Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: «Ат-таъарруф…» китоби чоп этилди

Энг улуғ, энг азиз айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами арафасида Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Калободий раҳматуллоҳи алайҳнинг “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳлининг йўли билан танишув”) номли китоби ўзбек тилида чоп этилди. 

Китоб — инсониятнинг яқин дўсти, маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз ва мўътабар ҳисоблайди. Айниқса, Ислом таълимоти, хусусан, тасаввуф ҳақидаги китобларга бугун талаб ҳар қачонгидан ошган. Чунки халқимиз руҳий тарбияга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу маънода Тошкент вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Зокиржон Ҳидоятов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек Раупов масъул муҳаррирлигида нашр этилган “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” китоби ўқувчилар учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу Исҳоқ Калободий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу асарини ёзишдан олдин тасаввуф аҳлининг китобларини ўқиб, улар билан яшаб, кейин асар таълифига киришган. Аллома тасаввуфга ёт ғоялар киришининг олдини олиш ва тасаввуф аҳлининг соф таълимотини оммага тақдим қилиш мақсадида ушбу китобни ёзган. Шу боис ушбу асарни ўқиган олимлар: «Агар “Таъарруф” китоби бўлмаганида, биз тасаввуфни билмаган бўлар эдик», деб асарга юксак баҳо беришган.

Китоб – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтирувчи муҳим манбаа ҳисобланади. Китоб ўқиган инсон мулоҳазали, билимли бўлиб, юксак тафаккури ила бошқалардан ўзининг дунёқараши ва фикрлаши билан ажралиб туради. Китоб билан ошно инсон камолот сари интилади.

 “ат-Таъарруф ли мазҳаби аҳлит-тасаввуф” китоби барча муштарийларга манзур бўлади, деган умиддамиз. Аллоҳ таоло ушбу асарни барча мўмин-мусулмонларга манфаатли қилсин.

 

Жасур домла Раупов,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 879 times

Янгиликлар

Top