muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

الخميس, 09 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Ҳаё доимо яхшилик келтиради

Фотима разияллоҳу анҳо вафотларидан олдин бемор бўлиб ётиб қолдилар. У кишини зиёрат қилиш учун Асмо бинт Умайс разияллоҳу анҳо келдилар. Фотима разияллоҳу анҳо: Эртага вафот этсам тобутимни кўтариб чиққанларида баданим кўриниб қолишидан ҳижолат бўляпман, дедилар. Чунки, ўша пайтдаги тобутлар бир текис тахтадан иборат бўлиб, устига қўйилган маййит гарчи кафанланган бўлсада, танасининг шакли билиниб турар эди. Шунда Асмо разияллоҳу анҳо: Мен сизга Ҳабашистонда кўрганимдек тобут ясаттириб берайми?-дедилар ва тўрт томонидан ўралган, ҳудди катта қутиган ўхшаган тобут ясаттириб бердилар. Буни кўриб Фотима разияллоҳу анҳо: Мени авратимни яширганинг учун Аллоҳ таоло сени айбингни яширсин, эй Асмо!-деб дуо қилдилар.

Субҳаналлоҳ! Маййит ҳолатида, беш қават кафанга ўранган ҳолатида ҳам ҳаё қилган Фотима онамиздан Аллоҳ рози бўлсин. Аслини олганда, кафанни ичида кўринмасликлари ҳам аниқ эди, қолаверса, тобутни кимлар кўтарадию, уларнинг қай бири маййитга назар солишга журъат этади. Бу ҳолатнинг ўзи аслида фитнага сабаб бўладиган вазият ҳам эмас, аслида. Лекин, Фотима разияллоҳу анҳонинг мана шу ўринда ҳам, яъни маййитага айланган ҳолларида ҳам номаҳрамларнинг назаридан сақланишга уринишлари, у зотнинг ўта ҳаёли бўлганларидан далолат қилади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали буюк башорат юборди. Унда айтилишича: Эй Муҳаммад! Фотимага айтинг, Аллоҳ таоло уни жаннат аҳлининг саййидаси деб номлади.

الخميس, 09 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Таҳоратга оид фатволар

Таҳорат қилаётганда кўзлар қаттиқ юмилмайди. Акс ҳолда, кўз атрофларига сув етмаслиги натижасида таҳорат чала бўлиб қолиши мумкин. Кўзлар эркин юмиб турилади. Очиб, ичига сув етказиш шарт эмас.

«Оламгирия», «Сирожия», «Қозихон», «Муҳит».

 

2-ФАТВО

Таҳорат ва ғуслда шол одам оёғини, гарчи кесганда ҳам сезмайдиган даражада бўлса-да, ювиши вожибдир.

«Оламгирия», «Татархония», «Ятима».

 

3-ФАТВО

Оёқларини ёғлагандан сўнг ювса, ёғ остига сув ўтишига тўсқинлик қилса ҳам, таҳорати дуруст ҳисобланади.

«Оламгирия», «Захира».

(4-ФАТВО)

 

5-ФАТВО

Ёмғир остида қолган ёки оқаётган ариққа тушган кишининг ҳамма аъзосига сув етган бўлса, таҳоратга ҳам, ғуслга ҳам ўтади. Фақат оғзи билан бурнини чайиши керак бўлади.

«Оламгирия», «Сирожия».

6-ФАТВО

Бошига масҳ тортмасдан ювса ҳам, масҳ ўрнига ўтади, лекин бу макруҳ саналади.

«Оламгирия», «Муҳит». 

7-ФАТВО

Сув билан истинжо қилишдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам икки қўлни уч марта ювиш керак. «Бисмиллоҳ»ни авратни очмай туриб бир марта, истинжодан кейин авратни ёпгач, яна бир марта айтиш афзалдир.

«Оламгирия», «Қозихон».

 8-ФАТВО

Мисвок ишлатиш эркаклар учун суннат. Аёлларнинг сақич чайнаши мисвок ўрнига ўтади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

9-ФАТВО

Таҳоратда ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш суннат. Агар уч марта тўлиқ ювганига шак-шубҳа қилса ёки таҳорат устига таҳорат бўлсин, деган ният билан уч мартадан кўп ювса, жоиздир.

«Оламгирия», «Ниҳоя», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

10-ФАТВО

Бўйинга масҳ тортиш – мустаҳаб. Лекин томоққа масҳ тортиш – бидъат.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

  11-ФАТВО

Масжидда муайян бир жойни ўзи учун хослаб олиш макруҳ бўлганидек, таҳорат қилиш учун ўзига хос идиш тутиш ҳам макруҳдир.

«Оламгирия», «ал-Важиз».

 

 12-ФАТВО

Қулоғидан йиринг оқса, қаралади: агар оғриқ билан оқса, таҳорат синади. Акс ҳолда, синмайди. Зеро, оғриқ қулоқ ичидаги жароҳатдан далолатдир.

«Оламгирия», «Муҳит», «Захира», «Сирожия».

13-ФАТВО

Эгарсиз уловга минган одам ухлаб қолса, қаралади: агар текисликда кетаётган ёки баландликка ўрмалаётган бўлса, таҳорати синмайди. Борди-ю, пастликка тушаётган бўлса, таҳорати кетади. Эгарда ухлаб қолса, таҳорати бузилмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

14-ФАТВО

Чўзилиб ётган ҳолда мудраш икки хил бўлади:

Бири – қаттиқ мудраш бўлиб, одамларнинг гурунгини эшитмай, англамай қолади. Оқибатда таҳорат синади. Иккинчиси – енгил мудраш, бунда одамларнинг гурунгини эшитиб ётади. Шу боис таҳорат синмайди. Ухлагандан ёки ел чиққандан кейин таҳоратни янгилаганда, сув билан «истинжо» қилинмайди.

«Оламгирия», «Муҳит», «Захира», «Қозихон».

 

15-ФАТВО

 Ғуслда киндик ичига бармоқ билан сув киритиб ювиш ҳам вожиб амаллардандир.

«Муҳит».

 

 16-ФАТВО

Ғусл олдидан таҳорат қилганда бошига масҳ тортади. Ундан кейин бошига сув қуйиб, барча аъзоларини уч бор ювади.

 «Оламгирия», «Зоҳидий».

 

 17-ФАТВО

 Ғусл қилмоқчи бўлган одам ниятни дилида қилиб, қўлини ювиш олдидан «Бисмиллоҳ»ни айтади ва истинжо қилади.

«Оламгирия», «ал-Жавҳаратун-наййира».

 

18-ФАТВО

Ғуслда сувни ортиқча исроф қилмаслик, шунингдек, ҳаддан зиёд тежаб юбормаслик, қибла­га юзланмаслик суннат даражасидаги амаллардандир.

 «Оламгирия».

 19-ФАТВО

Ғуслда ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш, биринчи мартасида ишқалаб ювиш, ювиниш асносида имкони борича гапирмаслик, ювиниб бўл­гач, сочиқ билан артиниш суннат амаллардандир.

 «Оламгирия», «Муня».

 

20-ФАТВО

Жунуб бўлган киши ухлашдан олдин ғусл қилиб олгани яхши. Лекин намоз вақти яқинлашгунга қа­дар ухласа ёки икки қўли ва оғзини ювиб ов­қатланса, зарари йўқ.

«Оламгирия».

 21-ФАТВО

Жанобатдаги, яъни жунуб бўлган одам намоз вақти киргунга қадар ғусл қилмай турса, гуноҳкор бўл­майди. Зеро, таҳоратсиз одамга таҳорат қи­­­лиш, жа­нобатдаги ва ҳайз ёки нифосдан чиққан аёл­га ғусл қилиш намоз ўқиш ёки бошқа таҳорат­сиз ҳолда қи­либ бўлмайдиган амалларни бажа­риш олдидан во­жиб бўлади.

«Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ», «Муҳит».

  

 22-ФАТВО

Ишлатилган сув (оби мустаъмал) Имом Му­ҳам­мад (р.ҳ.) наздида, пок-таҳоратли одамнинг қўл, оёқ ёки баданига ёпишган лой, хамир ёхуд кир­лар­ни кетказиш учун ишлатган суви «оби мус­таъмал»га айланмайди. Демак, уни тиндириб, яна ишлатса бўлади. Салқинлаш мақсадида чў­ми­­­лишга ишлат­ган суви ҳам мустаъмал ҳисоб­лан­май­ди, балки та­ҳорат, ғусл, нажосатни кетказиш ка­билар учун иш­ла­тилган сув, Имом Муҳам­мад­дан (р.ҳ.) бош­қалар наздида, нопоклик сифати­ни олади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

23-ФАТВО

Жанобатдаги одам ғусл қилаётганида сачраган сув идишдаги сувга тушса, зарари йўқ. Аммо ба­да­нидан оқаётган сув идишга қуйилиб тушса, уни но­пок қилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

24-ФАТВО

Агар инсон қўлининг кафтини мушук ялаган бўлса, қўлини ювиб намоз ўқиши лозимдир. Акс ҳолда, намозни макруҳлик билан адо этган саналади.

«Оламгирия», «Қозихон», «Табйин».

 

 25-ФАТВО

Инсоннинг сочи тиғ билан ёки қайчи билан қир­қиб олинса, тоза ҳисобланади. Юлиб олинган соч нопокдир.

«Оламгирия», «Ихтиёр».

 

26-ФАТВО

Сичқон мушукдан қочиб кетаётиб, идиш устидан сакраб ўтса, идиш ичидаги сув нопокка айланади. Зеро, у одатда, мушукдан қўрққанидан сийиб юборган бўлади.

 «Оламгирия», «Муҳит», «Хулоса».

 

27-ФАТВО

Бир марта ишлатилган сув (оби мустаъмал), Имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, нажас, яъни нопок ҳисобланади. Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида эса, покдир. Лекин шунга қарамай, оби мустаъмал билан ҳўл қилинган сочиқ ёки унинг бадандан томчилаб тушишидан ивиган ки­йим билан намоз ўқиш, ҳар уч имом наздида ҳам, жоиздир.

 «Оламгирия», «Бадое».

 

28-ФАТВО

Таяммум қилишда «Бисмиллоҳ»ни ўқиб, икки қўл бармоқларини очиқ тутган ҳолда, панжаларининг олди ва орқаси билан тупроққа ургандан кейин қўлларни бир-бирига ишқалаб, ёпишган чангларни енгиллатиш, олдин юзга, сўнгра икки қўлнинг тирсакларигача суртиб чиқиш суннат ҳисобланувчи амаллардандир.

 «Оламгирия», «ал-Баҳрур-роиқ».

 

29-ФАТВО

Ота билан ўғилда фақат бир кишига етадиган сув бўлса, у билан ота таҳорат қилади, ўғли эса таяммум билан кифояланади.

«Оламгирия».

 

30-ФАТВО

Оёқ кийимига масҳ тортишнинг шартларидан бири – пойабзалнинг камида уч кунлик сафарга ярайдиган бўлишидир. Яна бир шарти – пойабзал оёқнинг ошиқларини ёпиб туришидир. Ошиқдан устки қисми ёпилган бўлиши шарт эмас.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

 31-ФАТВО

Бир оёғида жароҳати борлигидан уни ювиш ёки унга масҳ тортишнинг иложи бўлмаса, иккин­чи оёғига масҳ тортиши мумкин. Шунингдек, оё­ғининг ошиғидан пастки қисми кесиб ташланган киши ҳам иккинчи оёғини ювиши ва пойабзал ус­тидан масҳ тортиши жоиздир. Кесилган жойда уч бармоқ миқдори жой қолган бўлса, ўша жойга масҳ тортади. Ундан кам бўлса, тортмайди.

«Оламгирия», «Муҳит».

 

  32-ФАТВО

Жанобатдан ғусл қилганда, баданида тангадек жой сув тегмай қуруқ қолган бўлса, ўша ерини пойабзал кийгандан кейин ювса, ҳадас (ифлослик) етгандан сўнг таҳорат қилганда пойабзалга масҳ тортаверади.

 «Оламгирия», «Хулоса».

 

 33-ФАТВО

Таҳорат қилганда тангадек жой ювилмай қол­ган бўлса, ўша ер ювилмагунча оёқ кийимини ки­йиб, масҳ тортиши жоиз эмас.

«Оламгирия», «Табйин».

 

34-ФАТВО

Яра устидаги матоҳ (бинт)га масҳ тортиш унинг остини ювиш билан баробардир. Шунга кў­ра, бир оёғига масҳ тортиб, иккинчи соғ оёғини ювган одам ҳар икки оёғини ювган ҳисобланади.

 «Оламгирия», «Табйин».

 

 35-ФАТВО

Бир оёғидаги жароҳат устига масҳ тортгач, иккинчи оёғини ювиб, шу соғ оёғига пойабзал ки­йиб олса, кейинги таҳорат қилганда масҳ торти­ши жоиз эмас. Аммо иккала оёғига пойабзал кийиб олса, масҳ тортаверади.

«Қозихон», «Оламгирия», «Муҳит».

 

36-ФАТВО

Оёқ кийимларига масҳ тортиб қўйишни бошқа кишига буюрса ҳам жоиздир.

 «Оламгирия», «Хулоса».

 

37-ФАТВО

Туғилган икки чақалоқ эгизак ҳисобланиши учун иккинчи чақалоқ икки ойдан кам муддатда туғилган бўлиши шарт. Агар иккисининг ора­ли­ғи­даги муддат олти ой ёки ундан кўп бўлса, улар икки ҳомила ва икки «нифос» болалари ҳи­соб­ла­нади.

 «Оламгирия», «Табйин».

 

 38-ФАТВО

Ҳайздаги аёл, шунингдек, жунуб кишига Қуръ­он оятларидан ўқиш тақиқланади. Лекин турли хил дуолар, азон жавоби, «Қунут дуоси» кабиларни ўқиши мумкин.

«Оламгирия», «Заҳирия», «Сирожия».

 

 39-ФАТВО

Жунуб кишилар, ҳайз ва нифосдаги аёллар Қуръонни ўқимасдан, оятларига қарашлари мумкин. Оятларни ёзишлари ҳам жоиз эмас.

«Оламгирия», «Жавҳара», «Захира».

 

 40-ФАТВО

Бурнидан ёки ярасидан тинмай қон оқаётган киши намозни охирги вақтигача кутади. Қон тўх­таса, яхши, йўқса, вақт чиқиб кетмасидан олдин та­ҳорат қилиб, намозни ўқийверади.

 «Оламгирия», «Захира».

 

 41-ФАТВО

Идишдаги мойга сичқон тушган бўлса, қара­ла­ди: агар қуюқ, қотган мой бўлса, сичқон атрофидаги тегиб турган мойлари билан қўшиб олиб ташланса, қолган мой тоза ҳисобланади. Борди-ю, мой су­юқ бўлса, нопок бўлади ва овқатдан бошқа, ейилмайдиган нарсаларга ишлатилади.

«Оламгирия», «Хулоса».

 

 42-ФАТВО

Ҳожатхонадаги пашшалар кийимга қўнса, зарари йўқ. Аммо улар кўп бўлса, кийимни нопок қилади.

«Оламгирия», «Қозихон».

 

43-ФАТВО

Нопок тупроқ сувга ёки нопок сув тупроққа аралаштирилиб лой қилинса, у нажас ҳукмидадир. Ле­кин шу лойдан ясалган идишларда пиширилган овқат тоза ҳисобланади.

«Оламгирия», «Қозихон», «Хулоса».

 

 44-ФАТВО

Сут соғилаётганда ҳайвоннинг қумалоғи сутга тушса, дарҳол олиб ташланса, сут нопок бўлмайди. Аммо у чайилиб кетса, идишдаги бор сут нопок­ка айланади.

 «Оламгирия», «Қозихон».

 

45-ФАТВО

Истинжода адад белгиланмаган, балки бир мартада тоза бўлса, шунинг ўзи кифоя. Аммо уч мартада ҳам тоза бўлмаса, истинжо чала қилинган ҳисобланади.

«Сирожия», «Оламгирия», «Музмарот».

 

46-ФАТВО

Истинжода фақат чап қўлидан фойдаланади. Узрли ҳолатлардагина ўнг қўл ишлатилади. Олатдан сийдик чиқмай қолгунга қадар учига чап қўл­да кесак каби намликни ўзига шимиб оладиган нар­сани тутиб туриш вожибдир. Бу «истиб­ро» де­йилади.

«Оламгирия», «Зоҳидий», «Заҳирия».

 

47-ФАТВО

Ҳар ким истиброни кўнгли қарор топгунга қа­дар давом эттиради. Сўнгра шайтоннинг васвасасига эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Масалан, та­ҳо­рат қилиб, намоз ўқиб турганида сонига со­вуқ нар­са теккандек сезилади. Кўпинча бу сийдик том­чиси эмас, балки шайтоннинг чалғитиш учун қил­ган ишидир. Шунинг учун сув билан истинжо қил­ган пайтда олати ва сонларига сув сепиб қўйиш тавсия этилади. Шунда шайтон васва­са қила олмайди.

«Оламгирия», «Қозихон», «Музмарот», «Заҳирия».

 

 48-ФАТВО

Ўзи таҳорат қилишга қодир бўлмаган беморга ўғли ёки биродари таҳорат қилдириб қўяди. Ле­кин хотини бўлмаса, истинжо қилдирилмайди. Бунда истинжо унинг зиммасидан соқитдир. Бемор аёл ҳукми ҳам худди шундай. Унга қизи ёки опа-синг­лиси таҳорат қилдиради. Лекин истинжо соқит бўлади.

«Оламгирия», «Муҳит», «Қозихон».

 

49-ФАТВО

Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ ила чиқилади. У ерда гапирилмайди, саломга алик олинмайди, азонга, аксирган кишига жавоб айтилмайди, ўзи аксирса, дилида «Алҳамду лил­лоҳ» дейди, тилини қимирлатмайди, авратига, ах­ла­­ти­га қарамайди, тупурмай, бурнини қоқмай, йў­тал­май, кўзини осмонга қаратмай ўтиради. Ило­жи борича узоқ ўтирмасликка ҳаракат қилади.

«Оламгирия», «ас-Сирожул-ваҳҳож».

 

50-ФАТВО

Қудуқдан сичқон ёки қуш ўлиги топилса, қа­ра­лади: агар гўшти айниб, ҳидланган бўлса, шу қу­дуқ суви билан таҳорат қилиб ўқилган уч кунлик намоз қайта адо этилади. Борди-ю, айнимаган бўлса, Абу Ҳанифа (р.ҳ.) сўзига кўра, бир кеча-кундузги намоз қайта ўқилади.

«Қозихон».

 

51-ФАТВО

Товуқнинг янги туққан тухуми сувга тушса, сувни нопок қилмайди.

«Қозихон».

 

Изоҳ:

Бу фатвонинг аҳамияти шундаки, одатда, ҳеч ким тухум тушган сувни истеъмол қилмайди. Лекин айрим саводхонлар қозонга ёки идишга хом тухумни чақиб оқизса, у ҳаромга айланади, чунки тухум пўчоғининг устки қисми нопок. Унга тегиб тушган суюқлик ҳам нопок бўлади, деб одамларни шубҳага солиш ҳоллари учраётгани учун мазкур фатвони то­пиб ёзишга тўғри келди. Демак, тухум пўчоғининг устки қисми шаръан тоза ҳисобланар экан.

 

52-ФАТВО

Дарахт танасидан чиққан ва турли мевалардан сиқиб олинган сувлар билан таҳорат қилиш мумкин эмас.

«Қозихон».

 

53-ФАТВО

Жунуб киши оғзини чаймай туриб, сув ичса, қаралади: агар у фақиҳ бўлса, ичган суви оғизни чайиш ўрнига ўтмайди. Зеро, фақиҳ киши сувни оғизнинг ҳамма жойига тегадиган қилиб ичмай, истиҳола билан сўриб ичади. Илмсиз киши бўлса, ичган суви оғиз чайиш ўрнига ўтади. Зеро, у сўриб ичмай, оғзини тўлдириб, ҳўплаб ичади. Натижада, сув оғизнинг ҳамма жойига тарқалади.

«Қозихон».

 

 54-ФАТВО

Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг сийдиги, Имом Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида, нажас, Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, енгил нажас, Имом Муҳаммад (р.ҳ.) наздида, тоза ҳисобланади.

«Қозихон».

 

 55-ФАТВО

Товуқ, ўрдак, ғоздан бошқа гўшти ҳалол паррандаларнинг ахлати тоза ҳисобланади. Инсон, ит ва йиртқич ҳайвонларнинг ахлати нажасдир. Лочин, калхат каби йиртқич қушларнинг ахлати ки­йимни бенамоз қилмайди. Пашша, бит, бурга қони ҳам шундай.

«Қозихон».

 

 56-ФАТВО

 

Аввалги даврларда овчилар ўзлари овлаган ҳайвонларнинг тишларини бўйинларига осиб олишлари урф бўлган. Бундан одамлар ўртасида ўз касбидан фахрланиш мақсад қилинган ва асло тумор маъноси кўзланмаган. Шариатимизга кўра тўнғиздан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг тиш ва суяклари пок саналади. Фуқаҳоларимиз ушбу масалани қуйидаги фиқҳий мисол орқали ифодалаганлар: "Бир киши бўйнига ит ёки бўри тишидан ясалган тақинчоқ илган ҳолда намоз ўқиши мумкин" (Қозихон). Бу фатводан кўзланган асосий мақсад, тўнғиздан бошқа барча ҳайвонларнинг хоҳ гўшти ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром бўлсин суяги ва тиши пок экани, мабодо намоз ўқигувчи билан бирга (масалан, чўнтагида) суяк ёки тиш бўлса, намози дуруст бўлишини баён қилишдир. Лекин, бу фатвода ит ёки бўри тишидан ясалган тақинчоқларни тақишга тарғиб йўқ. Аксинча бундай тақинчоқларни тумор сифатида (нотўғри эътиқодлар билан) тақиш бугунги кунимизда урф бўлди. Буни эса мумкин эмаслиги ҳаммага маълум.

 

 57-ФАТВО

 Қўй сўйилганда пичоқни унинг юнгига артиб, қон изи кетказилса, пичоқ тоза бўлади. Шунингдек, металлдан ясалган қилич каби бошқа тиғли нарсалар ҳам нажосатдан тупроқ ёки латта билан артиб тозаланади.

«Сирожия», «Қозихон».

 

 

58-ФАТВО

Қўйнинг калласи қонга беланган бўлса-да, уни куйдириб, сўнгра қозонга солиб, қайнатиб пиширилса, шўрвасини ичиш мумкин. Калла уни палид қилмайди.

«Қозихон».

 

59-ФАТВО

Гўштнинг устига сўйилганда оққан қондан тек­кан бўлса, уни ювмасдан ишлатиб бўлмайди. Аммо гўштнинг ўзида ёки томирларида қолган қон бўлса, зарари йўқ.

«Қозихон».

 

 60-ФАТВО

Қозон қайнаб турганида, осмондан қуш учиб келиб ичига тушса, ундаги ҳамма нарса палид (нопок) бўлади ва тўкиб юборилади. Аммо қайнамай сокин турганида тушса, шўрванинг суви тўкиб ташланиб, гўшти ювиб, қайта ишлатаверилади.

«Қозихон».

 

61-ФАТВО

Икки қўли шол бўлиб қолган одам таҳоратга ҳам, таяммумга ҳам қодир бўлмаса, икки билагини тирсаклари билан ерга, юзини деворга суртиш билан таяммум қилиб, намоз ўқиши мумкин.

«Қозихон», «Нафъул-муфтий».

  

 62-ФАТВО

Таҳорат қилгандан кейин мўйлабини, сочини қирса ёки тирноғини олса, таҳорат қайтадан олинмайди.

«Қозихон».

63-ФАТВО

Таҳорат ёки ғусл қилганда бадандаги мавжуд кир устидан ювилса, у сувни остига ўтказгани учун таҳорати ҳам, ғусли ҳам жоиз ҳисобланади. Аммо жунуб аёлнинг тирноқлари остидаги хамир ёки лойсувоқ қилган кишининг тирноқлари ос­тида қолган лой қолдиқлари ёки бўёқ асоратлари сув ўтказиши тўғрисида ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар сув ўтказади, деб фатво берганлар. «Сирожия» китобида тирноқ остида хамир қол­ган бўлса, ғусл ўрнига ўтмайди, де­йилган.

«Қозихон», «Сирожия».

 

64-ФАТВО

Жунуб кишига ғусл қилишдан олдин овқат­ла­нишга тўғри келса, қўлларини ювиб, оғиз ва бурнини сув билан чайиб овқатланиши мумкин.

«Қозихон».

 

65-ФАТВО

Жунуб киши пешоб қилмай туриб ювинган ва намоз ўқиган бўлса, намози дуруст. Борди-ю, шундан кейин маний қолдиғи чиқиб қолгудек бўлса, Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.)наздида, ғусл­ни қайта қилади, Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида эса, бу ҳолда ғуслни ҳам, намозни ҳам такрорламайди.

«Қозихон», «Сирожия».

 

66-ФАТВО

Иштонбоғ (ёки камар) ит юнгидан қилинган бўлса, кийимни бенамоз қилмайди.

«Оламгирия».

 

 67-ФАТВО

Сафарда жунуб, ҳайздан пок бўлган аёл ва май­йит бирга бўлиб қолса ва уларда бир кишининг ғуслига яраша сув бўлса, қаралади: агар сув улардан бирига тегишли бўлса, ўша ишлатади. Бор­ди-ю, сув учовига қарашли бўлса, ҳаммаси таяммум қилиб, сувни ичишлари мумкин. Агар сув эгасиз бўлса, жунуб ғусл, аёл таяммум қилади. Май­йит ҳам таяммум қилдирилади.

«Қозихон».

 

 68-ФАТВО

Истинжони таҳоратдан кейин қилса, таҳорати бузилмайди.

«Сирожия».

 

 69-ФАТВО

Таҳорат қилгач, икки оёғини нопок ерга қўйса, қаралади: агар ер қаттиқ ва қуруқ бўлиб, узоқ турмай, дарҳол оёқларини ердан олса, зарари йўқ. Аммо оёқлари қуриган, ер эса нам бўлиб, оёқ­ларига ўша намлик ўтса, уларни ювиши лозимдир.

«Сирожия».

 

 70-ФАТВО

Гул, қовун, тарвуз сувлари, сут, сирка каби су­юқликлар тоза ҳисобланади ва улар билан қўл, кийимлар ювилса, тоза бўлади, лекин улар билан таҳорат ёки ғусл қилинмайди.

 «Сирожия».

 

71-ФАТВО

Таяммумни барча ер жинсидан бўлган нарсалар билан қилиш мумкин. Масалан, қум, чанг, тош, оҳак, сурма, ганч, зирних (маргимуш), ёқут, мар­жон, зумрад, фируза, ғишт ва бошқалар. Аммо кул, қўрғошин, олтин, кумуш, шиша, туз, лой каби нар­салар билан таяммум қилинмайди. Имом Сарахсий ва Ҳусомиддин (р.ҳ.) сўзига кўра, тоғ тузлари билан таяммум қилиш жоиз, сув тузлари билан мумкин эмас. Олтин, кумуш, темир, мис каби металлар ердан олиниб, буюм ясалмай турган ҳо­латида улар билан таяммум қилиш мумкин.

«Сирожия», «Нафъул-муфтий».

 

 72-ФАТВО

Тўққиз ёшга етмаган қиз боладан ҳайз қони келса, у шаръан ҳайз ҳисобланмайди.

«Сирожия».

 

 

 73-ФАТВО

Рўзадор киши таҳоратда оғзини ғарғара қилмай чаяди. Сув томоққа кетиб қолиш хавфи бўлгани учун ғарғара қилиш макруҳ ҳисобланади.

«Нафъул-муфтий»,

«Ҳошиятул Виқоя».

 

74-ФАТВО

Қалин соқолли одам таҳоратда соқоли остига сув етказиши шарт эмас, балки устки қисмини ювиб қўяверади. Аммо соқоли сийрак киши со­қоли остига сув етказиши фарз амаллардан ҳи­соб­ла­нади. Ғуслда эса, қалин соқол остига ҳам сув етказиш шартдир.

«Нафъул-муфтий»,

«Шарҳи Ниқоя», «Бадое».

 

 75-ФАТВО

Инсоннинг баданидан чиққан тер шаръан тоза ҳисобланади. Аммо муттасил арақ ичишга мубтало бўлган кишининг тери нажасдир.

 «Сирожия», «Захоир».

 

 76-ФАТВО

Оғиз тўлиб қайт қилиш таҳоратни синдиради. Аммо овқат ошқозонга етиб бормасидан қайт қилса, таҳорат синмайди.

 «Сирожия»,

«Хизонатур-ривоёт».

 

 77-ФАТВО

Балиқнинг ичидан чиқадиган қонга ўхшаш нарса қон ҳисобланмайди. У тозадир. Зеро, қон қу­ёшга тутилса, қорайиши керак. Балиқдан чиқ­қан нарса эса офтобда оқаради.

«Нафъул-муфтий».

 

 78-ФАТВО

Ит сувга беланиб силкинганида сачраган сув ки­йимга тегса, қаралади: агар сув ит юнгини остигача ивитган ва унинг кийимга теккан миқдори бир дирҳамча бўлса, кийим нопокдир. Борди-ю, ит юнгининг устки қисмигина ивиган бўлса, сачраган сув кийимни нопок қилмайди.

«Нафъул-муфтий», «Жомеъул-музмарот».

 

79-ФАТВО

Кийимнинг нажосат теккан ери унутилиб, уни топиш имкони бўлмаса, бир жойи қасд қи­линиб, ювиб қўйилаверади. Шунингдек, хирмон янчиётган от-эшаклар тезагини ажратиб олиб ташлаш қийин бўлгани сабабли бир қисм дон олиб ювилса ёки ювмай эҳсон қилинса, янчилган доннинг ҳамма­си покланган бўлади.

 «Мухтасар», «Нафъул-муфтий», «Хулоса».

 

 80-ФАТВО

Гилам, палос каби сувини сиқиб чиқариш мумкин бўлмаган нарсаларга нажас теккан бўлса, улар бир кеча оқар сувга ташлаб қўйиш билан покланади.

«Нафъул-муфтий», «Фатҳул-Қадир», «Мухтасар».

 

 81-ФАТВО

Суюқ асалга нажас тушса, уни поклаш учун ўн­га икки миқдорида, яъни асалнинг бешдан бирича сув қўшиб қайнатилади. Сув буғланиб тамом бў­лиши билан яна сув қуйиб, ушбу жараён уч марта такрорланади.

«Нафъул-муфтий», «Қуня».

 

 82-ФАТВО

Бадан, кийим, идиш ва бошқа нарсаларни пок­лаш учун ишлатиладиган воситаларнинг турла­ри кўпдир. Масалан:

  1. Сув. Тоза сув покловчи восита ҳисобланади. Бинобарин, бир марта ишлатилган сув «мустаъмал» бўлиб қолиши сабабли унинг поклаш воситаси бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф қилинган. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, «мустаъмал» сув нажас саналиб, бошқа нарсани поклай ол­майди. Муҳаммад (р.ҳ.) наздида эса, у тозалиги сабабли бошқа нарсани ҳам поклашга ярайди.
  2. Сувдан бошқа суюқлик турлари. Сирка, иш­қор каби суюқликларнинг сув ўрнига ўтиш шар­ти – суюқ ҳолатда бўлиши билан бирга нажосатни кетказувчи, тоза суюқликлар сирасига кирувчи бўлишидир. Шунга кўра, ёғ, сут, қон, сийдик каби суюқликлар ҳеч нарсани поклай олмайди. Ўзи нажосат бўлгач, нарсадаги нажосатни кетказган тақдирда ҳам, барибир ювилган жойини нопок қилиб қўяверади. Масалан, сийдик билан кийимдаги қонни кетказиш мумкин. Лекин қон кетиб, сийдик асорати сақланиши оқибатида кийим нопоклигича қолаверади.
  3. Ерга суртиш. Оёқ кийимлари остига нажосат тегса, Абу Ҳанифа билан Абу Юсуф (р.ҳ.) наз­дида, ерга ишқаш билан поклаш мумкин. Имом Муҳаммад, Зуфар, Шофиъий, Молик (р.ҳ.) наз­дида, фақат сув билан ювиш туфайлигина тозаланади. Қу­­ригандан кейин белгиси қолмайдиган су­юқ нажосатлар фақат сув билан ювиб поклана­ди. Лекин қайси восита билан бўлса-да, нажосатнинг ҳиди, ранги қолмагунча тозаланса, ҳар қандай нар­са то­за бўлаверади, деб иттифоқ этилган.
  4. Ишқалаш. Кийимда қуриб қотиб қолган манийни ишқалаш билан ҳам либос пок бўлади.
  5. Тупроқ. Шиша, пичоқ ва бошқа қаттиқ металлдан ясалган силлиқ асбоблар ерга, тупроққа ёки бошқа матоҳларга артиш ва ишқаш билан пок­ланади.
  6. Матоҳ билан артиш. Қон олинган аъзодаги қон юқини латта, пахта, бинт каби нарсалар би­лан артиб тозалаш мумкин.
  7. Олов. Ўрнида айтиб ўтилганидек, сўйилган ҳайвон калласи қонга беланган бўлса-да, оловда куйдирилса, у покланган ҳолда пишади. Унинг шўр­васи ҳам ҳалол. Қизиган тандирга нопок сув се­пиб қуритилгач, пиширилган нон тоза ҳисоб­ла­нади. Темирдан ясалган асбобларга теккан нажосат ҳам олов билан покланади.
  8. Бир жинсдан бошқа жинсга айланиш. Ароқ сиркага айлантирилса, ҳалол бўлади. Туз конига сингиб кетган эшак, чўчқа каби ҳайвонлар билан туз нопок бўлиб қолмайди. Бу Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.) наздида шундай. Аммо Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, туз нопок бўлади. Фатво олдинги ҳукмга берилган.
  9. Кесиш. Тахта, ёғоч каби нарсаларнинг нажосат теккан жойи кесиб ташланса, қолган қисми пок ҳисобланади.
  10. Ерни ҳайдаш. Нажосат тушган ерни чо­пиш, ҳайдаш, ағдариш каби ишлов билан поклаш мумкин.
  11. Ўйиб олиб ташлаш. Масалан, қотиб қол­ган ёғ, мой, қаймоқ каби нарсаларга сичқон ёки бошқа палид нарса тушса, ўша нарса атрофи би­лан ўйиб олиб ташланса, қолгани пок ҳисоб­ла­нади.
  12. Оқар ҳовуз. Кичик ҳажмдаги ҳовузга сув бир томондан кириб, иккинчи тарафдан чиқиб кетаётган бўлса, унга нажас тушса, нопок қилмайди.
  13. Ошлаш. Ўлимтик ва гўшти ҳаром ҳайвон­ларнинг териси ошлаш билан тоза бўлади. Ўлим­тикнинг юнги, суяги, пайи ҳам тоза ҳисобланади. Териси ошлашни қабул қилмайдиган ҳайвонлар те­риси покланмайди. Масалан, илон, сичқон ка­би­ларнинг териси ошлашни қабул қилмайди. Ит­нинг териси нажас, юнги эса, тоза дейилган.
  14. «Бисмиллоҳ» билан сўйиш. Гўшти ейил­май­­диган (чўчқадан бошқа) ҳайвонларни мусул­­мон одам «Бисмиллоҳ» билан сўйса, териси, гўш­ти то­за бўлиб қолади. Аммо ейиш учун ҳалол бўлмайди.
  15. Ернинг қуриши. Ерга нажосат тушган бўл­са, қуриб асорати кетиши билан ер тоза бўлади. Имом Зуфар, Аҳмад ва Шофиъий (р.ҳ.) наз­дида, ювилмагунча тоза бўлмайди. Ерга ёпишиб турган, масалан, девор, дарахт, гиёҳ, қамишга ўх­шаган нар­салар ҳам худди шундай. Шағал ҳукми ҳам туп­роқ кабидир.

Агар дарахт ёки қамишдан кесиб ёки синди­риб олинса ва унга нажас тегса, фақат ювиш ёки ке­сиб ташлаш билан тоза бўлади. Ерга ётқизиб терилган ғиштлар ҳам ер ҳукмидадир.

  1. Сувини чиқариш. Қудуқ сувига нажас тушса, белгиланган миқдорда сув олиб ташлаш билан қудуқдаги қолган сув пок ҳисобланади.
  2. Тақсимлаш. Аввал айтилганидек, донни ян­чиётган ҳайвонлар сийдиги аралашиб кетган дон тақсимлаб олинса, ёки бир қисми олиб ювилса, ёхуд бировга бериб юборилса, қолган қисми ҳа­лол ҳисобланади.
  3. Бир қисмини ювиш. Агар кийимнинг бир ерига нажас тегса, кейин унинг қайси жой экани маълум бўлмаса, бир ўрни қасд қилиб ювилса, қолган қисми ҳам тоза ҳисобланади.

«Нафъул-муфтий».

 

83-ФАТВО

Кийим юпқалигидан йиртилиб кетмасин деб ювганда сиқмаган бўлса ҳам, зарурат юзасидан шу кийимда намоз ўқиш жоиз бўлади.

«Нафъул-муфтий»,

«Дуррул-мухтор».

 

84-ФАТВО

Замзам суви билан ғусл қилиш жоиз, лекин истинжо қилиш макруҳдир.

«Нафъул-муфтий»,

«Дуррул-мухтор».

 

85-ФАТВО

Дашт, саҳро жойлардаги тошлар устига си­йиш, улар билан истинжо қилиш жоиз эмас. Зеро, тошли жойлар жинлар маскани ҳисобланади. Шу­нинг­дек, суяк ва тезаклар билан ҳам истинжо қи­лин­май­ди. Зеро, суяклар жинлар озуқаси, тезак­лар эса (жинлар) уловларининг озуқасидир.

 «Нафъул-муфтий».

86-ФАТВО

Қасддан бетаҳорат намоз ўқиган киши кофир бўлади. Имом Ҳалвоний сўзига кўра, таҳоратнинг фарзлигини билиб туриб, бетаҳорат намоз ўқиган киши зиндиқдир.

«Қозихон».

 87-ФАТВО

Ҳайз кўрган аёл ҳар бир намоз вақти кирганда таҳорат олиб, ҳар куни ўқийдиган жойига ўтириб, бир намоз ўқиганчалик вақт мобайнида тасбеҳ, таҳлил ўқиб ўтириши мустаҳаб амаллардан ҳи­соб­ланади.

«Сирожия».

88-ФАТВО

Йиртқич қушларнинг оғзидан қолган сув ёки таом макруҳдир. Лекин улар қафас ёки бошқа иҳо­та қи­линган жойларда тоза емиш билан боқи­лаётган, тумшуқлари нопок нарсадан ифлосланмаётган бўл­са, уларнинг оғзидан қолган ёки оғзи теккан нарса макруҳ эмас. Бу Абу Юсуфнинг (р.ҳ.) сўзлари бўлиб, шундай деб берилган фатвони ма­шойих­лар маъқуллашган.

«Захоир».

89-ФАТВО

Катта ҳовуз ёки оқиб турган ариқ сувига ҳайвон тезаги ёки бошқа нажосат турларидан бири тушган бўлса, уни бирор идиш билан олиб ташлаганда шу идиш ва унинг ичидаги сув нопок бўлади. Ҳо­вуз ва ариқ суви эса поклигича қолади.

«Захоир».

Мусулмонлар Байтул Мақдисни фатҳ этгач, у ер аҳолиси Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу атрофида тўпланди. Одамлар саҳобадан Ислом дини ҳақида сўраб-билишарди.

Одамлар орасида Хайва исмли киши бўлиб, у Байсан юртидан Қуддусга янги дин ҳақида сўраб-билиш учун келганди. Хайва бундай сўз бошлади:

– Муоз, бизга айт-чи, нима учун мўминлар амири Умар ибн Хаттоб Қуддус фатҳи муносабати билан шахсан ўзи ташриф буюрди? Ахир, бундан олдин сизлар Миср, Шом ва Ироқ каби юртларни фатҳ қилдингиз. Лекин халифа у ўлкаларга бормади.

– Бу ер муқаддасдир. Аллоҳ таоло уни пайғамбарларига инъом этди. Биз эса охирзамон Набийсига эргашамиз. У зот алайҳиссалом муқаддас деб билган ҳар бир нарсани биз ҳам муқаддас деб биламиз.

– Оламдан ўтганига қарамасдан Пайғамбарингизга шу даражада эргашасизми?!

– Мўминлар амири хутбасида нима деганини эшитмадингми? У киши: “Биз Аллоҳ Ислом билан азиз қилган қавммиз. Агар иззатни Исломдан бошқа нарсадан қидирсак, Аллоҳ бизни хор қилади”.

– Лекин амирларингиз черковда намоз ўқишдан бош тортди-ку?!

– У ер мусулмонларнинг масжидига айланиб қолмаслиги учун амиримиз шундай қилди.

– У ҳолда нима мақсадда бу ерга келдингиз? .

– Одамларга дин танлаш ихтиёрини бериш учун. Бундан олдин улар румликларнинг динини қабул қилишга мажбурланган эдилар.

* * *

Ислом ва мусулмонлардаги олийжанобликни кўриб, Хайва мусулмон бўлди. Ўғлининг Ислом таълимини олиб вояга етиши учун саъй-ҳаракат қилди. У фарзандига бундай насиҳат қиларди:

– Биласанми, Ражо, инсон дунёда нимага эришади? Вақт, соғлик ва мол-мулк. Киши мол-дунё топиши учун соғлиги ва вақтини сарфлайди. Молни тўплагач эса, вақти ва соғлигининг катта қисмини йўқотган бўлади. Ўғлим, сен ҳеч қачон вақтингни беҳуда сарфлама.

Хайва ўғлига усулул фиқҳ, тафсир, ҳадис ва меъморчилик илмини ўргатишга киришди.

* * *

Ражо фиқҳ ва меъморчилик илмида катта натижаларга эришди. Басра ва Ҳижоз уламолари билан дўстлик алоқалари мустаҳкамланди.

Кунларнинг бирида умавийлар халифаси Малик ибн Марвон муҳим иш юзасидан уни ҳузурига чақириб, бундай деди: “Ўғлим, Маслама румликларга қарши курашда кўрсатган қаҳрамонлигинг ҳақида сўзлаб берди. Сен бош вазир мақомига лойиқсан. Ўзинг катта олимсан. Одамлар сени яхши кўриб, эргашади. Бундан ташқари, меъморсан. Шу боис доимо маслаҳатингга муҳтожман. Ислом олимдан кўра, вазирга кўпроқ муҳтож. Таклиф ҳақида ўйлаб кўр”.

Қанчадан-қанча уламолар “султоннинг уламоси” деган номдан қочиб, қозиликка рози бўлмадилар. Лекин Ражонинг бу борада ўз фикри бор эди: “Одамлар учун амал қилиш риё, улар учун амалдан тўхташ ҳам риё. Диним менга ҳақ йўлда маломатчиларнинг маломатидан қўрқмаслигим кераклигини ўргатган. Аллоҳ мен билан. Тез орада У мени барча яхшиликларга муясссар қилади”.

ХАЛИФА ҲУЗУРИДА

– Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг асҳобларини афв этишимни истамоқдамисан? Ахир улар бизга қарши жангда Абдуллоҳга ёрдам бердилар-ку!

– Ҳажжож ибн Юсуф Абдуллоҳни, у билан бирга кўплаб мусулмонларни ҳалок этди. Бу одамлар қалбида адоватни пайдо қилиб, улар орасида фитна ёйилди. Агар сиз Адбуллоҳ ибн Зубайрнинг асҳобларини афв этсангиз, халқнинг сизга меҳри ошади. Бу ишингиз билан фитна оловини ўчирган бўласиз. Сизга Набий алайҳиссаломнинг: “Дунёнинг завол топиши бир мусулмоннинг қатл этилишидан енгилроқдир”, деган ҳадисларини эслатмоқчиман. Хожам, ўтган сафар тўкилган қонларни ювишда ёрдам берсангиз. Аллоҳга қасам, бош вазирлик мансабини фақат шу мақсадда қабул қилганман.

– Айтганингдек бўлади. Бугундан бирор мусулмоннинг қони тўкилмаслигига буюраман. Фақат сенинг қароринг билан жазо берилади.

* * *

Кўпчилик, хусусан, уламо дўстлари Ражонинг вазир бўлганини маъқулламагани унинг кўнглини хира қилганди. Бундан олдин ҳам халифанниг ўта исрофчи экани уни кўпроқ ташвишга соларди. Халифа давлат маблағининг кўп қисмини қасрлар қуришга сарфларди.

Ражо халифанинг насиҳатни тўғридан-тўғри қабул қилмаслигини биларди. Шу сабаб унинг назаридан қолиш, ишончидан чиқишни истамасди. Халифага мусулмонларга хизмат қиладиган лойиҳани таклиф қилди. Яъни, Байтул Мақдиснинг фатҳ этилганига эллик йил тўлгани муносабати билан Масжидул Ақсода Қуббатус Сахро қуриш таклифини киритди. Ушбу лойиҳа одамларга манфаат келтириши билан бирга жуда гўзал меъморий асар бўлишини таъкидлади.

Халифага лойиҳа маъқул келди. Ражо ибн Хайвага Қуббатус Сахрони соф олтиндан барпо этишни буюрди. Кейин Миср аҳлининг закотларини ушбу лойиҳага сарфлашини тайинлади.

Аллоҳнинг фазли билан етти йилда Қуббатус Сахро қуриб битказилди. Ушбу масканга одамларнинг қизиқиши янада ортди. Бино қуриб битказилгач, беш юз минг дирҳам халифа томонидан Ражо ибн Хайвага мукофот тарзида тортиқ этилди. Лекин Ражо маблағнинг фақирларга тарқатилишини талаб қилди.

* * *

Абдулмалик ибн Марвон вафот этгач, Ражо бош вазир мақомида Валид ибн Абдулмалик, сўнгра Сулаймон ибн Абдулмалик халифалигида давом эттирди. Сулаймон ибн Абдулмаликнинг вафоти яқинлашгач, у халифаликни ўғилларига васият қилди. Лекин болалари у вақтда ҳали гўдак эди. Ражо бу васиятдан бирор нарса чиқмаслигини билди. Шу боис ақл-заковатини ишга солиб, жажжи болаларга ўзларига анча катта келадиган халифалик либосини кийдирди ва шу ҳолларида оталарининг ҳузурига киритди. Болалар ёш, кийимлари катталигидан унга ўралашиб туришарди. Халифанинг кўз ўнгида ҳам кулгили, ҳам ачинарли манзара пайдо бўлди. Шунда Ражо: “Мавлоим, тамагирлар ҳукмдорликни қўлга киритиш учун уларни ўлдириб юборишлари мумкин. Бундан кўра, болаларга оталик қиладиган, шу билан бирга, уларни ўлим ёки асирликдан ҳимоя қилувчи кишини халифа этиб тайинлаш лозим”, деди ва бу мансабга амакисининг ўғли Умар ибн Абдулазизни таклиф қилди.

Халифа номзодни маъқул кўрди. Аллоҳ ва расулининг розилигига сабаб бўладиган ишни кечиктирмай, ўша куннинг ўзидаёқ охирига етказди. Умар ибн Абдулазизни халифа этиб тайинлади.

Ражо Умар ибн Абудулазизнинг халифалиги даврида ҳам бош вазир лавозимида ишлади. Умар ибн Абдулазиз адолат ва яхшилик билан эришган барча ютуқда Ражонинг хизмати катта бўлди.

Умар ибн Абдулазиз вафотидан кейин Ражо уйидан чиқмади. Халифа унга нафақат раҳбар, балки чин дўст, энг яқин киши эди.

 

Манбалар асосида

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.

الأربعاء, 08 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Mashhur ulamo xotirasiga bag‘ishlab anjuman o‘tkazildi

Bugun, 8 noyabr kuni Qatag‘on qurbonlari xotirasi davlat muzeyi tomonidan O‘zbekiston xalqaro akademiyasi va O‘zbekiston musulmonlari idorasi bilan hamkorlikda “Nosirxon To‘ra Saidkamolxon To‘ra o‘g‘lining faoliyati va ilmiy merosining Milliy davlatchilik tarixidagi o‘rni va ahamiyati” mavzusidagi Respublika ilmiy-amaliy anjumani o‘tkazildi.

Qatag‘on qurbonlari xotirasi muzeyi direktori Baxtiyor Hasanov, O‘zbekiston Xalqaro islom akademiyasi rektori Uyg‘un G‘afurov, “Ko‘kaldosh” o‘rta maxsus islom ta’lim muassasasi mudiri Abdulhakim qori Matqulov, O‘zbekiston Milliy media assotsiatsiyasi boshqaruv raisi Sherzodxon Qudratxo‘jayev hamda ilmiy xodimlar, tarixchilar, tadqiqotchilar, oliy va o‘rta maxsus islom diniy ta’lim muassasalari o‘qituvchi hamda talabalari qatnashdi.

Ilmiy-amaliy anjumanda diniy ta’lim muassasalari vakillari tomonidan ilmiy maqola va ijodiy ishlar taqdim etilib, ulardan Imom Termiziy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi direktori Muzaffar Joniev, “Hidoya” o‘rta maxsus islom ta’lim muasasasi o‘qituvchisi Abdusamat Usmonovlarning mavzuga oid ma’lumotlari yig‘ilish ishtirokchilari e’tiboriga havola etildi.

Shuningdek, anjumanda “Ko‘kaldosh” o‘rta maxsus islom ta’lim muassasasi mudiri Abdulhakim qori Matqulov Nosirxon to‘ra Saidkamol to‘ra o‘g‘lining faoliyati va ilmiy merosi haqidagi ma’ruzasi bilan ishtirok etdi.

A.Bobomirzaev
Ta’lim va ilmiy-tadqiqot bo‘limi
metodisti

الأربعاء, 08 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Беморликка сабр қилишнинг ажри улуғ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Буюк Қудрат соҳиби, чексиз неъматлар Эгаси, мўмин бандаларини дардлар билан имтиҳон қилиб, маҳрум этиши тортиқ бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсин. 

Матонат ва олий ҳиммат эгаларидан бири бўлмиш Абдуллоҳ ибн Мактум розияллоҳу анҳу туфайли Роббиси Ўзининг сўзида:

1. У афтини буриштирди ва юз ўгирди...

2.Ҳузурига кўзи ожиз киши келганига.

3. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар?

4. Ёки эслатма олар ва эслатиш унга манфаат берар. (Абаса сураси, 1-4-оятлар) дея танбеҳ берган Набийлар ва Расулларнинг саййиди, махлуқотларнинг афзали бўлмиш Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин. 

Аллоҳ таоло бандаларини кўплаб неъматларни бериб сийлаганидек, турли хил мусибатлар ва тузалмас дардлар билан имтиҳон қилади. Ушбу синовда банда Аллоҳнинг Ўзигагина талпинса, Ундан ёрдам сўраб, сабр қилса, гуноҳларини мағфират қилади ва чеккан дардига ажр-савоб беради. 

Бу ҳақда Қуръони Каримда айтилади:

وَلَنَبْلُوَنَّكُمْ بِشَيْءٍ مِنَ الْخَوْفِ وَالْجُوعِ وَنَقْصٍ مِنَ الْأَمْوَالِ وَالْأَنْفُسِ وَالثَّمَرَاتِ وَبَشِّرِ الصَّابِرِين

“Албатта, сизларни бироз очлик билан мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар беринг”

الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ

«(Улар) ўзларига мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир"

أُولَئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِنْ رَبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُهْتَدُونَ

«Ана ўшаларга Роббиларидан салавотлар ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси 155-157 оятлар).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир неча ҳадиси шарифларда касалликка сабр қилиш ва бериладиган ажр-савобни зикр қилганлар.


قال النبي صلى الله عليه وسلم : « عجبا لأمر المؤمن ، إن أمره كله له خير، وليس ذلك لأحد إلا للمؤمن، وإن أصابته سراء شكر، فكان خيرا له، وإن أصابته ضراء صبر فكان خيرا له » رواه مسلم

 
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: «Мўмин кишининг ишига ажабланаман. Чунки унинг барча ишлари яхшиликдир. Бу (яхшилик) мўмин кишидан бошқаси учун эмас. Бордию, унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, бундай қилиши ўзи учун яхшидир. Энди агар унга бирор бахтсизлик етадиган бўлса, сабр қилади, бу ҳам у учун яхшиликдир» (Имом Муслим ривояти).

Бемор доим Аллоҳ таолога бандалигини изҳор қилиб, Ўзидан шифо сўраши ва ушбу дуони ўқиши керак.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) барча касалликларга ва иситма чиққанида: 

«Буюк Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Улуғ Аллоҳнинг номи ила томирдан шовуллаб оқувчи қоннинг ва дўзах ўтининг ёмонидан паноҳ тилайман», деб айтишни ўргатганлар (Имом Ибн Сунний ривояти).

Баъзилар дардга чалинса, сабрсизлик билан тақдирдан нолиб, бошқаларга ҳасрат қилади ёки ўзини ёлғиз ҳис қилиб, атрофдагилардан олиб қочади. Бу ҳолат Яратганнинг имтиҳонидан ўта олмай гуноҳкор бўлишга олиб боради. Аслида мўмин киши ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ таолога яхши гумон қилиши, дардига сабр қилиб, У зотга янада кўпроқ тоатда, ибодатда бўлиши лозим. Шундагина, беморликка ваъда қилинган ажр-савобларга эришади. 

Шу ўринда, ибратли воқеани келтирамиз. Токи, у туфайли бизларда офиятда шукроналик, беморликда сабр янада зиёда бўлса...

Абу Талҳа Юнус ибн Муҳаммад Абдусаттор айтади: “Бир куни Масжидун Набавийга кирган эдим. У ерда мени бирдан озғингина, кўркам соқоли ўзига ярашган, лекин иккала қўли қўлтиғи юқорисидан кесилган киши диққатимни тортди. У икки ёнга бироз тебраниб юрар, ёнидаги ҳамроҳи унинг йиқилиб кетмаслиги учун елкасига қўлини қўйиб борарди. У ногирон киши келиб, менинг ўнг томонимга ўтирди. Мен уни ҳуфтон намозигача кузатиб ўтирдим. Намозни адо этиб, уйимга қайтдим. Тўшакка ётар эканман, хаёлимни турли ўй-хаёллар чулғаб олди.

Ўша кеча туни билан кўзимга уйқу келмай, ўзимга турли саволларни берардим. У киши ўзи бошқалар ёрдамисиз бирор таом ея оладими, бирор ичимлик ича оладими? Кийимларини қандай кияди? Қишда, совуқ кунларда кечалари устини қандай ёпади? Ёрдамчисиз қандай таҳорат қилади? Уй эшиги ёпиқ бўлса, қандай очиб киради? Бошқа қўл билан бажариладиган ишларни қандай уддалайди? Қандай....? Қандай....? Туни билан шу каби саволларни ўйлаб чиқдим ва эртасига уни топиб, танишиш, кўришиб, унинг ҳолати, ички кечинмалари ҳақида сўрашни дилимга тугдим.

Кейинги куни у кишини излаб Масжидун Набавийга йўл олдим. Масжид таҳоратхонасига бориб, таҳорат олаётган эдим. Чап ёнимда ўша кечаги ногирон киши эгилиб тишлари билан сув жўмрагини бураяпти. Мен унга қўлим билан жўмракдан сувни очиб бердим. У киши менга миннатдорчилик билдирди ва эгилиб, жўмракдан оқаётган сув билан оғзини чайқай бошлади. Шунда ёрдамчиси келиб, унинг юзини ювиб, соқолининг ораларига бармоқлари билан сув етказиб, тахлил қилди. Сўнгра оёқларини ювиб, таҳорат қилдириб бўлгач, масжид томон юрдилар. Мен ҳам улар билан юриб бордим. Йўлда у киши менга қараб-қараб қўяр, мен ҳам кузатиб борардим. Масжидга киргач, у киши билан ёнма-ён ўтирдик. Мен уни бир-икки савол бериб, суҳбатга тордим. Суҳбат давомида: “Эй Аллоҳнинг бандаси, ушбу ҳолатда ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Роббингизнинг сизга битган тақдири борасида қандай ўйлайсиз?” деб сўрадим. У чиройли табассум қилиб: 

«Менга Аллоҳнинг ўзи кифоядир, У бунча ҳам яхши вакил, бунча ҳам яхши Хожа ва бунча ҳам яхши ёрдам берувчидир» дея менга Аллоҳнинг каломидан ушбу оятларни ўқиб берди:

قُلْ لَنْ يُصِيبَنَا إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَنَا هُوَ مَوْلَانَا وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ

«Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» деб айт. (Тавба сураси, 51-оят).

أَلَيْسَ اللَّهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ

«Аллоҳ Ўз бандасига кифоя эмасми?!» (Зумар сураси, 36-оят).

Мен ҳеч ҳам нолимайман, фақат Яқуб (алайҳиссалом)нинг сўзларини айтаман:

قَالَ إِنَّمَا أَشْكُو بَثِّي وَحُزْنِي إِلَى اللَّهِ

«У деди: «Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг Ўзига шикоят қилмоқдаман» (Юсуф сураси, 86-оят).

У сўзида давом этиб: «Мен Роббимдан розиман, Мен Роббимдан розиман. Сизнинг олдингизда айтаманки, Аллоҳ таолони Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Пайғамбар деб рози бўлдим. Мен доимо Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрайман: «Илоҳим мени қиёмат кунида шарманда қилиб қўймасин» деди.

Аллоҳга қасамки, мен унинг жавобларини тинглар эканман, гўё уни қаршимдаги сабр тоғидек кўрдим. У ҳар бир сўзида Аллоҳни зикр қиларди. Унинг юзи ва сўзидан тақдирдан нолиш ва ўкинч аломатлари буткул йироқ эди. 

У киши Покистондан умра қилиш учун келган ҳофизи Қуръон экан. У ўз ҳолатидан Яратгандан рози бўлиб, доим одамларга насиҳат қилар ва «Аллоҳим қиёмат кунида мени шарманда қилиб қўймагин! Амин!» деб кўп дуо қиларди.

2022 йил Рамазон ойида муфтий Нуриддин ҳожи Холиқназаров ҳазратлари таровеҳда масжиддаги суҳбатларидан бирида юқоридагига ўхшаш ажойиб воқеани айтиб берди: «Тошкент шаҳридаги масжидлардан бирида имомлик қилаётган пайтимда Рамазон ойида таровеҳ намозида хатм Қуръон бўлаётган эди. Қори гўзал қироат қилар, биз ортида сомеъ эдик. Биздан орқароқдаги сафда доим намозга қатнаб турадиган намозхонлардан соқов, қулоғи эшитмайдиган бир киши ҳўнг-ҳўнг йиғлар, қори Қуръон ўқигани сари унинг овози кўтарилар эди. Намоз тугагач у билан кўришиб, имо-ишора билан ундан: «Нима учун намозда тинмай йиғладинг? Ваҳоланки сен Қуръонни эшитолмайсан, унга тушунмайсан» деб сўрадим. У: «Сиз Қуръонни қулоғингиз билан эшитасиз мен эса, қалбим билан эшитаман дея кўксига ишора қилди». Унинг бу гапи менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Кўзимга ёш келиб, мен ҳам йиғлаб юбордим. Унинг эшитиш қобилияти буткул йўқ бўлсада, қалби билан Қуръонни ҳис қилар эди». 

Бу икки ҳолатдаги қўлсиз ва эшитиш қобилияти йўқ кишиларнинг тақдирдан розилигини изҳор қилиб айтган жавоблари, сабр, ирода, ихлос ва ибодатга муҳаббат билан ҳаёт кечиришлари соғлом бўла туриб, озгина машаққат олдида тақдирдан нолиб, тоатда сусткашлик қиладиганлар учун ибратдир! 

Шундай кишилар гарчи жисми заиф, дардманд бўлсада, лекин руҳи соғлом, ҳақиқий матонат эгалари ,иймони бақувват, комил мўминлардир.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли

Top