Ҳадиси шариф

“Суннатларнинг онаси”

·        Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади;

 

“Бир куни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Бизларининг бирортамиз уни танимадик ҳам. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  тўғриларига ўтирди.  Икки тиззасинин у зотнинг тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва “Эй Муҳаммад менга Ислом  ҳақида ҳабар бер”, деди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алйҳи васаллам; “Ислом “Лаа илаҳа илаллаллоҳу Муҳаммадур  Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни  тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг байтни ҳаж қилмоғинг, дедилар”

 

“Тўғри айтдинг”, -деди. Биз унинг ишидан ажабландик. Ўзи сўрар ва ўзи тасдиқ қилар эди.

 

“Менга иймон ҳақида ҳабар бер”-деди.

 

“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг”, дедилар.

 

“Тўғри айтдинг”, деди.

 

У “Менга эҳсон ҳақида ҳабар бер”, деди.

 

“Аллоҳга ҳудди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен уни кўрмасанг У сени кўриб турибди”, дедилар.

 

“Менга қиёмат ҳақида ҳабар бер”, деди.

 

“Бу борада сўралинаётган киши сўраётган кишидан билгувчи эмас”, дедилар. 

 

“Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер”, деди.

 

“Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларни бино қуришда бир-биридан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, дедилар. 

 

Сўнгра у қайтиб кетди. Бир муддат туриб қолдим.  Сўнг У зот менга “Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?”, дедилар.

 

“Аллоҳ ва унинг Расули билгувчи”, дедим.

 

“Албатта У Жаброилдир. Сизларнинг динингизни ўргатиш учун келибди”, дедилар. Муслим ривояти.

 

Ибн Дақийқ ал-Ийд айтадилар: “Бу ҳадис жуда  муҳим ҳадис бўлиб у барча зоҳирий ва ботининй амалларни ўзида мужассам этган. Шариат илмларининг барчаси бу ҳадисдан тўйинган. Чунки бу ҳадис барча суннат илмларини  жамлаган. “Фотиҳа” сураси Қуръоннинг онаси деб номлангани каби бу ҳадис ҳам суннатнинг онасидир”.

 

         “Жибрил ҳадиси” номини олган бу ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади. Зеро бу ҳадисни Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зар, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашърий, Жарийр Балхий каби буюк саҳобийлар   ривоят қилганлар.

 

         Ҳадисдан олинадиган фойдалар;

 

1.Кийим бош ва кўринишни чиройли тутиш. Масжид ва илм мажлисларига бориш учун покиза кийимларни кийиш ва ҳушбўйликларни суриш мустаҳаб саналади. Шунингдек илм мажлисларида олимлар билан одоб доирасида муомилада бўлиш. Зеро Жаброий алайҳиссалом инсонларга гаплари ва холатлари билан илм ўргатиш учун ташриф буюрган эдилар.

 

         2. Эҳсон нима? Эҳсон – бирор ишни пухта ва ихлос билан қилишликдир. Яъни Аллоҳ таолога ибодат шу даражада холис бўлиши керакки, гўёки банда ибодат вақтида Аллоҳни кўриб тургандек бўлиши керак. Агар бунинг уддасидан чиқа олмаса шуни ёдига тутсинки, Аллоҳ таоло уни кўриб турибди ва ундан содир бўлаётган барча катта ва кичик амаллардан хабардордир.

 

         3. Қиёмат ва унинг аломатлари. Қиёмат қачон қоим бўлиши фақтгина Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълум бўлган ишдир. Бироқ ҳадисда унинг аломатлари зикр қилинмоқда.

 

         4. Илм ҳақида сўрашнинг зарурлиги. Мусулмон инсон ўзининг дунёси ва охирати учун фойдали нарсалар ҳақида сўраб ўрганиши ва бефойда нарсаларни тарк қилиши лозим. Шунингдек бир илм мажлисига борса ва бу ердагилар бирор масалага мухтож эканликларини кўрса-ю, бироқ бу масала ҳақида ҳеч ким сўрамаётган бўлса, агарчи ўзи бу ҳақда билса ҳам ҳудди билмаган одам сингари бу ҳақда олим  одамга савол бериши керак. Чунки унинг  саволи натижасида шу масаладан бехабар бўлганлар унинг  моҳиятини билиб оладилар.

 

5. Кимки ўзи билмайдиган нарсалар ҳақида савол берилса унга “билмайман” деб жавоб қайтариши вожиб бўлади. Бу унинг тақвоси ва илмини тўғри йўналтирганининг далилидир.

 

6. Савол жавоб ҳам тарбия бериш усулларининг биридир. Бу услуб қадимда ҳам ҳозирда ҳам оммалашган усулдир. Шунингдек бу усул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўп ҳадисларида ҳам такрорланган. Зеро бундай услуб тингловчиларнинг назарини ўзига жалб қилади ва уларни жавобга ташна холатга келтиради.

 

Жалолиддин

 

Read 12512 times
Top