muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 19 نيسان/أبريل 2022 00:00

Бир дуо таржималари

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ифторликда – ذَهَبَ الظَّمَأُ وابْتَلَّتِ العُرُوقُ وَ ثَبَتَ الْأَجْرُ إِنْ شَاءَ اللهُ
Заҳабаз замау вабталлатил уруқу ва сабатал ажру, иншааллоҳ”, деб дуо қилганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).
Ушбу дуонинг таржималари бир хил эмас. Масалан:
1. “Cувсизлик тугади, томирлар намланди, ажр ва мукофотлар, иншоаллоҳ, берилади”.
2. “Чанқоқ кетди, томирлар ҳўл­ланди, иншоаллоҳ, ажр собит бўлди”.
3. “Чанқоқ кетди, томирлар нам­ланди, иншоаллоҳ, савоб ҳосил бўл­ди”, деб таржима қилинган.


Таржималарда сувсаган рўза­дорнинг ташналикдан, яъни чан­қоқликдан халос бўлгани баён этил­моқда. Уни “чанқов босилди” тарзида ифодалаш маъқулроқ кўринади.
Эътибор берайлик: чанқовбос­ди қовунлар,.. чанқовбосди ичимлик­лар ва шарбатлар... (“Ўзбек ти­лининг изоҳли луғати”. Ж. IV, 457-б.).
Таржима гапларнинг иккинчи қисмидаги “нам­ланди”, “ҳўлланди” сўзлари маънодош бўлиб, асос-негизлари “нам қилмоқ”, “нам бермоқ”; “ҳўл қилмоқ”, “сув тегизмоқ” маъноларини англатади. Рўзани очганда ичилган сувдан томирлар намиқади, яъни нам тортади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, 15-б.) Демак, “томирлар намиқди” дейиш яхшироқ.
Гапларнинг учинчи қисми (“Ажр-мукофотлар ҳам, иншоаллоҳ, берилади. Иншоаллоҳ, ажр собит бўлди. Иншоаллоҳ, савоб ҳосил бўлди)да “Худо хоҳласа”, “насиб бўлса (ёки қилса, этса)” маъносидаги “иншоаллоҳ” сўзи мавжуд. Шу боис феъл-кесимнинг “берилади” шакли тўғри келади. “Собит бўлди”, “ҳосил бўлди” феъл-кесимларининг замони ўйлаб кўрилиши керак.


Сабатал ажру, иншааллоҳ”ни “Ажр-мукофот ҳам тайин, иншоаллоҳ” деса бўлади. “Тайин” сўзининг бир маъноси “аниқ”. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло: “Рўза Мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳа­мат қилган».
Мазкур дуонинг таржимаси қуйида­гича бўлса, мақсадга мувофиқ: “Чанқов босилди, томирлар намиқди ва ажр-мукофот ҳам тайин, иншоаллоҳ”.

Насруллоҳ ШУКРУЛЛОҲ ўғли,
педагогика фанлари номзоди, доцент
“Ҳидоят” журнали 3-сон

Эронда Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битиклари аниқланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотига кўра, Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев бошчилигидаги делегациянинг Эронга амалга оширган хизмат сафари давомида шу ҳақда маълум қилинган.

«Эроннинг шимоли-ғарбида Темурийлар даврининг кўплаб маданий мерос обидалари мавжуд. Амир Темур Эроннинг Тойинобод шаҳрида шайх Абу Бакр Зайн-ул Обиддин Тоййибиний билан учрашган ва у билан самимий муносабатлар ўрнатган, узоқ йиллар давомида ўзаро ёзишиб турган. Ушбу дўстлик ҳурмати тимсоли сифатида Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Тойинобод шаҳрида масжид қурдиради. Масжид бугунги кунга қадар сақланиб қолган.

Масжиднинг деворида юқори мартабали меҳмонлар учун ҳурмат девори бўлиб, уларда меҳмонлар ўз тилаклари ёки битикларини ёзиб қолдирган. Уларни кўздан кечираётиб, ажойиб янгилик – Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий битикларини кашф этдик», - деди Турсунали Қўзиев.
Маълум қилинишича, айни пайтда улуғ бобокалон алломаларимиз битикларини илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Эроннинг таниқли тарихчи олимлари Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти томонидан ўтказилган Амир Темур таваллудининг 686 йиллигига бағишланган халқаро илмий видеоконференцияда онлайн тарзда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Анжуманда, шунингдек, Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистоннинг етакчи темурийшунос олимлари ҳам ўз маърузалари билан қатнашди.

Теҳрон Озод университети профессори, тарих фанлари доктори Акбар Рафеъий ушбу видеоконференцияда «Эрон жамғармаларида Темурийлар даврига оид манбалар» мавзусида маъруза қилди.

Унинг таъкидлашича, Ҳасан Жаъфарийнинг форс тилида битилган асарларида Эрон ҳудудида Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида Язд вилояти ривожланган ва гуллаб-яшнаган.

«Ҳеч бир даврни бу шаҳарнинг Шоҳруҳ Мирзо ҳукмронлиги давридаги тараққиёти билан солиштириб бўлмайди, - деди Акбар Рафеъий. - Манбада келтирилишича, Темурийлар даврида ушбу минтақада ўн мингга яқин уй-жой, ҳаммом, карвонсарой, мадраса, масжид ва боғлар барпо этилган ва қайта тикланган».

Форс тарихчисининг айтишича, Тожиддин Ҳусайн ибн Шаҳоб Яздий томонидан битилган «Ҳасаний йилномалари» номли китоб Темурийлар даврида ёзиб қолдирилган тарихий манбалардан бири ҳисобланади.

Ушбу асарнинг биринчи саҳифаси Султон Муҳаммад Мирзо Темурни мадҳ этувчи қасида билан бошланади. Кейинги қисмдаги яна бир боб Соҳибқирон Амир Темур вафотидан кейинги даврга бағишланган. Китобда «Мироншоҳ Мирзо ва унинг фарзандлари» номли қисса ҳам ўрин олган. Асарнинг сўнгги боблари эса Темурийлар саройига хизмат қилган вазир ва амирлар ҳақидадир.

Шунингдек, эронлик маърузачи таниқли форс тарихчиси Заҳриддин Маръашийнинг «Торихе Табаристон, Ройон ва Мозандарон» китобида Темурийларнинг Мозандарондаги ҳукумдорлиги ҳақида келтирилган маълумотларни ҳам ўртоқлашди.

«Ушбу асарда Заҳриддин Маръаший нега Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳрдан чиқиб, Хуросон ва Мозандаронга юриш қилгани сабабларини очиб берган. Тарихий воқеаларни ўзида мужассам этган ушбу қўлёзма қимматбаҳо ва муҳим манбалардан бири ҳисобланади», - деди форс тарихчиси.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, профессор Акбар Рафеъий томонидан жорий йил бошида Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан Эронда «Темурийлар даври сиёсий-ижтимоий тарихи» номли китоб нашр этилди.

Ушбу асарда Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги йиллари Турондан ташқари қатор ўлкаларда, жумладан, Эронда хам катта ижобий ўзгаришлар амалга оширилганлиги ҳақида сўз боради. А.Рафеъий темурийлар томонидан амалга оширилган йирик ислоҳотларни ўзининг ушбу китобида батафсил ёритишга ҳаракат қилган.

Акбар Рафеъийнинг таъкидлашича, Темурийлар даври Ислом оламида ҳамда Эрон тарихида санъат ва маданият юксалган, гуллаб-яшнаган даврлардан бири бўлган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الثلاثاء, 19 نيسان/أبريل 2022 00:00

Экстремистик оқимларнинг зарарлари (видео)

Ҳасан домла Қодиров

Top