www.muslimuz

www.muslimuz

الأربعاء, 23 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Яхшилик қилинг!

Ҳаётингиз торайиб, яшашингиз қийинлашиб боряптими? Инсонларга ёрдам беринг. Аллоҳ хоҳласа, натижасини кўрасиз!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

الأربعاء, 23 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Тарихий мактублар

Улкан қўшин бошингни олиб келади

 

Рум императори Муовия розияллоҳу анҳуга шундай мазмунда мактуб жўнатди: “Сиз билан Али ибн Абу Толиб орасида содир бўлган нарсани билдик. Биз ундан кўра сизни халифаликка ҳақли деб биламиз. Агар буюрсангиз сизга бир қўшин юборай, у қўшин сизга Алининг бошини олиб келсин”.

Бу мактубни ўқиган Муовия розияллоҳу анҳу императорга мана бундай мазмунда жавоб хати йўлладилар: “Икки биродар бир-бири билан жанжаллашиб қолган бўлса, сенга нима?! Нега орамизга суқиляпсан?! Агар жим бўлмасанг, сенга қарши боши сенинг олдингда, охири менинг олдимда бўлган катта бир қўшин юбораман. У қўшин бошингни менга олиб келади. Кейин мен уни Алига бераман”.

Манба: Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-Бидоя ван ниҳоя” асари.

 

Ўлимни яхши кўрувчилар

 

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Форс шоҳларига шундай мазмунда мактуб юборганлар: “Холид ибн Валиддан Форс подшоҳларига: Аммо баъд. Низомингизни бўшаштирган, макрингизни кучдан қолдирган, фикрларингизни тарқоқ қилиб қўйган, куч-қувватингизни заифлаштирган, молларингизни тортиб олган, иззатингизни йўқ қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Сизларга мактубим етиб келганда, Ислом динига киринглар, саломат бўласизлар! Ёки зиммий бўлиб, бизга жизя тўланглар! Акс ҳолда, Ундан ўзга ҳақиқий илоҳ йўқ бўлган зот – Аллоҳга қасамки, сизларга қарши шундай қўшин билан бораманки, сизлар ҳаётни яхши кўрганингиз каби улар ўлимни яхши кўрадилар, сизлар дунёга рағбат қилиб, қизиққанингиз каби улар охиратга рағбат қилиб, қизиқадилар”.

Манба: “Тарийху Ибн Жарийр ат-Тобарий”

 

Аллоҳ таоло бизга устунликни ато этсин ва барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди

 

الأربعاء, 23 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Йўлдаги воқеа

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамроҳлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Мадина сари йўлда боришар экан, бир жойда тўхтаб, бир чўпоннинг ўзидан рухсат сўраб унинг қўйи сутидан ичишади.

Одатда арабларда сутни бироз совутиш учун унга муздек сув қўшиб ичишар эди. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу сув қўшилган сутни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга узатадилар. Набий соллаллоҳу алайҳғи васаллам чанқоқлари босилгунча ҳалиги муздек сутдан ичадилар. Бу ҳолни кўриб турган Абу Бакр Сиддиқ шундай баён қиладилар:

“Мен сутни Набий алайҳиссолату вассаломга узатдим. У зот чақоқлари босилгунча сутдан ичдилар ва чанқоқлари босилди. Бу ҳолни кўриб мен тўйдим, менинг ҳам чанқоғим босилди”.

Қаранг, бирга йўлга чиққан, сафар машаққатларини бирга бошдан кечирган, биргаликда чанқаган, биргаликда қийналган, чангу тўзонга беланган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳали бир қултум сут ичмасдан, сув ичмасдан маҳбубининг сув ичиб, сут ичиб чанқоқлари босилганини кўриб, “Мен тўйдим, чанқоғим босилди” деяптилар. Бу жуда ҳам буюк муҳаббат, азизлар.

Абу бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақларида, у кишини севиш ҳақида баъзи гапларни уламоларимиз келтиришган.

Жумладан, Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деганлар:

“Салафи солиҳларимиз ўз фарзандларига Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони севишни худди Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатишар эди”.

Қаранг, Қуръони Каримдан бир сура ўрганиш қандай муҳим бўлса, қандай жиддий иш бўлса, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога бўлган муҳаббатни ўрганиш-ўргатиш ҳам ана шундай жиддий иш деб қарашар эди.

Тобеинлардан Масруқ раҳматуллоҳи алайҳи “Албатта, Абу Бакр ва Умарни яхши кўриш, уларга муҳаббат қўйиш суннат амаллардандир” деганлар. Бу гапни эшитган бир киши Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига бориб, “Эй буюк имом, эй тобеинларнинг буюги, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони севиш суннат амалми?” деб сўраганда, у киши “Йўқ, балки уларни севиш фарз амаллардандир” деб жавоб берганлар.

Ҳа, азизлар! Воқеамиз қаҳрамони ана шундай буюк мақом соҳиби эдилар. У кишининг саҳобаликлари Роббул оламийн томонидан тасдиқланган, умматга баён этилган зот эдилар. У киши бутун борлиқларини оила аъзолари билан биргаликда Ислом учун фидо қилдилар, шу йўлда хизмат қилдилар.

Аллоҳ таоло бизга ҳам ана шундай муҳаббат берсин! Ибодатларимизни ихлос билан ўз вақтида адо этиб боришимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

الأربعاء, 23 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Сохта пайғамбарлик даъвоси – каззобликдир!

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган ҳар бир хабар шахс онгига ва ҳаттоки, бутун жамият кайфиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг орасида инсонни фикрлашга, мушоҳада қилишга ундамайдиган, аксинча, ўқувчининг руҳиятига салбий таъсир этадиган, толиқтирадиган, енгил-елпи, одамларнинг вақтини ўғирлайдиган, бўлмағур хабарлар ҳам учрамоқда.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда куйлагини ечиб қўлига олиб юрган бир одамнинг (у телба бўлса керак) пайғамбарман, деб ҳайқираётгани тасвирланган видео тарқалди. Ундан аввал эса “учар ликопча” ҳақидаги ҳикоя билан кишиларнинг диққати чалғитилган эди.

Аслида илму маърифат ривожланган бугунги даврда кишиларнинг вақтларини олиб, шундай лавҳаларни тарқатиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Аммо бундай хабарларнинг кенг аудиторияга эга бўлган нуфузли ижтимоий тармоқлар юритувчилари томонидан ҳам тарқатилаётгани жуда ажабланарли.

Динимиз таълимотига кўра, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам набийларнинг сўнггисидирлар. Аллоҳ таоло: “Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”, дея хитоб қилган (Аҳзоб, 40).

Ушбу оятга кўра, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин яна пайғамбар чиқади деб айтса, эътиқод қилса, кофир бўлади. Чунки у мазкур оятни инкор қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сўнгги пайғамбар эканини тан олмаган бўлади.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «...Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас», дедилар» (Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган). Ўз навбатида айтиш керакки, "каззоб" сўзи арабча сўз бўлиб, "казаба", яъни "ёлғон гапирмоқ" феълидан олинган. Бу сўз "кўп ёлғон гапирувчи", "ўта кетган ёлғончи" маъноларини ифода этади.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, Набий алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар чиқиши мумкин эмас. Борди-ю, кимдир пайғамбарлик даъво қилса, у барча мўминлар томонидан ёлғончи дея инкор этилади. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама, Асвад Анасий ва Сажоҳга қарши жанг қилганлар.

Бундан ташқари, “учар ликопча” ҳикояси орқали асли йўқ, бўлмаган нарсалар билан инсонларни алдаш ёки чалғитиш ҳам катта гуноҳ эканини англаш керак.

Шу ўринда яна бир нозик масала бор. Юқоридаги каби бўлмағур хабарларни бўяб-бежаб тарқатаётганлар бир нарсани яхши англаб олсинлар. Ҳар бир воқеа-ҳодисани оммага кўрсатиш ҳамиша ҳам тўғри бўлавермаслигига инсоннинг ўз фаросати етиши керак. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари «Маҳбуб-ул-қулуб» асарида шундай деганлар:

«Оқил чиндин ўзга демас, аммо барча чинни ҳам демак оқил иши эмас…»

Демак оқил одам фақат рост сўзлайди, аммо рост сўзни ҳам ўз ўрнида гапиради. Ҳазрат Навоийнинг бу сўзлари шунчаки сўзлар эмас. Балки, одам боласининг сўз айтиш, хабар тарқатиш ва маълумот етказишда аслида қайси йўлдан бориши кераклиги ҳақидаги энг гўзал кўрсатмадир.

Ҳақ таоло ўқийдиган ва тарқатадиган нарсаларимиз икки дунёга фойдали бўлишини насиб айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 21 تشرين1/أكتوير 2019 00:00

Янги лойиҳа: Дуо қилайлик!

Дуо – энг улуғ ибодат. Ҳадиси шарифда “Дуо ибодатнинг мағзидир” дейилган. Инсон бошига тушган мушкулнинг ариши, қарздан қутулиши, беморликдан тузалиши, иши юришиши, оила қуриши, сафардан омон қайтиши ва бошқа ҳожатлари раво бўлишида дуо қилиш муҳимдир. Зеро, у шу дуоси орқали Аллоҳ таолога муножот қилиб, Ундан ёрдам сўрайди. Дуо қилишда бошқа сабабларни ҳам амалга оширади. Айниқса, кўпчиликнинг ёки инсонларнинг бир-бирлари ҳақларига қилган ғоибона дуолари тезроқ ижобат бўлиши умид қилинади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай дейдилар, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайси бир мусулмон ўзининг биродарига ғоибона дуо қилса, бир Фаришта: “ва лака бимисл” – “Сенга ҳам дуойинг мислича бўлсин” деб туради”, деганларини эшитдим (Имом Муслим ривояти).

Бошқа ривоятда эса: “Мусулмон кишининг ўз биродарига қилган ғоибона дуоси мустажоб дуодир. Унинг бош томонида муваккал бир фаришта бўлади, биродарининг ҳаққига ҳар дуо қилганида: “Амин! Ва лака бимисл деб туради, дедилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Muslim.uz сайти жамоаси томонидан “Дуо қилайлик!” номли янги лойиҳа бошланганини маълум қиламиз. Энди сиз сўрамоқчи бўлган дуоингизни https://t.me/DuoQilaylikBot ушбу манзилга ёзиб юборишингиз мумкин. Биз дуоларингизни умумлаштириб, Muslim.uz сайтида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари соат 17:00 да, яъни Пайшанба куни тугаб, Жумъа кунига ўтар маҳалида эълон қиламиз. Албатта, эълон қилинган дуоларни ўқиган мухлисларимиз “Омин!” дейишади. Бу эса дуо ижобат бўлишининг бир неча шартларини ўзида мужассам этади.

Аллоҳ таоло барчамизнинг дуоларимизни ижобат айлаб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин! Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top