muslimuz

muslimuz

الإثنين, 29 نيسان/أبريل 2024 00:00

Рўза ва соғлик

Аллоҳ таоло инсон зотини нима амалга буюрган бўлса, ҳаммасида инсон учун фойдалар бор. Асосий мақсад Аллоҳнинг ризолигини топиб, У Зотнинг раҳматига етишишдир.

Масалан, таҳорат олган киши покиза бўлгани боис касаллик юқтирувчи бактериялардан омон бўлади. Танасини сув ювиб тургани боис қон айланиши фаоллашади. Намоз ўқиш бўғинларда туз йиғилишига қаршилик қилади, қон айланишини яхшилайди. Закот бериш кишига ўзи­нинг қилган ишидан мамнунлик бағишлаб кай­фиятини кўтаради, юрак касалликларидан, хафақонликдан асрайди. Ҳажга борган одам узоқ йўлни яёв босиб ўтади. Бир жойда ўтираверган кишининг ичига йиллар давомида шумлик, сершубҳалик, бадгумонлик ва шуларга ўхшаш иллатлар йиғилиб қолади. Йўл юрган инсон эса ўзи сезиб-сезмай ана шу иллатлардан халос бўлиб, енгил тортиб қолади.

Рўзанинг фойдалари ҳақида тиб­биёт мутахассислари бундай дейди: иммунитетни кўтаради, семиришга монелик қилади, буйракда тош йиғилишидан сақлайди, тўқималарда тўпланиб қоладиган за­ҳарли моддалардан тозалашга ёрдам бе­ради, шаҳвоний майлни камайтиради, қон томирлари торайишининг олдини олади, қон айланишини фаоллаштиради, қон босими ортишига қаршилик қи­лади, юракнинг атрофини ёғ қоплаб қолишига йўл қўймайди, бўғинлар шиши қайтишига фойда бе­ради, ичак яллиғланишига, бавосил, зотилжам, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанд, саратон, тутқаноқ, паришонхотирлик, ўпка ва жигар касалликлари, камқонликка қарши курашишда фойда беради.

Бу фойданинг бир жиҳати игнатерапияга ҳам ўхшайди. Игнатерапиянинг моҳияти фаол ишлаб турган ҳужайраларни игна санчиш билан ҳаракатдан тўхтатиб қўйиб, ялқовланиб, ўлиш арафасига келиб қолган ҳужайраларни ишлашга мажбур қилиш экан. Рўзада ҳам одам оч юргани боис танасига ўн бир ой давомида йиғилиб қолган ортиқча ёғлар эриб ишлатилиб кетар экан-да, одамнинг жисми ортиқча юклардан қутулиб енгиллашиб қолар, ўша ёғларнинг остида ўлимини кутиб ётган бечора ҳужайралар яна фаол ишлаб кетар экан.

Ана бизга Раббимизнинг буюк марҳамати!

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

الإثنين, 29 نيسان/أبريل 2024 00:00

Шаввол ойи тугашига оз қолди!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бугун милодий ҳисоб бўйича 2024 йил 29 апрель, ҳижрий санада эса Шаввол ойининг 20 санаси. Муборак Рамазон ойини кузатганимизга 20 кун бўлди. Тахминан яна 10 кундан кейин Шаввол ойи ҳам ўз ниҳоясига етади. Шаввол ойида 6 кун рўза тутишни унутмадингизми? Ёдингиздан кўтарилган бўлса эслатиб қўйишни лозим деб топдик.


Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ва эслат. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур» (Зориёт сураси, 55-оят).

Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш йил бўйи рўза тутганнинг савобига ноил этади.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: «Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас» (Анъом сураси, 160-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Уламолар: «Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз», деганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир».

Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бардавом қилгин, гуноҳларимизни мағфират этгин!

Даврон Нурмуҳаммад

الأحد, 28 نيسان/أبريل 2024 00:00

Билим юртида очиқ дарс

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида апрел – “Ақоид ва информатика” фан ойлиги муносабати билан Ақоид фани ўқитувчиси Маҳмудов Калимуллоҳ домла 3-курс талабаларига “Ақоид” фанидан "Қабрдаги савол-жавоб ҳақлиги баёни" мавзусида очиқ дарси бўлиб ўтди.

Калимуллоҳ домла Маҳмудов очиқ дарсда янги мавзуни Сирожиддин Усмон ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бад-ул-амолий” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир ақидавий  масалани ақлий ва нақлий далиллар билан тушунтириб ўтди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллар ва кўргазмали қуроллардан унумли фойдаланиб, дарсни самарали ташкил этди.

Мавзуга киришишдан аввал, ғайб борасида, унга имон келтириш масаласига қисқача тўхталиб ўтди. Ақида фани бўйича ғайбиётга оид масалалр 3 турга бўлинишини айтиб ўтди.

Биринчиси: фақат ақл билан билинадиган масалалар. Мисол учун Аллоҳнинг борлиги, унинг исм ва сифатлари. Бу масалаларнинг аслида шариатда далиллари мавжуд бўлса-да, ақл уни тасдиқ қилишига таваққуф қилади. Яъни, шариат келтирган далилни ақл қабул қилмаса мўъмин ҳисобланмайди.

Иккинчиси: шариат кўрсатмаси билангина билинадиган масалалар. Мисол учун: жин ва фаришталар, савоб ва гуноҳ, ҳашр ва нашр каби масалалар. Ақлда бу каби нарсаларни бор ёки йўқлиги баробардир, уларнинг мавжудлиги фақат шариат билан билинади.

Учинчиси: ақл ва шариат билан биргаликда билинадиган масалалар. Мисол учун: мўъминлар жаннатда Аллоҳ таолони кўришлари. Бу хусусда ақл билан билиш имкони бор, шариатда ҳам далил бор. Фақат ақл шариат келтирган далилни қабул қилмаса диндан чиқиб қолмайди.  

Дарснинг мавзуси бўлган “Қабрдаги савол-жавоб масаласи ушбу тақсимотнинг иккинчи турига мансуб бўлиб, фақатгина шариат кўрсатмасига кўра биланидаган масалалар қаторида туради” деди устоз Калимуллоҳ Маҳмудов.  

Сўнгра Сирожиддин Усмон ал-Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бад-ул-амолий” асарида мавзуга доир байтни ўқиди ва унинг луғавий жиҳатдан сўзма-сўз баёнини тушинтириб, қабр ва аждос сўзларининг бир-биридан фарқли ҳамда ўхшаш жиҳатлари очиқлади.  

Калом илмининг ҳанафий-мотуридийлик йўналишида мўътабар саналган матнлар: фиқҳул акбар, таҳовий матни, ақоид ан-насафий баҳрул калом каби асарлардан ҳам иқтибослар келтирди.

Ушбу очиқ дарсда билим юрти мудири А.Бобамирзаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари С.Мадмусаев, ўқув-услубий бўлим бошлиғи А.Турсунов ҳамда билим юртининг тажрибали ва ёш устозлари қатнашдилар. 

                                                             

                 Ю.Шодиев,

Ўқув-услубий бўлим

услубчиси

الأحد, 28 نيسان/أبريل 2024 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фарғона вилояти Фурқат тумани бош имом-хатиби Анваржон домла Фармонқуловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳум домламизни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!

Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Анваржон домла Фармонқуловнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz

الجمعة, 26 نيسان/أبريل 2024 00:00

Фарзанд тарбияси – миллат масаласи!

Ҳомиджон домла Ишматбеков, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг
биринчи ўринбосари

 

Top