Мақолалар

Энг ачинарлиси - жаннатда сизга жой бўлмаслиги!

Бир киши Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг олдига келиб: “Мени таҳажжудга туриш чарчатиб қўймоқда, унга бардошим етмаяпти, таҳажжудга туролмай қоляпман! Нима қилсам бўлади?” деб сўради.

У киши: “Эй биродар, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил, чунки бу ёмонлик аломати!”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ўзи айтарканлар: “Киши гуноҳ қилиб қўяди, натижада таҳажжудга туришдан маҳрум бўлади”.

Намоз бу – Аллоҳ билан мулоқот демакдир! Кимки бу мулоқотга нолойиқ бўлса, Аллоҳ ундан маҳрум қилади, бу неъматни унга раво кўрмайди.

Ўйлаб қаранг, нафл намоз ўқишдан маҳрум бўлишнинг ёҳуд бирор кулфатга дучор бўлишнинг сабабики гуноҳ бўлар экан, кўпчилик одамларни фарз намозларини ўқишдан, зиммаларидан вожиб ибодатларни бажаришдан маҳрум қилаётган гуноҳ қандай экан?!

Бомдод намозига туролмаган одам ҳам, жамоат намозига боролмаётган одам ҳам, илм талабида юролмаётган одам ҳам, бу нарсаларни қилишда ўзида малоллик туяётган одам ҳам, ота-онасига яхшилик қилолмаётган одам ҳам, умуман қайсики фарз ибодатларни бажаролмаётган одам ўзига мана шу саволни берсин. Қилаётган амалларини тафтиш қилсин!

Агар кунлик режангизда икки ракат чошгоҳ намози, бир пора ёки ақалли ярим пора Қуръон, таҳажжуд намози, одамларга айтадиганингиз ширин сўз, фақат Аллоҳ биладиган махфий яхшиликлар бўлмаса, ҳаётнинг қандай мазмуни қолади?!

Тавфиқдан қимматлироқ неъмат йўқ дунёда. Шунингдек ихлосдан савоби каттароқ амал йўқ!

Энг ачинарли нарса нима биласизми? Энг ачинарли нарса – кенглиги осмонлар-у ерчалик бўлган жаннатда сизга жой бўлмаслиги!

 

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1158 times

Мақолалар

Top