muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 25 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Нажмиддин Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ

Абу Ҳафс Насафий номи билан билан машҳур бўлган бобомизнинг тўлиқ исми шарифи Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий Ҳанафий бўлган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий  461-йилда Насаф шаҳрида туғилган.  Фиқҳда ҳанафия мазҳабида бўлгани эътиборидан ҳанафий, Насаф шаҳрида туғилгани эътиборидан Насафий нисбалари бўлган. Насаф шаҳри олдинлари Нахшаб деб ҳам аталган.  

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ илм талабида турли ўлкаларни кезиб чиққан ва кўплаб устозлардан таълим олган.

Машҳур устозлари:

  • Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий Насафий;
  • Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий;
  • Али ибн Ҳасан Мотуридий;
  • Ҳусайн Кошғарий;
  • Абул Қосим ибн Баён. Бу зотдан Бағдодда таълим олган;

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, ҳатто у зот устозларининг исми шарифлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” номли алоҳида асар ҳам таълиф этган.

Машҳур шогирдлари:

  • Муҳаммад ибн Иброҳим Турбуштий;
  • Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий. Бу зот Умар Насафийнинг ўғли бўлган;
  • Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлий. Ва ҳакозо булардан бошқа кўплаб машҳур шогирдлар етиштирган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, юзга яқин китоб ёзган қомусий уламолардан ҳисобланади.

Асарлари:

  1. “Тайсир фит тафсир” (Тафсирдаги (маълумотларни) енгиллаштириш). Бу китоб уч мужаллад бўлган;
  2. Китобун нажаҳ фи шарҳи китоби ахбарис сиҳоҳ” (“Аниқ хабарлар китоби”ни шарҳлашдаги муваффақият китоби). Бу китоб “Саҳиҳу Бухорий”нинг шарҳидир;
  3. “Ақоидун Насафий” (Насафий ақидалари). Бу асар мотуридия таълимотидаги мўътабар матнлардан бири ҳисобланади.
  4. “Назму жомеис сағир фи фиқҳил ҳанафий” ( Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги – “Жомеус сағир”нинг назмий баёни);
  5. “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар). Бу китобда ҳанафий мазҳабининг фиқҳий истилоҳлари баён этилган;
  6. “Манзуматул хилофиёт” (Фарқли қарашлар ҳақида манзума). Бу манзума ўнта бобга ажратилган бўлиб, уларнинг саккизтасида Имом Аъзам ва у зотнинг машҳур мужтаҳид шогирдларининг фарқли қарашлари жамланган. Қолган иккитасида эса имом Шофиъий ва имом Моликларнинг қавллари келтирилган.
  7. “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”), яъни қанддек тотли маълумотлар;
  8. “Мавақийт” (Белгилаб қўйилган вақтлар);
  9. “Таъдаду шуюхи Умар” (Умарнинг устозлари ададларини санаш). Бу асарда муаллиф беш юздан ортиқ устозларининг исми шарифларини жамлаган;
  10. “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);
  11. “Хосаису луғат” (Луғат хусусиятлари).

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳнинг таълиф этган асарларининг умумий адади ҳақида  Имом Суютий Ибн Самъонийдан қуйидаги ривоятни келтирган: “Умар Насафий мўътабар имом бўлиб, турли илмлар бўйича кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. У зотнинг тафсир, ҳадис, ва ҳакозо йўналишларда ёзган асарлари юзга етади”.  

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳни Аллома Қосим ибн Қутлубуғо шундай таърифлаган: “У зот мазҳаб ва одоб орифи бўлган фақиҳ эдилар”.

Улуғ имом Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537-йилда Жумадул-ула ойининг 12-куни, милодий ҳисоб билан 1142-йил 2-Декабрда  етмиш олти ёшда Самарқандда вафот этган. Машҳур Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

Аллоҳ таоло Умар Насафий бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

الثلاثاء, 18 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ

Шундай уламолар  борки, уларнинг номлари айтилиши биланоқ, айтган ҳикматли сўзи ёки сўзи айтилиши биланоқ номлари жаранглайдигандек туюлади. Шу маънода Сўфи Оллоҳёр деганда авому хос барча завқ билан: 

“Ақида билмаган шайтона элдир

Агар минг йил амал деб қилса елдир”

Деган байтларини ёдга олишлари деярли одатий ҳолга айланган. Ҳа, Сўфи Оллоҳёр бобомиз динимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиб, қимматли асарлари билан мотуридия таълимотининг Мовароуннаҳр ва ундан бошқа ўлкаларга кенг тарқалишига хизмат қилган зотлардан биридир.  

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тадқиқот олиб борган олимлар у зотнинг туғилган йили ҳақида аниқ бир тўхтамга келишмаган. Турли тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра, бу зот 1630-1650 йиллар оралиғида Самарқанддаги Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида туғилган. Сўфи Оллоҳёр бобомиз дастлаб ўз қишлоғида савод чиқаради сўнгра Бухородаги мадрасаларда илм таҳсилини давом эттиради.   

Сўфи Оллоҳёр бобомиз кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форс тилида ҳам, туркий тилда ҳам маҳорат билан ижод этган адиблардан ҳисобланади. Асарларида баён қилинган маълумотларга кўра бу зот Шайх Ҳабибуллоҳ, Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан таълим олган. Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг илм даражаси жуда юқори бўлгани ёзган асарларидан ҳам билиниб туради.

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг турли мавзуларга оид машҳур асарлари қуйидагилардир:

  1. Маслакул муттақийн”. “Тақводорларнинг тутган йўли” маъносини англатувчи бу асар форс тилида битилган. Асарда Аҳли сунна вал жамоа ақидаси ва фиқҳий масалалар ҳанафия мазҳабига кўра баён этилган. Уламолар “Маслакул муттақийн”ни Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳнинг энг салмоқли асари сифатида эътироф этганлар. Шеърий услубда ёзилган ушбу асар юздан ортиқ мўътабар китоблар асосида таълиф этилган бўлиб, ҳажми ўн икки минг байтдан ортиқдир. Таҳқиқларга кўра бу асар милодий 1700-1701 йиллар атрофида ёзиб тугалланган. “Маслакул муттақийн”нинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа жойларга кенг ёйилган. “Маслакул муттақийн” асари ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи яримида Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли Туркистоний томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Бу китоб 2007-йилда Сайфиддин Сайфуллоҳ ва Акром Деҳқонлар томонидан нашрга таёрланиб чоп этилган.   
  2. Муродул орифийн”. “Орифлар муроди” маъносини англатувчи бу асар ҳам форс тилида таълиф этилган. Асар ўн беш фаслдан иборат бўлиб, ўттизга яқин рисолалар асосида ёзилган. Асарда тасаввуф илмига тааллуқли масалалар баён қилинган. “Муродул орифийн” асарининг кўплаб нусхалари бўлиб, қўлёзма нусхаларидан бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1716-рақам остида сақланмоқда.
  3. Махзанул мутеин”. “Итоаткорлар захираси” маъносини англатувчи ушбу асар ҳам форс тилида ёзилган. Бу асар икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда ақидавий масалалар, иккинчи бўлимда фиқҳий масалалар баён қилинган.
  4. Саботул ожизийн”. “Ожизлар матонати” маъносини англатувчи ушбу асар ақоид илмига бағишланган бўлиб, ўзбек тилида шеърий услубда ёзилган. Муаллиф бу асарни “Маслакул муттақийн”дан кейин ёзган. Форс тилида ёзилган “Маслакул муттақийн” асари яхши қабул қилиниб, халқ орасида машҳур бўлиб кетгач муаллифнинг яқин кишилари уни ўзбек тилига ўгириб беришини сўрашади. Бу ҳақида Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг ўзи шундай ёзган:

Ёзилди форсий тил бирла мактуб,

Ақийдату фуруъ қурби маҳбуб.

Яъни маҳбуб зотга суюкли бўлиш мажмуаси бўлган ақида ва ундан келиб чиқувчи амалий ҳукмлар  авввалда форс тилида ёзилган эди.

Аниким кўрдилар туркий ёронлар,

Дедилар: “Гар дуо қилса эранлар.

Битилса турки тил бирла ақийда,

Кўнгуллар бўлса андин орамийда”.

Яъни форс тилида ёзилган мазкур китобни кўрган туркий дўстлар: “Улуғларнинг дуоларини олиб ҳаракат қилсангиз ва ақийда китобини туркий тилда ёзиб берсангиз. Туркий халқлар ҳам ундан баҳра олиб кўнгиллари таскин топса”, – дедилар. Мазкур сўровлар қаттиқ илтимослар билан бўлгани шундай баён қилинган:

Тамаллуқ қилдилар чун бир неча ёр

Қалам тортай Худо бўлсун мададкор.

Яъни бир қанча дўсларим қаттиқ туриб илтимос қилдилар ва мен уларнинг илтимосларини қабул қилиб Аллоҳдан мадад сўраб қалам тортдим.

“Саботул ожизийн” асари ўқувчилар томонидан жуда ҳам яхши қабул қилинган. Бу асарнинг ҳатто оддий халқ тилларида ёддан ўқиб юрилишининг ўзи унинг манзур бўлганига ва  халқ кўнглидан жой олган муҳим асар эканига яққол далилдир. Бу асар ўтган уч юз йилдан ортиқ вақт мобайнида мактаб мадрасаларда дарслик, қўлланма сифатида ўқитиб келинган.

“Саботул ожизийн” асари Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия ва Россия давлатларида нашр этилган. Шунга кўра ушбу асарни мотуридия мазҳабининг мазкур юртларга ҳам кенг тарқалишига хизмат қилган, дейиш мумкин.   

Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг вафот этган йили кўпчилик тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра 1721-йилга тўғри келади. Қабри Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир. Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳнинг кўплаб авлодлари ҳозирда ушбу қишлоқда яшайдилар.

Аллоҳ таоло Сўфи Оллоҳёр бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

الخميس, 13 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Хизр алайҳиссалом

Хизр алайҳиссалом пайғамбарми ёки валий зотми?

Хизр алайҳиссалом ҳақида гап кетар экан дастлаб у зотни кўрган кишиларнинг завқ билан қилган ривоятлари хаёлга келади. Шу билан бирга у зотнинг ҳаёт эканини қаттиқ инкор қиладиган ва у зотни ҳаёт дейдиганларни залолатга кетганликда айблайдиганларнинг иддаолари нарги ривоятлардан олинган завқларнинг мазасини тахир қилиб туради. Шу маънода ушбу масала бўйича икки тарафнинг далиллари ва улардан олинган хулосалар билан яқиндан танишиш кўплаб тушунмовчиликларга ойдинлик киритади. 

Хизр сўзи луғатда “ям-яшил” маъносини англатади. Бу зотнинг Хизр деб аталишига иккита сабаб келтирилган:

  1. Бу зот қуриб сарғайиб қолган ўт-ўланларнинг устига ўтирганида, ўтирган жойдаги ўт-ўланлар чайқалиб ям-яшил бўлиб қолган;
  2. Бу зот қаерда намоз ўқиса, ён атрофлари ям-яшил бўлиб қолган.

Ушбу каромат сабабли  у зот Хизр деб аталган. Уламолар Хизр алайҳиссаломнинг исми шарифи ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Хизр аслида у зотнинг улуғ номи бўлиб, исми Балё, куняси Абул Аббос бўлган”. 

Хизр алайҳиссалом ҳақидаги ихтилофли қарашларни икки турга ажратиш мумкин:

  1. Хизр алайҳиссалом пайғамбарми ёки валий зотми?
  2. Хизр алайҳиссалом ҳозир тирикми ёки вафот этганми?

Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар ёки фақат валий зот экани ҳақидаги ихтилофларда у зотнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдиган уламолар кўпчиликни ташкил қиладилар. Айрим озчилик уламолар эса Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган деганлар.

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар қуйидагича далил келтирганлар:

 – “Қуръонда у зот набий ё расул деб сифатланмаган, балки банда деб сифатланган:

  فَوَجَدَا عَبْدًا مِنْ عِبَادِنَا آتَيْنَاهُ رَحْمَةً مِنْ عِنْدِنَا وَعَلَّمْنَاهُ مِنْ لَدُنَّا عِلْمًا

“Бас, бандаларимиздан бир бандани (Хизрни) топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ато этган ва Ўз ҳузуримиздан илм берган эдик”[1].

Шунга кўра агар у зот пайғамбар бўлганида албатта бошқа пайғамбарлар сингари набий ё расуллигига далолат қиладиган бирор сифат билан зикр қилинган бўлар эди”.

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлган деганлар эса бу далилга қуйидагича жавоб берганлар: “Аллоҳнинг бандаси деган васф юксак мақом бўлиб, бундай мақом билан Қуръонда пайғамбарлар васф қилинган. Масалан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам тунда сайр қилдирилган кеча ҳақидаги оятда ушбу юксак мақом билан васф қилинганлар:

 سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ

(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур”[2].

Шунга кўра Хизр алайҳиссалом ҳам мазкур юксак мақом билан васф қилинган пайғамбар ҳисобланади”.  

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлмаган дейдиганлар яна қуйидаги далилни келтирганлар:

– “Пайғамбарлар қавмларига илоҳий топшириқларни етказувчи ва уларга насиҳат қилувчи бўлганлар. Нуҳ алайҳиссалом айтганларидек: 

أُبَلِّغُكُمْ رِسَالَاتِ رَبِّي وَأَنْصَحُ لَكُمْ وَأَعْلَمُ مِنَ اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

“Сизларга Роббимнинг топшириқларини етказурман ва сизларга насиҳат қилурман”[3]

Аммо бу зотнинг бирор қавмга илоҳий амрларни етказувчи ёки насиҳат қилувчи бўлмаганлари билиттифоқдир. Шунга кўра у зот пайғамбар эмас балки валий зот бўлган”.

Хизр алайҳиссаломни пайғамбар бўлган деган уламолар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар: “Пайғамбарлар Қуръонда расул (элчи) ва набий (хабардор қилинган) сифатлари билан зикр қилинган. Бу икки сифат ўртасида фарқ бўлиб, сизлар далил қилиб келтирган оят расул пайғамбарларнинг сифатидир. Хизр алайҳиссалом эса расул эмас балки набий пайғамбар бўлганлар. У зотнинг пайғамбар бўлганини қуйидаги далиллар қўллаб-қувватлайди:

– Валийларга пайғамбарлар эргашмайди. Балки пайғамбарларга валийлар эргашади. Шу маънода Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссаломдан унга эргашишни сўраган. Бу эса Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлганига далолат қилади: 

قَالَ لَهُ مُوسَى هَلْ أَتَّبِعُكَ عَلَى أَنْ تُعَلِّمَنِ مِمَّا عُلِّمْتَ رُشْدًا

“Мусо унга: “Сенга билдирилган билимдан, менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?”, – деди”[4]

Эътибор берилса, Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўла туриб Хизр алайҳиссаломдан таълим олган. Таълим олувчи эса муаллимга эргашувчи бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шунга кўра Мусо алайҳиссаломдек пайғамбар пайғамабар бўлмаган кишига эргашмаган. Балки ўзлари сингари пайғамбардан таълим олган;

– Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссалом билан бирга юрган пайтда қилган ишларини ўзича қилмаганини айтган: 

وَمَا فَعَلْتُهُ عَنْ أَمْرِي

“Мен бу (ишларни) ўзимча қилганим йўқ”[5].

Яъни ушбу оятнинг зоҳири у зотнинг Мусо алайҳиссалом билан бўлган мазкур ишларни ваҳий орқали бажарганига далолат қилади. У зотга билдирилган иш илҳом билан бўлган дейиш тўғри бўлмайди. Чунки пайғамбарлардан бошқаларга берилган илҳом амал қилиш лозим бўлиб қоладиган ҳужжат бўлмайди. У зот эса билдирилган нарсага амал қилган.

Имом Мотуридий бобомиз Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар ҳисобланишига қуйидаги оятнинг тафсирида ишора қилган:

قَالَ إِنَّكَ لَنْ تَسْتَطِيعَ مَعِيَ صَبْرًا

“У (Хизр) айтди: “Аниқки, сен мен билан бирга сабр қила олмайсан”[6].

“(Мусо алайҳиссаломдек пайғамбарга Хизр алайҳиссалом) бундай гапни фақатгина ваҳий илми билангана айтиши мумкин”.

Ушбу далилларнинг хулосасига кўра Хизр алайҳиссаломни набий пайғамбар бўлган дейиш мўътабар ҳисобланади. 

    Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!  

Хизр алайҳиссалом ҳозир ҳаётми ёки вафот этганми?

Хизр алайҳиссаломнинг ҳозир ҳаёт экани ёки вафот этгани ҳақида ихтилоф қилинган. Яъни баъзи уламолар у зотнинг ҳозир ҳаёт эканини инкор қилишган бўлса, баъзилари у зотни ҳозир ҳаёт деганлар. Шу маънода ушбу масала бўйича икки тарафнинг далиллари ва улардан олинган хулосалар билан яқиндан танишиш кўплаб тушунмовчиликларга ойдинлик киритади. 

  Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидагича далил келтирганлар:

– Қуръони каримда шундай хабар берилган:

وَمَا جَعَلْنَا لِبَشَرٍ مِنْ قَبْلِكَ الْخُلْدَ

(Эй Муҳаммад!) Биз сиздан аввал бирор одамзодга мангу ҳаёт берган эмасмиз”[7]

Ушбу оят тақозосига кўра Хизр алайҳиссалом ҳам бошқа одамзодлар сингари вафот этган. Чунки Аллоҳ таоло бирор одамзодга мангу ҳаёт берган эмас.

Хизр алайҳиссаломни ҳаёт дейдиганлар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар:

– Бу оят Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига далолат қилмайди. Чунки оятда мангу ҳаёт инкор қилинган. Шунга кўра Хизр алайҳиссалом ҳозир ҳаёт бўлсаларда қиёматга яқин вафот этадилар, мангу яшамайдилар, деб тушуниш мумкин. Масалан Исо алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёга келган бўлсаларда ҳозир у зот тирик. Аммо у зот ҳам келажакда ер юзига тушганларидан сўнг вафот этадилар. Шунинг учун бу оят Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига қатъий далил ҳисобланмайди;

Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидаги ҳадиси шарифни ҳам далил қилиб келтирганлар:

عَنِ الزُّهْرِىِّ أَخْبَرَنِى سَالِمُ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ وَأَبُو بَكْرِ بْنُ سُلَيْمَانَ أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ قَالَ صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ ذَاتَ لَيْلَةٍ صَلاَةَ الْعِشَاءِ فِى آخِرِ حَيَاتِهِ فَلَمَّا سَلَّمَ قَامَ فَقَالَ « أَرَأَيْتَكُمْ لَيْلَتَكُمْ هَذِهِ فَإِنَّ عَلَى رَأْسِ مِائَةِ سَنَةٍ مِنْهَا لاَ يَبْقَى مِمَّنْ هُوَ عَلَى ظَهْرِ الأَرْضِ أَحَدٌ.  رَوَاهُ مُسْلِمُ

Зуҳрийдан ривоят қилинади: “Менга Солим ибн Абдуллоҳ ва Абу Бакр ибн Сулаймонлар (шундай) хабар бердилар: “Абдуллоҳ ибн Умар шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирги вақтларида бир кечаси бизга хуфтон намозини ўқиб бердилар. Салом бергач турдиларда: “Ушбу кечаларингизни биласизларми? Албатта бундан юз йил ўтгандан сўнг (ҳозир) ер юзида бўлганлардан бирортаси ҳам қолмайди”, – дедилар”. Муслим ривоят қилган.    

Шунга кўра Хизр алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳаёт бўлган бўлсалар, юз йил ўтган вақтда албатта вафот этган бўлишлари лозим бўлиб қолади”.

Хизр алайҳиссаломни ҳозир ҳаёт дейдиганлар бу далил ҳақида қуйидагиларни айтганлар:

– “Бу хабар умумий бўлиб, ундан хослар истисно қилинган бўлиши мумкин. Масалан иблис бу хабардан истисно қилингани маълум. Шу сингари Хизр алайҳиссалом ҳам бу хабардан истисно қилинган бўлиши мумкин;

– Бу ҳадиснинг Имом Аҳмад қилган ривоятида مِنْكُمْ (сизлардан) лафзи келган. Бундан эса фақат ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга масжидда турганлар назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин. Хизр алайҳиссалом эса улар билан бирга бўлмаган.

– Ҳадиси шарифда  “ер юзида бўлганлардан” дейилган, Хизр алайҳиссалом ўша пайтда ер юзида бўлмай, денгизларда юрган бўлиши мумкин;

Шунинг учун бу ҳадис ҳам Хизр алайҳиссаломнинг вафот этганига қатъий далил ҳисобланмайди”.

Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканини инкор қиладиганлар қуйидаги мулоҳазаларини ҳам айтганлар:

Агар Хизр алайҳиссалом ҳаёт бўлганларида албатта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келган бўларди. Келганлари ҳақида эса бирорта ҳам мўътабар ривоят йўқ.

Хизр алайҳиссаломни ҳаёт дейдиганлар бу далилга қуйидагича жавоб берганлар:

  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир замонда яшаган Увайс Қаронийдек улуғ зотнинг ва Нажжошийдек мусулмон бўлган подшоҳнинг Пайғамбаримиз билан кўриша олмаганлари инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Шунга кўра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир даврда яшаб туриб ҳам у зот билан кўришмай қолиш мумкин бўлган ҳолат ҳисобланади. Хизр алайҳиссаломнинг ҳаёт эканига келадиган бўлсак, кўплаб мўътабар инсонларнинг у зотни кўрганлари ва гаплашганлари у зотнинг ҳаёт эканига далолат қилади. Масалан, Ибн Ҳажар Асқалоний Рабоҳ ибн Убайда раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидаги ривоятни нақл қилган: “Умар ибн Абдулазизнинг қўлига суяниб у билан бирга келаётган кишини кўрдим. Ўзимча: “Бу одам (бировга суяниб оладиган) шафқатсиз киши экан”, – дедим. Умар ибн Абдулазиз намоз ўқиб бўлгач ундан: “Эй Абу Ҳафс, боя сизнинг қўлингизга суяниб келган киши ким эди?”, – дедим. У: “Сен у кишини кўрдингми?”, – деди. Мен: “Ҳа”, – дедим. У: “Сен солиҳ киши экансан, у биродарим Хизр эди. У менга келажакда раҳбар бўлишим ва адолат қилишим ҳақида хушхабар берди”, – деди.

Хизр алайҳиссаломни ҳозир ҳаёт эмас дейдиганлар бу далилга юқорида айтилганидек: “Ушбу ривоят қабул қилинган тақдирда ҳам Хизр алайҳиссаломни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин юз йилдан кўпроқ вақт яшаб қолганига далил бўла олмайди. Чунки Умар ибн Абдулазиз у зотни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган юз йил ўтишидан олдин кўрган”, – деганлар.

Баъзи уламолар мазкур қарашларнинг ўртасини қуйидагича мувофиқлаштирганлар: “Хизр алайҳиссалом вафот этган бўлиши ва Аллоҳ таоло у зотнинг руҳини баъзи солиҳ кишиларга турли қиёфаларда кўринадиган қилган бўлиши мумкин. Чунки у зотнинг баъзида ёш, баъзида кекса бўлиб кўринишлари, ҳеч нарса еб-ичмасликлари ҳамда у зотни бирор маконга киришдан тўсиқлар тўса олмаслиги шунга далолат қилади”.  

Шунга кўра Хизр алайҳиссаломнинг баъзи солиҳ инсонларга кўриниши мумкинлиги мўътабар қавл ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки Хизр алайҳиссаломнинг ҳозир ҳаёт ёки вафот этгани ҳақидаги масала билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайдиган, билмаслик айб бўлмайдиган эътиқодий масала ҳисобланади. Чунки мазкур масала ҳақидаги далиллар қатъий эътиқодни ифодалай олмайди. Шунинг учун бундай масалаларда тортишишдан сақланиш лозим бўлади.

    Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!   

Абдулқодир Абдур Раҳим

 

[1] Каҳф сураси, 65-оят.

[2] Исро сураси, 1-оят.

[3] Аъроф сураси, 62-оят.

[4] Каҳф сураси, 66-оят.

[5] Каҳф сураси, 82-оят.

[6] Каҳф сураси, 67-оят.

[7] Анбиё сураси, 34-оят.

الثلاثاء, 11 تشرين1/أكتوير 2016 00:00

Мислсиз илоҳий моддий неъмат

Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадиси шарифларида: “Тўртта дарё – Сирдарё, Амударё, Нил, Евфрат – жаннат дарёларидан," – деганлар. Ер курасида 4та океан, бир неча денгиз ва кўплаб дарёлар бўлсада, планетамизни тўртдан уч қисми сув билан қопланган бўлсада, шулардан фақат тўртта дарёнигина Пайғамбаримиз с.а.в. “жаннат дарёларидан” дедилар. Яхши эътибор берсак, мазкур тўртта дарёдан ҳам энг биринчи навбатда Сирдарё ва Амударё дарёларини айтдилар. Демак, бизни юртимиз “жаннатмакон юрт” дейилгани баландпарвоз сўзлар эмас экан! Мазкур тўртта жаннат дарёларидан тенг иккитаси айнан бизни юртимизда эканлиги ҳам – бу Яратганнинг айнан бизнинг юртимизга ўзгача Илоҳий назари билан боққани! Ер юзининг бошқа жойларига нисбатан Аллоҳ таоло айнан бизни юртимизга ўзгача назари билан, ўзгача раҳмат назари билан боққанини яққол белгиси, далили, исботи ва намунаси! Буни онглаб тушуниб етиш учун махсус илм даргоҳларида, катта-катта институтларда ёки ислом университетларида ўқиб, таълим олиш шарт эмас! Бу – осмондаги Ой ва Қуёшдай бутун инсониятга маълум ва машҳур бўлгани каби, дунё халқи учун очиқ-ойдин хақиқатлиги ҳаммага аён!

Ўзи назар қилган, Ўзи ўзгача назар қилган мана шу жаннатмакон диёрни Аллоҳ таоло ўз Илоҳий назари ва Илоҳий раҳмати ила боқиб, ушбу муқаддас заминимизни инсоннинг ақли ожизлик қиладиган кўпгина беҳисоб неъматлар билан неъматлантириб қўйган. Айнан бизнинг жаннатмакон юртимизга, муқаддас заминимизга, Худо назар қилган диёримизга, жонажон Ўзбекистонимизга Аллоҳ таборака ва таолодан ато этилган бундай неъматларни нафақат инсон зоти, балки ҳеч қандай, хатто охирги моделдаги янги чиққан энг замонавий компьютер ҳам санаб саноғига ета олмайди!

Бундай беҳисоб ва бебаҳо, азиз ва буюк, мислсиз ва беқиёс, тенги йўқ моддий ва маънавий неъматлар ичида биттаси бу – “пахта” деб аталмиш Илоҳий моддий неъмат. Ердан ўниб-ўсиб чиқадиган бошқа наботот-ўсимликлар қатори пахта ҳам, агар Худо хохласа чиқади, бўлмаса йўқ! Шунинг учун ҳам пахта – Худои таолонинг бандаларига берадиган наботот оламидаги мўъжизавий неъматларидан бири. Аллох таолонинг шу мўъжизавий неъматлари ичида энг катталаридан ва энг манфаатлиларидан бири!

Интернет ва  энциклопедик маълумотларга қараганда, фан тилида «Gossypium» деб номланадиган “пахта”ни ер юзида 39 дан ортик ўсимликлари мавжуд. Шулардан олтитасигина планетамизнинг олтита минтақасида ўсади холос. Жаҳон миқёсида етиштирилаётган пахтани 65 фоизини 5 та давлат етказиб беради. Булар – Хитой (4 млн. т), АКШ (4 млн. т.), Ҳиндистон (2,5 млн. т.), Покистон (1,5 млн. т.) ва Ўзбекистон (1,2 млн. т.).  Жаҳон пахтасини қолган 35 фоизини 70 та давлат етказади. Олимларнинг илмий тадқиқотлари ва жаҳон статистика маълумотларига кўра, пахтадан бугунги кунда инсон ҳаётида даркор бўладиган 100 дан зиёд турли хил навдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу маҳсулотларга одам боласини муҳтожлиги эса онасидан туғилишидан аввалроқ бошланиб, вафот этганидан кейинги давр мобайнида бўлар экан! Битта ўсимликдан шунча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган яна бошқа ўсимлик бу дунёда йўқ экан! Ана! Қандай улуғ ва беқиёс, хақиқатда мўъжизавий (!) неъматни Аллоҳ таоло бизни диёримизга раво кўрган!

Аллоҳ таолонинг инояти ила давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларида Мустақиллигимизни шарофати билан жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимизни равнақи, доно халқимизни фаровонлиги, фарзандларимиз биздан кўра бахтли бўлишлари учун, болаларимизни келажаги учун беҳисоб-беҳисоб, сон-саноқсиз, катта-катта савобли, хайрли ишлар бажарилиб келинмоқда. Бу савобли ишларга нафақат бутун дунё ҳамжамияти  тан бермокда, нафақат Европа давлатлари лол қолмоқда, нафақат Америка халқлари таслим бўлиб, тасаннолар айтмоқда, балки Ўзбекистондаги бу хайрли ишларни ҳар бир кўзи ожиз инсон ҳам кўрмокда, ҳар бир қулоғи оғир одам ҳам эшитмоқда, ҳар бир ақли заиф банда ҳам моҳиятини онглаб, мазмунини тушуниб, самараларини сезиб, тўла-тўкис ҳис қилмоқда.

“Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил” деганларидай ён-атрофларимизга қараб, Украина, Сурия, Ирок каби давлатларда бўлаётган аҳволларга қараб фикр қилайлик! “Эй, Аллоҳим! Юртимга берилган тинчликка шукр!” деб, тинч ухлаб, эсон-омон уйғонаётганимизга шукр қилайлик! Баъзи давлатларда инсонлар ўзини тинчлигини-омонлигини ўйлаб, жон куйдираётган бир замонда, бизни мамлакатимизда эса жаҳон андозаларидан ҳам устун бўлган ўқув даргоҳлари бизни болаларимиз учун барпо этилаётган бир пайтда, халқаро меъёрларидан қолишмайдиган спорт иншоотлари биз учун қурилаётган бир пайтда, бизда қўша-қўша иморатлар, қатор-қатор уйлар, янгидан-янги мошиналар, ҳашаматли тўйхоналар, дабдабали тўй-маъракалар, келин-куёвга ҳизмат қилаётган чет элларда фақат бойлар минадиган автомобиллар, фарзандларимиз чет элма-чет эл юриб, дунёнинг турли чеккаларида обрўли-нуфузли ўқув даргоҳларида ўқиб турган, қўлларимиздаги дунёда ҳозиргина чиққан энг замонавий телефонлар кундан-кунга ҳаётимизни бойитиб турган бир пайтда, Худои таоло саноқлигина давлатлар қатори бизнинг диёримизга бераётган мўъжизавий пахта неъматини нес-нобут қилмай, териб олмасдан, оёқости қилиб, увол қилсак, ношукрлик ва исрофгарчилик қилган бўламиз. Ношукрлик ва исрофгарчилик эса Худога хуш келмаслиги ҳар бир ақли расо одамга маълум!

Ўзбекистонни мағрибдан машриқгача айланиб чиқсангиз ҳам, давлатимизни у чеккасидан бу чеккасигача кезиб чиқсангиз ҳам, мамлакатимизни барча шаҳар-қишлоқларини кўриб чиқсангиз ҳам бир нарсага гувоҳ бўласиз – ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳар бир шаҳар, ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўчада янгиланиш, чиройли ўзгариш, катта қурилишлар бўлаётганини кўрасиз! Бундай ислоҳотлардан юртимизни бирор жойи ҳам четда қолмаган! Оқ-қорани танийдиган, фойда-зарарни биладиган, ўнг-чапни пайқайдиган, оғир-енгилни ҳис қиладиган, савоб-гуноҳни ажрата оладиган, катта-кичикни фарқига етиб борадиган, паст-баландни тушунадиган, яхши-ёмонни мазмунини онглайдиган, узоқ-яқинни моҳиятига етиб борадиган ҳар бир ақл-заковатли инсон биладики, Ўзбекистонда бўлаётган бундай улуғвор ишлар ўз-ўзидан бўлмайди! Битта навқирон йигитни ёши билан ҳам тенг бўлмаган атиги 25 йил ичида асрларга тенг, савоби чексиз-чегарасиз бўладиган бунчалик даражадаги улкан ва буюк ишларни амалга ошириш учун кўп нарсалар ичида моддий таъминот ҳам бўлиши даркор.  

Ушбу ниҳоятда масъулиятли, машаққатли ва шарафли, оғир ва савобли, сермаҳсул ва олижаноб иш бўлмиш – халқимизни ризқи, дастурхонимизни кўрки, давлатимизни бойлиги, юртимизни хирмони бўлган Аллоҳ таолонинг мўъжизавий неъмати бўлган «пахта»ни йиғим-теримида жамиятимизнинг барча аъзолари биргаликда, ҳаммамиз ҳам бир тан-бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарур. Зеро «Кўп бирикса, тоғ қулар», «Тўпдан чиқсанг хам, кўпдан чиқма», «Кўпдан айрилган озар, кўпга қўшилган ўзар», «Кўпнинг ҳақи етимнинг ҳақидан ёмон», «Кўпчилик бир муштдан урса, ўлдирар, бир бурдадан берса, тўйдирар» деб доно халқимиз бекордан-бекор, бежиз айтмаган.

Энди ҳар биримиз ўз-ўзимизга: “Ўзим яшаб турган юртимни тинчлиги учун, она-Ватанимни равнақи учун, аждодларим ётган муқаддас заминим учун, киндик қоним тўкилган диёрим учун, азиз бўлган эл-халқим учун, фарзандим мендан кўра бахтли бўлиши учун, боламни келажаги учун мен нима иш қилдим?” – деб савол берайлик.

Доно халқимиз ўзининг пурҳикматли мақолларида «Бекор ўтиргандан бекор ишла!», «Бекорчидан Худо безор!» деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган. Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз с.а.в. тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Муҳтарам азизлар! Тинч бўлиб турган юртимизда мусаффо осмонимиз остида яшаётган жаннатмакон диёримизни бойлиги учун, Худони ўзгача Илоҳий назари тушган муқаддас Ватанимизни равнақи ва халқимизни фаровонлиги учун, турмушимизни ободлиги ва кўпчиликни ризқи учун, элимизни мўл ҳирмони ва оиламиз дастурхонини кўрки учун ўз ҳиссамизни қўшайлик! Шу жаннатмакон диёр – муқаддас заминда яшаётган ҳар биримиз, Аллоҳ таоло Ўзбекистонга берган барча беҳисоб ва бетакрор, мислсиз ва беқиёс неъматларидан фойдаланаётган ҳар бир одам боласи ўзини муносиб ҳиссасини қўшиши лозим эканлигини унутмайлик!

Иброҳим Иномов, 

ЎМИ раиси ўринбосари

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top