muslim.uz

muslim.uz

— Уйда “Ёсин” сурасини ўқиса, бунинг назри бор, дейишади. Шунинг учун уни ҳар ким ҳам уйда ўқийвермас экан. Назрини бермаса, бирор фалокат бўлармиш... Шу гаплар ростми?

— Ҳар бир мусулмон уйида Қуръонни доим ўқиб юришга ҳаракат қилмоғи лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйларингизни қабрга айлантирманглар. “Бақара” сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди”, деганлар.

Бу ҳадисда “Бақара” сураси мисолида уйда Қуръонни кўп-кўп ўқиб туришга тарғиб этиляпти. Аллоҳнинг Каломини ўқиш эмас, ўқимаслик фалокатдир. Саволдаги “Уйда “Ёсин” сурасини ўқиса, бунинг назри бор”, деган гап асоссиз ва мутлақо хато гапдир.

 

Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов

الثلاثاء, 13 أيلول/سبتمبر 2022 00:00

Хушхабар: «Ат-таъарруф…» китоби чоп этилди

Энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами арафасида Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Калободий раҳматуллоҳи алайҳнинг “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳлининг йўли билан танишув”) номли китоби ўзбек тилида чоп этилди. 

Китоб — инсониятнинг яқин дўсти, маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз ва мўътабар ҳисоблайди. Айниқса, Ислом таълимоти, хусусан, тасаввуф ҳақидаги китобларга бугун талаб ҳар қачонгидан ошган. Чунки халқимиз руҳий тарбияга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу маънода Тошкент вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Зокиржон Ҳидоятов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек Раупов масъул муҳаррирлигида нашр этилган “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” китоби ўқувчилар учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Калободий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу асарини ёзишдан олдин тасаввуф аҳлининг китобларини ўқиб, улар билан яшаб, кейин асар таълифига киришган. Аллома тасаввуфга ёт ғоялар киришининг олдини олиш ва тасаввуф аҳлининг соф таълимотини оммага тақдим қилиш мақсадида ушбу китобни ёзган. Шу боис ушбу асарни ўқиган олимлар: «Агар “Таъарруф” китоби бўлмаганида, биз тасаввуфни билмаган бўлар эдик», деб асарга юксак баҳо беришган.

Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно инсон камолот сари интилади.

 “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” китоби барча муштарийларга манзур бўлади, деган умиддамиз. Аллоҳ таоло ушбу асарни барча мўмин-мусулмонларга манфаатли қилсин.

 

Жасур домла Раупов,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

الثلاثاء, 13 أيلول/سبتمبر 2022 00:00

Сафар ойида тўй қилиб бўлмайдими? (видео)

Зикриё домла Бобораҳимов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази мутахассиси

Кеча, 12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ислом маърифати ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган Бобохоновлар сулоласи меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш” мавзусида илмий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази етакчи илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиласи, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Мухлиса Зиёвуддин қизи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Диний идора ходимлари иштирок этди.

Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Маърифий учрашув аввалида Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожи йўлида беқиёс хизматлар қилганлари ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг Мухлиса Зиёвуддин қизи Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари, диний идора асосчилари, марҳум муфтийлар – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар фаолияти шўролар давлатида қалтис бир даврда минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлиб, бу муҳим ва масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлари, Собиқ иттифоқ даврида диний уламолар тақибга учраб, турли тазйиқларга қолган дамларда ҳам у зотлар ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олишга эришганлари ҳақида гапириб берди.

Тадбир давомида Муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан бири Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда Ислом олий маъҳадининг очилиши, бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрлагани, мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида таниқли дин арбобларининг борлиги, Муфтий Бобохоновлар халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берганлари, бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлсалар, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатганлари, Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, диний алоқалар кенгайгани таъкидланди.

Маънавий-маърифий тадбир давомида кейинги йилларда ҳукуматимиз кўмагида Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳақида ҳужжатли фильм, кўрсатув, китоб, оммабоп рисола ва туркум мақолалар чоп этилиб, уларнинг динимиз, юртимиз равнақи йўлида қилган ишларини кенг оммаган тарғиб қилинаётгани, бу эса у зотларнинг ёрқин хотирасига ҳурмат-эҳтиром ва уларнинг хайрли амаллари доим эл ёдида эканлиги қайд этилди.

Тадбир сўнгида Иброҳимжон домла Иномов муҳтарам меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғаларини топширди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top