muslim.uz

muslim.uz

Астма касалларини касалхонага ётқизишнинг жуда юқори даражаси бўлган Лондонда Брент марказий масжидида ушбу касаллик ва бошқа ўпка касалликлари билан оғриганлар учун қўллаб-қувватлаш гуруҳи ташкил этилди.

"Енгил нафас олинг" гуруҳи 21 январь, жума куни ишга туширилди. "Ушбу қўллаб-қувватлаш гуруҳи жуда муҳим ва биз ҳар бир кишини, уларнинг келиб чиқиши ёки динидан қатъи назар, масжидга таклиф қилмоқчимиз", деди масжиднинг хазиначиси ва мутаваллиси Рожа Амжид Риаз.

"Бу чекиш ва сурункали обструктив ўпка касаллиги юқори даражада бўлган ижтимоий жиҳатдан ноқулай ҳудуд. Биз ўпка касалликлари билан оғриган инсонларга ўз саломатликлари устидан фаолроқ кузатишга ёрдам берадиган, ўз тажрибалари билан алмашиш, айнан шундай вазиятдаги бошқалардан кўмак олишга жой берадиган суҳбатлар дастурини яратишга умид қиламиз", - дейди мусулмон шифокор.

Islam.ru хабарига кўра, 2021 йилнинг февраль-июль ойлари орасида Брент марказий масжидида 9 000 нафардан ортиқ одам, шу жумладан Лондон мэри Содиқ Хон коронавирусга қарши эмланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الجمعة, 28 كانون2/يناير 2022 00:00

Самовий сафар ва ишқ водийси тавсифи

Навоийхонлик

Ҳазрат Навоий “Лайли ва Мажнун” достонида Қайснинг шарҳи ҳолига ўтишдан олдин икки адабий макон – Меърож кечаси ва Ишқ водийси тафсилотларини келтириб ўтади. Зоҳиран қараганда, мазкур икки адабий маконнинг ишқ-муҳаббат мавзусига бағишланган асарга мутлақо алоқаси йўқдек туюлиши мумкин.

Аммо уста санъаткор ўз асарига бу воқеа­ларни киритган экан, демак, унинг сабаби ҳам бўлиши керак. Хўш, унда Меърож ва Ишқ водийси билан боғлиқ тафсилотларнинг бу асарга қандай алоқаси бор?

Бу муаммонинг ечимини излашда аввало баён қилинган воқеани таҳлил қилишдан бошлаймиз. Ҳазрат Навоийнинг шарҳига кўра, Муҳаммад алайҳиссалом Жаброил фа­ришта ҳамроҳлигида аввал Буроқ отлиғ уловда Маккадан Байтул Мақдисга, ундан кейин кўкка кўтариладилар:

Маркаб уза чиқти секрибон бот,

Йўлдош ила йўлға тушти, ҳайҳот.

Кўкта тилаганни ерда топти,

Чун ер уза минди, кўкка чопти.

Ул пўяда маркаби сабукпай,

Олам-олам қилур эди тай...

“Навоий асарлари луғати”да меърож – шоти, нарвон, кўкка кўтарилиш маъноларини англатади, дейилган. Меърож воқеаси билан боғлиқ тафсилотлар саҳиҳ ҳадисларда баён этилган. “Ал-Исро” “Тунги сайр” деган маънони билдиради. Ана шу сайр Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарига ато этган мўъ­жизаларидан бири эди. Тафсир китобларида келишича, Аллоҳ таолонинг амрига кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалом кўкка Жаброил фаришта ҳамроҳлигида Буроқ исмли эшакдан тикроқ, хачирдан кичикроқ бир оппоқ, узун отда кўтарилади. Буроқ шу қадар учқур эдики, ердан узган туёғини кўзи етган охирги нуқтага қўяр эди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб бориб, ундан кўкка қараб йўл олади. Бу ҳодиса бир зумда рўй беради. Бу воқеани эшитганда Маккада баъзи кишилар унга ишонса, баъзилар унинг бўлиб ўтганини инкор этишди. Ҳазрат Навоий бу ҳолатга бадиий тус бериб, шундай чизиб кўрсатади:

Ҳақ очиб ўз олидин ниқобин,

Етмиш минг пардаи ҳижобин.

Чекти ани ул ҳарамға онсиз,

Не жисму не жон, не жисму жонсиз.

Кўргач ўзин ул ҳарамда маҳрам,

Маҳв ўлди ул маҳрам, ул ҳарам ҳам.

Меърож инсоният тарихида катта ва улуғ ҳодисалардан биридир. Исо алайҳиссаломдан кейин нубувват тўхтаб қолди. Бу риштанинг узилиши билан инсоният яна жоҳилият ва гумроҳлик сари йўл тутганига қайғурган ақли теран зотлар кўкдан умидвор ҳолда пайғамбар юборилишини илҳақлик билан кутиб яшар эди. Навоий таъбири билан айтганда, “кутуби осмоний” – Забур, Таврот ва Инжил каби самовий китобларда охирги пайғамбар юборилиб, осмон ва замин ҳаё­тида пайғамбарлик риштаси қайтадан боғ­ланишининг хабари берилган эди.

Чунки барча пайғамбар ва набийлар тўғри йўлдан адашган ўз қавмларини Ҳақни таниб, Унга имон келтиришга даъват этар, ҳақ ва ботил орасини ажратиб берар ҳамда ҳидоят йўлидан юз ўгирган саркаш ва жоҳил қавмларни тўғри йўлга бошлаб, ширк ва жоҳилона ҳаётдан воз кечишга ундарди. Мана шундай эҳтиёжи бор заминга бутун инсониятга раҳмат бўлиб келиши башорат қилинган охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом эдилар. У зот ўзларининг муборак ва беназир ҳаётлари давомида қанчалик азияту хўрликларга дуч келишига қарамай, инсониятга икки неъмат – Ислом дини ва Қуръони каримни етказдилар. Шу билан осмон ва замин ўртасидаги узилган ришта қайтадан тикланди. Ана шу риштанинг тикланиш йўлида самовий сафар лозим бўлди.

Бу самовий сафарда беш вақт намоз фарз қилиниб, ана шу ибодат Ислом уммати бўлган ҳар бир мўмин қалби ва руҳини Аллоҳ таоло билан боғлаб турадиган меърож бўлиб қолди. Бу меърожга дохил бандалар Аллоҳ таолога ўзининг муҳтожлиги, тавбаси, дуо-илтижола­ри, руҳияти ва қалби ила юзланадилар, қурбат ҳосил қилиб, қалб ҳамда руҳларини поклаб, сайқаллайдилар. Айтмоқчимизки, бадиий асарда ошиқ Мажнуннинг руҳий изтироби, дарди ва қалб кечинмаларини очиб бериш учун маъшуқ Лайли образи гавдалантирилиб, у мазҳар вазифасини бажарган, холос.

“Лайли ва Мажнун” достонида осмон олами билан замин ҳаёти ўртасидаги боғлиқлик лирик қаҳрамоннинг Ҳаққа муножоти, шикояти, ҳасби ҳоли, кўнглидаги хавф ва ражо, баъзан қаттиқ изтиробга тушганида беҳушлик ҳолатини бошдан кечириши каби жараёнлар жонли эпизодлар орқали бадиий бўёқларда чизиб берилган. Лайли билан Мажнун ўртасида кечаётган мажозий ишқ тасвирлари баҳонасида баён қилинган ҳолатга маҳлиё бўлиб қолиш бадиий маҳорат ва ўта нозик дид билан кўзланган ички мақсадни ўқувчи бирданига англаб олишга қийналади. Бунга сабаб авом ҳам, хослар ҳам ва сиддиқлар ишқининг ҳам бир асар бағрига моҳирона сингдириб юборилганидир.

Ҳазрат Навоийнинг эътирофича, “Ишқ водийси” бобида “хаёл мусофири” отига ми­ниб, “ишқнинг юз офатлиқ дашти”да жавлон уради. Бу даштдан ўтиб олиш осон эмас. Маз­кур йўлни босиб ўтишга аҳд қилганларни офат чақинлари ва бало тўфонлари кутиб турибди. Даштда қанчадан-қанча ошиқлар тупроққа айланиб, сўнгаклари ҳар томонда сочилиб ётибди. Ишқ водийси заминий ҳаётнинг ўзига хос бадиий тасвиридир. Бу ишқ водийсининг ҳажр тунида Мажнун бир ўзи ёлғиз ўтирибди. Унинг қалби ва ёди бир­гина Лайлининг васли билан банд. Шу маъ­нода Мажнун чеккан дарду изтиробларни фақат заминий ҳаёт билан боғлиқ, дейиш тўғри бўлармикан? Унинг дарду изтироблари осмон олами билан боғланиб кетганки, ўз елкасига катта дард юкини ортиб олган ва ундан фориғ бўлишни ўйлаб изтироб чека­ётган ошиқ ҳолатини тасаввур эта оласизми? Бу дарддан халос бўлишнинг чораси борми?

Мажнун ана шу изтироб ҳамда қайғу билан атроф-муҳит ва одамлар ила муносабатга ки­ришади. Жалолиддин Румий айтганидек, ин­сонда шу қадар улкан ишқ, ҳирс, орзу ва дард бордирки, юз мингларча олам ўзиники бўлса ҳам, кўнгли тинчимайди. Бундай “улкан ишқ”ни авом ишқ-муҳаббати доираси билан чеклаб, тор маънода қабул қилиш тўғри эмас. Муаллифнинг мақсади эса “улкан ишқ”нинг ҳар бир ошиқ қалби ва руҳини поклашга хизмат қилишини кўрсатиб беришдир. Ишқ водийсидан эсон-омон ўтиб олиш комил ишқни истаган ошиқларнинг эзгу матлаби.

Бунинг учун қалбни поклаш ва нафсоний иллатлардан фориғ бўлиш учун Мажнун каби ишқ ўтида тобланиш керак экан. Аллоҳни суйган ва Аллоҳ ҳам уни суйган ошиқлар на­сибаси – бу неъмат. Аллоҳнинг суйган ошиқ­лари ишқ йўлида учраган тўсиқ ва ғовларни енгиб ўтишда ўз нафсини фидо этадилар. Мажнун каби Аллоҳнинг суйган ошиқлари дунё ҳаёти ва роҳатини мақсад қилиб яшамайди. “Нега биздан узоқлашиб, саҳрони макон тутасан? Инсонийлик шевасини унутиш тўғри эмас”, деб унга панд-насиҳат қи­ладилар-у, аммо унинг қалби ва руҳиятида кечаётган ҳолат билан ишлари йўқ. Шунинг учун Мажнун уларга “Лайли, Лайли” деган лафздан бошқа сўз топмайди. У ўз меърожида осмон олами билан қалбан ва руҳан боғланиб, муножот ва арзи ҳолини, ички кечинма ва нидоларини жоҳил ҳамда гумроҳ одамларга эмас, кўкка баён этади.

Мажнун ўз меърожида тавба-тазаррулар қилиш орқали юксак ва улуғ камолот касб этадики, унинг моҳиятига етиш ўқувчидан кенг мулоҳаза ҳамда теран фикрга эга бў­лишни талаб этади.

Бобомурод ЭРАЛИЕВ,
Алишер Навоий номидаги
Давлат адабиёт музейи
тадқиқотчиси

"Ҳидоят" журналининг 2021 йил 9-сонидан олинди

Top