Ўзбекистон янгиликлари

Ҳомиджон домла Ишматбеков нуфузли мукофот билан тақдирланди

2023 йилнинг 10-11 октябрь кунлари Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойи Котибиятининг ХХI-йиғилиши бўлиб ўтди. Дунёнинг 23 давлатидан келган дин пешволари Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойида қабул қилинган Декларация қоидаларини амалга оширишни муҳокама қилдилар. Давра суҳбатида турли динлар, халқаро ташкилотлар вакиллари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков иштирок этди.

Халқаро анжуманда сўзга чиққанлар мазкур форум ишининг алоҳида аҳамиятини қайд этдилар. Шунингдек, динлар ва маданиятлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликка эришиш учун диний ва сиёсий етакчиларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Қурултой иштирокчилари тинчлик ва конфессиялараро тотувликни асрашга қаратилган масалаларга алоҳида тўхталди.

Эътиборлиси, тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков "Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойининг ҳурмат медали" билан тақдирлангани эълон қилиниб, тантанали тарзда тақдим этилди.

Йиғилиш якунида “Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари қурултойининг 2023-2033 йиллар учун ривожлантириш концепцияси” қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

1053 марта ўқилди

Янгиликлар

Top