muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 20 حزيران/يونيو 2017 00:00

Қадр кечаси: фазилатлари ва аломатлари

Рамазон хусусида биз бандаларга учта мағфират ваъда қилинди. Дастлабкисида “ким Рамазон рўзасини имон ва ажр умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган. Кейингисида “Ким Рамазон ойида имон ва ажр умидида қоим (тунда бедор) бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дейилган ва охиргисида “ким қадр кечасида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб айтилган. Агар учинчи жумлага эътибор қаратадиган бўлсак, фақат бир кечани ибодатда ўтказишлик учун шунчалик кўп савоб ваъда қилиняпти. Қуръони каримда эса уни минг ойдан афзаллиги айтилган. (Қадр сураси). Бу қадар фазилатга эга кечани қайси эканлигини билиш ҳаммамиз учун ҳам аҳамиятлдир.

Имом Бағавийнинг таъкидлашларича, Аллоҳ таоло жума кунги ижобат онларини, гўзал исмлари орасидаги “исми аъзам”ни ва бошқаларни яширгани каби ибодатда зўр ғайрат қилмоқликлари учун қадр кечани ҳам ўз бандаларидан махфий тутган. Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, деганлар. Бу маънода ва хоссатан охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларида эканлигини тасдиқловчи ривоятларни кўплаб топиш мумкин.

Шундай бўлсада, уни Рамазоннинг 27-кечасига тўғри келишлик эҳтимоли каттароқ эканлигига ишора қилувчи ривоятлар ҳам талайгина. Жумладан, ибн Умар (р) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимда-ким уни изламоқчи бўлса, 27-кечада изласин”. (Имом Аҳмад ривояти). Ибн Аббос (р) дан ривоят қилинади: бир киши пайғамбар (с.а.в.) олдиларига келиб деди: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен кекса, касалманд чолман. Менга (ҳар кечада) қоим бўлишлик оғирлик қилади. Шунинг учун мени Аллоҳ таоло қадр кечасига муваффақ қилиши мумкин бўлган бир кечада қоим бўлишга буюр. Ул зот: сен еттинчи кечани маҳкам тутгин, дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти).

Қуйидаги ҳадисларда эса унинг аломатлари ҳам зикр қилиниб ўтилган. Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: “Убай ибн Каъбга бундай дейилди: Абдуллоҳ ибн Масъуд: ким йилнинг ҳаммасида қоим бўлса, қадр кечасини топади, деганлар. Шунда Убай деди: Унда ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳга қасамки, у албатта, Рамазонда (истисносиз қасам ичди). Аллоҳга қасамки мен уни қайси кеча эканлигини биламан. У 27-кечадир ва аломати унинг тонгида (кечадан кейинги тонгда) қуёшни шуласиз чиқишидир”. (Аҳмад, Муслим ва Абу Давудлар ривояти).

Бухорий Абу Саиддан ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф қилдик. Улар бизнинг ҳузуримизга йигирманчи куннинг тонгида чиқиб мурожаат қилдилар: “Мен қадр кечасини кўрдим ва сўнг унутиб қўйдим. Уни охирги ўн кунликда, тоқ кечаларда изланглар. Мен ўзимни сув ва лойда сажда қилаётганимни кўрдим. Ким Расулуллоҳ (с.а.в.) билан эътикоф қилган бўлса, қайтсин”. Сўнг бизлар қайтдик ва осмонда бирор доғни кўрмадик. Шунда бирдан бир булут келди ва ёмғир ёғиб масжид томидан (хурмо шохидан қилинган эди) оқа бошлади. Намозга иқомат айтилди ва мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ни сув ва лой устида сажда қилаётганларини кўрдим. Ҳаттоки ул зотнинг пешоналарида лойнинг изини кўрдим”.

Минг ойлик ибодатдан афзал бўлган қадр кечасининг фазилатини топишликни Аллоҳ таоло барчаларимизга муваффақ қилсин!   

Саййид Жамол

Ривоятлардан бирида Холид деган араб киши Эфиопия жанубидаги Каффа деган жойда қўй боқиб юриб, қўйларининг мевалардан бирини еганидан кейин ҳаракатчан бўлиб қолаётганини сезган. Ўша меваларни териб олган Холид биринчи бўлиб қаҳва қайнатган. Қаҳва дастлаб Эфиопиядан Яманга экспорт қилинган. XV асрга келиб эса Макка ва Туркияга тарқалиб. 1645 йил Туркия орқали Венецияга ўтган. Англияга қаҳвани 1650 йил турк тадбиркори келтирган ва Лондоннинг Ломбард кўчасида қаҳвахона очган. Арабча “qahwa” сўзи туркчада “kahve” деб талаффуз қилинган. Итальянлар бу сўзни “caff?” шаклида, инглизлар эса икки “е” орттириб “coffee”, деб атаган. русчада эса – “кофе”, дейилади.

 

الثلاثاء, 20 حزيران/يونيو 2017 00:00

Унутилмас совға бўлди

Эътироф

Ижодкор учун энг катта мукофот – халқнинг эътибори, эътирофи. Чунки қаламкашнинг мақсади – қалбларга йўл топиш, яхшиликларга элнинг муҳаббатини орттириш, хато ва камчиликларга муросасизлик уйғотиш йўли билан ҳаётнинг гўзал, фаровон, мазмунли бўлишига, жамият тараққиёти, юрт ободлигига ҳисса қўшиш. Хайрли ниятларини Аллоҳнинг неъматларидан бири – сўз воситасида одамларга “юқтира” олса, ижодкор албатта, бахтли бўлади-да!

Яқинда пойтахтимизнинг муҳташам Анжуманлар саройида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлари, дин арбоблари, "Нуроний" ва "Маҳалла" жамғармалари, Хотин-қизлар қўмитаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, ҳокимликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, исломий таълим муассасалари мутасаддилари ва талабалари, жамоатчилик вакиллари иштирокида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида бўлиб ўтган катта анжуманда сўзлаган нутқида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор муҳим масалалар юзасидан фикр билдириб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси,  “Ўзбекистон” телеканали орқали бериладиган “Ҳидоят сари” маърифий дастури ва “Зиё” студияси кўрсатувлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлари, ўйлаймизки, бу нашр ва дастурларнинг ҳаётимиздаги ўрнини эътироф этиш, шу билан бирга, улар олдига қўйилган вазифалар қанчалар масъулиятли эканини таъкидлашдир. Юртбошимиз таклифлари билан мамлакатимизда маърифий йўналишдаги нашрларга берилган имтиёзларни “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетаси  учун ҳам жорий этиб, уларга ҳам солиқ ва мажбурий ижтимоий тўловлар бўйича белгиланган имтиёзлар берилиши, шубҳасиз, “Мовароуннаҳр” нашриётини моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдир, унда тайёрланадиган нашрларнинг сифатли, мазмунли бўлиши учун янги имкониятлар очади. 

Юртбошимиз юксак минбардан эътироф этиб, меҳнат ва ижодимизга кўрсатган эътибор, ғамхўрликлари кўнглимизни тоғдек кўтарди. Бу воқеа муборак Рамазон ҳайити, Республика оммавий ахборот воситалари ходимларининг анъанавий байрами арафасида бизга унутилмас совға бўлди.  Бундай эҳтиром, ишончни мамлакатимиз ва жаҳондаги  воқеа-ҳодисаларни зийрак нигоҳ билан кузатиб, уйғоқ қалб ҳис этиб, самимий ва холис сўзда халқимизга етказиш билан оқламоқ ниятимизни Аллоҳ қўллаб-қувватласин.

“МОВАРОУННАҲР” нашриёти

 

Танглай кўтариш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидир. Бу суннат – соғлом одамнинг оғзида хурмо ё бошқа ширинликни чайнаб, чайналган нарсани покиза бармоғига қўйиб, бармоғини чақалоқнинг оғзига киргизиб, ўша бармоғини ўнг ва чап томонга ҳаракатлантириб, ширинлик оғзига тўлиқ етиб боргунича   унинг танглайини енгил ишқалаш билан амалга оширилади. Сувли, юмшоқ хурмонинг бир жузини шимиб, фойдаланиши учун гўдакни оғзига солиб қўйиш ҳам мумкин.

Хурмо топилмаса, ширинлик, олов тегмаган нарсадан, айниқса, асалдан фойдаланиш ҳам дуруст.

Танглай кўтариш борасида кўп ҳадислар мавжуд. Жумладан, Асмо бинт Абу Бакр Макка шаҳридан ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомиладор ҳолда, Мадинга келганларидаги ҳолатни баён қилиб, бундай деганлар: “Мен Маккадан ҳомилам тўққиз ойга тўлганда йўлга чиқдим.  Мадинга келиб, Қубо қишлоғига тушдим ва Қубода кўзим ёриди. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келдим. У зот чақалоқни қўйинларига олиб, хурмо олиб келишга буюрдилар, (олиб келингач), уни чайнадилар, сўнг (биринчи бўлиб) чақалоқнинг оғзига туфладилар. Унинг қорнига биринчи кирган нарса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак тупуклари бўлди. Сўнг хурмо билан унинг танглайини кўтардилар, сўнг унинг ҳақига барака тилаб, дуо қилдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Танглай кўтаришда қуйидаги дуони ўқиш лозим ва лобуд: Сени ҳаргиз ўлмайдиган Ҳай ва Қайюм зотнинг паноҳи ила ҳимояладим. Ва Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ калимаси ила сендан ёмонлик ва зарарни даф этдим. 

Тариқул Ислом маркази, илмий мўъжизаларни ўрганиш ҳайъат аъзоси Доктор Муҳаммад Али Бар замонавий илм янги туғилган боланинг танаси соғлиғи, яхши вояга етишига танглай кўтаришнинг кўп фойдалари бор эканини таъкидлади. Бу ҳақда илмий хулоса ва изоҳларни тақдим қилиб, бундай деди: “Танглай кўтаришнинг ҳикматини замонавий илм ўн тўрт асрдан сўнг кашф этди. Хусусан, янги туғилган, энди сутга кирган чақалоқларнинг ўлимига икки нарсадан бири: чақалоқ совуқ об-ҳавога тўқнаш келганда, тана ҳарорат даражасининг пасайиши ва қондаги шакар (глюкоза) миқдорининг камайиши сабаб бўлмоқда”.

Чақалоқларнинг вазни қанча енгил бўлса, қон таркибидаги глюкоза нисбати шунча паст бўлади. Чала туғилган (вазни 2,5 кг дан кам) болаларда бу кўрсаткич жуда ҳам паст, кўп ҳолларда 100 мл/литр (100 гр) қондаги глюкоза миқдори 20 мг (2 гр) дан кам бўлади. Бу миқдор нисбати вазни 2,5 кг дан ортиқ чақалоқларда бироз кўпроқ – 30 мг (3 гр) бўлади.

Қон таркибидаги глюкоза миқдорининг кескин тушиб кетиши бола эмишни тарк қилиши, мушакларнинг бўшашуви ва титраб-қақшаб сиқилиши ҳамда тез-тез нафас етишмаслиги, баданда кўкариш пайдо бўлиши каби ҳолларга олиб келади.

Шунингдек, бу ҳолат янада хатарли гўдакнинг ўсмай, ривожланмай қолиши, ақлий қолоқлиқ, мия фалажи; қулоқ ёки кўз ёхуд иккисининг ҳам шикастланиши, эпилепсия (тутқаноқ, қуёнчиқ)га дучор бўлиш каби сурункали касалликларга ҳам келтириб чиқаради.

Бунинг муолажаси осон – сувда эритилган шакар(глюкоза)ни чақалоқнинг оғзи ёки вена томири орқали юборилса кифоя. Бироқ муолажа ўз вақтида бажарилмаса, натижа ўлим билан якунланиши мумкин.  

Илмий ўрганишлар танглай кўтаришнинг қуйидаги фойдаларини ҳам тасдиқлаган:

  • оғиз мушакларини бақувват қилади;
  • тилнинг танглай, икки жағ ила фаол ҳаркатига сабаб бўлади;
  • гўдакни кўкракни оғизга олишга тайёрлайди;
  • гўдак сутни ичига кучли тарзда тортишига ёрдамлашади;
  • ҳазм системасига, қон айланиш фаоллигини таъминлайди;
  • ютиш ва эмиш аъзоларини табиий ҳаракатга келтиради;
  • танглай кўтариш асносида гўдак ҳалқумининг юқори қисми эзилиши оғизга табиий шакл бериш ҳамда гўдак гапиришни бошлаётганда ҳарфларни ўз ўрнидан чиқариши, тўғри талаффуз қилишга катта ижобий таъсир қилади!

Хулоса шуки, танглай кўтариш қондаги глюкоза танқислигидан сақловчи муолажадир. Чунки хурмо, асал ҳамда оловда пишмаган ширинликлар ўз таркибида кўп миқдорда шакар-глюкоза сақлайди. Уни оғизда чайнаб берилганда тупук ундаги шакарларни эритиши эса, чақалоққа ундан фойда олишни осонлаштиради. Бу гўдакнинг ички органлари глюкоза ишлаб чиқариш тизимини фаол ишлашига кўмаклашади. Шунинг учун туғруқхоналар чақалоқларга ҳали онаси эмизишидан илгари, туғилиши билан глюкоза эритмасини беришга одатланган. Ана, сизга, Набавий суннатда айтилган танглай кўтариш ҳикмати!

    

Равшанбек Ўринбоев.

Андижон шаҳар "Ҳазрати Билол" жоме масжиди имом-хатиби.

 

الثلاثاء, 20 حزيران/يونيو 2017 00:00

Сурхондарёга янги бош имом-хатиб тайинланди

2017 йил 20 июнь куни Сурхондарё вилоятида имом-хатиблар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов ва барча имом-хатиблар иштирок этди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Сайфидинов Алиакбар Хабибуллаевич Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилоятидаги вакили ва Шеробод тумани “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларига тайинланди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича сўзга чиққан нотиқлар томонидан жорий йилнинг 15 июнь куни бўлиб ўтган “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш – давр талаби” мавзуидаги анжуманда диний ходимлар олдига қўйилган қатор вазифалар, жумладан, ижтимоий-маънавий соҳани ривожлантириш, оилалар, маҳаллалар, бутун жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётни, муқаддас ислом динининг поклигини асраш каби муҳим масалалар кенг муҳокама қилинди.

Шунингдек, муборак Рамазон ҳайити байрамини муносиб кутиб олиш, фуқароларимиз ҳайит ибодатини эмин-эркин адо этишлари учун имом-хатиблар томонидан бажарилиш лозим бўлган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Вилоят имом-хатиблари янги бош имом-хатиб билан ҳамжиҳат бўлиб ишлашга ва берилган топшириқларни тўла қонли бажаришга бор куч-ғайратларини сарфлашни билдиришди.

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Top