muslim.uz
Олий маъҳадда “Қуръон мусобақаси – 2023” бўлиб ўтди
Тошкент ислом институтида “Февраль – Қуръон қироати ва илмлари фан ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Таҳфизул Қуръон кафедраси томонидан Олий маъҳад талабалари ўртасида “Қуръон мусобақаси – 2023” кўрик-танлови ўтказилди.
Мусобақада қориларни:
Жаҳонгир қори Неъматов – Таҳфизул Қуръон кафедраси мудири;
Исломхон қори Убайдуллаев – Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси;
Валихон қори Азимбоев – Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси;
Аҳмадхон қори Рашидов – Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси;
Абдулбосит қори Қобилов – Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси;
Элёр қори Аҳмадқулов – Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси
баҳолаб борди.
Тадбирда Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир қори Рўзиев бошловчилик қилди.
Мусобақада қуйидаги талабалар иштирок этди:?
Ҳифз йўналиши бўйича:
Мирбобоев Мираббос
Акромов Фозилжон
Абдуқодиров Оятуллоҳ
Ғофуржонов Аҳмадуллоҳ
Фазлиддинов Сайидбурҳон
Умбаров Нурислом
Ҳабибуллаев Убайдуллоҳ
Жалилов Сирожиддин
Солижонов Сайдулло
Тиловат йўналиши бўйича:
Жалолхонов Аббосхон
Жўраев Муҳаммадали
Ашуров Маҳмудхон
Очилдиев Маҳмудхон
Қодиров Абдулбосит
Муҳаммаджонов Мадумаржон
Аметниязов Нурмуҳаммад
Мусобақа якунига кўра қуйидаги натижалар қайд этилди:
Тиловат йўналиши бўйича:
1-ўрин: 2-курс Мадумаржон қори Муҳаммаджонов:
2-ўрин: 2-курс талабаси Маҳмудхон қори Ашуров:
3-ўрин: 3-курс талабаси Аббосхон қори Жалолхонов:
Ҳифз йўналиши бўйича:
1-ўрин: 2-курс талабаси Аҳмадуллоҳ қори Ғофиржонов:
2-ўрин: 4-курс талабаси Мираббос қори Мирбобоев:
3-ўрин: 2-курс талабаси Убайдуллоҳ қори Ҳабибуллаев ва 4-курс талабаси Фозилжон қори Акрамов:
Мусобақа Тошкент ислом институтининг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали онлайн узатилди:
Facebook: https://fb.watch/iJFNAzR22x/
Youtube: https://www.youtube.com/live/xJ9K_xgIACs?feature=share
ТИИ Матбуот хизмати
Тиш имплантацияси ва унга оид фиқҳий масалалар
“Имплант” инглизча сўз бўлиб, “ўрнатиш”, “экиш” каби маъноларни англатади. Тиббиётда бой берилган бирон аъзонинг ёки унинг бирор қисмининг ўрнини босувчи аъзо сифатида ўрнатилган нарса имплантант ёки имплантат дейилади. Шунингдек, тўқималарни кўчириб ўтказиш операцияси “имплантация” деб юритилади.
Имплант тиш деганда металл винт ёрдамида суякка жойлаштириладиган ва тиш илдизи вазифасини бажарадиган мослама тушунилади. Кейин унинг устидан қоплама ўрнатилади.
Ҳозирда имплант тиш қўйиш ривожланиб бормоқда. Бунда жағ суягига зангламайдиган метал илдиз ўрнатилиб, ясама тишлар унга маҳкамланади. Имплантат тишлар танглай тишидан қулайлиги жиҳатдан афзалроқ саналади.
Мутахассиларнинг илмий мақолаларидан маълум бўлишича, имплант тишлар қўйилганда унинг қандай кечиши беморнинг ўзига боғлиқ бўлади. Яъни, агар унинг танаси ясама тишлар илдизини ижобий қабул қилса, ҳаммаси жойида бўлади. Аммо қабул қилмаса, ҳатто жағ суяклари чиришига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки бунда метал ва суяклар бир-бирига киришмай, орада муаммо келиб чиқади. Шунинг учун ҳозирда бу соҳада фаолият олиб бораётган мутаххассислар тиш импалантатциясини қай даражада муваффақиятли чиқиши кўп ҳолларда беморнинг ўзига боғлиқ эканини таъкидламоқдалар.
Шариатда тиш даволатиш, пломба ёки ясама тиш қўйдириш жоиз. Сабаби тиш қуртлаши ёки тушиб кетиши беморлик бўлиб, буни даволатишга рухсат этилган. Лекин ҳозирда имплант тиш учун турли металлар билан бирга, ҳайвонларнинг суяларидан ҳам фойдаланилмоқда. Бунда ўлимтик ҳайвоннинг суяги, шунингдек, чўчқа ва одамнинг суягидан фойдаланиш борасида айрим мулоҳазалар юзага келади. Қуйида шу ҳақда тўхталиб ўтамиз.
Одамнинг суягидан имплант тиш учун фойдаланиш:
Фуқаҳоларимиз одамнинг суягидан фойдаланиш унинг каромати – улуғлигига, қадр-қимматига тўғри келмаслигини таъкидлашган. Ҳанафий уламолардан Аллома Зайлаий “Канз”нинг шарҳида суяклардан даво сифатида фойдаланиш ҳақида сўз юритиб, жумладан шундай деганлар:
وَمِنْ الذَّكِيَّةِ يَجُوزُ كَيْفَمَا كَانَ إلَّا عَظْمَ الْخِنْزِيرِ وَالْآدَمِيِّ الْخِنْزِيرُ لِنَجَاسَتِهِ وَالْآدَمِيُّ لِكَرَامَتِهِ إذْ لَا يَجُوزُ الِانْتِفَاعُ بِأَجْزَائِهِ
“Сўйилган ҳайвоннинг суяги ҳар қандай ҳолда ҳам (яъни, ёғли ёки қуруқ бўлишидан қатъий назар) ундан фойдаланиш жоиз. Лекин чўчқанинг суяги ва одамнинг суяги бундан мустасно. Чўчқа нажосат бўлгани, одам эса, мукаррам бўлгани сабабли (ундан фойдаланиш мумкинмас). Зеро, одамнинг аъзоларидан фойаланиш жоизмас” (“Табйинул ҳақоқиқ” китоби).
Бу борада бошқа мазҳаб уламоларининг қарашлари ҳам ҳанафийларники билан бир хил эканини кузатиш мумкин. Шунингдек, замондош уламолардан Абдуллоҳ Ас-Сиддиқ ал-Ғуморий, Доктор Ҳасан Али Шозилий, Саййид Муҳаммад Қутбиддин каби олимлар ҳам ушбу қарашни қатъий ифодалашган.
Ўлимтикнинг суягидан имплант тиш учун фойдаланиш:
Барча ҳанафий фуқаҳоларимиз ҳамда моликий уламолардан Аллома Ибн Ваҳб ҳайвонлар гарчи ўлимтик бўлса ҳам уларнинг суягидан фойдаланиш мумкин эканига фатво беришган (Манба: Косонийнинг “Бадоиъус саноиъ” ва Ибн Рушднинг “Ал-Баян ват-таҳсил” китоби).
Моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳаби фуқаҳоларидан иборат жумҳур уламолар эса, ҳайвон ўлимтик бўлса, унинг суяги нажосатга айланади ва ундан фойдаланиб бўлмайди, дейишган (Манбалар: Зарқонийнинг “Мухтасарул Холил”га ёзган шарҳи, Нававийнинг “Ал-Мажмуъ”, Ибн Қудоманинг “Ал-Муғний” китоби).
Ҳанафий олим Аллома Ибн Нужайм бу борада Имом Муҳаммаднинг қуйидаги гапларини келтирадилар:
قال محمد في السير الكبير لا بأس بالتداوي بالعظم إذا كان عظم شاة أو بقر أو بعير أو فرس أو غيره من الدواب إلا عظم الخنزير والآدمي فإنه لا يمكن التداوي بهما ولا فرق فيما يجوز بين أن تكون ذكيا أو ميتا رطبا أو يابسا .
“Имом Муҳаммад “Сиярул кабир”да айтадилар: “Суяк билан даволаниш жоиз. Бунда суяк қўйнинг ёки молнинг ёки туянинг ёхуд бошқа ҳайвонларнинг суяклари бўлиши керак. Лекин чўчқанинг ва одамнинг суяги бундан мустасно. Чунки бу иккисиники билан даволаш мумкинмас. Суяк билан даволашда ҳайвон шаръий сўйилган ёки ўлимтик, хўл ёки қуруқ бўлишининг фарқи йўқ” (“Баҳрур роиқ” китоби).
Демак, ҳанафий мазҳабига кўра, одам ва чўчқанинг суягидан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг гарчи ўлимтик бўлса ҳам фойдланиш ёки ундан даволаниш жоиз. Чунки суякда ҳаёт жойлашмагани сабабли, ҳанафийларга кўра, у пок ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, чўчқадан бошқа ҳайвонларнинг суягидан имплант тиш учун фойдаланиш жоиз.
Чўчқанинг суягидан имплант тиш учун фойдаланиш:
Чўчқанинг гўшти, ёғи ва суяги нажосат эканига ва ундан фойдаланиш жоиз эмаслигига барча фуқаҳолар ижмо қилишган. Лекин унинг суягидан даволаниш учун фойдаланиш масаласида фуқаҳолар ўртасида икки хил қараш мавжуд:
Биринчи қараш: ҳанафий, шофеий ва ҳанбалийлардан иборат жумҳур фуқаҳоларга кўра чўчқанинг суягидан ҳар қандай вазиятда, ҳатто зарурат учун ҳам фойдаланиш жоизмас (Манба: Ибн Қудоманинг “Ал-Муғний”, Ибн Нужаймнинг “Баҳрур роиқ”, Ровёнийнинг “Баҳрул мазҳаб” китоби ва бошқалар).
Хусусан ҳанафий мазҳаби уламолари чўчқанинг суягини айни нажосат, яъни аслий келиб чиқиши нажосатдан иборат бўлган ва ҳукми ўзгармайдиган нажосат, деб қарашган. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейдилар:
وأما عظم الخنزير ، وعصبه فلا يجوز بيعه ، لأنه نجس العين
“Чўчқанинг суяги ва пайини сотиш жоизмас. Чунки у – айни нажосатдир” (“Бадоиъус саноиъ” китоби).
Чўчқанинг суяги айни нажосат эканига кўплаб фаръий масалалар ҳам очиқ далолат қилади. Жумладан, Имом Косоний чўчқа гўшти бошқа ҳайвонларнинг суягидан кескин фарқ қилишини қуйидаги масала билан ифодалаганлар:
ولو وقع عظم الميتة في البئر فإن كان عظم الخنزير أفسده كيفما كان وأما عظم غيره فإن كان عليه لحم أو دسم يفسد الماء ؛ لأن النجاسة تشيع في الماء ، وإن لم يكن عليه شيء لم يفسد ؛
“Агар қудуққа ўлимтикнинг суяги тушиб кетсаю, ўша суяк чўчқанингн суяги бўлса, у қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар сувни фасод қилади. Агар чўчқадан бошқа ҳайвонинг суяги бўлсаю, суяк устида гўшт ёки ёғ ҳам бор бўлса, сувни ифлос қилади. Чунки нажосат сувга тарқайди. Агар чўчқадан бошқа ҳайвон суягида ҳеч нарса бўлмаса, сувни ифлос қилмайди” (“Бадоиъус саноиъ” китоби).
Иккинчи қараш: шофеийлардан Имом Нававийга кўра, чўчқанинг суяги нажосат бўлсада, зарурат ила ундан фойдаланиш жоиз.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ бир инсоннинг суяги синиб қолиб, унга улаш учун пок суяк топа олмаса, нажосат нарсани унга улаши жоиз эканини айтиб ўтганлар. Бу ҳақда у зот шундай дейдилар:
ولو وصل عظمه بنجس لفقد طاهر فمعذور
“Агар (синган) суягини пок нарса топилмагани сабабли нажосат билан уласа, (бу ишида) узрли ҳисобланади” (Манба: Нававийнинг “Ал-Мажмуъ” китоби.
Имом Нававийнинг “(бу ишида) узрли ҳисобланади” деган гапларини шофеий уламолардан Хатиб Ширбиний шарҳлаб “Яъни, зарурат юзасдан нажосат билан ўқиган намози дуруст бўлади”, – деган (Хатиб Ширбийнийнинг “Ал-Муғний ал-муҳтож” китоби).
Матндан очиқ кўриниб турганидек, пок нарса топилмагани сабабли синган суякни нажосат билан улашга рухсат берилмоқда. Агар пок нарса топилса, нажосатдан фойдаланиш жоиз бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, тиш имплантацияси учун барча ҳайвонларнинг суягидан фойдаланиш жоиз. Лекин одам ва чўчқанинг суягидан фойдаланиш жоиз бўлмайди.
Айрим замонамиз уламолари ва фатво уюшмалари инсоннинг аъзосини маълум шартлар билан бошқа инсонга кўчириб ўтказишга рухсат беришган бўлсада, лекин улар ушбу амалиётда зарурат борлиги ва ўша аъзони ўрнини босадиган бошқа восита топилмаслиги билан асослашган. Лекин тиш имплантатциясида эса, ушбу заруратни бошқа сунъий воситалар ёки бошқа ҳайвонларнинг суягидан тўлдириш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги
Фатво маркази бош мутахассиси
Абдулатиф Турсунов
“Вақф” фонди Туркияга навбатдаги зарурий хайрия юкларини жўнатди
2 100 нафардан зиёд қори Қуръон мусобақасига саралашдан ўтди
Саудия Aрабистони фаровонлик ишлари департаменти Бош кенгаши “Нутқ лаззати” Қуръон ва азон айтиш мусобақасининг иккинчи босқичига жами 50 минг иштирокчидан 2116 нафари қабул қилинганини эълон қилди.
IQNA сайтининг “ал-Ахбар-24”га таяниб хабар беришича, “Ушбу мусобақанинг энг ёш иштирокчиси 5 ёшда, энг ёши каттаси эса 104 ёшда”.
Қуръони карим тиловати ва азон айтишга бағишланган “Нутқ лаззати” 2-халқаро танловининг биринчи босқичида дунёнинг 165 давлатидан 50 минг нафардан ортиқ киши иштирок этди.
Танловнинг дастлабки босқичлари шахсан ва иштирокчиларнинг видеороликларини ҳакамлар ҳайъатига юбориш орқали ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг Қуръони карим ўқилиши ва азон айтилган ҳолда олинган видеолавҳаларини кўриб чиқади ва сараланганлар кейинги босқичга ўтади.
Танловнинг якуний саралаш босқичи Рамазон ойида ўтказилади ва “МБC” телеканалида жонли эфирда намойиш этилади.
Саудия Aрабистони фаровонлик ишлари департаменти аввалроқ ушбу танлов ғолиблари учун 12 миллион Саудия реёли миқдоридаги маблағ мукофот тарзда тақдим этилишини эълон қилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
"Мир Араб" олий мадрасаси ва "Жўйбори калон" аёл-қизлар ислом билим юрти устозлари рағбатлантирлди
Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш, уларнинг профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш Вақф фондининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада кўплаб хайрия ишлари амалга оширилган бўлиб, куни кеча Бухоро шаҳрида мана шундай тадбирларнинг навбатдагиси ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Бухоро вилоят филиали томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида, Бухоро шаҳридаги "Жўйбори Калон" аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида фаолият олиб бораётган устоз ва мураббийларнинг 30 нафарига, ҳар бирига 1 миллион сўмдан жами 30 миллион сўм, Мир Араб олий мадрасасининг 15 нафар мударрислари ва ходимларининг ҳар бирига 1 миллион сўмдан жами 15 миллион сўм ҳамда Мир Араб олий мадрасасида таҳсил олаётган, моддий кўмакка муҳтож бир нафар талабанинг ўқув шартномаси учун 5 миллион сўм, жами 50 миллион сўм маблағни нақд пул кўринишида таълим муассасалари устоз ва мураббийларига хайрия сифатида тақдим этди.
Вақф фонди Матбуот хизмати