muslim.uz

muslim.uz

Хабар берганимиздек, бугун юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сафар давомида илк ташрифни Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидидан бошлади.
Дастлаб жамоат пешин намозини адо этди. Шундан сўнг устоз масжид қавмига маърифий маъруза қилди.

Ҳомиджон домла маъруза давомида йиғилганларга диний соҳа раҳбарлари ва Диний идора жамоасининг салом ва дуоларини етказди. Кейин масжид аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, айниқса, диний-маърифий соҳадаги янгиликлар ҳақида хабардор қилди. Сўнгра динимизда шукроналик масаласига алоҳида тўхталиб, таъсирли мавъиза қилиб бердилар.

Дарҳақиқат, Қуръони каримнинг бир қанча оятларида шукр қилувчиларни мадҳ қилган. Жумладан, Бақара сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Саид ибн Жубайр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши шундай деганлар: “Бандаларнинг Аллоҳ таолога севимлироғи шукрли ва сабрли бандадир – мусибат келса, сабр қилади, неъмат берилса, шукр қилади” (Имом Аҳмад ва Имом Табарий ривоятлари).

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчамизни шукр қилувчи бандалардан қилсин!

Маърифий суҳбат савол-жавобларга уланиб кетди. Якунда хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Юртимиздаги бир гуруҳ таниқли уламоларнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бошланди. Муҳтарам устозларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Эркин Дурдиев, Қорақалпоғистон қозиёти қозиси Шамсуддин Бауатдинов ва бошқа мутасадди вакиллар кутиб олишди.

Ташриф доирасида республикадаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, улар билан дилдан суҳбатлашиш, муаммоларини ўрнида ҳал қилиш, жоме масжидларда жамоат билан диний-марифий ва долзарб мавзуларда суҳбатлар ўтказилиши ҳамда олис ва чекка ҳудудлардаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қилиш режалаштирилган.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти

Дунёда осойишта муҳитни издан чиқаришга қаратилган вайронкор ғояларнинг янгидан янги шакллари пайдо бўлаётгани ҳар дақиқа огоҳ бўлишни талаб қилади.

Яратилган имкониятлардан унимли фойдаланиш, жамият равнақига хизмат қилиш ўрнига бузғинчиликни касб қилган,ўз ватани, халқига хиёнат қилишдан тоймайдиган кимсалар афсуски орамизда бор. Уларнинг ақидапарастлик, мутаассиблик йўлида диндан ниқоб сифатида фойдаланаётгани, натижада ботил йўлга кириб, залолатга кетаётгани ачинарли ҳол.

Ислом дини тинчлик динидир. Унинг бош ғояси тинч-тотув ҳаёт кечиришдан иборат. Тинчлик инсониятга инъом этилган энг улуғ неъматдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 208-оятида шундай марҳамат қилади: ”Эй иймон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз!”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар”, деб марҳамат қилганлар.

Шиддат билан ривожланаётган  бугунги замонда интернет тармоғи ёвузлик қуролига айланиб қолаётгани ҳақиқат. Унда тарғиб қилинаётган ғаразли маълумотлар, вайронкор ғоялар, ҳаёсизлик каби иллатлар айниқса, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин . Бинобарин, ота-оналар, устоз-мураббийлар бу борада масъулиятли бўлишлари зарур .

Ёт оқимлар таъсиридаги кимсалар ўз қилмишларини дин йўлида кураш, деб хаспўшлашга уринади. Унутмайликки, Ислом дини ҳеч қачон ёвузликка буюрмайди.

Н.Хидиров “Кўк тўнли бобо” жоме масжиди  имом хатиби

Биринчи шарт. Мусибатнинг илк зарбасида сабр қилиш. Бу мусибатга сабр қилишнинг энг биринчи шартидир. Мусибат ҳақида хабар олган илк дақиқадаёқ сабр қилишингиз даркор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни қабристондан ўтиб бораётганларида бир қабр устида йиғлаб фарёд қилаётган аёлни кўриб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлга: “Эй Аллоҳнинг чўриси, Аллоҳга тақво қил, сабр қил”, дедилар. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танимасдан: “Сен нимани ҳам билардинг, ахир, менинг мусибатимни тотиб кўрмагансан-ку”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетдилар. Аёлга саҳобийлар у зотнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканларини айтишди. Аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига борди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Мен сизни танимабман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, сабр (мусибатнинг) биринчи зарбасидадир”, деб марҳамат қилдилар.

Агар комил савобга эришишни хоҳласангиз, мусибатнинг илк дақиқасидаёқ сабр қилинг! Сизга етган нарсанинг мусибатлигини билишингиз билан сабр қилинг! Мусибатни сабр билан кутиб олинг! Билингки, мусибатлар қалблардаги тоғлардир, уларни осонликча суғириб ташлаш мумкин эмас. Лекин сабр сўзи ҳам шунчаки оғиздан чиқадиган арзимас сўз эмас. Унутманг: "...Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур" (Зумар, 10).

Иккинчи шарт мусбат келганда қуйидаги дуони ўқишдир: "Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз" (Бақара, 156). “Аллоҳим! Мусибатимга ажр бергин ва унинг ўрнини ундан ҳам яхшиси билан тўлдиргин!” . Бу дуоларни ёдлаб олинг! Бу дуолар фақат ўлим мусибати вақтида айтилмайди, балки ҳар бир мусибат вақтида айтса ҳам бўлади. Аллоҳ сизга ндан ҳам яхшисини ато қилади, буни унутманг! Ишонмаяпсизми?! Унда қуйидаги ҳикояга қулоқ солинг.
     Саҳобия Умму Салама розияллоҳу анҳонинг эри кимлигини биласизми? У зот Бадр жангида шаҳид бўлган саҳобий Абу Салама розияллоҳу анҳудир. Биламизки, Бадр жангида қатнашган саҳобийларнинг ҳурмати Ислом оламида жуда баланд ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида: “Албатта, Аллоҳ Бадр аҳлини кўрди. Хоҳлаган амалингизни қилинг, чунки Аллоҳ сизларни мағфират қилди” , деганлар. Абу Салама розияллоҳу анҳу ушбу жангда шаҳид бўлди. У кишининг аёли Умму Салама розияллоҳу анҳо: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва шубҳасиз, Унга қайтажакмиз... Аллоҳим! Мусибатимга ажр бер, унинг ўрнини ундан ҳам яхшиси билан тўлдир!”, деб дуо қилди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Абу Салама розияллоҳу анҳудан ҳам яхшироқ одам бўлиши мумкинми?! Ахир, у зот саҳобий, Бадр жангида иштирок этган ва шу жангда ҳалок бўлган! Бу мартаба жуда озчиликка насиб қилган. Лекин Аллоҳ Умму Саламага ундан ҳам яхшисини берди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳога уйландилар! Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Салама розияллоҳу анҳудан афзалдирлар. Сезиб турибман, бу дуога бўлган қизиқиш ва ишончингиз янада ортди. Бу дуони канда қилманг, тезда самарасини кўрасиз! Лекин бунинг учун иккита шарт бор. Бу шартлар нималигини биласизми? Биласиз! Бири мусибатга сабр қилиш бўлса, иккинчиси дуоингизнинг ижобат бўлишига ишончингиздир.

Учинчи шарт – чиройли сабр. Демак, мусибатларга сабр қилишнинг охирги шарти норозилик ва хафа бўлмасдан сабр қилишдир. Инсонларнинг айбини Аллоҳга айтиб шикоят қиласизми?! Аллоҳнинг қадарига рози эмасмисиз?! Тўғри, хаста бўлсангиз, шифокорга учраб, дардингизни айтасиз, каттароқ муаммога йўлиқсангиз, яқин дўстингиздан маслаҳат сўраб мурожаат қиласиз... Булар шикоятга кирмайди, бу ниятингизга боғлиқ. Лекин Аллоҳга шикоят қилиш ва Унинг қадаридан норози бўлишдан сақланинг!

Ҳозирги кунда энг кўп тарқалган муаммолардан бири оила билан боғлиқ. Қуйида бунинг муолажаси ҳақида сўзлашамиз. Аксариятимиз ҳақиқий оилавий бахт муҳитидан бебаҳрамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хусусан, эркакларга бундай кўрсатма берганлар: “Мўмин мўминанинг бирор хулқини ёқтирмаса ва бу хулқ бошқаларга ёқса, ундан нафратланишга ҳаққи йўқ”.

Дарҳақиқат, жуда ҳам гўзал кўрсатма! Аёлингизнинг ҳамма хислатлари ҳам бирдек эмас, балки унда сиз ёқтирмаган ва ёқтирган сифатлар бор. Сизга ёқмаган хулқларидан ғазабланманг. Лекин кўпчилик бунга амал қилмайди. Бу жамиятда энг кўп тарқалган муаммолардан саналади. Баъзи инсонлар: “Хотиним билан ажрашмоқчиман” ёки “Хотиним билан ортиқ яшай олмайман”, деган шикоятларни қилиб қоладилар. Сабабини сўрасангиз: “Ҳеч қандай сабаб йўқ, ёқтирмай қолдим, бошқасига уйланмоқчиман, хотинимнинг айрим ишлари ғазабимни келтиради”, деб жавоб беради. Уйланмаган ёшлар бу гапларнинг маъносини унчалик жиддий қабул қилишмайди. Лекин бу ҳозирда мавжуд муаммодир. Мен бундай эрларга қуйидаги оятни ўқиб берган бўлардим: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19).

Эрларга насиҳатим шуки, аёлингизга сабр қилинг. Аёлингизнинг сизга ёқадиган яхши жиҳатларига қаранг ва уларни ривожлантиринг ҳамда ёмонларини ислоҳ қилишга ҳаракат қилинг. Унутманг, биз башармиз, фаришта эмас. Инсоннинг яхшиликлари ёмонликларини эслатиб туради.

Амалий тадбиқотлардан яна бири шуки, кўпчилик инсонлар мусибатларга сабр қиладилар-у неъматларга сабр қила олмайдилар. Саҳобалардан бири шундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қийинчиликлар билан имтиҳон қилиндик ва сабр қилдик, сўнг хурсандчилик билан имтиҳон қилиндик, сабр қила олмадик”. Субҳаналлоҳ!! Айрим ёшлар ҳаётий қиқинчиликларга бардош беришади, лекин Аллоҳ уларга неъматларини ёғдириб қўйса, маъсиятга берилиб кетишади. Юсуф алайҳиссаломнинг вазирлик ҳолатидаги имтиҳони зиндондагидан кўра қийинроқдир. Огоҳ бўлинг! Яхшилик ва хурсандчилик синови яширин бўлади, кўзга кўринмайди. Сиз бу неъматларни сабрга муҳтож деб ўйламайсиз. Қийинчилик ва мусибатлар эса ошкора ва аниқ-равшан бўлади. Бу сабрнинг биринчи турининг охридир.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Туркия Диёнат ишлари бошқармаси диний нашрлар бўлими бош мудири доктор Фотиҳ Курт бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.

Ташриф давомида меҳмонларТошкент ислом институтида ҳам бўлишди. Уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилди.

Меҳмонлар институт фаолияти билан танишиб, талабалар билан суҳбатлашди. Сўнг Туркия Диёнат ишлари бошқармаси ҳомийлигида нашр этилган марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари таржима қилинган "Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси" китобини Тошкент ислом институтига ҳадя сифатида тақдим этилди.

Куни кеча институт раҳбарияти марҳум муфтий Усмонхон Алимов томонидан таржима қилинган китобни Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ва талабаларига ҳадя сифатида тарқатди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top