muslim.uz

muslim.uz

الأحد, 07 آب/أغسطس 2016 00:00

3-ўрин натижалари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида “Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги” муносабати билан навбатдаги футбол турнири ўз якунига етиб қолди. 3-ўрин учун беллашган жамоалар ўртасида шиддатли ва қизиқарли беллашув бўлиб ўтди. Бу учрашувда “Минор” жамоасидан ярим ҳимоячи Қорахоний Санатулло энг чиройли голл муаллифи бўлди.   

3-ўрин натижалари: 

“Мовароуннаҳр”

2 - 8    

“Муҳаммад ал-Беруний” жамоаси

“Дўстлик” (ТВИ)

4 - 5

“Минор” (ТШИ)

“Минор” (ТШИ)

7 - 5

“Муҳаммад ал-Беруний” жамоаси

 Юқорида қайд этилган жамоалар орасида 3-ўрин учун беллашув бўлиб ўтди. 3-ўринни “Минор” жамоаси қўлга киритди.

Порталимизни кузатиб боринг олдинда финал ўйини бўлиб ўтади. Ўйин жудаям қизақарли бўлиши кутилмоқда.

الأحد, 07 آب/أغسطس 2016 00:00

Эзгу ниятлар рўёби

Яратганга шукрлар бўлсин, йигирма беш йилдирки, ҳуррият заминида яшаяпмиз. Бу неъмат ҳақида ҳар қанча тўлиб-тошиб гапирсак, шукрона келтирсак оз. Боиси, уни ифодалашда ҳар қандай сўз менинг назаримда етмаётгандек, ҳар қандай эътироф камдек кўринади. Ўтган фурсат ҳар биримизнинг ҳаётимизга нур олиб киргани ҳақиқат. Ҳар бир фуқаро ўз иқтидорини намоён эта оладиган, ўзининг тўғри фикрини баралла баён қила оладиган замон бизга насиб бўлди. Йўналишдан қатъий назар истеъдод соҳиблари муносиб рағбатга эга бўлдилар. Ўз меҳнати маҳсулидан манфаат кўриш халқимиз бунёдкорлик салоҳиятини дунёга достон қилмоқда. Оддий халқ орасидан ўз соҳасининг қаҳрамони бўлган юзлаб кишилар юзага чиқдилар, улар юртимизни жаҳонга кўз-кўз қилмоқдалар.

         Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобида миллий мафкурамиз, миллий ғоямиз ҳақида таъкидлаган сатрларини ўқиб, қурилган мустақиллик кошонасини асраб-авайлашнинг энг зарур талаби бўлган миллий мафкурамизнинг асосий ғоялари қалбимизга нақшланди. Булар, юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликдир.

         Бу ўлмас ғоялар Юртбошимиз тимсолида дунё узра жаранглаб, амалий исботини топмоқда. Хусусан, ўз давридаги муаммолар ечимини топа билиш барчасини тинчлик йўли билан ҳал қилиш учун курашиш, озод ва обод Ватан равнақига эришиш, баландпарвоз шиорлар билан пайдо бўлган қашшоқлик, ишсизлик, мадорсизлик балосидан қутқариш, янги авлод – болалар, ўсмир ва ёшлар таълим-тарбияси келажаги борасида қайғуриш, асосий қонунларимиз, қолаверса, виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунимизни амалиётга сафарбар қилиш мустақиллик шарофати ила ўз ечимини топди.

         Миллий мафкурамизнинг бош ғояси – Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, деб олий мақсад сари собитлик билан қадам ташлагандик. Бугун ғоянингқанчалик ҳаётийлиги соат сайин кучайиб бораётганига мамлакатимизнинг ҳар бир гўшасидаги жараёнларда гувоҳ бўлиб турибмиз. Баралла айта оламизки, дунёни лол қолдирган ёш, мустақил Ўзбекистонимизнинг миллий ғоямиз “Ўзбек модели”нинг бир қисми сифатида давр машаққатларини енгиб ўтиб, ўзини оқлагани ҳақиқат. Чунки, олдин тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омили авваламбор тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ва машаққатли синовларни енгиб ўтиш эди. Бугун халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир!

         Бу ҳақиқат булоғининг чашмасидан қонмаган ким бор. Бу ҳақиқатни эътироф этмаган ким бор. Буларнинг барига ўз кўзимиз билан, ақлимиз ва иштирокимиз билан гувоҳ бўлиб турибмиз. Қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш ишларини давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилиб, биргина 2015-2016 йилларда 2 миллиард 100 миллион доллар қийматидаги 25 мингта уй-жой бунёд этилмоқда. Бунинг учун Осиё тараққиёт банки ҳамда Ислом тараққиёт банкининг маблағлари жалб қилинди. Қишлок инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида фақат табиий газ ва электр тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 2020 йилгача 530 миллион доллар, телекоммуникациялар тармоғини кенгайтириш учун эса - 136 миллион доллар микдорда маблағ йўналтириш масаласи кўриб чиқилганлигини Юртбошимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китобларидан ўқиш мумкин.

         Булар яратувчи халқимизнинг, муҳтарам Президентимизнинг халқаро обрўлари, мустаҳкам ирода ва донолик билан қабул қилган қарорларининг самараси эмасми?

         Темир йўл соҳасида 342 километр узунликдаги янги “Навоий - Учқудуқ - Нукус – Султонувайстоғ” ва 223 километрлик “Тошгузар - Бойсун – Қумқўрғон” тармоқпари барпо этилди, 550 километрдан зиёд темир йўл линиялари электрлаштирилди. Айни пайтда, янги “Ангрен – Поп” электрлаштирилган темир йўли ва тоғли ҳудудлар оркали ўтадиган 19 километрдан зиёд узунлиқдаги тоннель қурилиши ниҳоясига етказилди. Бу халқимизнинг асрий орзуларининг ижобатидир.

         Мамлакатимизда давлат бюджетининг 60 фоизга яқини ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани, аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши тобора ортиб бораётганини қайси давлат, қайси халқ ҳавас қилмаяпти, ахир. Бу соҳадаги кўрсаткич мустақил тараққиётимизнинг дастлабки йилларидаги 10,6 фоиздан 52 фоизга ошганлиги албатта, барчамизга сурур ва фараҳбахшэтади.

         Шу ўринда қуйидаги маълумотга эътибор қаратсак. 2014 йилда Москвада чоп этилган “Дунёни ўзгартирган 100 та нутқ” номли китобга Исо алайҳиссалом, Нуҳ алайҳиссалом маърузаларидан тортиб, Александир Македонский нутқлари ҳам киритилган. Йигирма биринчи аср 10 та давлат раҳбарининг китобга киритилган нутқ ва маърузалари илмий-маърифий жиҳатдан таҳлил қилинган.

         Ифтихорлиси шуки, йигирма биринчи аср давлат раҳбарларидан бири сифатида Юртбошимиз Ислом Каримов нутқлари шундай эътирофга муносиб топилган. Алоҳида таъкид ва иқрорият дунё тақдирини ўзгартиришга қодир ҳеч бир маъруза ёки нутқда Ислом Каримов сингари алоҳида ибора учрамас экан. Бу мамлакат ёшларини “Менинг болаларим”, “Менинг фарзандларим”, “Мен ёшларга ўзимга ишонгандек ишонаман!” каби иборалар билан эътиборда тутилганидир.

  Давлатимиз раҳбари 1990 йил 4 августда “Бизга кадрлар тайёрлашнинг махсус миллий дастури керак”, деган масалани ўртага ташлаб, унинг устида тинимсиз илмий ишлар олиб бориш зарурлиги юзасидан вазифалар белгилаган эдилар. Қисқа вақт ичида Давлат миқёсида миллий дастуримиз қубул қилинди. Бу ғоя Президентимиз фикр­лари асосида йилдан йилга, соатми соат ривожлантирилмоқда. Юртбошимизнинг бутун дунё ҳамжамиятига ўз таъсирини  ўтказа олган тилло суйи билан ёзиб қўйиш лозим бўлган “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган сўзлари қалб шууримизда баралла жарангламоқда ва унинг ижросиниҳаёт ҳақиқати сирасида ёшларимиз тимсолида кўриб турибмиз.

Бугун миллий мафкурамизнинг етти асосий ғояси — юрт тинч­лиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик тамойиллари ҳаёт тарзимизда ойдек равшан нури билан амалда ўз исботини топмоқда. Эътибор берсак, мана шу етти йўналишнинг ҳар бири бўйича халқимизнинг, ҳам халқаро жамоат­чиликнинг доимий эътирофида жарангламоқда.

Бу асосли эътирофлар диний соҳалардаги эришилган ютуқлар асрларга татигулик. Таъбир жоиз бўлса, мустақилликдан энг кўп манфаат кўрганлар биз диндорлардир. Мустамлака йилларида, Шўро даврида ҳажга бориш ширин туш эди. Умра сўзи ва ибодати эса тил ва амалиётдан бутунлай бегона эди. Бугунги шукроналик барқарор бахт ва бардавом қувончлар туфайлидир.

Дарҳақиқат, жаннатмакон юртимизда, истиқлол даврида аҳолининг диний қадриятларга эътиборининг ортиши тарихий-анъанавий маданиятни тиклашда муҳим омиллардан бирига айланди. Юртимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, миллий ва диний ислоҳотлар ҳақида сўз юритар эканмиз, Ислом динига, унинг қадриятларига бўлган муносабат нечоғли ривожланиб бораётганига яна бир бор гувоҳ бўламиз.

Диний эътиқоднинг муқаддаслиги ва унинг кафолатини асосий Қонунимизнинг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади...” деб, мустаҳкамлаб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 7 мартдаги 359-сонли Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилди. У ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъий назар тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

         Келинг шу ўринда айрим воқеаликларни санаб ўтайлик 1992 йил 28 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Баҳоуддин Нақшбанд  таваллудининг 675 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги 497-сонли қарори қабул қилинди. У кишининг мажмуаси қайтадан таъмир этилиб, муқаддас зиёратгоҳга айлантирилди. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам сифатида кенг нишонланиб, расман дам олиш кунлари деб белгиланди. 1998 йилда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Амалдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ диний конфессиялар диний ташкилотларига ибодат қилиш учун рухсат этилди. Диний мутахассис тайёрловчи ислом институти, жойларда ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатмоқда.  Фуқароларимиз Ҳаж ва Умра ибодатини адо этиш имкониятига эга бўлдилар.

         Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржима нашрлари чоп этилди. Усмон мусҳафи Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфига берилди. Маърифий ислом мақсад ва тушунчаларини ифода этувчи диний адабиётлар чоп этиш ва махсус савдо шаҳобчаларида сотиш йўлга қўйилди.

Хоразмий, Беруний, Алоуддин Косоний, Ибн Сино, Ҳаким Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Шохи Зинда (Қусам ибн Аббос), Нажмиддин Кубро, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Абу Бакр Наршахий, Амир Кулол, Ориф Ревгарий, Маҳмуд Фағнавий, Али Рошидоний, Бобои Самосий, Маҳдуми Аъзамлар номи, асарлари, мақбаралари бугун чинакам маърифий чироқлар сифатида ёшлар қалбини ёритиб турибди.

Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Ҳазрати Башир, Улуғбек, Навоий, Бобур, Машраб, Беҳбудий, Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Усмон Носир, Нодим Намангоний, Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон сиймолари ҳақиқий маънода намоён бўлди. Собиқ Иттифоқ даврида юқорида зикр этилган буюкларнинг баъзиларини номларинигина билардик холос. Уларнинг асл сиймолари, дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссалари атайин яширилган эди.

Бир сўз билан айтганда,ҳукуматимиз томонидан амалга оширилган бу улкан яратувчанлик, инсонпарварлик тамойили натижасида ҳар бир фуқаронинг миллий ва диний асрий орзу-умидлари рўёбга чиқишига мустаҳкам асосланди. Қувонарлиси, бугунги озод ва обод юртимизда миллий қадриятлар ҳам, диний қадриятлар ҳам кенг жамоатчилик қабул қилган қонун билан кафолатланган. Биз миллий ва диний эҳтиёжлар етарли даражада қондирилганлигини, эришаётган ютуқларимизни ҳар қанча эътироф этсак арзийди. 

 

Абдулҳай Турсунов,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

 

الجمعة, 05 آب/أغسطس 2016 00:00

Уламолар Кенгаши йиғилиши

Шу йилнинг 4 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов очиб бериб, мажлис иштирокчиларини юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этдилар ва ушбу қутлуғ айёмга тайёргарлик ишлари ҳақида сўзлаб, имом-хатибларга бу борада бажариш лозим бўлган вазифалар юзасидан топшириқлар бердилар.

Муфтий ҳазратлари, шунингдек, истиқлол йилларида диний соҳада эришилган улкан ютуқлар ҳақида батафсил тўхталиб, бу ютуқларга, энг аввало Аллоҳ таборака ва таолонинг берган улуғ инъоми – мустақиллик ва тинчлик-омонлик неъмати туфайли эришаётганимизни алоҳида таъкидладилар.

Бугун дунёнинг кўплаб минтақаларида давом этаётган нотинчликлар, худкушлик ва биродаркушлик урушлари юз минглаб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётгани, миллионлаб оилаларнинг бегона юртларда саргардонликка маҳкум этилаётгани афсус билан эслаб ўтилди. Бу хунрезликлар ортида турган манфур кучларнинг фитнасидан ҳамюртларимизни огоҳ этиш, уларнинг бузуқ ғоя ва ақидаларига ота-боболаримиздан мерос – мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳаби асосида раддиялар бериш, ёшларнинг бундай тузоқларга тушиб қолишдан ҳимоя қилиш имом-хатибларнинг бирламчи вазифаси, муқаддас бурчи экани алоҳида қайд этилди. Муфтий ҳазратлари бу соҳада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталар экан, “ИШИД фитнаси”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” ва “Дунё уламолари мурожаати” китоблари юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг жамоатчилик томонидан яхши кутиб олингани, юксак баҳоланганини айтиб ўтдилар.

Шунингдек, мажлисда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этиб, аждодларимизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллик йилларида амалга оширилган ишларни ифтихор билан тилга олишди. Диний соҳа ходимлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этишди, баъзи камчиликлар юзасидан тегишли ходимларга зарурий тавсиялар беришди.

Шунингдек, Уламолар Кенгаши ваколатига кирувчи турли масалалар муҳокама қилинди. Мажлисда бир қатор ташкилий масалалар ҳам кўрилди.

Шу билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

الجمعة, 05 آب/أغسطس 2016 00:00

Бахиллик хорлик келтиради

Ҳикоя қилинишича, эр ва хотин товуқ гўштидан тайёрланган таомни еб ўтиришганда, тўсатдан эшик тақиллаб қолибди. Иштаҳасини бузиб, бемаврид эшикни қоққан кишидан жахли чиққан хонадон соҳиби эшик қоққан кишини койиб, қувиб юборди. Кунлар ўта бошлади, ҳалиги кишининг турмуши кун сайин қийинлаша борди, кўп ўтмай бор бойлигидан ажралиб қолди. Ҳатто, ейишга таом ҳам тополмай, охир оқибат аёли билан ажрашиш даражасигача етиб борди. Аёли бошқа кишига турмушга чиқиб кетди. Кунларнинг бирида, аёл турмуш ўртоғи билан собиқ турмуш ўртоғи сингари пиширилган товуқ гўштидан истеъмол қилиб турганда, бир киши эшикни тақиллатди. Шунда  хонадон соҳиби келган сўровчига таомни бериб юборишини аёлига буюрди. Аёл уйдан ташқарига чиқиб, сўровчига таомни берди ва таажжубда қолди, чунки сўровчи ўзининг биринчи турмуш ўртоғи эди. Сўнгра, аёл йиғлаган ҳолда қайтиб келди. Ундан турмуш ўртоғи йиғисининг сабабини сўраганида, аёл тиламчи унинг биринчи турмуш ўртоғи эканини ва у билан турмушида худди шундай воқеа содир бўлганида, тиламчини койиб, қувиб солганини айтиб берди. Шунда эри аёлига қараб, нимага таажжубланасан, Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, мен эринг ҳайдаб солган тиламчи бўламан.

Қиссадан ҳисса шуки, саховат соҳиби иззат-ҳурматда ва бахиллик соҳиби хор бўлур. Ҳазрат Али каррамоллоҳу важҳаҳу айтганларидек, «Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради».

 

                                    

                                           Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top