muslim.uz

muslim.uz

1-3 ноябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган Халқаро зиёрат туризми ҳафталигида БАА делегацияси фаол иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Абу-Дабидаги элчихонаси маълумотига кўра, Бухоро вилояти ҳокимлиги ва ёзувчи Носир ал-Даҳери ўртасида буюк қомусий аллома Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бебаҳо илмий-маърифий мероси ҳақида қадимий шаҳарда ўзбекистонлик мутахассислар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликда сериални суратга олиш ишларини давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Мазкур лойиҳа коронавирус пандемияси сабабли вақтинча тўхтатиб қўйилган эди.
Шунингдек, Бухоро Мир Араб мадрасасида араб тилини замонавий услубда ўқитиш, Бухоро вилоят ҳокимлиги ва БАА халқаро маданий дипломатия институти кузатув кенгаши ўртасида Бухоро ва БАА шаҳарлари ўртасида илмий ва маданий соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш, биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида Англашув меморандумлари имзоланди.
БААнинг етакчи WAM ахборот агентлиги мухбири туризм ҳафталиги доирасидаги тадбирлар, ўтказилган музокаралар ва эришилган келишувлар ҳақида туркум материаллар тайёрлаб, Амирликлар кенг жамоатчилиги эътиборига ҳавола қилиб борди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкент ислом институти 3курс талабаси Машрабжон қори Абдураззоқхўжаев 30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берди.

Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва кафедра устозлари Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Исломхон қори Убайдуллаев, Адҳам қори Юсупов, Содиқжон қори Қурбонов ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб бордилар.

Хатм якунида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов Олий Маъҳадда анъанага айланаётган ушбу тадбирнинг аҳамияти тўғрисида маълумот берди.

ТИИ ректори Уйғун домла Ғафуров, устоз Соатмурод домла Примов, кафедра мудирлари Жаҳонгир қори Неъматов, Фарҳод домла Жўраев, ўқитувчилар: Фазлиддин домла Сувонов, Муҳаммадрасул домла Абдуллаев, Собиржон домла Рустамов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулҳаким домла Олимов ва барча иштирокчилар биргаликда Қуръони карим хатми дуоси баробарида қори устозлар ҳамда Машрабжон қори ҳақига дуолар қилдилар, Аллоҳдан юртимизга хайр-барака ва офият сўрадилар.

30 пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берган Машрабжон қорига Уйғун домла Ғафуров ҳадя сифатида ноутбук топширди.

“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси қори устозларининг тинимсиз меҳнатлари эвазига Тошкент ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ўқиб бериш анъанага айланмоқда. Айни пайтгача Қуръони каримни бир кунда ўқиб берган қори талабалар сони 26 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилда Тошкент Ислом институти тарихида илк бор Ихтиёр қори Абдураҳманов Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда тўлиқ ўқиб берган эди. Шунингдек, Илҳом қори Ғофуров, Адҳам қори Отахонов, Фатҳуллоҳ қори Дадаев, Аҳмадуллоҳ қори Ғофуржанов, Ҳикматуллоҳ қори Рўзалиев, Сардорбек қори Жиямуратов, Сирожиддин қори Шодмонов, Азимжон қори Мадаминжонов, Илёсбек қори Шарофиддинов, Нуриллоҳ қори Сайдуллаев, Оятуллоҳ қори Абдуқодиров, Абдуллоҳ қори Комилов, Саидбурхон қори Фазлиддинов, Абдулҳай қори Жўрақулов, Аҳлиддин қори Қурбонов ва Нурисломхўжа қори Умбаров, Убайдуллоҳ қори Ҳабибуллаев ва Баҳодир қори Иброҳимов Қуръони каримни ёддан тўлиқ ўқиб, устозлар кўригидан ўтказиб олган эди.

Шунингдек, аёл-қизлардан Робия Нажмиддинова, Гулруҳ Кенжабек қизи, Мираҳмадова Ҳуснора, Маҳаматханова Мухлиса, Қурбанова Хадича ва Абдуллаев Фотима ҳам Аллоҳнинг каломини юқоридаги услубда ўқиб берган эди.

Маълумот: Қуръони каримда 114 та сура, 6236 та оят ва тахминан 1015030 нуқта, белги, 323670 ҳарф ва 77934 та сўз бор. Қуръон саҳифаланишига кўра 30 пора (жуз, қисм)дан иборат бўлиб, мусҳафнинг ҳар 10 вароғи бир пора ҳисобланади.

 

ТИИ “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси

ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов

 

 

 

الإثنين, 07 تشرين2/نوفمبر 2022 00:00

Ўз нафсига алданиш (2-қисм)

Нафснинг касалликларидан бири бу – инсонни Аллоҳнинг азобидан омонда ва жаннатга кириши кафолатланган деб тўла ишонч ҳосил қилиши. Бундай одам барча дуо, ибодатлари, зикру тасбиҳлари Аллоҳ таоло томонидан қабул бўлишига ишониб, нажот ва абадий розилик эшигини ишонч билан тақиллатади. Бироқ, унинг гуноҳлари ва камчиликлари туфайли, бу эшик унинг учун маҳкам ёпиқ ва минг афсуски у бундан шубҳаланмайди ҳам.

Ҳусайн ибн Яҳё менга Масрукдан эшитган бир воқеани айтиб берди. "Кунларнинг бирида Робия Адавийя илм мажлиси ёнидан ўтиб кетаётганида, Солиҳ ал-Муррий раҳимаҳуллоҳ йиғилганларга: "Ким эшикни астойдил тақиллатса, эшик албатта очилади", деди. Бу сўзларни эшитган Робия ал-Адавийя Солиҳга: “Эшик очиқ, лекин сиз ундан қочиб кетяпсиз! Биринчи қадамдан кейин адашсанг, мақсадингизга қандай эришмоқчисиз?" деди.

Агар банда нафсини шаҳват ва унинг ортидан югуришга йўл берса, унинг касалликларини даволай оладими?

Агар у ўзини эҳтирослардан ҳимоя қила олмаса, у қандай қилиб фойдасиз ва бекорчи истаклардан халос бўлишни хоҳлайди?

Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳамдоний бир донишманднинг Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Сақафийдан, Ибн Абу ад-Дунёдан занжир бўйлаб келган сўзларини менга айтганди. Бу гўзал сўзлар бундай янграйди: “Сизда бор экан камчилик (қусур)лар, руҳингиз топади деб ўйламанг сокинлик. Агар сиз гуноҳ юкини кўтариб юрар экансиз, ҳеч қачон жазодан қочиб қутулишга ва жаннатга тушишга бўлган ишончингиз комил бўлмасин!”.

 

Муолажа услуби

Машҳур олим Сирри ас-Сақатий (772-867) таъкидлашича, бу касалликни даволаш усули – тўғри йўлга эргашиб, фақат ва фақат ҳалол луқма билан таомланиш ва Аллоҳ таолога тақво ҳамда яхши амаллар билан интилиш.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мўмин банда токи жаҳаннам устидаги кўприкдан ўтиб кетмагунча ва уни ортда қолдирмагунча Аллоҳнинг азобидан қўрқишдан халос бўлмайди ҳамда унинг қалби тинчланмайди”.

Бу ўринда Ҳорис ал-Муҳосибий раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини ҳам келтириш ўринли бўлади: “Биз ўзимизни тақводор ва (гуноҳлардан) пок деб биламиз. Бироқ, эҳтимол, биз гуноҳкор ва гуноҳлардан ҳоли эмасмиз. Ахир қандай қилиб биз бундай эмаслигимизга ишонч ҳосил қилишимиз мумкин? Зеро, биз ҳар куни такаббурли ва худбинлигимиз сабабли ўтмишда қилган гуноҳларимизга яна гуноҳларга қўшиб борамизку”.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси вакиллари Жидда шаҳрида “Wehdat al-Irtikaz” компанияси бош директори Юсуф ал-Занбаги билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида 2023 йил 24-26 январь кунлари Макка шаҳрида ўтказиладиган “Makkah Expo for Hotels & Restaurants” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон делегацияси иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Юсуф ал-Занбаги мазкур кўргазмада меҳмонхоналар менежменти, хизмат кўрсатиш ва тегишли маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиши, Малайзия, Индонезия, БАА, Ўмон, Иордания, Миср ва бошқа қатор давлатлар миллий павильонларда ушбу соҳадаги салоҳиятини намойиш этишини таъкидлади.
Халқаро кўргазмада меҳмонхона ва ресторанлар фаолиятида қўлланиладиган маҳсулотлар ҳам тақдим этилади. Саудия Арабистони, жумладан, Жидда, Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда бундай маҳсулотларга доимий равишда эҳтиёж мавжудлигига эътибор қаратилди. Шу маънода, мазкур анжуман Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун ўз товарларининг экспортини кенгайтириш учун қулай имконият эканлиги урғуланди.
“Makkah Expo for Hotels & Restaurants” миллий таомлар кўргазмаси, шунингдек, ушбу йўналишдаги мусобақалар каби тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Шу боис Ўзбекистон делегациясининг миллий таомлар билан қатнашиши кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларини ўзбек пазандачилик санъати анъаналари билан яқиндан таништиришда аҳамиятли бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الإثنين, 07 تشرين2/نوفمبر 2022 00:00

Зарарли иллат

Юртимиз тинч-осойишта ва халқимиз фаровон ҳаёт кечираётган бир даврда, баъзи қўштирноқ ичидаги кимсалар ўз жонига қасд қилиш билан бирга юртимиз келажаги бўлган ёшларни, иродаси суст кишиларни ҳатто аёл-қизларни ҳам йўлдан уриб, хавфли касаллик ОИТС (СПИД)ни тарқатувчи асосий омил бўлган гиёҳвандликни юқтирмоқдалар, тарқатмоқдалар.

Гиёвандлик илмий тилда наркомания дейилиб, юнонча “нарке” – карахтлик, ҳаракатсизлик, “мания” – ақлдан озиш маъносини англатади. Соҳа мутахассислари: “Гиёҳни бир марта истеъмол қилган кимса, руҳий ҳолатини, яъни кайфиятини кўтариб, бош мияни ишдан чиқаради. Тез-тез истеъмол қилса, унга ўрганиб қолади ва гиёҳларсиз яшолмайдиган бўлиб қолади”, деб таъкидлайдилар.

Гиёҳларни доимий истеъмол қилиб, касалликка чалинган беморларга гиёҳванд дейилади. Улар ҳаётнинг барча лаззатидан айрилади, инсоний қиёфасини йўқотади, эслаш қобилияти, руҳий ҳолати, фикрлаш системаси ва ақл-идроки пасайиб бутунлай издан чиқади. Уларда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳаё-уят ва хулқ-одоб каби инсоний хислатларнинг зарраси ҳам қолмайди. Улар ота-онаси, оиласи, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи ҳамда Она Ватани олдидаги вазифаси, бурч ва мажбуриятларини унутадилар. Қисқа қилиб айтганда, маънавий ҳаётдан узилиб, инсон суратида қоладилар, холос.

Муқаддас динимиз инсонни ўз-ўзини ҳалок қилиш, жонига қасд қилиш, саломатлигига зарарли нарсаларни истеъмол қилиш каби ишлардан қайтаради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

“…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз)  билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”(Бақара, 195).

Гиёҳвандлик нафақат инсоннинг жонига балки моли, оиласи, қариндошлари, яқинлари ва жамиятнинг барча аъзоларига зарар келтиради. Жамият тараққиётини маълум миқдорда орқага тортади. Жамият тинчлигига раҳна солади. Статистик маълумотларга қараганда қотилликларнинг, безориликларнинг катта қисми гиёҳвандлар томонидан амалга оширилар экан. Бир гиёҳванд бир йил мобайнида беш нафар соғлом ўсмир-ёшларни йўлдан уриб, гиёҳвандлик домига тортаркан.

Бу ҳақида Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда зарар келтириш йўқ. Ким мусулмонга (моли, жони, матосига ноҳақдан) зарар келтирса, Аллоҳ таоло унинг ўзига зарар етказиб қўяди. Ким мусулмон билан зулм қилиб тортишса, Аллоҳ таоло уни машаққатга солиб қўяди” (Имом Ҳоким ривояти).

Мутахассислар гиёҳвандликка сабаб қилиб, қуйидаги баъзи омилларни айтишади:

– оилавий келишмовчиликлар, зиддиятлар, етишмовчиликлар;

– барча нарсанинг таъмини билиш, синаб кўриш учун интилиш;

– зўриқишнинг олдини олиш ва бўшашиш мақсадида;

– ҳаёт қийинчиликлари ва зерикиш;

– жоҳиллик, ақлсизлик оқибати;

– кайфичоғлик қилиш истаги;

– атрофдагиларга тақлид қилиш ва ҳоказо.

Гиёҳвандликнинг сабаблари жуда кўп. Тегишли муассасалар, ташкилотларнинг ўзи билангина уларнинг олдини олиш мушкул иш. Шунинг учун бу иллатга қарши жамиятнинг ҳар бир аъзоси бирдек курашса, натижага эришиш мумкин. Жамиятдаги ҳар бир шахс аввал ўзини, сўнгра қўл остидагиларни, оиласини, фарзандларини бу жирканч балодан сақлашга уринса, халқ бу иллатдан халос бўлади. Фарзандларга таълим-тарбия берилса, ҳунар ўргатилса, уларни меҳр-оқибатли, ҳурмат-иззатли, одобли қилиб тарбия қилинса, уларнинг бўш вақтларини фойдали ишлар билан банд қилинса, лўнда қилиб айтганда, юксак маънавият соҳиби қилиб етиштирилганда бу иллатдан қутулиш, фориғ бўлиш мумкин. Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги буюк неъматлигини ҳис этиб, ушбу зарарли иллат айни кўрнамаклик эканлигини англаб етсак, бу касалликдан халос бўламиз.

Тошкент Ислом институти

талабаси Соатов Мансур

Top