muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 06 نيسان/أبريل 2023 00:00

Рамазон – тақво ойи

Рўзадор нафақат емоқ-ичмоқни тарк қилиши, балки бутун жисми-аъзолари ҳам рўза тутмоғи зарур. Бунинг учун кўзлар ҳаромдан тийилсин. Тил асло фаҳш сўзларни сўзламасин. Рамазонни зикр ва истиғфорда ўтказмоқлик муҳим. Кимдир озор бериб жоҳиллик қилса ҳам унга яхши сўз айтиш керак. Рўзадор одам ҳулқи ва одобини ҳам рамазонда сайқалламоғи лозим. Рўзадор одамнинг бақир-чақир қилмоғи, уят сўз демоғи рўзанинг файзини ва савобини кетказади, рўзадорни беқадр қилади.

Қуйидаги ҳадиси шариф айни шу масалада бизга таълим беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз рўза тутган куни фаҳш сўз айтмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, десин» (Муттафақун алайҳ).

Ҳа азизлар, рўзамиз комил ва қабул бўлсин десак одоб аҳлоқимизни ҳам сайқалламоғимиз, юриш-туришда ҳам намуна бўлиб, Аллоҳ рози бўладиган ва рўзаси қабул бўладиган амаллар билан банд бўлмоғимиз зарур. Чунки рамазондан мурод тақводир. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тақводорларнинг белгилари бор. Улар: тўғрисўзлик, силаи-раҳм, гўзал хулқ”.

 

Абдураҳмон домла АРТИҚОВ

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам эҳтиёжманд, оиласида ногиронлиги бор, боқувчисидан айрилган, ётиб қолган, якка-ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уйларига 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Рўзадор отахон ва онахонларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, саховатпеша ҳомийлар томонидан ифторликлар ташкил этиб берилаётир.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш, боқувчисини йўқотган ва кексаларга меҳр-муруват кўрсатиш ҳамда қувонч улашиш азалдан ўзбек халқига хос фазилатлардан саналади. Бу каби саховат тадбирлари айниқса муборак Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда.
Ана шу анъаналарга содиқ ўлароқ, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 2-сектор ҳудудига қарашли “Тоқчилик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир қатор ўзгалар кўмагига муҳтож хонадонлар ҳолидан хабар олди, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ётиб қолган, кекса фуқароларга 17 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашиб, уларга сиҳатлик тилаб, кўнгилларини кўтарди.
Бундан ташқари, туман ҳокими ифторлик вақтига қадар шу маҳалладан йўл масалалари бўйича қилинган мурожаатларни жойида бориб ўрганди ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ишларни тез фурсатда бажаришга келишиб олинди.
Юртимизда муборак Рамазон ойи давом этаётган қутлуғ кунларда тумандаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини “Қумри ая” тантаналар мажмуасида бир гуруҳ нуронийлар ҳамда рўзадорларга Рамазон ойи муносабати билан туман “Маҳалла” фонди бўлинмаси томонидан ифторлик дастурхони ёзилди. Унда, рўзадор фуқаролар билан бир дастурхон атрофида туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ҳам иштирок этди.
Ифторлик сўнгида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганларнинг руҳи покига бағишланди, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровон ҳаёт, деҳқончиликка, чорвачиликка ва бошқа барча соҳаларга қут-барака ва унум сўралди.

ЎзА

الخميس, 06 نيسان/أبريل 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Наманган шаҳри “Ғози Муҳаммад ҳожи” масжиди имом-хатиби Авазхон домла Юсуповнинг оталари Аҳмаджон ота Юсуповнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳум отахоннинг яқинларига, хусусан, Авазхон домла Юсуповга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Оғир иқтисодий шароитга қарамай покистонликлар ҳам бошқа кўплаб давлатлар қатори Рамазон ойини муносиб ўтказишга, барча урф одатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Машҳур Равалпинди бозорида ўнлаб кўнгиллилар рўзадорлар, айниқса, камбағаллар ва кам таъминланган кишилар учун хайрия ифторлик дастурхонлари тайёрлаб беришади, деб ёзади ИҚНA сайти “ал-Aлам” нашрига таяниб.
Иқтисодий инқироз кишиларнинг харид қилиш қобилиятини пасайтирди, Покистон ҳукумати бу муборак ойда кам таъминланган оилаларга ёрдам пакетлари тақдим этиш ва нархларни пасайтириш орқали кишиларнинг муаммолари ва оғирини енгиллаштиришга ҳаракат қилди.
170 миллиондан зиёд Покистон мусулмонлари қийин шароитларга қарамай, Рамазон ойини ўзгача тарзда ўтказиш, оддий маҳаллий маҳсулотлар ва ифторлик дастурхонида бўлиши керак бўлган ширинликларни тайёрлашни истайди.
Покистонда Рамазон ойининг охирги жума куни “Aлвидо Жума” деб номланади, покистонликлар Муборак Рамазон ойининг охирги жума кунида энг катта масжидларда намоз ўқийдилар ва тонг отгунча ибодат билан машғул бўладилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top