Ўзбекистон янгиликлари

Мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Рамазон ойида инсон қадрини улуғлаш, саховат кўрсатиш, меҳр-оқибат каби халқимизга хос фазилатлар янада намоён бўлади. Айниқса бу ойда кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашишнинг ажри савоби ниҳоятда кўп.
Шу кунларда барча ҳудудларда ташкил этилаётган саховат тадбирлари Наманган вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда. Хусусан, Наманган шаҳридаги "Қадамжо" маҳалласида Маҳалла хайрия жамоат фонди томонидан ифторлик дастурхони ёзилди. Унда нуронийлар ҳамда эҳтиёжманд оилалар вакиллари 150 нафардан ортиғи иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Наманган шаҳар бош имом хатиби Мусохон Аббосиддинов бугунги кунда мамлакатимиз диний соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб, барчани муборак Рамазон ойи билан қутлади.
Ифторлик сўнггида дуога қўл очган нуронийлар юртга тинчлик-омонлик сўрадилар, бундай ҳур, эмин-эркин замоннинг қадрига етиш, шукрона келтириш лозимлигини таъкидладилар.
Бундай хайрли эҳсон тадбирлари Тошкент шаҳрида ҳам бўлиб этмоқда. Куни кеча Тошкент бош имом-хатиби в.б. Абдуқаҳҳор домла Юнусов Шайхонтоҳур туманидаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди атрофидаги маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга ифторлик учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди. Шу билан бирга, Абдуқаҳҳор домла хонадон соҳиблари билан бирга ифторлик қилиб, улар билан дилдан суҳбатлашди.
Бундай эҳсонлардан шод бўлган оилалар, бу хайрли ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

913 марта ўқилди

Янгиликлар

Top