muslim.uz

muslim.uz

Ҳиндистон етакчи нашрларидан бири – "Times of India" газетасининг электрон саҳифасида "Ўзбекистондаги энг машҳур саёҳат манзиллари" («Travel-worthy destinations in Uzbekistan») сарлавҳали мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Журналист Панчали Дей муаллифлигидаги мақола ўқувчиларни Ўзбекистоннинг бой тарихи, хусусан, қадимий шаҳар ва меъморий ёдгорликлар билан таништирган.

Унда қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Бухоро, Хива ва Самарқанд шаҳарлари билан машҳур бўлган Ўзбекистон, шубҳасиз, хорижий сайёҳлар ташрифи учун энг севимли жойлардан бири экани қайд этилган.

«Ўзбекистон майдони жиҳатидан Буюк Британиядан икки баравар катта бўлиб, ўзининг қадимий тарихи ва бой маданий мероси билан диққатга сазовор. Ҳозирда мазкур мамлакатдаги 4 та тарихий мажмуа ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлса, 6 та номоддий мерос ЮНЕСКО Номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олган», деб ёзади муалллиф.

П.Дей Ўзбекистонга саёҳат қилганда, унинг назарида, албатта кўриш шарт бўлган кўплаб манзиллар ҳақида маълумот келтирган.

Материалда Шарқ гавҳари - Самарқанд шаҳрига оид маълумотларга кенг ўрин ажратилган.

Муаллифнинг фикрича, Самарқанд – маданиятлар чорраҳасидир. Гарчи бу ном ушбу манзилга саёҳат режалаштираётганингизда тасаввурингизда қадимий даврлар образини уйғотсада, Самарқанд қадимий анъаналарни сақлаб келаётган замонавий гавжум шаҳар ҳисобланади.

«Бу ерда бўлган вақтингизда шаҳарнинг энг машҳур сайёҳлик марказлари: Регистон майдони, Шоҳи-Зинда мажмуаси, Амир Темур, Бибихоним мақбараларини кўрмай кета олмайсиз», деб қайд этади муаллиф.

Мақолада Ўзбекистон пойтахти Тошкентнинг тарихий аҳамияти билан бир қаторда бугунги замонавий ривожланишига эътибор қаратилган.

«Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти ва шу билан биргаликда Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳардир,- деб ёзади П.Дей. - Мазкур шаҳар ўзида кўпмиллатли аҳолиси ва маданий ранг-барангликни сақлаб қола олган, узоқ тарихи давомида сиёсий, ижтимоий, диний ўзгаришларнинг гувоҳи бўлган».

Муаллиф шаҳар ўзининг узоқ тарихи давомида турли сабабларга кўра бир неча маротаба қайта қурилгани, жумладан, 1966 йилда рўй берган зилзила шаҳарга жиддий талофот етказгани ҳақида маълумотлар келтирган.

Мамлакатимиз тарихий шаҳарлари ва туризм салоҳиятига бағишланган мазкур мақоладан ўқувчилар Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарлари тарихи, зиёрат манзиллари ҳақида ҳам билиб олиши мумкин.

«Термиз шаҳри бугунги рўйхатимиздан жой олишга ҳар томонлама ҳақлидир. Мазкур шаҳарга келгач, Термиз археологик музейига, албатта, ташриф буюринг. Ундан сўнг «Кампиртепа» ва «Фаёзтепа» каби машҳур тарихий обидаларга саёҳат режалаштиринг», деб қайд этган «Times of India».

Маълумот учун, «Times of India» газетаси мамлакатдаги инглиз тилида чоп этиладиган оммабоп нашрлардан бири ҳисобланади. Газетанинг кунлик адади 3 миллиондан ошади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳақиқатларни билиб, басийрат кўзи билан кўришдан тўсувчи икки сабабни Пайғамбар алайҳиссалом қуйидаги ҳадисда зикр қилганлар.

«Агар қалбларингиз (дунёга машғул бўлиб, Аллоҳдан узилиш каби нарсалар билан) пароканда бўлмаганида ва (ботил ва кераксиз) сўзларни кўпайтирмаганида, аниқки мен эшитган нарсаларни эшитган бўлардингиз», деб айтганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ кимга ҳикмат ва қалб кўзи очилишини насиб қилишини истаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларига амал қилсин. Шунда унинг пароканда қалби Аллоҳга боғланади ва эҳтиёж тушган сўзларни гапиради холос. Агар тили қалби билан жам бўлгани ҳолда зикрга машғул бўлса, иншааллоҳ, юқорида истаган нарсаси унга насиб қилади.

Изоҳ: – Арабча «басийрат» сўзи «ақл-идрок», «заковат», «қалб кўзи», «тажриба», «ҳужжат», «ибрат» каби маъноларни англатади.

Басийрат соҳибида қалб кўзи очилиб, бу олам ва борлиқни олдингига нисбатан бошқача идрок этади, бу оламнинг сир ва жумбоқлари моҳиятини англайди.

 

Манба: arabic.uz

2021 йил 27 март куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган, Ислом таълимотларини, шайх ҳазратларининг бой илмий меросини халқимизга тақдим этиб келаётган islom.uz порталининг мобил иловалари тақдимоти бўлиб ўтади.

Тадбирда «Islom.uz», «Hilol eBook», «Oлтин силсила», «Қуръони Карим», «Тафсири Ҳилол», «Зикр аҳлидан сўранг», «Абдураҳмон Қуръон», Абдулмалик Қуръон», «Қуръон тартили», «Намоз», «Зикр ва дуолар» каби иловалар тақдим қилинади.
Иштирокчилар тақдимотга таклифнома асосида киритилади.
Тақдимот маросими islom.uz порталининг ижтимоий саҳифаларида онлайн тарзда эфирга узатилади.

Тақдимот «Ҳилол-Нашр» нашриётининг мажлислар залида соат 14:00 да бошланади.

Манзил: Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Сўгалли ота кўчаси, 5-уй.

Islom.uz

Индонезия дин вазирлиги Саудия ҳукуматидан 100 тонна хурмо ва 10 000 нусха Қуръон олди, дея хабар берди Kompas нашри.

Islam.ru маълумотларига кўра, ҳадя қилинган хурмолар жамоат ташкилотлари, масжидлар ва намозхонларга тарқатилади.

Эслатиб ўтамиз, Индонезия энг кўп мусулмон бўлган мамлакат сифатида Саудия Арабистони билан жуда яқин алоқаларга эга.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Маданият деганда халқимиз азал азалдан эъзозлаб, авайлаб келаётган миллий ва диний қадриятларимиз бевосита хаёлимизга келади. Эркакларимизнинг мардлиги, оиласига содиқлиги, оиласи, ватани, дину диёнати учун жон жахди билан курашишлиги, муштипар аёлларимизнинг ўз одоб-ахлоқлари, ҳаёлари оиласи ва фарзандлари учун жон куйдирганликлари натижасида дунёни лол қолдирган буюк бобокалонларимиз дунёга келганларини тарихдан яхши биламиз.

    Демак, маданиятли, одобу ахлоқли, дину диёнатли оилада дунёга келган фарзанд, албатта у ҳам ҳудди ота-онаси каби одобли бўлиб тарбия топади.

Энди биз айтаётган ёки жон куйдириб, салбий оқибатларга етакловчи, халқимиз маънавиятига мутлақо тўғри келмайдиган “оммавий маданият” ҳақида тўхталиб ўтмқчимиз.

 “Оммавий маданият” ўз маъносида эмас, балки кўчма маънода ишлатилмоқда. Чунки у қўштирноққа олинган. Бу тушунча ҳақида кўплаб олимларимиз таъриф  беришади.

 «Оммавий маданият» туб моҳиятига кўра миллий маданиятларнинг кушандасидир.

«Оммавий  маданият» тарғиботи энг аввало исломий қадрият, ахлоқимизни ғарб турмуш тарзи, шахс эркинлиги, демократия ниқоби доирасида талқин қилинадиган ахлоқ (тўғрироғи ахлоқсизлик) билан алмаштиришдир.

  “Оммавий маданият” асосан замонамиз вакилларининг янги-янги “мода”лари асосида бойиб боради. Гўёки ким ўша “мода”га амал қилса, у маданиятли деб топилади. Ҳамма оммавий равишда ана шу мода асосида яшаши керак бўлади. Акс ҳолда у замондан орқада қолган – маданиятсиз деб ҳисобланади. Чунки у бугуннинг модасини билмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, “оммавий маданият” бу – оммавий “мода” ният, яъни янгича модани ният қилиш, кимгадир тақлид қилиш, унга эришиш ва уни оммавийлаштириш демакдир.

Демак “оммавий маданият” айнан маданият эмас, балки маданият кушандаси, инсонни инсон қиёфасидан чиқарадиган бир кушандадир.

        Муқаддас динимиз чиройли хулқ ва гўзал одобга чақиради, зеро сукли пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг гўзал хулқлиси бўлганлар ва умматларини шундай бўлишга чақирганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси мўминнинг имони комил ҳисобланади”, деб сўрашганида: “Гўзал хулқли мўминнинг”, деб жавоб берганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: Бадбахтлик нима, ё Расулуллоҳ?— Ёмон хулқ! Дедилар. (Имом Аҳмад ривояти).

 

Динимиз, миллатимизга мутлақо ёт бўлган бу каби маънавий, ахлоқий-бузуқлик, тубанлик, зўровонлик иллатларини ўз ичига олган “оммавий маданият” ёпирилиб кириб келишлиги мумкинлигидан огоҳ бўлиш ҳар биримизни бурчимиздир. Лекин эътироф этиш керакки, “оммавий маданият” турмушимизга чет элдан келтирилаётган товарларнинг пардоз, ёрлиқ қоғозларидаги расмларида сўнгги модадаги либослар, фильм, интернет тармоқлари орқали билимсиз ҳолда кириб келмоқда ва мазкур «маданият»нинг хуружини ҳали ҳамма бирдек англаб етаётгани йўқ. Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам шуни тан олиш керакки, баъзи ёшларимиз орасидаги ғарбга маҳлиё бўлиш, ўз миллийлигидан бегоналашиш ҳислатлари шубҳасиз, “оммавий маданият”нинг таъсири натижасидир.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, хозирги кунда ғарб мамлакатларидан кириб келаётган жуда хам нафратланадиган одатлар, танасига ҳар хил расмларни чиздириш, аянчлиси, хозирда бу холат қизлар орасида ҳам жуда кенг авж олмоқда. Энг ачинарлиси, иккита бир хил жинсли инсонларнинг турмуш қуриши, ўз жинсини ўзгартириш каби холатлар шулар жумласидандир. Ваҳоланки Аллоҳ таъоло ўзининг каломида шундай дейди:

 “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”( ”Рум” сураси, 21-оят).

Демак Аллох барча махлуқотларини ўз жинсидан бўлган жуфти билан яратган экан. Тарихдан жуда яхши биламизки, айнан ана ўша бир хил жинслик инсонларни бир бирлари билан алоқада бўлишлиги яна хам аниқроқ айтадиган бўлсак, бесоқолбозлик, лўттибозлик қилганликлари учун Лут алайҳиссаломнинг қавмига Аллоҳ томонидан қаттиқ бало юборилган.

Ундан ташқари, хозирги баъзи ёшларимизни кияётган кийимини кўриб уялиб кетасан киши. Эмишки, бу хозирги мода. Энди модани хам чегараси маданияти менталитети бўлади, ахир. Айтингларчи, тор шим кийиб тизза ва сонларини йиртиб олиб мода деса ёки киндигини кўрсатиб калта кўйлклар, калта юбкалар кийиб олсалар, қулоқларига қаторлатиб сирға ва бурун- қошларига халқалар тақиб олишса, буни хам маданиятда деб, бепарво қараб ўтирамизми?

        Демак хар бир ота-она, хар бир мен мусулмонман деган инсон, ўз фарзандларини одоб ахлоқига, тарбиясига эътибор бериб, ана шундай ёмон иллатли оқимлар, гурухлар ва секталарга қўшилиб қолишини олдини олиш лозим.

 

Муроджон МИРСОАТОВ,

Сирдарё тумани "Аҳмад Яссавий" жоме масжиди имом-хатиби

Top