www.muslimuz

www.muslimuz

Шу йил 13 июнь ҳолатига, туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифаларининг янгиланган рўйхати эълон қилинди.

Унга кўра, Бухоро вилояти Когон тумани, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани, Навоий вилояти Конимех тумани, Самарқанд вилояти Пастдарғом, Оқдарё, Тайлоқ ва Жомбой туманлари, Сирдарё вилояти Сардоба тумани ва Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани, Нурафшон шаҳрига “яшил” ҳудуд тоифаси берилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёнотига мувофиқ, шу йил 16 июндан бошлаб, ушбу ҳудудларда жойлашган масжидлар намозхонлар учун очилади.

Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани, Бухоро вилояти Вобкент тумани, Наманган вилояти Наманган ва Чуст туманлари, Сурхондарё вилояти Бойсун, Музробод туманлари, Қашқадарё вилояти Китоб тумани, Сирдарё вилояти Янгиер шаҳри “қизил” ва Навоий вилояти Навоий шаҳри, Тошкент вилояти Пскент тумани, Қашқадарё вилояти Муборак тумани эса “сариқ” тоифа берилиши сабабли ушбу ҳудудлардаги масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилади.

“Қизил” ёки “сариқ” худудлардан “яшил” худудлар қаторига ўтиш ва масжидлар ўз фаолиятини қайта бошлашида – ҳар бир инсоннинг ҳиссаси катта бўлади, карантин мезонларига амал қилиш айни матлуб ва шариатда буюрилган ишдир.

Аллоҳ таоло барча масжидлар эшиклари очилишини насиб этсин!

Қуйида республика бўйича туман-шаҳарлар кесимида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудга тоифаланишнинг рўйхатини кўришингиз мумкин.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёнини юқори савияда ташкил этиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларга тезкор жавоб берилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 15 июндан бошлаб “Кол-марказ”лар ташкил этилди.

❗️ “Кол-марказ”лар фаолияти душанба-шанба кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача давом этади. Қабул жараёнларига оид ҳар қандай маълумотларни қуйидаги манзиллар орқали олишингиз мумкин.

 

?Олий диний таълим муассасалари

1. Тошкент ислом институти:
Телефон рақами: 71-227-23-47
Сайти: www.Islaminstitut.uz

Телеграм канали: https://t.me/oliymahad

2. Мир Араб олий мадрасаси:
Телефон рақами: 95-604-45-97
Сайти: www.mirarab.uz

Телеграм канали: https://t.me/mirarabuz

3. Ҳадис илми мактаби
Телефон рақами: 66-240-20-51
Сайти: www.hadith.uz

Телеграм канали: https://t.me/hadithuz

?Ўрта махсус диний таълим муассасалари

4. Кўкалдош
Телефон рақами: 71-249-30-90
Сайти: www.kukaldosh.uz

Телеграм канали: https://t.me/kukaldoshuz

5. Хадичаи Кубро
Телефон рақами: 71-299-24-11
Сайти: www.xadicha.uz

Телеграм канали: https://t.me/xadichauz

6. Саййид Муҳйиддин Махдум
Телефон рақами: 99-971-12-08
Сайти: www.maxdum.uz

Телеграм канали: https://t.me/maxdumuz

7. Ҳидоя
Телефон рақами: 69-226-60-60
Сайти: www.hidoya.uz

Телеграм канали: https://t.me/hidoyauz

8. Хожа Бухорий
Телефон рақами: 75- 542-72-25
Сайти: www.xojabuxoriy.uz

Телеграм канали: https://t.me/Xojabuxoriy

9. Имом Термизий
Телефон рақами: 97-389-06-50
Сайти: www.termiziy.uz

Телеграм канали: https://t.me/termiziylar

10. Мир Араб
Телефон рақами: 95- 600-45-97
Сайти: www.mirarabmadrasa.uz

Телеграм канали: https://t.me/mirarabmadrasa

11. Жўйбори Калон
Телефон рақами: 65-221-77-44
Сайти: www.juyborikalon.uz

Телеграм канали: https://t.me/juyborikalon

12. Фахриддин ар-Розий
Телефон рақами: 95-602-70-21
Сайти: www. arroziy.uz

Телеграм канали: https://t.me/arroziyuz

13. Муҳаммад ал-Беруний
Телефон рақами: 61-229-03-20
Сайти: www.alberuniy.uz

Телеграм канали: https://t.me/alberuniyuz

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

https://t.me/muslimuzportal

 

7 - نُسَمِّي اللَّهَ شَيْئًا لاَ كَالأَشْيَاءِ        وَذَاتًا عَنْ جِهَاتِ السِّتِّ خَالِي

Маънолар таржимаси:

Аллоҳни бошқа “шай”лар каби бўлмаган “шай” деб атаймиз ва олти тарафдан холи бўлган Зот деймиз.

Назмий баёни:

Аллоҳни бетимсол “шай” деб аташ бор,

Ҳам зот деймиз, аммо эмас тарафдор.

Луғатлар изоҳи:

نُسَمِّي– мутакаллим маълум сийғасидаги икки мафъулли феъл.

اللَّهَ– Ушбу лафз نُسَمِّي феълининг биринчи мафъули.

شَيْئًا – Иккинчи мафъул. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра “шай” исми барча бор нарсаларга нисбатан ишлатилади. Сибавайҳ бу исмни шундай таърифлаган: “Шай” – уни билиш ва у ҳақида хабар бериш мумкин бўлган барча нарсадир”. 

لاَ– нафий ҳарфи.

كَالاَشْيَاءِ – жор мажрур شَيْئًا га сифат бўлгани учун насб ўрнида турибди.

وَذَاتًا – شَيْئًا га атф қилинган. Зотнинг маъноси юқорида ўтди. 

عَنْ – жор ҳарфи.

السِّتِّ جِهَاتِ – олти тараф: тепа, паст, ўнг, чап, олд, орқа.

خَالِ – (олти тарафдан) холи маъносида ишлатилган. Маҳзуф мубтадонинг хабари.

Матн шарҳи:

Биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таолони зот эътиборидан  ҳам, сифат эътиборидан ҳам бошқа "шай"ларга мутлақо ўхшамайди, деб эътиқод қиламиз. Аллоҳ таолога нисбатан “шай” сўзини қўллаш тўғрисида эса бу сўзни бошқаларга қараганда У зотга қўллаш аълороқдир, деймиз. Чунки бор нарсаларнигина “шай” деб номлаш мумкинлиги эътиборга олинганда, Аллоҳ таолонинг бор экани бошқа нарсалар каби  ўзидан ўзгага муҳтож эмас, балки борлиги бошқанинг таъсир қилишига боғлиқ бўлмаган зотдир. Шунинг учун бошқа мавжуд нарсаларга қараганда У зотга “шай” сўзини қўллаш аълороқдир. Ушбу сўзнинг таъкидлаб келтирилиши эътиқод масалаларида қаттиқ адашган  жаҳмия[1]  фирқасининг нотўғри ақидасидан огоҳлантириш учун бўлган. 

Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг шеърий услубда қисқа ва лўнда қилиб турли эътиқод масалаларини бирма-бир баён қилишлари ҳам ўша пайтдаги энг долзарб бўлиб турган масалалар ҳақида Аҳли сунна вал-жамоа қарашларини оммага тақдим этиш бўлган. Бу зотдан икки юз йилча вақт олдин Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам машҳур “Тавҳид” асарида Аллоҳ таолони “шай” деб аташ мумкинлиги ҳақида шундай ёзган:     

“Аллоҳ таолони “шай” деб аташ мумкинлигига икки асос бор. Биринчиси, нақлий асос бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар берган:

﴿ لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ وَهُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١١

“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитувчи, ўта кўргувчи зотдир”[2].  

Агар У зотни “шай” деб аташ мумкин бўлмаганида, Ўзидан ўхшашни “Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир”, дея “шай” исми билан рад этмаган бўлар эди.  Зеро, мавжуд бўлмаган, балки борлиқда йўқ бўлганга “шай” сўзи ишлатилмайди. Аллоҳ таолонинг сўзида эса “шай” ишлатилган:

﴿قُلۡ أَيُّ شَيۡءٍ أَكۡبَرُ شَهَٰدَةٗۖ

 “Айтинг: “Гувоҳлик бўйича қайси нарса (шай) каттароқ?” (Яна ўзингиз) айтинг: Аллоҳ”[3].

Иккинчиси ақлий асос бўлиб, аслида “шай” дейиш урфда бир нарсанинг бор эканини тасдиқлаш учунгина ишлатиладиган исмдир. Агар بِلَا شَيْئٍ (ҳеч нарса) деган сўздан “арзимас нарса” маъноси ирода қилинмаган бўлса, бир нарсанинг борлигини инкор қилиш бўлади. Шунга кўра Аллоҳ таолони “шай” дейиш, Унинг борлигини тасдиқлаш ва сифатларини эътироф этиш бўлади”[4].        

Аллоҳ таолога нисбатан бирор исм қўлланганда ўша исм бошқа мавжудотларга нисбатан ҳам ишлатилса, масалан, “шай”, “зот” каби, бу исмни Аллоҳ таолога қўллашда бошқаларга ўхшаш эмаслигини таъкидлаб қўйиш вожиб бўлади. Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларида ушбу тушунча ўз ифодасини топган. Яъни Аллоҳ таолони бошқа  бор нарсалар каби бўлмаган “шай” деймиз, олти тарафдан: тепа, паст, ўнг, чап, олд ва орқалардан холи бўлган зот деймиз, деган. Чунки бошқа бор нарсалар мазкур тарафларнинг бирида бўлади.

Мана шу ўринда Аллоҳ таолонинг макон ва тарафдан холи экани ҳақидаги эътиқодимизни далиллари билан ўрганиб чиқиш  кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради.   

 

Аллоҳ таоло макон ва тарафдан холидир

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, саҳобаи киромлар даврида Аллоҳ таолонинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз.

 Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни кўтариб чиқишган. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳ таолога макон нисбатини бериш бўлган. Ана шундан кейин Аллоҳ таолонинг маконлардан холи экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Мазкур фирқаларнинг даъвою фитналарига Аҳли сунна вал-жамоа уламолари Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар. Ушбу масала бўйича Аҳли сунна вал-жамоа ва адашган фирқалар орасидаги  фарқлар қуйидагича бўлган:

Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, – дейишган.

Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, – дейишган.

Аҳли сунна вал-жамоа: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан холидир”, – дейишган.

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақоидун Насафий” да бу ҳақида қуйидагича ёзган:

وَلَا يَتَمَكَّنُ فِي مَكَانٍ

“У зот бирор бир маконда ўрин олмайди”.

Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ ёки яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятларидир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди, орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам, Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичларига ололмайди. Аллоҳ таоло бундай нуқсонли хусусиятлардан холидир.

Демак, Аҳли сунна вал-жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан холи”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлган.

 Шунга кўра, агар мазкур фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ё “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат беришни эса барча уламолар куфр санашган.

Аммо кейинчалик Аҳли сунна вал-жамоага нисбат берилганлар ичидан ҳам “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда”, дейдиганлар пайдо бўлган.

Энди ушбу тоифа билан олдиндан “Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлишдан холи”, деб эътиқод қилиб келган Аҳли сунна жумҳури орасидаги фарқ янада нозиклашган. Яъни олдинги фирқалар  макондан жой олиш нисбатини берган бўлсалар, бу тоифа макон олмасдан осмонда деган.  Аҳли сунна жумҳури ва мазкур тоифа ўртасида "Аллоҳ таолони макон олмасдан осмонда" деб эътиқод қилиш мумкин ё мумкин эмаслиги тўғрисидаги баҳс-мунозараларнинг натижалари қуйидагичадир:

Аҳли сунна жумҳури: “Зоҳиран юқорига далолат қиладиган оят ва ҳадислар муташобиҳдир, муташобиҳ хабарларни Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далил қилинмайди, балки улардан нима ирода қилинганини Аллоҳ ва Расулига ҳавола қилинади”, – дейишган.

“Аллоҳ макон олмасдан осмонда” дейдиганлар: “Қуръон, суннат ва саҳобаларнинг сўзлари Аллоҳ таолонинг буюклигига мос равишда осмонда эканига ҳужжатдир”, – дейишган.

Аҳли сунна жумҳури: “Аллоҳ таолони бирор тарафда дейиш У зотга нуқсонли сифатни нисбат бериш бўлади”, – дейишган.

“Аллоҳ макон олмасдан осмонда” дейдиганлар: “Аллоҳ таолони макон олмасдан осмонда дейиш, нуқсонли сифатни нисбат бериш ҳисобланмайди”, – дейишган.

Бу тоифанинг келтирган далил ва ҳужжатларига Аҳли сунна жумҳури бирма-бир батафсил  жавобларини берганлар. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ إِلَيۡهِ يَصۡعَدُ ٱلۡكَلِمُ ٱلطَّيِّبُ

“Унга хуш каломлар юксалур”[5].

Яъни хуш каломларнинг Унга кўтарилиши, У зотнинг юқорида эканига далолат қилади.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг самода, ё юқорида эканига далил йўқ, балки хуш каломларнинг қабул қилинишига далил бор. Чунки юксалиш каломлар тўғрисида ҳақиқий маънода ишлатилмайди, балки жисмларда ҳақиқий маънода ишлатилади. 

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ إِنِّي مُتَوَفِّيكَ وَرَافِعُكَ إِلَيَّ

“Мен сени вафот эттирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман”[6].

Яъни Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни Ўзига кўтарувчи эканини айтган. Бу ҳам У зотнинг юқорида эканига далилдир.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Бу оят ҳам асло Аллоҳ таолонинг юқорида эканига далил бўла олмайди. Чунки бирор нарсанинг юқорисида бўлиш жисми ва чегараси бор нарсаларда бўлади. Аллоҳ таоло жисм ҳам эмас, бирор нарса Уни чегаралай ҳам олмайди. Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссаломни Ўзига кўтарганига келадиган бўлсак, бу оят муташобиҳ бўлиб, қандай қилиб Ўзига кўтарганини У зотнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди ва билишга буюрилган ҳам эмас. Шунинг учун бундай оятларнинг таъвилига киришмаслигимиз балки, унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дейишимиз лозим бўлади.   

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ءَأَمِنتُم مَّن فِي ٱلسَّمَآءِ أَن يَخۡسِفَ بِكُمُ ٱلۡأَرۡضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ١٦

“Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишдан омонда бўлдингизми?”[7].

Ушбу оятда келган  “Осмондаги зот”дан Аллоҳ таоло ирода қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг осмонда эканига очиқ-ойдин далилдир.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оят қуйидаги маъноларда тафсир қилинган: 

а) салтанати, буйруғи, қайтариғи, ва тадбири самода бўлган зотнинг сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? Самода дейилиши эса, само фаришталарнинг маскани, Арш, Курси, ва Лавҳул маҳфуз каби улуғ нарсаларнинг ўрни бўлгани учундир;

б) ушбу оятда кофирларнинг эътиқодларига кўра хитоб қилинган. Яъни Аллоҳ таолони бошқа махлуқларга ўхшаш деб эътиқод қилган кофирларга, эътиқодларига мувофиқ хитоб қилинган.

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿يَخَافُونَ رَبَّهُم مِّن فَوۡقِهِمۡ

“Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар”[8].

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг юқорида экани айтилган. Бу ҳам У зотнинг осмонда эканига далолат қилади.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг самода ё аршда эканига бирор далолат йўқ. Оятда келган уст маъносига далолат қиладиган فَوْقَ   калимаси икки хил маънода ишлатилади:

а) бирор жисм бошқа жисмнинг боши тарафида туриши маъносида, яъни бири иккинчисининг боши тарафида турса, унинг устида дейилади. Аслида бирор нарсанинг усти деганда бош тарафи, пасти деганда оёқ тарафи тушунилади. Шунга кўра баъзи жисмларнинг уст тарафи бошқа жисмларнинг паст тарафи бўлиши ҳам мумкин. Масалан, уйнинг ичидаги инсонга шифт уст тараф бўлса, шифтда ўрмалаётган чумоли учун паст тараф ҳисобланади.

б) мартаба маъносида, яъни ходим устидаги раҳбарига итоат қилади, дейилгани каби. Бу маъно оятларда ҳам келган.  Масалан,

﴿ وَإِنَّا فَوۡقَهُمۡ قَٰهِرُونَ١٢٧

“Биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз”[9]

Яъни ушбу “улар устидан” маъносидаги оятдан ҳеч ким Фиръавн тепаликками ё минорагами нима бўлганда ҳам бирор баланд жойга чиқиб олиб Бани Исроил қавмининг бош тарафларида туриб қаҳр ўтказган, деган маънони тушунмайди. Балки “эгалик ва ғолиблик тарафидан қаҳр ўтказувчимиз” деган маънони тушунади. Қолаверса, юқори тарафда туриш мақтовга ҳам далолат қилмайди. Чунки қўриқчи ҳам подшоҳдан юқори тарафда туриши мумкин, бундан унинг матрабаси подшоҳдан ҳам юқори, деган тушунча келиб чиқмайди.  

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ٱلرَّحۡمَٰنُ عَلَى ٱلۡعَرۡشِ ٱسۡتَوَىٰ٥

“Ар-Роҳман Аршга “истиво” қилди”[10].

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг Аршга “истиво”[11] қилгани айтилган, Арш эса барча махлуқотлардан юқорида ҳисобланади. Шунинг учун бу оят ҳам У зотнинг барча махлуқотларидан юқорида эканига далил бўлади.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Қуръони каримда кўплаб ўринларда келган “Ар-Роҳман Аршга “истиво” қилди” маъносидаги оятни ҳам Аллоҳ таолонинг юқори томонда эканига далил қилиб бўлмайди. Бирор тарафда бўлиш Аллоҳ таолонинг комил сифатларига лойиқ эмас. Чунки У зотни қайсидир тарафда дейилса, У зотнинг ўша тараф билан ниҳояланиши лозим бўлиб қолади. Қайси нарсанинг бирор жиҳатдан ниҳояланиши жоиз бўлса, унинг бошқа жиҳатдан ҳам ниҳояланиши жоиз бўлиб қолади. Ниҳояланиш эса махлуқотларнинг сифатлари бўлиб, Аллоҳ таоло бундай сифатдан олий ва буюкдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлмасдан Ўзининг буюклигига лойиқ равишда “истиво” қилган, деб эътиқод қилиш лозим. Қуръон араб тилида нозиб бўлган. Араб тилида “истиво” калимаси мулкни эгаллашга киноя қилиб ҳам ишлатилади. Масалан,  الْمَمْلَكَةِ كُرْسِىِّ عَلَى اِسْتَوَى فُلاَنٌ (Фалончи мамлакат курсисисига "истиво қилди" яъни уни эгаллади) дейилади. Бу гапдан араблар ўша подшоҳнинг мамлакат курсисининг усти тарафидан жой олганини эмас, балки унга эга бўлганини тушунадилар.

Арш барча мавжудотларни ўз ичига қамраб олганига кўра уни эгаллаш бошқа барча мавжудотларни ҳам эгаллаш ҳисобланади. Бошқалари ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар اِسْتَوَى калимасини اِسْتَوْلَى маъносига ҳамл қилиш (ўтказиш) жоиз бўлади, – дейишган.

 Аслида олдин ўтган уламоларимиз бу оятни Аллоҳ таоло осмонда эканига далил қилиш у ёқда турсин, у ҳақида сўрашни ҳам бидъат деганлар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур сўзларига эътибор беринг. У зотдан истиво ҳақида сўрашганида: “Истиво маълум (яъни луғавий маъноси), қандайлиги номаълум, у ҳақида сўраш бидъатдир”, деб жавоб берган.  

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِجَارِيَةٍ سَوْدَاءَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ عَلَيَّ رَقَبَةٌ مُؤْمِنَةٌ فَقَالَ لَهَا  أَيْنَ اللهُ فَأَشَارَتْ إِلَى السَّمَاءِ بِإِصْبَعِهَا فَقَالَ لَهاَ فَمَنْ أَنَا فَأَشَارَتْ إِلَى النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَإِلَى السَّمَاءِ يَعْنِي أَنْتَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ  أَعْتِقْهَا فَإِنَّهَا مُؤْمِنَةٌ.    رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қора танли чўрини олиб келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг зиммамда мўмина чўрини озод қилиш мажбурияти бор”, – деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чўрига: “Аллоҳ қаерда”, – дедилар. У бармоғи билан самога ишора қилди. “Мен кимман”, – дедилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва самога ишора қилди, яъни сиз Аллоҳнинг элчисисиз маъносига ишора қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни озод қил, у мўминадир”, – дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари “Аллоҳ қаерда” деб сўраганлар. Бу сўровга жавобан осмонга ишора қилган чўрини мўмина эканига ҳукм қилганлар. Аллоҳ таолони осмонда дейиш мумкинлигига бундан ортиқ қандай далил керак? 

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Осмонга ишора қилган чўри ҳақидаги ҳадисдан ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда экани маъноси чиқмайди. Чунки ушбу ҳадиснинг баъзи ривоятларида мазкур чўрининг соқов бўлгани айтилган. Соқов ўзининг эътиқодини ишора билан тушунтирган. Яъни у ўзининг маъбуди санамлар уйида эмас, балки самонинг илоҳи эканини тушунтирган. Чунки уларнинг урфида санамлар ернинг илоҳлари, Аллоҳ самонинг илоҳи деган тушунча бўлган. 

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ فَيَقُولُ مَنْ يَدْعُونِى فَأَسْتَجِيبَ لَهُ وَمَنْ يَسْأَلُنِى فَأُعْطِيَهُ وَمَنْ يَسْتَغْفِرُنِى فَأَغْفِرَ لَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бандаларнинг сифатларидан холи[12] ва олий Роббимиз ҳар тун кечанинг охирги учдан бири қолган пайтда дунё осмонига тушади ва: Ким менга дуо қилади уни ижобат қиламан, ким мендан сўрайди унга ато қиламан, ким мендан мағфират сўрайди уни мағфират қиламан, дейди,  – дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда ҳам ҳар тун кечанинг охирги учдан бири қолган вақтда Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушиши хабар берилган. Бу ҳам У зотнинг юқорида эканига далилдир.                                            

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Имом Нававий ушбу ҳадисни шарҳлаб қуйидагиларни айтган: бу ҳадис сифатларни баён қилувчи ҳадис бўлиб, мазкур хабар тўғрисида уламоларнинг икки хил қарашлари машҳурдир:

а) Олдинги жумҳур уламоларнинг ва баъзи мутакаллимларнинг қарашлари: “Бу ҳадисда баён қилинган нарсанинг Аллоҳ таолога лойиқ равишда содир бўлишига иймон келтирилади, бу ерда бизнинг тасаввуримиздаги зоҳирий маъноси ирода қилинмаган.  Аллоҳ таолонинг бир жойдан бошқа жойга кўчиш, ҳаракат  ва бундан бошқа халойиққа хос сифатлардан холи эканига эътиқод қилиш билан бирга бунинг таъвили тўғрисида гапирилмайди”;

б)  аксар мутакаллимлар ва баъзи олдинги уламоларнинг қарашлари: “Бу ҳадис баён қилиш эътиборига кўра шунга лойиқ қилиб таъвил қилинади.

Ушбу қараш соҳиблари бу ҳадисни икки хил таъвил қиладилар:

  1. “Молик ибн Анас розияллоҳу анҳунинг таъвили: бу Унинг раҳмати, амри ёки фаришталари тушади маъносини англатади. Худди султоннинг хизматчилари унинг буйруғини бажарганда султон фалон ишни қилди, дейилганидек.
  2. Бу истиорадир. Яъни “дунё осмонига тушади” сўзи кўчма маънода ишлатилган бўлиб, “кечанинг учдан бири қолган вақтда, дуо қилувчиларнинг дуолари қабул қилинади”, маъноси ирода қилинган[13].
  3. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

فَكَانَتْ زَيْنَبُ تَفْخَرُ عَلَى أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَقُولُ زَوَّجَكُنَّ أَهَالِيكُنَّ وَزَوَّجَنِي اللَّهُ تَعَالَى مِنْ فَوْقِ سَبْعِ سَمَوَاتٍ.  رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

“Зайнаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига фахрланиб: “Сизларни қариндошларинг никоҳлаб беришган, мени эса Аллоҳ таоло етти осмон устидан никоҳлаб берган”,  – дерди”. Бухорий ривоят қилган.

Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ушбу сўзларида ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далил бор.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Зайнаб розияллоҳу анҳо асло Аллоҳ таоло етти осмон устида, демаган, балки Аллоҳ таолонинг у зотни никоҳлаб бериши етти осмон устидан бўлганини айтган.

“Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг булардан бошқа далилларига ҳам шу тарзда жавоблар берилган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотнинг саҳобаларидан бирортаси ҳам: “Эй инсонлар, мен Аллоҳ таолони осмонда деб эътиқод қиламан”, – демаганлар. Балки Аллоҳга қандай бандалик қилишни таълим берганлар.

Эътибор бериладиган бўлса, юқоридаги баҳсларда фақат “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далиллари ва уларга раддиялар баён қилинди. Шу ўринда нега фақат улар далил келтиришади-ю биз “ҳимоя”да турамиз, бизнинг уларга қарши келтирадиган далилларимиз йўқми, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Қуйидагилар ушбу тақдирий саволга жавоб ўлароқ кўплаб далилларимизнинг айримлари ҳисобланади:   

 

Аҳли сунна жумҳурининг далиллари

  1. Аллоҳ таоло Шўро сурасида шундай хабар берган:

﴿ لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ وَهُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١١

“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитувчи, ўта кўргувчи зотдир”[14].

Ушбу оят Аллоҳ таолонинг аъзо ва қисмлардан таркиб топган жисм эмаслигига ҳамда бирор макон ё тарафдан жой олишдан холи эканига ёрқин далилдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, бошқа “шай”ларга ўхшаш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг берган хабарига зиддир.

  1. Бақара сурасида шундай хабар берган:

﴿ٱللَّهُ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡحَيُّ ٱلۡقَيُّومُۚ

“Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир”[15].

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг қаййум эканини айтган. Қаййум сифати У зотнинг борлиги осмон ёки бошқа бирор махлуқотнинг бор бўлишига боғлиқ эмаслигини, барча махлуқотларнинг бор бўлиши эса Унга боғлиқ эканини ифодалайди. Мана шунга кўра агар Аллоҳ таолони бирор тарафда дейилса, Унинг борлигини ўша тарафга боғлиқ қилиш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг қаййум сифатига зид нарсани исбот қилишдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор томонда бўлишдан холи, томонларни ҳам, маконларни ҳам бор қилган ва уларни тутиб турувчидир, деб эътиқод қилиш лозим.   

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо ўқишни таълим берганлар:

وَأَنْتَ الظَّاهِرُ فَلَيْسَ فَوْقَكَ شَىْءٌ وَأَنْتَ الْبَاطِنُ فَلَيْسَ دُونَكَ شَىْءٌ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

“Сен Зоҳирсан, сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, сен Ботинсан, сендан пастда ҳеч нарса йўқ”. Муслим ривоят қилган. 

Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий[16] раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай деган: “Баъзи дўстларимиз Аллоҳ таолодан маконни рад этишга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сен Зоҳирсан, сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, сен Ботинсан, сендан пастда ҳеч нарса йўқ” сўзларини далил қилишган. Чунки юқорисида бирор нарса бўлмаса, пастида бирор нарса бўлмаса, бирор маконда бўлмаган бўлади”.

Ана энди Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан  то ҳозирги асримизгача яшаб ўтган мўътабар уламоларнинг ушбу масала ҳақидаги сўзларига эътибор берайлик:

  1. Хулафои рошидинларнинг бири, улуғ саҳоба Али розияллоҳу анҳу шундай деган:

كَانَ اللهُ وَلَا مَكَانَ وَهُوَ الْآنَ عَلَى مَا كَانَ.

“Аллоҳ таоло бўлган бирор макон бўлмаган, У ҳозир олдин қандай бўлса ўшандайдир”. Абу Мансур Бағдодий “Ал-фарқу байнал фирақ” китобида келтирган.

  1. Улуғ тобеинлардан бири Зайнулобидин Али ибн Ҳусайн[17] раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:

اَنْتَ اللهُ الَّذِي لَا يَحْوِيكَ مَكَانٌ.

“Сен – бирор макон ўз ичига ололмайдиган Аллоҳсан”. (Соҳийфатус сажжадия) китобида келтирилган.

  1. Имом Жаъфар Содиқ[18] раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:

مَنْ زَعَمَ أَنَّ اللهَ فِي شَيْءٍ أَوْ مِنْ شَيْءٍ أَوْ عَلَى شَيْءٍ فَقَدْ أَشْرَكَ إِذْ لَوْ كَانَ عَلَى شَيْءٍ لَكَانَ مَحْمُولًا وَلَوْ كَانَ فِي شَيْءٍ لَكَانَ مَحْصُورًا وَلَوْ كَانَ مِنْ شَيْءٍ لَكَانَ مُحْدَثًا.

“Кимки Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг ичида бўлса чегараланган бўлиб қолади, агар устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади”. Қушайрий “Рисалатул Қушайрия”да келтирган.

  1. Имом Шофиъий[19] раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:

إِنَّهُ تَعَالَى كَانَ وَلَا مَكَانَ فَخَلَقَ الْمَكَانَ وَهُوَ عَلَى صِفَةِ الْاَزَلِيَّةِ كَمَا كَانَ قَبْلَ خَلْقِهِ الْمَكَانَ لَا يَجُوزُ عَلَيْهِ التَّغْيِيرَ فِى ذَاتِهِ وِلَا التَّبْدِيلَ فِى صِفَاتِهِ.

“У зот бўлган, бирор макон бўлмаган, бас маконларни яратган, маконларни яратишидан олдингидек азалий сифатларида бўлган. Унинг зотида ўзгариш бўлиши, сифатларида янгиланиш бўлиши жоиз эмас”. Зубайдий “Итҳафу садатил муттақин” китобида келтирган. 

  1. Имом Таҳовий[20] раҳматуллоҳи алайҳ “Ақида” рисоласида шундай ёзган:

لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.

“У зотни олти тараф бошқа махлуқотларни (ўз ичига олгани) сингари ўз ичига ололмайди”.

  1. Аҳли сунна вал-жамоа имоми Абу Мансур Мотуридий[21] раҳматуллоҳи алайҳ “Тавҳид” китобининг “Аллоҳ таолони макон билан васф қилиш жоиз эмаслиги” бобида шундай ёзган:

إِذْ قَدْ ثَبَتَ اَنَّ قَدْ كَانَ وَلَا مَكَانَ... أَنَّ الْقَوْلَ بِالْمَكَانِ لَيْسَ مِنْ نَوْعِ التَّعْظِيمِ وَالتَّبْجِيلِ.

 “Зеро, У зот бўлгани, ва бирор маконнинг бўлмагани собитдир... Албатта (У зотга нисбатан) маконни айтиш улуғлаш ва мақташ навидан эмас”.

  1. Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон[22] раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳу Ибн Ҳиббон” китобида шундай деган:

كَانَ اللهُ وَلَا زَمَانَ وَلَا مَكَانَ.

“Аллоҳ бўлган, бирор замон ҳам, бирор макон ҳам бўлмаган”.

  1. Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий[23] раҳматуллоҳи алайҳ “Қоваидул ақоид” асарида шундай ёзган:

وَاَنَّهُ لَا يَحُدُّهُ الْمِقْدَارُ وَلَا تَحْوِيهِ الْاَقْطَارُ وَلَا تُحِيطُ بِهِ الْجِهَاتُ وَلَا تَكْتَنِفُهُ الْاَرْضُونَ وَلَا السَّمَوَاتُ.

“Миқдорлар Уни чегаралай олмайди, чегаралар Уни ўз ичига ололмайди, тарафлар Уни иҳота қила олмайди, ерлар ҳам, осмонлар ҳам Уни қамраб ололмайди”.

  1. Имом Фахриддин Розий[24] раҳматуллоҳи алайҳ “Тафсирул кабир” китобида қуйидаги оятни шундай тафсир қилган:

﴿ وَهُوَ ٱلۡعَلِيُّ ٱلۡعَظِيمُ٢٥٥

“Ва У Алий ва Азийм зотдир”[25].

У зотнинг Алий эканидан, тараф ва макон жиҳатидан баландда экани тушунилмайди. Чунки бунинг (Аллоҳ таолони макон жиҳатидан баландда дейишнинг) нотўғри эканига далолат қилувчи хабарлар бор. Шунга кўра оятдаги Алийдан У зотнинг йўқдан бор бўлган нарсаларга ўхшаш бўлишдан олий экани ирода қилинган. 

  1. Шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Қасталоний[26] раҳматуллоҳи алайҳ “Иршадус сорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” асарида шундай ёзган:

ذَاتُ اللهِ مُنَزَّهٌ عَنِ الْمَكَانِ وَالْجِهَاةِ.

“Аллоҳ таолонинг зоти барча макондан ва барча тарафдан холидир”.

  1. Мулла Али Қори[27] раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар”нинг шарҳида қуйидагиларни ёзган:

اَمَّا عُلُوُّهُ تَعَالَى عَلَى خَلْقِهِ الْمُسْتَفَادُ مِنْ نَحْوِ قَوْلِهِ تَعَالَى: ﴿وَهُوَ ٱلۡقَاهِرُ فَوۡقَ عِبَادِهِۦۖ ﴾ فَعُلُوٌ مَكَانَةً وَمَرْتَبَةً لَا عُلُوُّ مَكَانٍ كَمَا هُوَ مُقَرَّرٌ عِنْدَ اَهْلِ السُّنَّةِ وَالْجَمَاعَةِ

“Аммо У зот таолонинг махлуқотларидан олий экани Аллоҳ таолонинг “У бандалари устидан ғолибдир”[28] сўзидан истифода қилинган. Демак, У Зот мавқе ва мартаба жиҳатидан олийдир, макон жиҳатидан эмас. Зеро, бу Аҳли сунна вал-жамоа ҳузурида аниқ бўлган ҳақиқатдир”.

  1. Шайх Абдулғаний Набулусий[29] Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ “Кифаятул ғулам” манзумасида шундай ёзган:

وَلَيْسَ يَحْوِيْهِ مَكَانٌ لَا وَلَا         تُدْرِكِهُ الْعُقُولُ جَلَّ وَعَلَا

“Уни ҳеч бир макон иҳота қилолмас асло,

Ақллар идрок этолмас, жалла ва ъало”.

  1. Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий[30] раҳматуллоҳи алайҳ “Аятул муҳкамат” китобида қуйидагиларни ёзган:

    اِتَّفَقَ عُلَمَاءُ السُّنَّةِ عَلَى اَنَّ اللهَ غَنِىٌّ عَنْ كُلِّ شَيْءٍ وَكُلُّ شَيْءٍ مُفْتَقِرٌ اِلَيْهِ قَائِمٌ بِنَفْسِهِ لاَ يَحْتَاجُ اِلَى مَحَلٍّ وَلَا اِلَى مُخَصِّصٍ فَهُوَ الَّذِى خَلَقَ الزَّمَانَ وَالْمَكَانَ وَهُوَ عَلَى مَا عَلَيْهِ كَانَ

“Суннат уламолари Аллоҳ таолонинг барча нарсадан беҳожат эканига, барча нарсанинг Унга муҳтож эканига, Ўз-Ўзидан қоим эканига, бирор ўринга ҳам, бирор хословчига ҳам муҳтож эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бас У зот замонлару маконларни яратгандир, ўзи олдин қандай бўлса ўшандайдир”.   

Яҳё ибн Муоз Розий раҳматуллоҳи алайҳдан: “Бизга Аллоҳ азза ва жалла ҳақида хабар беринг?” – дейишди.  У зот: “Бир илоҳдир”, – деди. “У қандай”, – деб сўрашди. У зот: “Молик, Қодир”, – деди. “У қаерда”, – дейишди. У зот: “Кузатувда”, – деди. Сўровчи: “Мен буни сўрамадим”, – деди. У зот: “Бундан бошқача бўлса, махлуқнинг сифати бўлиб қолади, У  зотнинг сифати эса сенга хабар берганимдек”, – деб жавоб берди.    

Абу Усмон Мағрибийнинг ходими Муҳаммад ибн Маҳбуб шундай деган:  “Бир куни менга Абу Усмон Мағрибий: “Эй Муҳаммад, агар биров: “Маъбудинг қаерда, деса нима дейсан?” – деди. Мен: “Азалдаги ўрнида, дейман”, – дедим. У: “Азалда қаерда бўлган”, – деса нима дейсан, деди. Мен: “Ҳозирги ўрнида, дейман”, – дедим. Яъни У бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган, ҳозир ҳам У олдин қандай бўлса, ўшандайдир”, – дедим. У жавобимдан рози бўлди”.   

Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: “Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. Замонлару маконлар йўқ пайтда У зот қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”, – деймиз.

Маконлару тарафларни йўқдан бор қилган Зотга ҳамду санолар, Унинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ИСМ ЭГАСИГА ДАЛОЛАТ ҚИЛИШИ БАЁНИ;

У ЗОТ ЎЗИ ВА РАСУЛИ БАЁН ҚИЛГАНИДЕКДИР;

БЎЛИНМАЙДИГАН ЖУЗНИНГ АҚЛАН МУМКИНЛИГИ БАЁНИ;

 

[1] Жаҳмия фирқасининг номи Жаҳм ибн Сафвонга нисбат берилган бўлиб, улар инсонга ихтиёр берилганини ва Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилиб чиқишган. Мазкур бузуқ қарашларини ҳижрий 118 йилда муртад сифатида қатл этилган Жаъд ибн Дирҳамдан ўзлаштирганлар. Жаҳм ибн Сафвон Умавийларга қарши Ҳорис ибн Сурайж  билан бирга бош кўтариб чиққани учун 128 ҳижрий санада қатл этилган. Қаранг: Мунжид фил-луғати аълом. – Байрут: “Дорул машриқ”, ўттиз саккизинчи нашр. – Б. 205.

[2] Шуро сураси, 11-оят.

[3] Анъом сураси, 19-оят.

[4] Имом Абу Мансур Мотуридий. Тавҳид. – Байрут Лубнан: “Дорул кутубил илмия”, 2006. – Б. 35.

[5] Фотир сураси, 10-оят.

[6] Оли Имрон сураси, 55-оят.

[7] Мулк сураси, 16-оят.

[8] Наҳл сураси, 50-оят.

[9] Аъроф сураси, 127-оят.

[10] Тоҳа сураси, 5-оят.

[11] “Истиво”нинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида 12 байтнинг шарҳига қаранг.

[12] Матнда келган “табарока” калимаси “махлуқларнинг сифатларидан холи” маъносини ифодалайди. 

[13] Имом Нававий. Шарҳу Саҳиҳи Муслим. – Дамашқ: “Дорул Файҳо”, 2010. – Б. 521.

[14] Шуро сураси, 11-оят.

[15] Бақара сураси, 255-оят.

[16] Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий ҳижрий 458 йилда вафот этган.

[17] Зайнулобидин Али ибн Ҳусайн ҳижрий 94 йилда вафот этган.

[18] Имом Жаъфар Содиқ ҳижрий 148 йилда вафот этган.

[19] Имом Шофиъий ҳижрий 204 йилда вафот этган.

[20] Имом Таҳовий ҳижрий 321 йилда вафот этган.

[21] Имом Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 333 йилда вафот этган.

[22] Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ҳижрий 354 йилда вафот этган.

[23] Имом Ғаззолий ҳижрий 505 йилда вафот этган.

[24] Имом Фахриддин Розий ҳижрий 606 йилда вафот этган.

[25] Бақара сураси, 255-оят.

[26] Шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Қасталоний ҳижрий 923 йилда вафот этган.

[27] Мулла Али Қори ҳижрий 1014 йилда вафот этган.

[28] Анъом сураси, 61-оят.

[29] Шайх Абдулғаний Набулусий ҳижрий 1143 йилда вафот этган.

[30] Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий ҳижрий 1404 йилда вафот этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида 2020-2021 ўқув йили бўйича қуйидаги фанлардан қабул имтиҳонлари ўтказилади.

 

?Ўрта махсус ислом таълим муассасалари бўйича:
- 1-блок “Чет тили” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.2 балл берилади, жами 96 балл;
- 2-блок “Тарих” 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл.
Қабул имтиҳонлари тест синови шаклида ўтказилади.

?Тошкент ислом институти ва Мир Араб Олий мадрасаси бўйича:
- “Фиқҳ ва ақоид” (тест) 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3.1 балл берилади, жами 93 балл;
- “Араб тили” (ижодий имтиҳон) 63 балл;
- “Ўзбекистон тарихи” (тест) 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 1.1 балл берилади, жами 33 балл.

?Ҳадис илми мактаби бўйича:
- “Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис” (ижодий имтиҳон) 93 балл;
- “Араб тили” (ижодий имтиҳон) 63 балл;
- “Ўзбекистон тарихи” (тест) 30 та савол, ҳар бир тўғри жавобга 1.1 балл берилади, жами 33 балл.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 
 

Турли йўллар билан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Карим етти ҳарфда нозил бўлганини очиқ-ойдин айтганларини кўрамиз.

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақида келган ҳадиси шарифларни ўрганиб, кейин хулоса чиқарсак, яхши бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят цилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга бир ҳарфда қироат қилдирди. Унга мурожаат қилиб, зиёда этишини сўрайвердим, ниҳоят етти ҳарфга етди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Аввало «ҳарф» сўзининг маъносини тушуниб олайлик. Араб тилида «ҳарф» сўзи бир нарсанинг олд – юз тарафи, бир нарсанинг бурилиши, яъни бузилиши ва бир нарсанинг ўлчови маъноларини билдиради.

Ибн Жазарийнинг сўзига кўра, «ҳарф» сўзи «қироат» маъносида ҳам келган:

«Шомликлар Ибн Омирнинг ҳарфида (яъни қироатида) қироат қиладилар»[1].

Гоҳида «ҳарф» сўзи «маъно» ва «жиҳат» деган маъноларда ҳам ишлатилади.

Биз сўз юритаётган мавзуда эса бу сўз ўзининг биринчи, яъни «олд – юз тараф» деган маъносида ишлатилади. «Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши» деганда, етти важҳ, яъни кўриниш деган маъно тушунилади.

Бу ҳадиси шарифда Жаброил алайҳиссаломнинг аввал Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримни бир ҳарфда етказганлари, аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир ҳарф камлик қилишини англаб, уни зиёда қилишни сўраганлари ҳақида сўз кетмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайта-қайта илтимос қилганлари сабабли, бир ҳарф етти ҳарфга етган.

Уиор ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят цилинади:

«Ҳишом ибн Ҳаким Фурқон сурасини менинг қироатимдан бошқача ўқаётганини эшитиб қолдим. Уни менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқитган эдилар. Шошилиб, уни бир нарса қилиб қўйишимга сал қолди (у намозда эди). Кейин (намоздан) чиққунича қўйиб турдим.

Сўнгра уни ридосидан чангаллаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, мен манавининг Фурқон сурасини сиз менга ўқитганингиздан бошқача ўқаётганини эшитиб қолдим», дедим.

«Уни қўйиб юбор. Ўқи, эй Ҳишом, дедилар. У мен эшитгандек ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шундай нозил қилинган», дедилар ва менга: «Ўқи», дедилар. Мен ҳам ўқидим. Шунда у зот: «Мана шундай нозил қилинган. Албатта, бу Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир. Ундан муяссар бўлганини ўқинглар», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдан қуйидаги мулоҳазаларни қилишимиз мумкин:

  1. Дастлаб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини умумий эълон қилмаганлар. Бўлмаса, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳуни ўзларига нотаниш бўлган ҳарфда қироат қилганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига судраб олиб бормас эдилар.
  2. Умар ибн Хаттобнинг мулоҳазалари маълум сура – Фурқон сурасининг қироатида ҳақи бўлган. Бу эса етти ҳарф бошдан-оёқ бошқача ўқишда эмас, балки маълум ўринларда бошқача бўлишини билдиради.
  3. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг ўзаро тортишувларидан кейин эълон қилганликлари.
  4. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши уни муяссар бўлганича, қироати турли кишиларга осон ва қулай бўлиши учун жорий қилинганлиги. Агар бир ҳарфдагина қироат қилиш мажбурий бўлганида, одамлар Қуръони Каримни қироат қилишда қийналиб қолишлари мумкин эди.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Ғифорнинг кўли олдида эканлар, ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб:

«Аллоҳ сенга умматинг Қуръонни бир ҳарфда ўқишини амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Сўнгра иккинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни икки ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин учинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни уч ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда», деди.

«Аллохдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», дедилар у зот. Кейин тўртинчи марта келиб:

«Албатта, Аллоҳ умматинг Қуръонни етти ҳарфда ўқишини сенга амр қилмоқда. Қайси ҳарфда ўқисалар ҳам тўғри қилган бўладилар», деди».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари кексалар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», дедилар. У:

«Эй Муҳаммад! Албатта, Қуръон етти ҳарфда нозил қилингандир», деди», дейилган.

Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган мақсад очиқ-ойдин келмоқда.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга қайта-қайта: «Аллоҳдан Унинг офияти ва мағфиратини сўрайман. Албатта, умматимнинг бунга кучи етмайди», демоқдалар. Буни уч марта такрорлаганларидан кейин бир ҳарф етти ҳарфга етказилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон оятларини олиб келадиган ва бир ҳарфда ўқишга амр бўлганини етказаётган фариштага умматларининг бунга кучлари етмаслигини «Эй Жаброил! Мен бир уммий умматга юборилганман. Уларнинг ичида кампирлар, қари кексалар, ёш болалар, кичик қизчалар ва мутлақо ёзув ўқимаган кишилар бор», деган хитобларида баён қилмоқдалар. Бундан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши аҳолининг турли табақаларига Каломуллоҳни ўқишни осон қилиш мақсадида бўлганлиги келиб чиқади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Масжидда эдим. Бир одам кириб, намоз ўқий бошлади. У бир қироат қилди. Унинг қироатини инкор қилдим. Кейин бошқаси кириб, ҳалигининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди. Икковлари намозларини тугатиб бўлганларидан кейин, ҳаммамиз Набий соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳузурларига кирдик ва мен:

«Манави бир қироат қилди. Мен унинг қироатини инкор қилдим. Кейин буниси кириб, унисининг қироатидан ҳам бошқача қироат қилди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига буюрдилар, иккиси ҳам қироат қилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккисини ҳам маъқулладилар. Кўнглимга шундай гумон тушдики, бунақаси жоҳилият пайтида ҳам бўлмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени ўраб олган нарсани билиб, кўксимга урдилар. Тер бўлиб оқиб кетдим. Қўрққанимдан худди Аллоҳ азза ва жаллага назар солиб тургандай бўлдим. Шунда у зот менга:

«Эй Убай! Менга: «Қуръонни бир ҳарфда қироат қил», деб элчи юборилди. Мен У Зотга «Умматимга осон қил», деб қайтардим. Менга иккинчи марта «Уни икки ҳарфда қироат қил», деб қайтарди. Мен У Зотга: «Умматимга осон қил», деб қайтардим. Менга учинчи марта: «Уни етти ҳарфда қироат қил. Сени ҳар бир қайтарганимда сен учун бир нарсани Мендан сўраб олишингга имкон бор», деб қайтарди. Шунда мен: «Аллоҳим! Умматимни мағфират қилгин! Аллоҳим! Умматимни мағфират қилгин!» дедим. Учинчисини халойиқнинг барчаси, ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам менга рағбат қиладиган кунга қолдирдим», дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

Қуръони Каримни бир ҳарфда ва икки ҳарфда ўқиш ҳақидаги амр келганидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан енгиллаштиришини сўраб, илтимосни қайтарганлар. Аллоҳ таоло аста-секин осонлаштириш билан бирга, у зотга мукофот ҳам тақдим қилган.

«Сени ҳар бир қайтарганимда сен учун бир нарсани Мендан сўраб олишингга имкон бор».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига икки марта мағфират сўраб, дуо қилганлар ва учинчи имкониятдан фойдаланишни қиёмат кунига қўйганлар. Ўша Кунда ҳамма, ҳатто Иброҳим алайҳиссалом ҳам у зотнинг дуоларидан умидвор бўлиб турган бўладилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мен У Зотга: «Умматимга осон қил», деб қайтардим», деганларидан Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши умматга осонлик туғдириш учун экани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Аён бўладики, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани тўғрисидаги ҳадислар улуғ саҳобаларнинг улкан жамоатидан ривоят қилинган бўлиб, уларни санаб чиқиш қийин. Ҳофиз ибн Яълонинг «Муснад»ида қуйидагилар келтирилади:

«Усмон розияллоҳу анҳу бир куни минбарда туриб: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Қуръон етти ҳарфда нозил қилинган, барчаси шофий ва кофийдир», деганларини эшитган кишига Аллоҳни эслатаман!» деди. Усмон розияллоҳу анҳу бу сўзни айтгач, ўрнидан турди. Шунда сон-саноқсиз кишилар ўринларидан туриб, ана шу ҳадисни эшитганларига гувоҳлик бердилар. Усмон розияллоҳу анҳу: «Ва мен ҳам улар билан бирга гувоҳлик бераман», деди».

Ушбу сон-саноқсиз жамоатнинг юқоридаги мавзуга мувофиқ келишлари баъзи имомларнинг бу ҳадисни мутавотир дейишларига олиб келди. Буларнинг олдинги сафида турувчилардан бири Абу Убайд Қосим ибн Салломдир. Гарчи ҳадис силсиласининг охирги табақаларида мутавотирлик бўлмаса-да, унинг саҳиҳ экани кифоядир. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нутқ қилган диний ҳақиқатлардан биридир.

Уламолар жумҳури усмоний мусҳафнинг расми етти ҳарфни кўтарадиган шаклда ёзилган, деган фикрга мойил бўладилар. Қози Абу Бакр ибн Таййиб Боқиллоний ушбу фикрни ихтиёр қилиб, шундай дейди:

«Саҳиҳ гап шуки, дарҳақиқат, ушбу «етти ҳарф» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тарқалган ва зоҳир бўлган, имомлар у зотдан забт қилишган. Усмон ва саҳобалар «етти ҳарф»ни мусҳафда собит қилганлар ва унинг саҳиҳлиги хабарини берганлар. Мутавотир даражада собит бўлмаганларини эса тушириб қолдирганлар».

Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ.

Аввало, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани саҳиҳ ва мутавотир ҳадиси шарифлар билан собит бўлган. Қолаверса, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини ўша ҳадиси шарифлардан очиқ-ойдин тушуниб олишимиз қийин. Бунинг устига, «етти ҳарф»дан айнан нима кўзда тутилганини ҳам мазкур ҳадиси шарифлардан билиб олиш мушкул. Табиийки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг даврларида яшаган саҳобаи киромлар бу нарсаларни яхши билганлар. Улар ўша ўзлари яхши билишларига эътимод қилиб, ўзаро муомала қилганлар.

Шу ўринда «Ўзлари тушунган бўлсалар яхши, аммо келажак авлодлар учун бу масалани баён қилиб қўйсалар бўлмасмиди?» деган савол туғилади. Ўзлари учун оддий бўлган масалани келажакда бошқалар тушунмай қолишлари мумкинлигини ким ўйлабди, дейсиз. Бундан ҳам муҳими, улар бунга ўхшаш оддий нарсаларга вақт ҳам топмаганлар. У азизлар бутун дунёни Ислом ҳидоятига бошлашдек улкан иштиёқ билан яшаганлар. Улар ўзлари етишган улкан бахтга ўзгалар ҳам тезроқ эришиши ҳақида бош қотирар эдилар. Бунақанги баҳсларга вақтлари ҳам, хоҳишлари ҳам йўқ эди.

Ҳофиз Абу Ҳотим ибн Ҳиббон Бустий: «Одамлар бу масалада ўттиз беш хил фикр айтишган», дейди.

Имом Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи «Ал-Итқон фи улуми Қуръан» номли китобларида бу масалада қирқ хил фикр борлигини келтирганлар. Лекин бу фикрларнинг аксарини саҳиҳ нақл ҳамда соғлом мантиқ қўллаб-қувватламайди. Бу хусусдаги хато «етти ҳарф»нинг маъносини узил-кесил тайин қилишни хоҳлаш оқибатида келиб чиққан. Бироқ Ибн Арабий айтганидек, «етти ҳарф»нинг маъноси хусусида матн ҳам, асар ҳам келмаган. Кишиларнинг ихтилофи уни тайин қилишдадир.

Шу ерда Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши нима эканини тушуниш учун ҳаракат қилиб айтилган фикрлардан баъзиларини келтириб ўтсак, фойдадан холи бўлмаса керак. Чунки бизда ҳам баъзи бир кишилар худди шу гапларни гапиришга ва ёзишга ўтмоқдалар.

«Етти ҳарф»дан мурод нима эканини баён қилмоқчи бўлганлар ўзларича турли фикрларни айтганлар. Ана шу фикрлардан баъзиларини кўриб чиқамиз.

  1. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши араб тилининг етти лаҳжасида нозил бўлишидир.

Бу фикрни олға сурганлар ўша араб лаҳжаларини санаб ҳам ўтадилар. Баъзилар уларни қуйидаги лаҳжалардан иборат, дейишади:

  1. Қурайш;
  2. Ҳузайл;
  3. Тамим;
  4. Азд;
  5. Рабиъа;
  6. Ҳавозин;
  7. Саъд ибн Бакр.

Бошқалари эса аввалгиларга хилоф равишда қуйидаги лаҳжаларни санаб ўтадилар:

1.Ҳузайл;

  1. Кинона;
  2. Қайс;
  3. Зобба;
  4. Таййимур-Рибоб;
  5. Асад ибн Ҳузайма;
  6. Музор.

Аммо Қуръони Каримда ушбу зикр қилиб ўтилган қабилалардан бошқаларнинг ҳам лаҳжалари бордир. Уларнинг барчаси Қурайш луғатида ўз аксини топган. Абу Бакр Воситий ўзининг «Ал-Иршад фил-қироатил-ашр» китобида бу лаҳжаларни қирқтагача етказган,

Кўплаб уламолар «Етти ҳарф»дан мурод арабларнинг етти лаҳжасидир, деган гап мутлақо тўғри келмаслигини таъкидлаганлар. Аввало, қайси лаҳжалар кўзда тутилгани маълум эмас. Қолаверса, Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганлиги ҳақидаги ҳадиси шарифларнинг бирида Умар ибн Хаттоб Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу билан ихтилоф қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борадилар ва у зот Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлганини айтадилар. Ҳолбуки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам, Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу ҳам араб тилининг қурайш лаҳжасида сўзлашадиган одам эдилар. Агар гап лаҳжада бўлганида, улар ихтилоф қилмас эдилар.

  1. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши етти қироатда нозил бўлишидир. Шунинг учун ҳам Ислом оламида етти хил қироат тарқалган.

Халил ибн Аҳмаддан ҳикоя қилинганидек, «Етти ҳарф»дан мурод қироатлардир», деган фикр, хусусан бу гапни айтувчи машҳур етти қироатни назарда тутаётган бўлса, шубҳасиз, бу энг заиф фикрдир.

Бу ниҳоятда кулгили гап. Чунки етти қироат деган гап анча кейин чиққан. Бунинг устига, аввал қироатлар кўп бўлган. Фақат улардан энг машҳурларини танлаб олишга ҳаракат қилинган пайтда уламолар етти қироатни ихтиёр қилганлар, холос.

  1. Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши
    муайян ададии тақозо қилмайди. Арабларда «етти» сўзи
    гоҳида чекланмаган ададга нисбатан ишлатилади.

Бу ran ҳам тўғри эмас. Чунки Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда ran айнан олти билан саккизнинг орасидаги етти адади хусусида кетади.

Баъзилар «Еттидан мурод ҳақиқий адад эмас, балки осонлаштириш, енгиллаштириш ҳамда кенгликдир. Етти сўзи бирликларда «етти», ўнликларда «етмиш», юзликларда «етти юз» шаклида мутлақ кўпликни ифода қилиш учун ишлатилади», дейдилар. Бу каби фикрларнинг Қози Иёзга ҳам нисбат берилиши ниҳоятда ғарибдир. Ваҳоланки, у киши саҳиҳ ривоятларга ортиқча сўз қўшмас эди. Лекин Суютий матнларга суяниб, бу сўзни кучли тарзда рад қилган.

Демак, «етти» лафзидан кўплик эмас, балки аксар уламолар тушунганларидек, аниқ сон мақсад қилинган. Ушбу муайян адад хусусида баҳс юритиш натижасида қийинчиликка дучор бўлишади.

Ибн Ҳиббон айтганидек, «Етти – кўпчиликнинг наздида аниқ ададдаги сондир».

  1. Қуръони Карим хусусидаги «етти ҳарф»дан мурод
    «етти илм»дир.

Баъзилар «Қуръони Карим етти ҳарфда нозил қилинган, дегани унда етти катта илм баён қилинганидир», дейишади. Улар ўзларича мазкур етти илм қуйидагилардан иборат эканини айтганлар:

  1. Илмул-иншаъ вал-ийжад (мавжудотнинг пайдо қилиниши, яратилишига доир илм);
  2. Илмут-тавҳид ват-танзиҳ (Аллоҳ таолонинг тавҳиди танзиҳига доир илм);
  3. Илму сифатиз-зат (Аллоҳ таолонинг Зотига доир илм);
  4. Илму сифатил-феъл (Аллоҳ таолонинг ишларига доир

илм);

  1. Илму сифатил-афву вал-азаб (Аллоҳ таолонинг кечируви ва азобига доир илм);
  2. Илмул-ҳашр вал-ҳисаб (қиёматда қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга доир илм);
  3. Илмун-нубувва (пайғамбарлик ҳақидаги илм).

Бу албатта, ҳадиси шарифни ўзларича чуқур, ботиний тарзда тафсир қилишларидир. Аллоҳ таоло бу маънода ҳеч қандай далил нозил қилмаган.

  1. Бошқа бир тоифанинг фикрига кўра «етти ҳарф»дан мурод қуйидаги етти нарсадир:
  2. Мутлақ ва муқайяд;
  3. Омвахос;
  4. Насс ва муаввал;
  5. Носих ва мансух;
  6. Мужмал ва муфассар;
  7. Истисно;
  8. Унинг қисмлари.

Албатта, бу гап ҳам ҳеч қандай далил ва ҳужжатга асосланмай, хаёлдан айтилган гапдан бошқа нарса эмас. Мазкур истилоҳлар усули фиқҳ атамалари бўлиб, тафсилоти усули фиқҳ китобларида келади.

  1. «Етти ҳарф»дан мурод бир ҳадисда зикри келган етти нарсадир.

Бу фикр эгаларининг журъати «етти ҳарф»ни шарҳлашда заиф ҳадисни далил қилишгача етиб боради. Улар қуйидаги ҳадисни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўтарадилар. Гўёки у зот шундай деган эмишлар:

«Аввалги Китоб бир эшикдан бир важҳда нозил қилинган эди. Қуръон эса етти эшикдан етти ҳарфда нозил қилинди: зожир, омир, ҳалол, харом, муҳкам, муташобиқ, амсол. Ҳалолни ҳалол денг, харомни харом денг, масаллардан ибрат олинг, муташобиҳларига иймон келтиринг ва: «Унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир», денг!»

Бу гапга қараганда, Қуръони Каримнинг «етти ҳарф»да нозил бўлиши унинг ичида қуйидаги етти нарсанинг борлигидир:

  • Зожир – зажр қилувчи, яъни қайтариқлар борлиги.
  • Омир – амр қилувчи оятлар борлиги.
  • Ҳалол – ҳалолни баён қилувчи оятлар борлиги.
  • Ҳаром – ҳаромни баён қилувчи оятлар борлиги.
  • Муҳкам – маъноси бошқасига ўхшамаган очиқ-ойдин оятлар борлиги.
  • Муташобиҳ – маъноси бошқасига ўхшаш, тушуниш учун уриниш керак бўладиган оятлар борлиги.
  • Амсол – масаллар, ибратли қиссалар борлиги.

Ибн Абдулбарр: «Аҳли илмлар наздида ушбу ҳадис собит эмасдир, бу ҳадиснинг заифлигига ижмоъ қилинган», деган.

  1. «Етти ҳарф»дан мурод маънолари бир хил, лафзлари ҳар хил бўлган етти кўринишдир.

Мисол учун:

«أَقْتبِلْ، هَلُمَّ، تَعَالَ » – «олдинла», «бу ёққа», «кел»;

«عَجِّلْ، أَسْزرْعْ » – «шошил», «тезла»;

«أَنْظْرْ ، أَخِّرْ، أَمْهِلْ» – «шошма», «кечик», «вақт бер».

Бу ерда бир сўзнинг маъносини англатиш учун бошқа сўзлар ишлатилмоқда.

Чуқур ўйламасдан айтилган юқоридаги гап кейинчалик Қуръони Каримнинг душмани бўлган баъзи шарқшуносларнинг фитнаси учун шубҳа эшикларини очиб берган. Ушбу тушунчани маҳкам ушлаб олган шарқшунослар «Маънони қироат қилиш назарияси бор» деган шубҳани қўзғаганлар. Шубҳасиз, бу нарса исломий ҳаётдаги энг хатарли назариялардандир. Чунки бундан қуръоний матнларни ҳар кимнинг ҳавойи нафсига топшириб қўйиш, улар эса ўзлари хоҳлаган нарсани исбот қилишга уринишлари келиб чиқади.

Ушбу ва бошқа маълумотларни синчиклаб ўрганган мутахассис уламоларимиз, Қуръони Каримнинг «етти ҳарф»да нозил бўлиши Қуръони Каримнинг баъзи сўз ва ҳарфла-рини талаффуз қилишда ижозат берилган етти тур хилма-хилликдир,дейдилар.

  1. Исмларни бирлик ва кўплиқда, музаккар ва муаннасликда турлича талаффуз қилишга берилган ижозат.

Мисол учун, Муъминун сурасининг 8-оятида:

وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِأَمَٰنَٰتِهِمۡ وَعَهۡدِهِمۡ رَٰعُونَ

«Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир», дейилган.

«لِأَمَانَاتِهِم» калимаси кўплик сийғасида бўлиб, у «لِأَمَانَتِهِمۡ» каби бирлиқда ҳам қироат қилинади. Маълумки, усмоний мусҳафларда «لأمنتهم» тарзида, сукунли алифдан холи шаклда ёзилган. Ушбу бир кўринишдаги сўзни икки хил қироат қилиш мумкин. Чунки бирликда жинсни қасд қилинади, жинсда эса кўплик маъноси бор. Жамда бирликни чуқурлаштириш бор, чуқурлаштиришда эса жинснинг маъноси бор. Шундай экан, «لِأَمَانَتِهِمۡ» риоя қилиш худди «لِأَمَانَاتِهِم» риоя қилишдекдир. Бу эса бутун нарсани ҳам, унинг жузларини ҳам ўз ичига олади. Ушбу икки қироатда ҳам «عَهْد» калимаси бирликда келган.

Жинс ёки жамоатни қасд қилиш учун мозий ва музориъ феъллар ҳам турли қироатда турли бўлиб келади. Мисол учун, Бақара сурасида келган

 «إِنَّ ٱلۡبَقَرَ تَشَٰبَهَ عَلَيۡنَا» жумласидаги « تَشَابَهَ » мозий-музаккар феъл бошқа қироатда «تَتَشَابَهَ » бўлиб, музориъ ва муаннас ўқилган.

  1. Араб тили қоидаси доирасида эъроби, яъни ҳаракатлари турлича бўлиши мумкин бўлган жойларда турлича талаффуз қилишга берилган рухсат.

Бунда маънонинг ўзгариши ёки ўзгармаслиги баробардир. Маъно ўзгаришига Бақара сурасининг 37-оятини мисол қилиш мумкин:

»  فَتَلَقَّىٰٓ ءَادَمُ مِن رَّبِّهِۦ كَلِمَٰتٖ«

«Бас, Одам Роббидан сўзларни қабул қилиб олди...»

Ушбу оятдаги «Адам» калимаси насб (фатҳали) ҳолатида, «калимат» лафзи эса рафъ (заммали) ҳолатида ҳам ўқилади.

«فَتَلَقَّى آدَمُ مِن رَّبِّهِ كَلِمَاتٌ» - «Бас, сўзлар Одамни Роббидан қабул килиб олди».

Бақара сураскринг 282-ояти маънонинг ўзгармаслигига мисол бўлади: « وَ لا يُضَآرَّ كَاتِبٌ وَ شَهِيدٌ »...ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин».

Ушбу оятдаги "وَ لاَ يُضَآرَّ" калимаон рафъ ҳолда «لاَ يُضَارُّ» деб ҳам ўқилади. Унда маъно «...ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмайди» бўлади, яъни маъно ўзгармайди.

  1. Ҳарфлардаги ихтилофлар.

Буларда баъзан сурат ўзгармай, фарқ нуқталарнинг ўзи-да бўлиб, калиманинг маъноси ўзгаради. Мисол: «يَعْلَمُونَ» ва «تَعْلُمُونَ» каби. Баъзан эса сурат ўзгариб, маънолар ўзгармай-ди. Мисол: «الصِّرَاطِ» ва «السِرَاطِ» ҳамда «المُصَيْطِرُونَ» ва «المسَيْطرُونَ» каби. Дарҳақиқат, мусҳафларда асли «син» ҳарфидан бадал қилиб, «сод» ҳарфи ёзилган. Мусҳафнинг расмида «сод»нинг қироати таҳқиқий, «син»нинг қироати эса тақдирий ҳолда келтирилган.

  1. Бир калимани бошқа калимага алмаштиришдаги
    ихтилофлар.

Бунда кўпинча ушбу калималар ўзаро муродиф – маънодош (синоним) бўлади. Ушбу муродиф калималарни турли қабилалар турли хил ишлатгани учун қироатда ҳам улар ўзларига таниш калимани ишлатадилар. Қориъа сурасининг 5-оятидаги «كَالْعِهْنِ الْمَنفُوشِ»ни бошқа қироатда «كَالصُّوفِ المَنْفُوشِ» каби ўқилади.

Ёки ўзгарган калималарнинг махражлари бир-бириға яқйн бўлади ва улар ҳам ўзаро бир-бирининг ўрнини боса олади. Бунда махражнинг яқинлиги маънонинг ҳам яқинлигини сездириб туради. Мисол учун, Воқиъа сурасининг 29-оятидаги «وَطَلْحِ مَّنْضُورِ» лафзи бошқа қироатда «وَطَلْع مَنْضُودِ» каби ўқилади. Ушбу «ъайн» товуши билан «ҳа» товушининг махражи бир бўлиб, иккиси опа-сингил кабидир. «Толҳин» деб ўқилса, «бананзор», «толъин» деб ўқилса, «тугунча» (мева тугунчаси) деган маъно тушунилади.

Аммо Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Моида сурасидаги «فَاقْطَعُو~اأيْدِيَهُمَا»ни «فَاقْطَعُوا أَيْمَانَهُمَا» каби қироат қилиши шоздир, яъни мутавотирнинг аксидир. Чунки ушбу қироат оҳод йўл билан ворид бўлган. Яна шуниси аниқки, саҳобийнинг ушбу қироати оятни тафсир қилиш йўли асосида бўлган.

  1. Тақдим (олдинга суриш) ва таъхир қилиш (орқага суриш)даги ихтилофлар.

Умумий араб тилидаги ёки хос таъбирга мослаштиришдаги таъхир ёки тақдимнинг маълум кўриниши. Мисол учун, Аллоҳ таоло моллари ва жонларини жаннат эвазига сотиб олган, Узининг йўлида жанг қиладиган мўминлар ҳақида Тавба сурасининг 111-оятида: «فَيَقْتُلُونَ وَ يُقْتَلُونَ» деган, яъни «ўлдирурлар ва ўлдирилурлар».

Бошқа қироатда: «فَيُقْتَلُونَ وَ يَقْتُلُونَ» деб ўқилади, яъни «ўлдирилурлар ва ўлдирурлар».

Биринчи қироатга қўра, мўминлар душманларни қатл қилишга шошиладилар. Иккинчи қироатга кўра эса улар жанг майдонига шундай шўнғийдиларки, шояд, Аллоҳ таоло уларни шаҳид қилса. Гарчи тақдим ва таъхир билан таъбирнинг сийғаси ўзгарган бўлса-да, икки кўринишда ҳам мақсадга ҳеч қандай футур етмайди.

  1. Кичик бир нарсанинг қўшилиб ёки камайиб қолишидаги ихтилофлар.

Қўшимчаларни баъзан ишлатиб, баъзан тушириб қолдириш араблардаги жорий одатдир. Қўшилиш-камайишга оид мисоллар ниҳоятда оз келган.

Тавба сурасининг 100-ояти қўшимчанинг ишлатилмаслигига мисол бўлади:

«وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّتٍ تَجْرِى تَحْتَهَا الْأَنْهَرُ»

Ушбу ояти кариманинг бошқа қироатида « وَأَعُدَّ لَهُمْ جَنَّاتِ تَجرِى تَحْتَهَا الأَنْهَارُ » деб ўқилади. Бу икки қироат ҳам мутавотир бўлиб, Имом Мусҳафнинг расмига мувофиқдир. «Мин»нинг қўшилиб қолиши маккий Мусҳаф расмига, унинг ҳазф бўлгани эса бошқа мусҳаф расмига тўғри келади. Бунда маънога ҳеч қандай ўзгариш кирмайди.

Камайишига эса Аллоҳ таолонинг Бақара сурасидаги 116-ояти мисол бўлади:

« وَ قَالُوا اتَّخَذَ الله  ُ وَلَدًا سًبْحَنَهُ »

Шомий мусҳаф расмида ушбу ояти кариманинг аввалидаги «вов» ҳарфи ёзилмаган.

  1. Лаҳжалардаги ихтилофлар. Лаҳжаларнинг ихтилофи фатҳ ва имолада, тарқиқ ва тафхимда, ҳамз ва таеҳилда, музориъат ҳарфини касра қилишда, баъзи ҳарфларни қалб қилиш, тазкир-танис, «мим»ни ишбоъ қилишда, айрим ҳаракатларни ишмом ёки равм қилишда кўринади[2].

Мисол учун, Тоҳа сурасининг 9-ояти:

«وَ هَلْ أَتَكَ حَدِيثُ مُوسَى»

ва Қиёмат сурасининг 4-ояти:

 »بَلَى قَدِرِينَ عَلَى أَن نُّسَوِّىَ بَنَانَهُ«

Ушбу оятлардаги "أَتَى", «مُوسَى» ҳамда «بَلَى» калималарини бошқа қироатда имола қилиб, яъни «а» товушини «и» товушига мойил қилиб ўқилади.

Яна: «خَبِيرًا بَصِيرًا»даги «ро»ни тарқиқ қилиб ўқиш, "الصَّلَوةَ" ва «الطَّلَقُ» лафзларида «лом»ни тафхим (йўғон) қилиб ўқиш ҳам бор.

«قَدْ أَفْلَحَ»даги қатьий ҳамзани тасҳил қилиб ўқиш, «لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ», «إِنَّا نَعْلَمُ»,       «وَ تَسْوَدُّ وُجُوهٌ», "أَلَمْ أَعْهَدْ إلَيْكُمْ" каби музориъ ҳарфларни касра қилиб, "أَلَمْ إِعْهَدْ إليْكُمْ"، "وَتِسْوَدُّ وُجُوهٌ"، "إِنَّا نِعْلَمُ"، "لقَوْمٍ يِعْلَمُونَ" тарзида ўқиш кабилар мутавотир қироатларда учрайди. Ҳузалийлар « حَتَّى حِينٍ»ни «عَنَّ عِينٍ» деб, яъни «ҳа»ни «аъйн»га алмаштириб ўқийдилар.

"صِرَطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ" ва «عَلَيْهِمْ دَآئِرَةُ السَّوْءِ» каби музаккар кўпликнинг «мим»ини ишбоъ қилиб, «عَلَيْهِمُو» ва «مِنْهُمُو» тарзида ўқиш ҳам бор.

"وَغِيضَ الْمَآءُ" жумласидаги «ғойн»нинг заммасини касрага ишмом қилиб ўқиш кабилар лаҳжалардаги ихтилофларга мисол бўлади.

Дарҳақиқат, ушбу охирги еттинчи важҳ энг муҳими ҳисобланади. Чунки Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлишидан кўзланган буюк ҳикмат ушбу охирги важхда юзага чиқади. Бунда лаҳжалари ва қабилалари турлича бўлган ушбу уммат учун осонлаштириш ва енгиллатиш бор. Улар айрим лафзларни турлича талаффуз қиладилар. Шундай экан, уларнинг нутқ йўналишлари ва лаҳжаларини эътиборга олиш лозимдир. Лекин луғатларнинг ўзинигина риоя қилиш вожиб эмас. Чунки Қуръони Карим араб луғатларининг барчасини ўзида акс эттирган Қурайш луғатида нозил бўлган экан, бошқа луғатлардан ўзи хоҳлаганини танлаб олди. Баъзи уламоларнинг мутаассиблик билан айтган «Қуръони Карим муайян қабилалар тилида нозил бўлган» деган гапларини ақлий далил ҳам, нақлий далил ҳам қўллаб-қувватламайди.

Араблар Қурайш лаҳжасини танлаб олиб, уни ўзларининг адабий тилларига айлантиришди. Айни пайтда, ўзлари бу лаҳжадан таъсирланганларидек, Қурайш лаҳжасига ҳам ўз таъсирларини ўтказишди. Бошқа тиллардаги каби таъсирланиш ва таъсир ўтказиш Қурайш тилида ҳам содир бўлди. Тилшунослик илмини ўрганадиган бўлсак, ушбу қонуният барча тилларга ҳам тааллуқли эканини кўрамиз. Зеро, бу ҳамма инсонларга хос хусусият ҳисобланадй. Лекин барча қабилалар ўз хоҳишлари билан турли лаҳжалар ичидан Қурайш лаҳжасини танлаб олишларининг сабаби бу лаҳжанинг асоси бой, услуби гўзал, луғат бойлиги кўп, турли сўзларни турли бобларда дақиқ, гўзал, ажойиб таъбир қилишга энг имкониятли бўлганидан эди.

Шундай қилиб, китобатлар, таълифотлар, шеърлар ва хутбалар ёлғиз шу лаҳжада жорий бўла бошлади. Ҳатто қурайшлик бўлмаган шоирлар ҳам ўз она тилларини четлаб ўтиб, жумлалар тузиш ва нутқлар қилишда қурайш лаҳжаси хусусиятларидан фойдаланишга ошиқар эдилар. Қурайш лаҳжаси сайқал топгач, араб қабилаларининг Луғатлари маълум маънода унинг таъсири остига тушиб қолган эди. Дарҳақиқат, Ислом зоҳир бўлгач, хос араблар наздида таъбир асбоби бўлган, кучли, танланган ва ўхшаши йўқ тилга тўқнаш келди. Бу тилнинг шомиллиги ва таъсир кучи очиқ-ойдин араб тилида Қуръон нозил бўлиши билан янада кучайди. Ушбу тил ўхшаши йўқ, танланган тил бўлди. Қурайш лаҳжаси Қуръон сабабли кучайган бўлса-да, Ислом ўзидан олдинги лаҳжаларнинг сақланиб қолишига ҳам тўсқинлик қилмади. Турли араб қабилалари ўз иқлимларига қайтишгач, фақат қурайш лаҳжасида эмас, ўзларининг лаҳжаларида сўзлашар, ўзига хос оҳанг ва лаҳжаларининг сифатларини намоён қилишарди.

Ибн Ҳишом шундай дейди:

«Арабларнинг баъзилари бошқаларига шеър айтишар, барчалари ўзларига хос табиат тақозосида гаплашишар, шу сабабли айрим байтларнинг ривоятлари кўпайиб кетган эди».

Тўхтатишнинг имкони бўлмаган ушбу ҳолатнинг қаршисида Қуръони Карим арабларнинг хосларини ва фасоҳатлиларини Қуръонга ўхшаш ёки унинг бир оятига ўхшаш нарсани келтиришга чақирди. Бунда луғавий бирликни қарор топтириш мақсади ҳам бор эди. Шу билан бирга, оммага енгил бўлган етти қуръоний важҳда ўқиш жоизлигини эълон қилиб, қироатларда кенгчиликка, лаҳжаларни эътиборга олишга имкон берди. Оммани ўзлари учун осон ва енгил бўлган жорий тилдан бошқа лаҳжада нутқ қилишга мажбурламади.

Ибн Жазарий қуйидаги жумлаларни айтганда мана шуларни мулоҳаза қилган кўринади:

«Қуръони Каримнинг етти харфда ворид бўлиши ушбу умматга енгиллик учун ҳамда уларга осонликни хоҳлаб, шарафларини улуғлаб, кенглик, раҳмат қилиб, фазлларини хослаб, Ҳақнинг ҳабиби, халойиқнинг афзали, умматнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақсадларига ижобат ўлароқ бўлгандир».

Ибн Жазарий буларни ўз сўзи билан кенгайтириб, шундай дейди:

«Дарҳақиқат, анбиё алайҳимуссалом ўзларининг хос умматларига юборилган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса халойиқнинг барчасига – қизил танлию қора танлисига, арабу ажамига мутлақ юборилдилар. Тилларида Қуръон нозил бўлган арабларнинг луғатлари тарқоқ ҳолда эди. Уларга бир лаҳжадан бошқасига ёки бир ҳарфдан бошқа ҳарфга ўтиш қийин кечар, балки гоҳида баъзилари таълим ва муолажа орқали ҳам бунга қодир бўлмас эдилар».

Ушбу лаҳжалар ихтилофи бўлмиш охирги важҳнинг аҳамияти баъзи уламоларни «етти ҳарф»ни лаҳжалар турида чёгаралаб қўйишга олиб борди. Айрим уламолар эса аксинча, ушбу важҳни мутлақ унутдилар. Ибн Қутайбанинг гапига кўра, «Булар (лаҳжалардаги ихтилофлар) лафз ва маънода турланадиган ихтилофлардан эмас. Чунки талаффуздаги турлилик лафзни ўзликдан чиқариб юбормайди».

Юқоридаги икки фикр ҳам ғулувдир. Юқорида ўтган олти важҳнинг аҳамияти еттинчи важҳнинг ўзи бйлан кифояланишга йўл бермайди. Шунингдек, баъзи товушларни талаффуз қилишдаги лаҳжалар ихтилофи саҳобалар орасида воқеъ бўлган ишдир. Балки, бу тилга олинган ихтилоф турларининг энг кучлиси бўлса, ажаб эмас. Шунинг учун ҳам бошқа важҳлар билан кифояланиш жоиз бўлмаганидек, лаҳжалар ихтилофини эсламай қўйиш ҳам тўғри эмас.

Олдингиларнинг «етти важҳ» масаласидаги камчиликлари бизни алоҳида йўл тутишга, уларнинг барчасига хилоф қилишгаундайди. Биз бу масалада Абу Фазл Розийнинг мазҳабини ихтиёр қилмадик. Муҳаммад Абдулазим Зарқоний ўзининг «Манаҳилул-ирфан фи улумил-Қуръан» китобида ушбу мазҳабни Ибн Қутайба, Абулхойр ибн Жазарий, Қози Абу Бакр ибн Таййиб Боқиллонийнинг мазҳабларидан устун қўйган. Биз ушбу зикр қилиб ўтганларимизнинг мазҳабларини ҳам ихтиёр қилмадик. Абу Фазл Розийнинг мазҳабини олмаганимизнинг сабаби шуки, у киши «Ал-Лавоиҳ» номли китобида ҳарфлардаги ихтилоф важҳини мутлақо зикр қилмаган (мисол учун, «يَعْلَمُونَ» ва "تَعْلَمُونَ" кабиларни). Ваҳоланки, ҳарфларнинг ихтилофи у зикр қилиб ўтган бошқа олти важҳнинг бирортасига дохил бўлмайди. Сўнгра у феълларнинг мозий, музориъ, амр каби тусланишини алоҳида важҳ деб ҳисоблаган. Ваҳоланки, бу важҳ эъробдаги ихтилофлар важҳига дохил бўлади.

Қолган уч мазҳабни ҳам олмаганимизнинг сабаби сифатида уларнинг барчаси амалий тарзда лаҳжалардаги ихтилоф важҳини эсламаганларини кўрсатиш кифоя. Уларнинг баъзилари лаҳжалар ихтилофини назарий жиҳатдан мудофаа қилган бўлсалар-да, лекин амалий жиҳатдан бу мавзуга тўхталмаганлар.

Биз ушбу етти важҳни танлаб олар эканмиз, Қуръонни адо қилишда бу ихтилофларнинг барчаси топилади, демоқчимиз. Лекин бу билан битта калиманинг ўзида ушбу етти важҳ топилиши лозим, демаймиз. Гоҳо ҳар бир калимада бир, икки ёки ундан кўп важҳ топилиши мумкин. Ушбу ихтилофлардан бирининг юзага чиқиши етти важҳдан бирининг юзага чиқиши демакдир.

Биз олдинги уламоларнинг фикрларини жамлаб, уларнинг орасини мувофиқлаштириб, ихтилофлар важҳини еттитага етказар эканмиз, бу еттилик кўпчилик айтган нарсадир. Қуръон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етти ҳарфда нозил бўлганда, у зот саҳобаи киромларнинг орасида эдилар. Саҳобаларга у зотнинг ўзлари таълим берар ва ўргатардилар. Уларнинг кўпчилиги ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий зотлар бўлиб, «етти ҳарф»дан кўзланган мақсадни белгилашга эҳтиёжлари йўқ эди. Энг муҳими, Қуръон жумлаларининг барчаси етти важҳдан ошиб кетмаслигини билишарди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган турли қироатларни амалий суратда адо қилар эдилар. Ана шу илм бизгача етиб келди. Биз эса Қуръоннинг етти ҳарфда нозил бўлганини матнлар орқали аниқ биламиз. Бироқ ушбу «етти ҳарф» айнан нима эканини фақат истинбот ва умумий далиллардан хулоса чиқариш орқалигина била оламиз.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Расми Усмонийнинг такомиллашуви

 

[1] Ибн Жазарийнинг «Табақотул-қурроъ» китобидан. 1/292.

[2] Фатҳ – имола қилмай, оддий «алиф» тарзида ўқиш;

Имола – «алиф»ни «йа»га мойил қилиб, «э»га ўхшатиб ўқцш;

Тарқиқ – бирор нутқ товушини ингичка, яъни тил орқасини кўтармай айтиш;

Тафхим – тарқиқнинг зидди, товушни йўғон шаклда, тил орқасини кўта-риб талаффуз этиш;

Ҳамз – ҳамза ундошини тўлиқ талаффуз этиш;

Тасҳил – ҳамза ундошини чала талаффуз этиш;

Музориъат – ҳозирги-келаси замон феълини ясовчи қўшимча ҳарфлар. Улар феълнинг ўзак ҳарфлари олдидан келади.

Қалб қилиш – бирор нутқ товушини бошқасига алиштириб айтиш;

Тазкир-танис – исм ва феълларнинг икки жинсда турланиши;

Ишбоъ – тугал чўзиш; «мим»ни ишбоъ қилиш - олмошларда кўгашкни ифодалаб келган «мим»нинг заммасини чўзиб чўзиқ «у» шаклида ўқиш;

Равм – ҳарф ҳаракатини чала ва паст айтиш. У касра ва замма ҳаракатла-ридабўлади;

Ишмом – ҳарф ҳаракатини овозсиз, фақат лабнинг ҳаракати билан билдириш. У фақат замма ҳаракатида бўлади.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top