Мақолалар

Чақалоқ танглайини кўтаришнинг тиббий фойдалари

Танглай кўтариш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидир. Бу суннат – соғлом одамнинг оғзида хурмо ё бошқа ширинликни чайнаб, чайналган нарсани покиза бармоғига қўйиб, бармоғини чақалоқнинг оғзига киргизиб, ўша бармоғини ўнг ва чап томонга ҳаракатлантириб, ширинлик оғзига тўлиқ етиб боргунича   унинг танглайини енгил ишқалаш билан амалга оширилади. Сувли, юмшоқ хурмонинг бир жузини шимиб, фойдаланиши учун гўдакни оғзига солиб қўйиш ҳам мумкин.

Хурмо топилмаса, ширинлик, олов тегмаган нарсадан, айниқса, асалдан фойдаланиш ҳам дуруст.

Танглай кўтариш борасида кўп ҳадислар мавжуд. Жумладан, Асмо бинт Абу Бакр Макка шаҳридан ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрга ҳомиладор ҳолда, Мадинга келганларидаги ҳолатни баён қилиб, бундай деганлар: “Мен Маккадан ҳомилам тўққиз ойга тўлганда йўлга чиқдим.  Мадинга келиб, Қубо қишлоғига тушдим ва Қубода кўзим ёриди. Сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келдим. У зот чақалоқни қўйинларига олиб, хурмо олиб келишга буюрдилар, (олиб келингач), уни чайнадилар, сўнг (биринчи бўлиб) чақалоқнинг оғзига туфладилар. Унинг қорнига биринчи кирган нарса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак тупуклари бўлди. Сўнг хурмо билан унинг танглайини кўтардилар, сўнг унинг ҳақига барака тилаб, дуо қилдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Танглай кўтаришда қуйидаги дуони ўқиш лозим ва лобуд: Сени ҳаргиз ўлмайдиган Ҳай ва Қайюм зотнинг паноҳи ила ҳимояладим. Ва Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ калимаси ила сендан ёмонлик ва зарарни даф этдим. 

Тариқул Ислом маркази, илмий мўъжизаларни ўрганиш ҳайъат аъзоси Доктор Муҳаммад Али Бар замонавий илм янги туғилган боланинг танаси соғлиғи, яхши вояга етишига танглай кўтаришнинг кўп фойдалари бор эканини таъкидлади. Бу ҳақда илмий хулоса ва изоҳларни тақдим қилиб, бундай деди: “Танглай кўтаришнинг ҳикматини замонавий илм ўн тўрт асрдан сўнг кашф этди. Хусусан, янги туғилган, энди сутга кирган чақалоқларнинг ўлимига икки нарсадан бири: чақалоқ совуқ об-ҳавога тўқнаш келганда, тана ҳарорат даражасининг пасайиши ва қондаги шакар (глюкоза) миқдорининг камайиши сабаб бўлмоқда”.

Чақалоқларнинг вазни қанча енгил бўлса, қон таркибидаги глюкоза нисбати шунча паст бўлади. Чала туғилган (вазни 2,5 кг дан кам) болаларда бу кўрсаткич жуда ҳам паст, кўп ҳолларда 100 мл/литр (100 гр) қондаги глюкоза миқдори 20 мг (2 гр) дан кам бўлади. Бу миқдор нисбати вазни 2,5 кг дан ортиқ чақалоқларда бироз кўпроқ – 30 мг (3 гр) бўлади.

Қон таркибидаги глюкоза миқдорининг кескин тушиб кетиши бола эмишни тарк қилиши, мушакларнинг бўшашуви ва титраб-қақшаб сиқилиши ҳамда тез-тез нафас етишмаслиги, баданда кўкариш пайдо бўлиши каби ҳолларга олиб келади.

Шунингдек, бу ҳолат янада хатарли гўдакнинг ўсмай, ривожланмай қолиши, ақлий қолоқлиқ, мия фалажи; қулоқ ёки кўз ёхуд иккисининг ҳам шикастланиши, эпилепсия (тутқаноқ, қуёнчиқ)га дучор бўлиш каби сурункали касалликларга ҳам келтириб чиқаради.

Бунинг муолажаси осон – сувда эритилган шакар(глюкоза)ни чақалоқнинг оғзи ёки вена томири орқали юборилса кифоя. Бироқ муолажа ўз вақтида бажарилмаса, натижа ўлим билан якунланиши мумкин.  

Илмий ўрганишлар танглай кўтаришнинг қуйидаги фойдаларини ҳам тасдиқлаган:

  • оғиз мушакларини бақувват қилади;
  • тилнинг танглай, икки жағ ила фаол ҳаркатига сабаб бўлади;
  • гўдакни кўкракни оғизга олишга тайёрлайди;
  • гўдак сутни ичига кучли тарзда тортишига ёрдамлашади;
  • ҳазм системасига, қон айланиш фаоллигини таъминлайди;
  • ютиш ва эмиш аъзоларини табиий ҳаракатга келтиради;
  • танглай кўтариш асносида гўдак ҳалқумининг юқори қисми эзилиши оғизга табиий шакл бериш ҳамда гўдак гапиришни бошлаётганда ҳарфларни ўз ўрнидан чиқариши, тўғри талаффуз қилишга катта ижобий таъсир қилади!

Хулоса шуки, танглай кўтариш қондаги глюкоза танқислигидан сақловчи муолажадир. Чунки хурмо, асал ҳамда оловда пишмаган ширинликлар ўз таркибида кўп миқдорда шакар-глюкоза сақлайди. Уни оғизда чайнаб берилганда тупук ундаги шакарларни эритиши эса, чақалоққа ундан фойда олишни осонлаштиради. Бу гўдакнинг ички органлари глюкоза ишлаб чиқариш тизимини фаол ишлашига кўмаклашади. Шунинг учун туғруқхоналар чақалоқларга ҳали онаси эмизишидан илгари, туғилиши билан глюкоза эритмасини беришга одатланган. Ана, сизга, Набавий суннатда айтилган танглай кўтариш ҳикмати!

    

Равшанбек Ўринбоев.

Андижон шаҳар "Ҳазрати Билол" жоме масжиди имом-хатиби.

 

Read 11788 times

Мақолалар

Top