниҳояси қандай бўлиши ҳақида тасаввур бўлсин”. Муайян мақсадсиз бошланган ҳар қандай иш охирига етмайди. Фойдасиз бекор ишга айланади. Мақсадингизни белгилаб, кейин ухлайверинг дегани ҳам эмас, балки у билан ҳар лаҳза яшашингиз керак!
Мақсадингизни қоғозга тушириб олиб, ҳар куни унга қараб иш кўрсангиз ва уни амалга оширишга Аллоҳнинг изни билан қодир эканингизга ишонсангиз бу нақадар яхши!
Мақсадлар уч хил бўлади: биринчиси, ҳам яқин, ҳам узоқ мақсад. Иккинчиси, яқин мақсадлар. Учинчиси, узоқ мақсадлар.
Ҳам яқин, ҳам узоқ мақсад фақат биттагина. У ҳам бўлса Аллоҳнинг розилиги ва жаннат. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги дуони ўргатганлар: “Аллоҳим, биз Сендан розилигингни ва жаннатни сўраймиз”. Бу мусибат-у қийинчиликларни осонлаштириб юборадиган мақсаддир. Биз мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган мақсаддир. Зеро, бошқалар бу мақсадни билишмайди ҳам. Шу сабаб ҳам ғам-ғуссаларга, машаққатларга дуч келганда баъзилари жонига қасд қилганига, ўзини осиб ёхуд поезд тагига ташлаб ўлдирганига гувоҳ бўламиз.
Яқин мақсадлар ҳаёт давомида туғилиб бораверади. Бирор ишни қилмоқчи бўлсангиз, ўша ишни қилиш бўйича олдингизга мақсад қўясиз. Мана шу яқин мақсад дейилади.
Узоқ мақсадлар эса келажакда амалга оширишга саъй-ҳаракат қилаётган мақсадларингиздир. Гоҳида бундай мақсадлар вафотингиздан кейин ҳам давом этади. Узоқ мақсадлар воқеъликка мос келиши, ўз ишингиз ва мутахасислигингиздан келиб чиқиши лозим. Шак-шубҳа йўқки, ушбу узоқ ва яқин мақсадларни зийнатлаб турувчи тож бу ниятни холис Аллоҳ таоло учун қилишдир. Шундай экан, ҳар куни ниятингизни янгилаб туринг.
Иккинчиси, тартиб ва интизом. Мақсадларни тартибга солиш ҳам муҳим ишлардан саналади. Амалга оширишга ҳаракат қилаётганингиз ҳар қандай мақсад муайян белгиланган вақтда амалга оширилиши керак. Яъни, шу вақтда бошладим, фалон вақтда тугатаман, дея реъжалаш керак ва албатта Аллоҳ хоҳласагина қила олишини ёдда тутиши керак.
Учинчиси, ўзгартириб туриш, турфа-хиллик касб этиш. Бир хилликда давом этиш одамни малоллантириб, зериктириб қўяди. Фақат фаришталаргина битта ишни қилишдан малолланишмайди, зерикишмайди. Бу ҳақда Аллоҳ бизга қуйидагича хабар берган: "Роббингнинг ҳузуридагилар Унга кечасию кундузи тасбиҳ айтурлар. Улар малол олмаслар" (Фуссилат сураси 38-оят).
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.