muslim.uz
Хушхабар: Янгийўл туманида Қуръон курси очилмоқда
Бугун, 18 октябрь куни соат 10:00 да Тошкент вилояти Янгийўл туманида “Қуръони карим ва тажвид” янги ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли қатнашади.
Очилиш маросимини “AlQuran.uz” va “Muslim.uz” сайтининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида онлайн кузатиб боришингиз мумкин.
Манзил: Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, «Гулбаҳор» МФЙ, Ш.Рашидов кўчаси, 6-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Миллатнинг камолоти оналар ва болалар соғлиғига боғлиқ
Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам куёвларга никоҳдан аввал туғилажак фарзандларининг оналарини танлашда саломатлиги, хулқ-атворига алоҳида эътибор бериб, кўриб уйланишни тавсия қилганлар. У зотнинг тавсияларига амал қилиш ҳар бир инсоннинг саодатидир.
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال "تنكح المرأة لأربع لمالها و لحسبها و لجمالها و لدينها فاظر بدات الدين تربت يداك. رواه الخمسة.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёлга тўрт (нарсаси) учун никоҳланилади: моли учун, ҳасаби учун, жамоли учун ва дини учун. Бас, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур”, дедилар” (Бешовлари ривоят қилганлар).
Уйланишдан олдин келинликка номзоднинг қизиқтирадиган сифатларига қаралади. Ушбу ҳадиси шарифда ўша – никоҳига рағбат қилинадиган номзодда бўлиши лозим бўлган яхши сифатлардан тўртта энг машҳури ҳақида сўз кетмоқда.
Агар ушбу тўт сифат – мол ҳам, жамол ҳам, ҳасабу насаб ҳам, дину диёнатга қўшилиб, бир қизнинг зийнати бўлиб турса, албатта, яхши. Аммо ушбу тўрт сифат бири-бири билан солиштирганда, улар орасида диндорликка тенг келадигани йўқ. Балки қолганларига яна бошқа бир қанча яхши сифатлар қўшилса ҳам диндорлик сифатига ета олмайди[1].
Бизнинг аждодларимиз азалдан ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб келадилар ва ўзлари ҳам фарзандга бўлажак она танлашда унинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлишига алоҳида эътибор беришга кенг тарғиб қиладилар.
Бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур шундай дейди: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлик-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, тўй тушурдим”[2].
Мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда ҳар бир турмуш қурувчилар расмий никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтиши кенг йўлга қўйилди. Бунинг самараси ўлароқ, оналарнинг саломатлигини сақлаш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда.
Давлат статистика маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ёш оналар илк бор 19–21 ёшда фарзандни дунёга келтирадилар. Шунинг учун уларни репродуктив саломатликка оид ўқув дастурларига жалб қилиш лозим, бу жамият ривожига ҳам, хавфсиз оналикка ҳам кўмаклашади. 1991 йилда оналар ўлими даражаси 100000 тирик туғилганга нисбатан 65,4% ни ташкил этди, 2004 йилга келиб бу кўрсаткич 30,2 ни ташкил этди. ЮНФПА маълумотларига кўра, 2005 йилда Ўзбекистонда 15–19 ёшдаги 1000 нафар аёлга 34 та туғруқ рўйхатга олинган. 2004 йилда Ўзбекистонда 19–24 ёшдаги 1000 нафар аёлга 239 та туғруқ рўйхатга олинган. Абортлар сони 1991 йилдаги 100 та тирик туғилганга нисбатан 11,2 тадан 2005 йилда 9,1 гача қисқарди. Анемия (камқонлик) аёллар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2005 йилда мамлакатда барча аёллар нинг 74,4% анемиядан азоб чеккан. Анемиянинг энг юқори даражада тарқалганлиги Қорақалпоғистонда кузатилмоқда, у ерда 2004 йилда 99,3% аёл анемия билан касалланган. Ўзбекистонда темир моддаси ҳаддан ташқари етишмаслиги сабабли юз берган ёш оналар ўлими билан боғлиқ бир неча воқеалар рўйхатга олинган[3].
2017 йилга қараганда 2018 йилда яхши томонга ўзгарган. Жумладан, 2018 йилда гўдаклар ўлими кўрсаткичи 9,9 промиллини ташкил этди (2017 йилда бу кўрсаткич 11,5 промиллига тенг бўлган). Гўдаклар ўлимининг структурасида 63,6 фоизни неонатал ўлим ташкил этади. “Соғлом она – соғлом бола” мақсадига эришишда демографик ҳолатни яхшилаш энг муҳим ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги, шу жумладан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдаги ҳолатни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланган. Концепцияда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, болалар ва оналар саломатлигини муҳофаза қилишдаги муаммоларни ечиш учун мақсад ва вазифалар белгиланган.
2019-2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш жараёнида “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонун, Президентнинг 2019 йил 7 сентябрда “Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди[4].
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра оналар ва болалар, репродуктив ёшдаги аёллар саломатлигини таъминлаш учун зарур дори ва тиббиёт воситалари (C витамин, сурфактант ва бошқалар) билан қўшимча таъминлаш учун давлат бюджетидан 2021 йилда 26 миллиард сўм ажратилиши, 2022 йилдан бошлаб эса ушбу харажатлар учун зарур маблағларни давлат бюджети параметрларида кўзда тутиш белгиланган[5].
Юқоридаги маълумотдан кўринадики, юртимизда оналар саломатлиги борасидаги ижобий натижалар билан бир қаторда камчиликлар ҳам мавжуд. Ушбу камчиликларни бартараф этиш учун юртимизда кўплаб чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Шифохоналар, репродуктив саломатлик марказлари, ҳар бир шаҳар ва қишлоқ марказларида кўплаб врачлик пунктлари ташкил этиляпти. Бу яратилган имкониятлардан фойдаланиб барча оналар ўз саломатликларига янада эътиборли бўлишлари лозим. Зеро, ҳар бир аёл учун она бўлишлик улуғ бахт. Она учун мурғаккина гўдаги билан ўтган ҳар бир лаҳзалари бебаҳо ва унутилмасдир. Гўдак учун эса онанинг бағридан ҳаловатлироқ жой йўқ. Бола фақатгина онасининг қучоғида ўзини хотиржам ва ишончли сезади.
Миллатнинг камолоти, мамлакат равнақи бевосита бу икки инсоннинг хотиржамлиги, соғлиғига боғлиқ. Қайси юртда оналар ва болалар бахтиёр бўлиб, кулгуси янграса бу ватаннинг эртанги куни нурафшон бўлиши аниқ. Мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳам ана шу оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялаш учун керакли шарт-шароитларни яратиб бериш ҳисобланади. Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва келажак авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ҳамда соғлом экологик муҳитни яратиш давлатимизнинг бош ислоҳотларидан бири саналади.
Демак, юртимиздаги ҳар бир оналар яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, ўзининг ҳам руҳий, ҳам жисмоний саломатлиги борасида қайғурмоғи ва имкониятлардан унумли фойдаланмоғи лозим. Зеро, динимиз манбаларида ҳам инсон ўз саломатлиги борасида қайғуриши, ўзининг руҳий ва жисмоний саломатлигини сақлаши, жисмига зарар етказадиган иллатлардан ўзини ҳимоя қилиши фарздир.
Абдулмуҳсин Фазлиддинов,
Тошкент ислом институти
Модуль таълим тизими талабаси,
Самарқанд вилояти, Ургут тумани
Эрназар ҳожи жоме масжиди имом-хатиби
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила. “Ҳилол нашр” – Тошкент: 2014. – Б. 56.
[2] Муҳаммад Қуронов. Болам бахтли бўлсин, десангиз... – Тошкент: Маънавият, 2013. – Б. 273.
[3] Н. Жўрабоева, И. Абдуразакова, А. Хошимов. Ўзбекистонда оналар саломатлиги (Қўлланма). – Тошкент: MED.UZ. 2015. – Б.
[4] https://uza.uz/uz/posts/onalar-va-bolalar-limining-oldini-olishga-doir-islo-otlar-z--18-10-2019
[5] https://daryo.uz/k/2021/05/26/ozbekistonda-onalar-va-bolalar-hamda-reproduktiv-yoshdagi-ayollar-salomatligini-mustahkamlash-uchun-budjetdan-26-mlrd-som-ajratiladi/?ysclid=l8whjkrxhb276575774
"Саодат асрига саёҳат" мавзусида ўтказилган Мавлидун Набий тадбиридан видеолавҳа
Ўйлаб гапир! Сeн ҳадис айтяпсан
Ҳар бир илмнинг асоси ва санади бор. Ислом илмларининг олий бўлишида ҳам санаднинг ўрни каттадир.
Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўз «Саҳиҳ»ларининг муқаддимасида Абдан ибн Усмон розияллоҳу анҳудан келтирганлар: «Абдуллоҳ ибн Марвазийдан эшитдим: "Санадлар диндандир. Агар санад бўлмаганида, хоҳлаган одам хоҳлаган гапини гапирган бўлар эди", дедилар». Бизда Қуръон, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва бошқа илм ҳамда фаннинг асоси бор. Бу асосларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келади. Нақшбандиядаги иккита машҳур санад Нақшбандия тариқатини ифодалайди. Ёки Рифоий ҳазратларининг ўз саҳиҳ санади бор. Ана шу санад бўлгани учун санади бўлмаган одам гапиришга қўрқади. Саҳобалар биздан кўра ҳадис айтишга ҳақли бўлганлар. Уларнинг орасида шундай одат бор эдики, қайсидир саҳоба ҳадис айтадиган бўлса, бошқалари «Ўйлаб гапир! Сен ҳадис айтяпсан», дер эди.
Ҳадис айтишнинг масъулияти бор. Санад, ривоятинг бўлиши ва шунга ўхшаган бир нечта талабларга қаттиқ эътибор қаратилади. Ҳозирги кунга келиб эса, ҳамма ҳадис айтадиган бўлиб қолди. Билса-билмаса, ҳадис деб айтаверади. Бундан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳадиси шарифни айтишнинг масъулияти бор. Ҳар бир нотўғри ва асоссиз айтилган ҳадис учун қаттиқ жавоб берилади.
Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ олтин бир қоидани айтганлар: «Олаётган илмларингиз диндир. Илм асли диндир. Динингизни кимдан олаётганизга эътиборли бўлинг».
Имом Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ: «Илм уламоларнинг оғизларидангина олинади», дейдилар. Яъни уламоларнинг оғзидан илмни олиш, санад билан олиш назарда тутиляпти. Ҳар бир илмда устозлар узилмасдан муаллифга боради. Масалан, «Тафсири Насафий» Имом Насафийдан устоз ва шогирд анъанаси узилмасдан келган. Санад ижоза бериб келинган бўлади.
Имом Шофеъий айтадилар: «Санадсиз илм талаб қиладиган одам кечаси ўтин тўплайдиган одамга ўхшайди. Қўронғида ўтин тўплайман деб қўлини чўзади, ўтиннинг тагида эса заҳарли илон турган бўлади ва бир кун чақиб олади. Устозсиз илм ҳосил қилмоқчи бўлган одам ҳам бир кун мана шу ҳолга тушади».
Суфён Саврий айтадилар: «Санад мўминнинг қуролидир. Сенинг қуролинг бўлмаса, нима билан жанг қиласан?». Тўрт мазҳабни оладиган бўлсак, ҳар бирининг санади бор. Шунинг учун бу мазҳаблар асрлар оша давом этиб келяпти. Иншааллоҳ, бу мазҳаблар қиёматгача давом этади, чунки уларнинг пишиқ асоси бор.
Бирор илм ҳақида гап кетганда, албатта, унинг санадига эътибор бериш лозим. Бир зум эҳтиёткорликни йўқотган одам ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Ҳозирги кунда авж олаётган диний экстремизм ва терроризм каби гуруҳлар ҳам умуман Ислом динига тўғри келмайдиган маълумот ва қарашлар билан кишиларни заҳарламоқда. Илми бўлмаган одамнинг бундай тузоқларга тушиб қолиши жуда осон. Қайсидир илм ҳақида гап кетдими, тушунмасангиз, уламоларга мурожаат қилинг. Тўғри ва асосли маълумотни олинг. Ҳар қандай вазиятда ҳам лоқайдликка йў қўйманг. Лоқайдлик аслида инсоният яратилганидан бошлаб унинг энг катта душмани бўлиб келган.
Баъзида шундай ҳолларга дуч келиняптики, ҳадисни айримлар ўзларининг манфаатларига мослаштириб олишяпти. Буни қандай тушуниш керак? Билиб қўйинг, ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтган гапларидир. Уни ўзгартириш, ёлғонини тўқиб чиқариш, ўз манфаатлари йўлида мослаштириш энг катта гуноҳдир. Бундай ишларни қилиб туриб, хотимангиз чиройли бўлишиини кутманг!
Саййид Раҳматуллоҳ Термизий
Хушхабар: Нукус туманидаги марказий «Имом Эшон» масжиди қайтадан бунёд этилди
Юртбошимиз ташаббуси билан ҳар бир вилоятга Қорақалпоғистон Республикасидаги туманлар бириктирилиб, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш йўналишлари белгилаб берилган эди.
Самарқанд вилоятига Нукус тумани бириктирилиб, у ерда аҳолини иш билан таъминлаш, тиббий, ижтимоий хизматларни яхшилаш, қурилиш-ободонлаштириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қурилиш-ободонлаштириш ишлари, янги корхоналарни барпо этиш ва иш ўринларини яратиш мақсадида лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳалар қаторида тумандаги марказий “Имом Эшон” масжидининг иморатини янгидан қуриш ҳам режалаштирилган. Унга кўра Самарқанд вилояти ҳокимияти, «NURLI KELAJAK ISHONCH SERVIS ва UNIVER PRO STILE» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан масжид биноси барча қулайликларга эга кўринишда янгидан қурилди ва атрофлари обод қилинди.
16-октябрь куни ушбу «Имом Эшон» масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ. Сариев, унинг ўринбосари Р. Сапарбаев, Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш. Бауатдинов, Самарқанд вилояти бош имоми З. Эшонқулов, имом-хатиблор, нуронийлар ва туман аҳолиси иштирок этди. Маросим олдидан Қуръон тиловат қилинди ва қурбонлик сўйилди.
Барча қулайликларга эга, ихчам ва замонавий масжид иморатини янгидан қуришда меҳнат қилган Самарқанд вилояти ҳокимияти ва тадбиркорларига Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти томонидан миннатдорчилик билдирилди.
Бир сўз билан айтганда, саамарқандлик тадбиркорлар Нукус туманини янада обод, ишлаб чиқариш ва иқтисодий тарафдан барқарор ҳудудга айлантириш учун барча чораларни кўрмокда.
Даўытбай Беканов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими