Ҳадиси шариф

Ҳасад – иллат, ҳавас – фазилат

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фақат икки кишига “ҳасад” қилса бўлади: Аллоҳ таоло берган молини ҳақ йўлда сарфлаган кишига ва Аллоҳ таоло берган илму ҳикмат билан ҳукм қилган ва уни ўргатган кишига”, дедилар» (Имом Бухорий).

Шарҳ: Бошқаларни кўролмай, шу неъмат улардан кетишини ва ўзида бўлишини исташ ҳасад дейилади. Инсон бошқалардан баландроқ, ҳеч бўлмаса, тенг бўлишни хоҳлаши табиий. Бироқ ҳасад қилиш, бировдаги неъматнинг йўқолишини хоҳлаш иллат. Ҳасад пайдо бўлганида уни енгиб ўтиш, ёмонликдан қайтиш эса фазилатдир.

Ушбу ҳадисдаги “ҳасад” калимаси эса молини яхши ишларга сарфлаётган кишига ёки илмига амал қилган олимга ҳавас қилиш маъносидадир. Чин мўмин ҳавас қилган кишисидек бўлишга уринади. Яхши ишларда бошқалардан ўзиб кетишга уриниш динимизда мубоҳ саналади. Саҳобалар доим бир-бирларига ҳавас қилишган ва савобли ишларда, ибодатларда ўзаро мусобақа қилишган.

Демак, яхшиликка шошилиб, ёмонликдан қайтишда бир-бирларимизга ўрнак бўлиб, кўмаклашишимиз керак экан. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Уларга (жаннатда идишлари) муҳрланган мусаффо майдан ичирилур, у (май)нинг муҳри мушкдир. Мусобақалашадиганлар шунда (шу неъматларга етиши учун) мусобақа қилсинлар (Мутаффифун, 25-26).

Ҳадиси шарифдан яхши йўлда ишлатиладиган бойлик фақирликдан яхши экани ҳам англашилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 9760 times
Top