muslim.uz
“Қаффол Шоший” мақбарасида дафн этилган муфтийлар зиёрат қилинди
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Собиқ иттифоқ давридаги фаолияти (1943-1989) ва Муфтий Бобохоновлар сулоласи” мавзуида илмий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбир бошланишидан олдин институт устозлари ва талабалари, “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори Жамолхон Бобохонов, Бобохоновлар сулоласи вакиллари “Қаффоли Шоший” мақбарасини зиёрат қилдилар.
“Қаффоли Шоший” мақбарасида Ҳазрати имом (Хастимом) Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффоли Шоший (904-976) ҳамда ўтмишда яшаб ижод қилган бир қанча уламолар ва валийлар дафн қилинган. Шунингдек, бу ерда ўтган асримизда яшаб ижод қилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг биринчи муфтийси Эшонбобохон ибн Абдулмажидхон, муфтий Зиёвуддин ибн Эшонбобохон ва бошқа кўплаб уламоларнинг қабри бор.Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, тарих фанлари доктори Неъматулла Муҳамедов “Қаффоли Шоший” мақбараси ҳақида, унда ётган Абу Бакр Шоший, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг биринчи муфтийси Эшонбобохон ибн Абдулмажидхон ва муфтий Зиёвуддин ибн Эшонбобохон тўғрисида қимматли илмий маълумотларни гапириб берди.
Ўтганлар руҳларини шод этиш учун Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, институт талабалари томонидан тайёрланган бир нечта Хатми Қуръон савоблари мазкур мақбарада дафн қилинган уламолар руҳониятига бағишланди ҳамда уларнинг ҳақларига кўплаб дуои хайрлар қилинди. Зеро, ўтган аждодларимизни хотирлаш ва уларнинг солиҳ амалларини эсга олиш буюк анъаналармиз ва қадриятларимиздан ҳисобланади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада шундай марҳамат қилганлар: “Дунёдан ўтиб кетларингизни яхшиликлари билан эсга олингизлар”.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
мудири Соатмурод Примов
Жума билан табриклаш бидъатми? (видео)
Мартабали меҳмонларнинг юртимизга ташрифи самарали кечмоқда
Аввал хабар берганимиздек, мамлакатимизда Араб давлатлари уюшмаси бош котиби ўринбосари Иброҳим Халил аз Завади ва уюшманинг Осиё давлатлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Муҳаммад бин Сиддиқлар меҳмон бўлиб турибди.
Улар бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, Марказ музейи фаолияти ва ундаги экспонатлар, кутубхона иши ҳамда мавжуд китоб фонди билан танишди. Шунингдек, уларга Марказда яратилган шароитлар, илмий фаолият натижасида эришилган муваффақиятлар ҳамда Араб мамлакатларидаги кўплаб илмий муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг айни ҳолати ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Ташриф якунида меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами ҳадя қилинди.
Мартабали меҳмонлар бугуннинг ўзида Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлигида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти мақбарасида бўлиб, Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Уларнинг амалий ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Кўҳна шаҳар дунё афкор оммаси диққат марказида
Салкам 3 минг йиллик тарихга эга қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанд доимо бутун дунёнинг эътиборида бўлиб келган. Тарихчилар уни Ер юзининг сайқали дея таърифлаган бўлса, шоирлар у ҳақда ашъорлар битишган. Олимлар ўз асарларида бу шаҳарнинг номини тилга олиб, етти иқлимга машҳур ҳавоси, нонига юксак баҳо берган.
Ана шундай кўҳна Самарқанд 14–16 сентябрь кунлари жуда катта тадбирга мезбонлик қилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари, ҳукумат вакиллиари, синчилар, сиёсатшунослар бирин-кетин Ер юзи сайқалига ташриф буюришмоқда.
Ташриф арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи дунё матбуотидан муҳим ўрин олди. Ушбу мақола бир нечта чет давлатларда хорижий тилларда эълон қилинди.
Ҳурмали Юртбошимиз ўз мақоласида: «ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим», дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, дунёнинг 3.5. миллиард аҳолиси яшайдиган давлатлар ушбу ташкилотга аъзо. Демак. Ҳажон аҳолисинигн ярми яшайдиган бу ташкилот ҳам тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга бел боғлаган.
Муқаддас динимизда ҳам тинчлик юксак қадрланади. Тинчлик – энг бебаҳо неъмат. Зеро, тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган юртдагина ислоҳотлар кутилган самарани беради, одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб, келажагига ишониб яшайди. Бугун юртимизнинг қайси ҳудудида бўлманг, бунёдкорлик устидан чиқасиз. Бу ҳам тинчлик неъматидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига тинчлик ва омонлик ато этувчи Зот эканини баён этиб, бундай марҳамат қилади: «У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) келтираётган ширкдан покдир» (Ҳашр сураси, 23-оят).
Омонлик ва тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати эканини ҳар лаҳза ёдимизда сақлашимиз керак. Чунончи, бугунги дунёга теран разм солсак, айрим ҳудудларда кузатилаётган қонли урушлар, тўқнашувлар давлатларнинг иқтисодини издан чиқариб, одамларнинг сарсону саргардон ўз юртларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Бизку – оддий бандалар. Ҳатто пайғамбарлар ҳм Аллоҳ таолодан тинчлик ва офиятни сўрашган. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилар экан, аввало, Парвардигордан тинчликни, сўнгра тавҳидни сўраган. «(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!» (Иброҳим сураси, 35-оят).
Юсуф алайҳиссалом эса ота-оналаридан Мисрда тинчлик қарор топгандан сўнггина унга киришларини сўрадилар: «Бас, (шаҳар ташқарисида чодирда кутаётган) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ота-онасини ўз бағрига босди ва “иншоаллоҳ, Мисрга тинч-омон киргайсиз”, – деди» (Юсуф сураси, 99-оят).
Мусо алайҳиссалом қўрққан пайтларида, Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларига таскин бериб, тинч ва хавфу хатардан холи эканликлари ҳақида хабар берди: «“Асойингни (ерга) ташла!” Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) “Эй Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу хатардан) омонликдаги кишилардандирсан» (Қасас сураси, 31-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ этган кунда унинг аҳлига раҳм-шафқат кўрсатиб, мусулмонлар томонидан уларга тинчлик ва омонлик етишини хабар бердилар: “Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса у омонда, Кимки қуролини ташласа у омонда, Ким масжидга кирса у омонда”, – дедилар.
Ҳудайбия сулҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир минг беш юз саҳоба бор эди. Макка аҳли билан тинчлик сулҳи битилди. Унинг бандида ўн йил уришмаслик, инсонлар шу муддат ичида бир бирларидан омонда бўлишлари қайд этилган эди. Тинчлик сулҳидан кейин жуда кўп инсонлар Ислом динини қабул қилдилар. Орадан икки йил ўтиб, маккаликлар аҳдномани буздилар. Макка фатҳига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўн минг саҳоба борди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳида Макка мушриклари томонидан қўйилган барча инжиқ талабларни, гарчи бу ўзлари ва саҳобаи киромларга оғир ботса ҳам, қабул қилдилар.Чунки бу тинчлик сулҳи эди. Бунда Исломнинг асосий ҳадафи (мақсади) бўлган ўн йил урушмаслик битими қайд этилган эди.
Юқоридаги ояти карималар ва Набий алайҳиссалом даврларида бўлган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, барча эзгуликлар, хайрлар тинчликда эканига амин бўламиз. Ўзи умримиз саноқлик йиллардан иборат. Шу умрни тинчлик-хотиржамликда ўтказишга нима етсин.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон томон раҳбарлик қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити муҳтарам Юртошимиз таъкидлаганидек: “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради”.
Бу саммит ташкилотнинг ва ташкилотга аъзо барча давлатларнинг янада жипслашишига, янгидан-янги ғоялар, ташаббуслар билан тарихда қолишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари
Ўзбек дипломатлари Свердловск вилоятидаги Имом Бухорий масжидининг 20 йиллиги тантаналарида иштирок этди
Ўзбекистон Президенти томонидан кейинги олти йил мобайнида мамлакатимизда диний–маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда диний эркинлик доирасида қабул қилинган қарорлар ва яратилган шароитларни Россия расмийлари ва жамоатчилиги, жумладан ўзбек ватандошлари эътиборига тизимли равишда етказиб бориш Бош консулхонанинг ахборот-тарғибот фаолиятидаги устувор йўналишларидан бири ҳисобланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходимлари Россия муфтийси Равил Гайнутдин ҳамда Урал федерал округидаги Свердловск вилояти Верхняя Пишма шаҳридаги Имом Исмоил аль-Бухорий номидаги масжид имоми Артур Мухутдиновнинг таклифига биноан, ушбу масжиднинг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда иштирок этишди.
Тадбирда Қирғизистон ва Тожикистон Бош консуллари, Свердловск вилояти губернатори ўринбосари, Қонунчилик мажлиси (маҳаллий парламент) раҳбари ўринбосари, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Уралдаги вакили, Екатеринбург ва Верхняя Пишма шаҳарлари маъмуриятларининг вакиллари, Урал давлат иқтисодиёт университети ректори ҳамда турли динлар вакиллари иштирок этдилар.
Артур Мухутдинов тадбирни очар экан, масжиднинг қурилиши тарихи ва унинг ҳозирги кундаги ҳолатига келгунига қадар улкан ҳиссаларини қўшиб келган кишилар ҳақида, хусусан, масжиднинг қурилишига ҳомийлик қилган Урал тоғ-металлургия комбинати президенти, ватандошимиз Искандар Маҳмудовнинг ҳиссаси катта эканлигини маълум қилди.
Шундан сўнг вилоят, шаҳар мутасадди раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда диний уламо ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқишиб, Имом Исмоил ал-Бухорий номидаги масжиднинг 20 йиллиги билан муассаса раҳбарияти ва тадбир иштирокчиларини самимий қутлашди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Бош консули Абдусалом Ҳотамов масжиднинг қурилишига ҳисса қўшганларга, хусусан, УГМК раҳбарияти ва вилоят мутасаддиларига ўз миннатдорлигини изҳор этар экан, масжиднинг 20 йиллиги муносабати билан масжид раҳбарияти ҳамда тадбир иштирокчиларини табриклади.
У.Шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги 6 йил ичида юртбошимиз томонидан диний таълим йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг қонун ва қонуности ҳужжатларда ўз аксини топганлигини, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва бошқа қатор илмий-тадқиқот марказларининг ишга туширилганини маълум қилди. Тадбирда иштирок этган Свердловск вилоятидаги ўзбек диаспораси раҳбари Обид Туратов Татаристон, Тожикистон ва Бошқирдистон миллий марказлари билан биргаликда Ўзбекистон байроғи остида миллий маданиятимизни тараннум этувчи чодир ўрнатди ва байрам иштирокчиларга республикамизнинг бой тарихига оид мўъжаз кичик кўргазма ташкил этди.
Шундан сўнг Верхняя Пишма шаҳар Самбо федерацияси президенти, ватандошимиз Баҳодир Бухарский томонидан спорт мусобақаси ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати