Ўзбекистон янгиликлари

Президент ташаббуси амалда: эҳтиёжманд хонадонларга Рамазон файзу барокат улашмоқда

Муборак Рамазон ойи муносабати билан Сурхондарё вилоятидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун “Бир мусулмоннинг оғирини енгил қилиш — бизга ҳам қарз, ҳам фарз", деган эзгу ғоя асосида ифторлик дастурхонлари ёзилмоқда.

Президентимиз жорий йилнинг 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мутасаддилар ва дин уламоларига ўттиз кунлик муборак Рамазон ойида энг оғир маҳаллалардаги кам таъминланган оилалар учун ифторлик ташкил этиб, кўнгли ўксик мўмин-мусулмонлар оғирини енгил қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу ташаббус ойлар ичидаги энг улуғ Рамазон ойида кенг қулоч ёзиб, воҳада кам таъминланган эҳтиёжманд оилалар учун ифторлик дастурхонларини ёзиш ажойиб анъанага айланди.  

Давлатимиз раҳбарининг бу ғояларида чуқур маъно бор. Зеро, мўмин-мусулмон киши муборак бу ойни бошқа ойларга нисбатан кўпроқ яхши кўради. Рамазонни мағфират, ҳидоят, раҳмат, тақво, меҳр-мурувват, саховат, гўзал хулқлар билан безаниш, солиҳ ишлар қилиш ойи сифатида улуғлайди. Бу ойда бошқа ойларга нисбатан мўлроқ раҳмат ёғилиши ва теварак-атрофга сочилган файзу-барокат нуридан баҳраманд бўлишга интилиб яшайди. Бу йилги Рамазонда вилоят маҳаллаларидаги кам таъминланганлар учун ташкил этилаётган ифторликлар ана шундай гўзал ойни янада файзли, тароватли ўтказишга хизмат қилмоқда.  

Айни кунларда секторлар раҳбарлари, имомлар жойларда ифторлик ташкил этиб, ҳикматли сабр ойида меҳр-мурувват ва саховат каби юксак фазилатларни кенг намоён этмоқда. Жумладан, Музработ туманидаги Юртим жамоли маҳалласининг кам таъминланган оилалари учун “Муҳаммади бобо” ошхонасида ташкил этилган ифторлик дастурхонига дин вакиллари, ёши улуғ отахон ва онахонлар ҳам таклиф этилиб, тўкин дастурхон атрофида Ватанимизга тинчлик, жойларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга бардавомлик, ҳар бир хонадонга файзу барокат тилаб, дуо қилинди. Мамлакатимизда юз бераётган беқиёс ўзгаришлар, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликлар, жойларда кенг қулоч ёзаётган миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ёш авлод тарбиясидаги ўрни сингари мавзуларда дилдан суҳбатлашди.  

Бандихон туманидаги Чинор маҳалласида яшайдиган Нодира Жўраева хонадонида ўтказилган ифторликка ҳудуддаги кам таъминланган оилалар ва диний идора вакиллари, маҳалла оқсоқоллари ҳам таклиф этилди.    

Шеробод туманидаги кам таъминланган оилаларда ҳам Рамазон муносабати билан ифторлик дастурхонлари ёзилиб, ҳидоят ойини хушкайфиятда ўтказишга кўмаклашилмоқда. Шунга кўра, муборак ойнинг ўтган даврида сектор раҳбарлари Хўжги, Мажнунтол, Ғуржак-1, Ғамбур, Қизилолма, Нуртепа каби ўндан ортиқ маҳалладаги кам таъминланган оилаларда бўлиб, имомлар, маҳаллалар оқсоқоллари иштирокида ифторлик ўтказди.    

Вилоятнинг барча маҳалла ва қишлоқларида секторлар раҳбарлари, диний идоралар вакиллари ҳамда оқсоқоллар иштирокидаги серфайз ифторликлар давом этмоқда.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири

909 марта ўқилди

Янгиликлар

Top