muslim.uz
Организмни зўриқтириб қўйманг — Рамазон ойида тўғри овқатланиш бўйича йўриқнома
Ойларнинг шоҳи Рамазонга ҳам етишдик. Сўнгги йилларда яшаш тарзимиз, таомланишимиз анча ривожланиб, ўзгариб қолгани рост. Бундай шароитда инсон организмида зўриқишлар келиб чиқмаслиги учун нималар қилиш керак?
Диетолог ва соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси, блогер Рашид Усмонов ўз тажрибалари ва кузатишларидан келиб чиқиб, рўза тутиш мобайнида соғлиққа ножўя таъсир кўрсатувчи айрим хатолар, хусусан, нотўғри овқатланиш ҳақида гапириб берди. У айниқса пандемия даврида яшаётганимиз учун аҳамият беришимиз лозим бўлган муҳим жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтган.
Рамазон ойига тайёргарлик
Парҳезшунослар организмни ҳар қандай очлик ва парҳезга тайёрлагани каби, аслида, Рамазонгача ҳам нафл рўза тутиб, парҳез қилиб, соғлигимизни тиклаб, тайёргарлик кўриб олиш керак.
Рамазон рўзасини тутишдан икки-уч кун аввал ошқозонда кислотавийликни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз, айниқса, тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар «эртадан рўза», дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида уларнинг қийналишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейилишини кутади, иштаҳа очилиб, шунга тайёр туради.
Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак. Оч юришга чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизнинг ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир. Ишончнинг кучлилиги эса фарз амални Аллоҳнинг розилиги учун бажариш кераклигини англаб, ниятни тўғри қилишга боғлиқ.
Саҳарлик
Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб илиқ сувга имкон бўлса бир чой қошиқ асал аралаштириб ичиб олиб, кейин саҳарликка тайёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмайди ва ноқулайликлардан қутуламиз.
Саҳарликда асосий ичимлик сув бўлиши лозим.
Энди эса саҳарлик қилиш учун уч хил энг фойдали маҳсулотларни келтириб ўтамиз.
- Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, мастава ва шу кабилар.
- Сут маҳсулотларидан энг аввало ширчой, ундан ташқари, творог, қатиқ, сметана маҳсулотлари билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.
- Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, майиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.
Юқоридаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан, алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида ўзимизни яхши ҳис қилишимизга замин яратади.
Қандай маҳсулотларни истеъмол қилишдан тийилиш керак?
Қуйидаги маҳсулотлар кун давомида чанқаб қолишимизга — ичган сувимиз танани тезроқ тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:
- ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
- меъёридан ортиқ аччиқ чой;
- дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо);
- шўр маҳсулотлар;
- тузлама маҳсулотлари;
- кофе ва кофеинга бой маҳсулотлар;
- шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш;
- барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
- лавр (дафна) япроғи, наъматак меваси каби пешоб ҳайдовчи дамламалар.
Иммунитетни ошириш йўллари
Соғлом одам рўза тутиши унинг иммунитетини туширмайди, аксинча кўтаради. Агар ҳолсизлик, камқонлик ва бошқа касаллигингиз бўлса — албатта, шифокорингиз маслаҳати билан йўл тутишингиз мақсадга мувофиқдир.
Ифторликдан саҳарликкача овқатланишингизга қараб қуйидаги маҳсулотлардан бирини қўшиб истеъмол қилсангиз, иммунитетингиз ошишига жуда яхши фойда қилади:
- Ошқовоқ уруғи бир ош қошиқ нонушта билан бирга.
- Зайтун ёғи бир ош қошиқ кечқурун ётишдан олдин.
- Седана (сиёҳдона) ёғи бир ош қошиқ кечқурун овқатдан сўнг.
- Асал бир ош қошиқ эрталаб сувга қўшиб.
- Оқ каррак уруғи (расторопша) 10 дона ифторликдан олдин ёки сўнг.
- Араб хурмоси 4 дона саҳарлик ва ифторликда.
- Жийда 10 дона саҳарликда.
- Бразилия ёнғоғи 1 дона саҳарликда.
- Имбирли чой саҳарлик ва ифторликда.
- Долчинли чой саҳарлик ва ифторликда.
- Малинали чой саҳарлик ва ифторликда.
- Наъматак дамламаси ифторликда.
- Заъфарон дамламаси ҳафтада икки марта.
Юқоридаги маҳсулотлар пандемия шароитида сизга мустаҳкам иммунитетни юқори маромда ушлаб туришда яхшигина ёрдам беради ва соғлигингизга ҳам фойдали.
Кун давомида
«Рўзадорман, куни бўйи ҳаракат қилсам оч қоламан, ҳаракатдан қолиб ҳолсизланаман», деб асло ўйламанг. Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади.
Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса секин-аста юракнинг кам уриши ва организмнинг шунга кўникиб қолишига, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади, бу эса ибодатларимизга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Саҳарликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиб олиш, ифторликдан кейин эса таровеҳ намозларида қойим бўлиш тавсия қилинади.
Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи оч қоринда ухлашга шароити борлар бу уйқуни камида иккига кўпайтириб, ҳисоб-китобини олиб бориши керак. Яъни кундузги 1,5–2 соатлик уйқу тунги 4–5 соатнинг ўрнини босади. Бунга сабаб — ошқозонимиз тоза ҳолатда бўлишидир. Кўпроқ пешиндан кейин ухлаб олиш тавсия қилинади.
Қуёш нури гарчи ўз иссиғи билан қийнаса-да, лекин бизни чиниқтириб, ҳозирда организмимиз учун муҳим бўлган D витаминига тўйинтиради, тана қурилишимизни мустаҳкамлайди. Ҳар куни эрталабки 15–20 дақиқа сайр билан, қуёш нурида чиниқиб олиш керак.
Ифторлик
Бу пайтга келиб, ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради. Шу сабабли инсоннинг таъм сезиш органлари каррасига яхши ишлайди.
Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 миллилитргача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз, ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан кейин овқатланишимиз мумкин. Бу худди автоуловни ҳайдаш учун қиздириб тайёрлашдек, ошқозонимизни овқат ҳазм қилишга шай қилади.
Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиниши керак. Айниқса, ҳозирги ҳолатда суюқ овқат ва барра салатлар қонимизни суюлтиришини, аксинча, қуюқ овқатлар қуюқ қон ҳосил қилишини унутмаслигимиз лозим.
Мисол учун:
- Жўжахўроздан шўрва (бир ёшга тўлмаган хўроз)
- Қўзи гўштидан шўрва (олти ойгача бўлган қўй боласи - қўзи)
- Улоқ шўрва (уч-олти ойгача эчки боласи)
- Сабзавотли димлама (карам, шолғом, саримсоқ, ошқовоқ, сабзи ва ҳоказо)
- Карам шўрва
- Мошхўрда
- Мастава
Албатта озғинлар, қони суюқ кишилар тансиқ таомлардан истеъмол қилиши мумкин.
Кечаси ётишдан бир соат олдин, бирор нима тамадди қилмасдан ухлай олмаслик одати бўлса, қатиқ, олма ва бошқа тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб ухлаши мумкин.
Зарарли одатлар
Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиб, бўкиб олиш ўта нотўғри. Бу — ёмон одат: ошқозонда муаммолар келтириб чиқариши билан бирга, аксинча, кун давомида оч ва чанқаб юришингизга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб, сувдан тўйиб ичиб олишса, шунинг ўзи кун давомида енгил юришларига етарли бўлиши билан биргаликда очликдан қалтираш каби муаммолардан сақлайди.
Саҳарликда яхши овқатланиб туриб шартта чўзилиб ётиш жуда зарарли. Бу ҳолат ошқозон - ичаклар иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Камида саҳарликдан 2 соат ўтказиб, кейин ухлаш тавсия этилади.
Оғиз очганда яхдек ичимлик билан чанқоқни босиш ҳам зарарли одат. Кун давомида ошқозон ва ички аъзолар ўзини ўзи даволаш билан банд бўлади ва ички ҳарорат иссиқ турган пайтда муздек ичимлик ичиш — бу худди иссиқ ҳароратдаги шиша идишга салқин ичимликни қуйиб, синдириб қўйишдек гап. Бу нақафат рўзанинг шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда еган овқатимизнинг тез ҳазм бўлишига ҳам тўсқинлик қилади.
Ифторлик вақти кирганда жуда ҳам кўп сув ичиш одати ҳам иштаҳани бўғиб қўяди. Натижада, яхши овқатланолмай қоласиз ёки мажбуран овқатланиш натижасида эрталабгача ошқозон дамлаб, еган нарсангиз ҳазм бўлмасдан қийналиб юрасиз.
Овқат пайти ширинликлар, торт, шоколад, газланган ичимликлар қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Булар бирга аралашса, ҳазм жараёнини секинлаштириб, бизни қийнаб қўяди. Шунингдек, нотабиий ширинликлар ва шакарли маҳсулотлар кун давомида очлик ҳиссини келтириб чиқаришини унутманг.
Охирги пайтларда эшитиб қоламиз, саҳарлик ва ифторликда овқат базмлари етмаганидек, яна ярим тунда дўстлар даврасида йиғилиб ўтириш, Рамазоний кечаларда одатий кунлардан кўпроқ таомланиб олиш ҳақида. Лекин бу танамизга ҳам, руҳиятимизга ҳам зиён қилувчи одатлардан ҳисобланади.
Рўзанинг янада шифобахш бўлишини ва Рамазонда тетик юришни истасангиз, албатта, фақат табиий егуликлар ва ичимликлар билан таомланишни тавсия қиламан. Фақат табиий! Табиий маҳсулотларни тўғри танлашнинг энг содда йўли — ҳар бир маҳсулотни ейишдан олдин, ўзингизга савол беришдир.
Масалан: «Шу маҳсулотни 100 йил олдин ота-боболаримиз истеъмол қилганми? 100 йил олдин бор эдими шу егулик?»
«Йўқ, боболаримиз емаган, у даврда йўқ эди бу таом», деган жавоб келса, албатта, шу нарсани емайсиз ёки ичмайсиз.
Овқатланишда ҳар хил турдаги маҳсулотларни қўшиб истеъмол қилмасликка эътибор қаратиш лозим.
Яна бир зарарли одат — кондиционерни жуда ҳам салқин қилиб олиш ҳисобланади: шамоллаб қолиш мумкин. Қолаверса, иссиқ ҳавода чиниқишнинг ўзи инсон организми учун кони фойдадир.
Хулоса
Юқоридаги маслаҳатлар асосан ўзимнинг тажрибаларимдан келиб чиқиб ёзилди, албатта, кун давомида сабр қилиб юргандан сўнг кечқурунги айрим чекловларга риоя қилиш осон иш эмас. Бу ҳам сабр талаб қиладиган иш, агарда сабр билан юқоридагиларга риоя қилинса, албатта, рўзамизнинг шифобахшлилик хусусияти янада кўпроқ бўлади.
Шуни унутмангки, эски замонларда боболаримизнинг музлаткичлари тўла бўлмаган, улар биз тузатадиган дастурхонларни тузаб ифторлик қилишмаган, уларнинг дастурхонлари фақат табиий ичимликлар ва ҳеч қандай кимёвий қўшимчалар қўшилмаган маҳсулотларга бой бўлган. Боз устига, улар қуёш нурида чиниқиб, тоза ҳаводан нафас олишга ҳаракат қилишган. Албатта, улар рўзадан биздан-да кўпроқ шифо топишган. Шу сабабдан аввалги табиий яшаш тарзига мослаштириб кун кечиришимиз керак.
Рамазон рўзасини тутишни бошлагандан 2–5-кун ўтиб айримларда бош оғриғи кузатилади. Табиблар бунга сабаб қилиб танадан зарарли токсинларнинг тарк этишини кўрсатишган. Яна қандайдир касаллигингиз бўлса, ҳолатга қараб шифокорга мурожаат қилишни унутманг.
Ҳар бир организм, мижоз, иқлим ва шароит ҳар хил, шунга қараб ўзингизга мос бўлган фойдали тадбирларни қилиб, Рамазон ойини мароқли ўтказиб олинг.
Бутун дунё тиббиёт ва табобат олимлари рўзани минг дардга даво, деб таъкидлашади. Ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муаммолар, тузлар, тошлар, қон босими ва бошқа касалликлардан бирваракайига халос бўлишни истасангиз, албатта, имкони борича юқоридаги маслаҳатларга тўлиқ риоя қилинг. Шундагина рўзани 30 кун, пайдар-пай қийналмай тутасиз, Аллоҳ ризолигига эришасиз, шифо ҳам топасиз.
Ниятимиз — фақат Аллоҳ розилиги учун бўлсин, саломатликка эътиборли бўлиш ва соғлом таомланиш эса суннатга мувофиқ тадбирлардир.
P.S. Пандемияни инобатга олиб шуни айтишим жоизки, сиз агарда салқин ичимлик ичиш ёки кондиционерли хонада ётиб қолиш натижасида организмингизни шамоллатиб қўйсангиз, сизнинг танангиз иммун тизими бор кучини шамоллашни даволашга қаратади. Оқибатда танада вирусларга курашувчанлик пасаяди. Бунақа ҳолатда олдинги зотилжам (пневмония) ҳолатлари қўзғаб қолиши ёки худо кўрсатмасин, вирус юққан тақдирда, касаллик оғир кечиши мумкин.
Рашид Усмонов,
соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси.
kun.uz
Россия масжидларида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари фотокўргазмаси ўтказилади
Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раисининг муовини Рушан ҳазрат Аббясов Москва жоме масжиди анжуманлар залида ўзбекистонлик делегация билан учрашди.
Йиғилиш аввалида Рушан Аббясов Россия Федерацияси Мусулмонлари диний бошқармаси раиси муфтий Шайх Равил Гайнутдин номидан салом етказди, муфтий жаноблари ҳам Бухородаги Мир Араб олий ислом мадрасасида таълим олганини таъкидлади.
Рушан ҳазрат Аббясов пандемиядан кейинги даврда дунёнинг босқичма-босқич жонланиши шароитида зиёрат туризми салоҳияти, айниқса, долзарблашиб бораётганини таъкидлади. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонга имом ва журналист ва блоггерларнинг зиёрат қилиш орқали зиёрат туризмини тарғиб қилиш, шунингдек, Россия масжидларида Ўзбекистоннинг маънавий диққатга сазовор жойлари ҳақида фотокўргазмалар ўтказиш имкониятини ҳам муҳокама қилдилар.
Тадбирда Ўзбекистон туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Ўткир Саидов, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси маслаҳатчиси Алишер Зиямухамедов, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ходими Ҳабибулла Солиев ҳам иштирок этди.
Шундан сўнг иштирокчилар учун Москва жоме масжидига саёҳат уюштирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мўминнинг савоб мавсуми
Ҳар бир ишнинг ўз мавсуми бор. Шу мавсумда ўша қилинмаса, кўзланга мақсад қўлдан кетади. Деҳқон баҳорда экин экиб кузда мўл-кўл ҳосил олишни қасд қилади. Тижоратчи мавсумда сотиладиган товарларни сотиб қолиб кўп даромад кўтишни мақсад қилади. Талаба пухта ўқиб-ўрганиб имтиҳонга тайёргарлик кўради. Рамазон ойи ҳам мўмин кишининг охиратга захира қиладиган мавсумидир. Бу ойда ҳар қандай солиҳ амалга зиёда-зиёда ажр берилади. Лекин бу ойда қўлга киритиладиган энг катта фойда бу рамазон рўзасидир. Чунки рўзанинг савобини мисли йўқ. Унинг савоби ва мукофотини оламлар Роббиси Ўзи беради.
عن أبي هريرة رضي الله عنه أَنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلّم قال:كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсон зотининг ҳар бир қилган солиҳ амалининг ажри зиёда қилиб берилади. Ҳар бир солиҳ амал ўн мислдан то етти юз баробаргача кўпайтириб берилади», дедилар».
عن أبي هريرة رضي الله عنه أَنَّ رسولَ الله صلى الله عليه وسلّم قال: «والذي نفسِي بيده لَخَلُوفِ فَمِ الصَّائمِ أطيبُ عند الله مِنْ رِيح المِسْك إنَّما يَذر شهوتَهُ وطعامَهُ وشرابَهُ مِنْ أَجْلي فالصيامُ لي وأنا أجزي به؛ كلُّ حسنةٍ بعشرِ أمثالها إلى سبعمائةِ ضَعف إلا الصيام فهو لي وأَنَا أجزي به»
Имом Моликни «Муватто» асарларида ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Аллоҳ азза ва жалла: У (Рўзадор) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур. Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. Ҳар бир солиҳ амалининг (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача зиёда қилинур. Фақат рўза эмас. Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман», дедилар».
Бу ривоятда ҳадиси қудсий билан ҳадиси шариф аралаш ҳолда келмоқда.
Аллоҳ таоло номидан айтилган сўзлар ҳадиси қудсий ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан айтилгани ҳадиси шарифдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган бу икки ҳадиснинг бирида ҳар бир яхши амалнинг савоби зиёда қилиниб, ўн мислдан то етти юз баробар савобгача берилиши айтилмоқда.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг «Муватто» асарларида келган ҳадисда эса рўза ажри кўпайтириб бериладиган амаллардан истисно қилиниб, унинг савоби етти юз баробар ажрга чекланмасдан балки унинг савоби ва мукофотини Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Чунки рўза Аллоҳ таоло учундир. Унга бирор бир ҳўжакўрсинлик, машҳурлик аралашмайди. Савобда тенги йўқ бўган рамазон рўзасини қўлдан бой бермайлик!
Абдулазиз Фурзулов,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
тайёрлади
Қуръон нозил бўлган ой муборак бўлсин
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين والصلاة والسلام على أشرف المرسلين
وعلى آله وأصحابه أجمعين وبعد
“Сизларга рўза тутиш фарз қилинди” деб марҳамат қилган, раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш Рамазонга соғ-саломат етказган ва рўзадорлардан бўлишимизга тавфиқ ато этган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
“Рўзадорнинг икки қувончи бор, биринчиси рўзасини очгандаги қувончи, иккинчиси эса Роббисининг ҳузурига боргандагиси”, деган башоратни умматларига етказган Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!
Қалбимизни сурур-у қувончга тўлдириб, ўн бир ой интиқиб, муштоқ бўлиб кутган ойимиз, ойларнинг саййиди ва султони Рамазони шариф кириб келди. Барчамиз учун энг муборак, энг баракотли ва энг севимли ой ташриф буюрди.
Рамазон ойи Роббимизнинг даъватига лаббай деб бандаликни изҳор қилишимиз, синовдан ўтишимиз ва энг муҳими Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишимиз учун энг қулай имкониятдир.
Рамазон ойи жуда ғанимат ойдир. Шунинг учун, унинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишга интилайлик, бир зум ҳам ғафлатда қолмайлик! Хабарингиз бор, ўтган йили бошимизга келган оғир синов сабабли минг афсуски Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд бўла олмадик. Бир йиллик жисму руҳимизга шифо ва куч-қувват бўлувчи таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтидан мосуво бўлдик. Ҳайит намозларидан, ҳайит кунларидаги ўзгача кўтаринки кайфият, хурсандчиликдан, яқинларимиз билан дийдор кўришишдан узилдик.... Ҳа, чиндан ҳам неъматнинг қадри у завол топганда, қўлдан бой берилганда билинар экан. Аммо бу синовлар сабабли Аллоҳнинг бизга беминнат берган сон-саноқсиз неъматларини янада теранроқ англаб етдик.
Рамазон бир ойлик меҳмон бўлса-да, бу ой жуда баракотлидир. Бу муборак ойда санаб адоғига етиб бўлмас фазилатлар, дуолар қабул бўладиган вақтлар, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга восита бўлувчи таровеҳ намозлари ва минг кечадан афзал бўлган Қадр кечаси бордир.
Муҳтарам биродарлар, бу ой – Қуръони карим нозил бўлган ойдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
﴿شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ﴾
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир” (Бақара, 185).
Шу сабаб, улуғ зотлар Рамазон ойи кириши билан барча ишларини қўйиб, фақат Қуръон тиловати билан машғул бўлар эдилар. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи кирганда ҳадис илми билан шуғулланишдан узилиб, фақат Қуръон тиловати билан машғул бўлардилар.
Шундай экан, биз ҳам кўпроқ Қуръон ўқиб, хатмлар қилайлик, Қуръон билан янада яқиндан ошно бўлайлик, оиламизда Қуръон оятларининг тафсирларини мутолаа қилиб, мазмун-маъноларини тадаббур этайлик, Қуръонда зикр этилган гўзал хулқлар билан хулқланишга интилайлик. Қуръон ўқилган жойга Аллоҳнинг раҳматлари ёғилишини сиз яхши биласиз биродарим.
Ҳурматли диндошим, Рамазон ойининг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд бўлиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилайлик, бу ойнинг яхшиликларидан бебаҳра қолмайлик. Эҳтимол бу сиз, биз учун охирги Рамазонимиздир.... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!” деганлар (Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).
Яқинларимиз, бир-биримизнинг, бутун мусулмонларнинг ҳаққига кўпроқ дуо қилайлик. Севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бор”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳим барча мусулмонларга ушбу ойни Ўзинг буюрганингдек ўтказишларига куч-қувват, тавфиқ ато этгин!
Аллоҳим, барчамизни қиёмат куни жаннатнинг “Райён” номли эшигидан кириш бахтига муяссар қилгин.
Аллоҳим халқимизни, жонажон Ватанимизни турли бало-офат, мусибату кулфатлардан сақлагин. Ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини таъминлагин. Берган барча неъматларинг учун Ўзингга беҳисоб шукроналар айтамиз. Неъматларингни бардавом қилиб бергин, барчамизни ҳидоятингда собитқадам қилгин.
Рамазон ойингиз муборак бўлсин!
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу.....
Даврон НУРМУҲАММАД
Муборак ойлар муборак бўлсин!
Барча юртдошларимизни ҳам самимий муборакбод этиб, Яратган Меҳрибон Парвардигоримиздан муборак ойларнинг файзу илоҳий, хайру баракотларидан халқимизни баҳраманд этишлигини Меҳрибон Парвардигоримиздан сўраб қоламиз...
Аллоҳ Таборака ва Таоло Ўзининг буюк иродаси ва чексиз ҳикмати тақозосига кўра, Ўзи яратган махлуқотларини фазл ва устунликда бир-биридан фарқли ва тафовут қиладиган қилиб яратган. Баъзи маконларни бошқасидан, айрим замонларни ўзгасидан ортиқ ва афзал қилиб қўйган. Бу ҳам бўлса, Худои Таолонинг биз бандаларига марҳаматли зот эканлигидандир! Аллоҳ Таоло кунлар орасидан баъзиларини танлаб олиб, уларни эзгулик мавсумлари, тоат ва ибодат кунлари, қурбат ҳосил қилиш вақтлари қилиб белгилади. Булар йил мобайнида ҳадя тариқасида берилган кунлардир! Булар – Парвардигори олам Аллоҳ Таоло томонидан бандаларга ато этилган раҳмат шаббодаларидир! Ким уларга эътибор бериб, яхшиликларидан баҳраманд бўлиб қолса, ўша икки дунёда ҳам ҳақиқий бахтиёр кишидир!
Жумладан, Аллоҳ Таборака ва Таоло муборак Рамазон ойини бошқа барча ойлардан олий ва муфаззал қилди. Уни кўплаб буюк фазилатлар ва улуғ имтиёзлар билан хослади. Масалан, исломнинг беш асосий ва фазилати улуғ, буюк рукнларидан бири бўлган рўза ибодати айнан шу ойда амалга оширилади, динимизнинг энг мўътабар манбаси Қуръони карим ҳам муборак Рамазон ойида нозил қилинган. Бу ҳақида Аллоҳ Таборака ва Таоло Бақара сурасининг 185 ояти каримасида шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир. Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди”.
Демак, ушбу ойнинг энг улуғ фазилати бу ойда рўза тутиш орқали Аллоҳ Таолога қурбат ҳосил қилинар экан. Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою-ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда ва тинч-осойишта ҳаёт ҳукм суради.
Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Аҳмадлардай буюк зотлар Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган Ҳадиси қудсийда Аллоҳ Таоло: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, – деб марҳамат қилган. Аллоҳ таоло барча солиҳ, хайрли, савобли, яхши ва чиройли амаллар ичидан фақатгина рўзани Ўзи учун танлагани бу ибодатнинг нечоғлик улуғ эканлигига далолат қилади.
Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлари ҳам бу ойда тутилган рўзанинг ажри, Худои Таоло томонидан бериладиган савоби ва унинг аҳамияти нақадар улуғлигини англатади.
Жаноб Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, – дедилар.
Худои Таборака ва Таоло ҳеч бир нарсани беҳикмат яратмаган... Одам боласи тўққиз деганда мукаммал инсон бўлиб дунёга келади.
Ислом динимизнинг бош манбаи, инсониятнинг Қиёматгача ҳаёт дастури – Қуръони карим – Рамазон ойида нозил бўлган. Шу сабаб ҳам Рамазон – Қуръон ойидир! Қуръон карим билан рўза ойи орасидаги мустаҳкам алоқа ва боғлиқликни муборак Рамазоннинг илк куни кириши биланоқ ҳар бир мусулмон киши ўз қалбининг туб-тубидан ҳис этади. Ва ўта кучли муҳаббат ва катта қизиқиш билан Аллоҳ Таолонинг улуғ Китобини мутолаа қилишга киришади. Унинг оятлари борасида тафаккур юритади, Унда келтирилган қиссалару хабарлардан ибрат олади. Масжидлар намозхонлар ва Қуръон тиловат қилувчилар билан тўлиб кетади. Дунёдаги бор масжидларда Қуръони карим хатми бошланади. Юртимизда ҳам, айниқса таровеҳларда, Қуръон хатмига алоҳида аҳамият берилади. Ва бу ҳолат бутун оламга муборак Рамазон ойи Қуръон ойи эканлигини баралла эълон қилади.
Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим муборак Рамазон ойининг муборак Қадр кечасида Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра, йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга индирилган.
Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда Қуръонни Жаброил алайҳиссалом назоратларидан тўлиқ ўтказиб олар эдилар. Бу улуғ фаришта билан биргаликда Қуръони каримни дарс қилардилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан икки марта ўтказиб олганлар.
Ўтган улуғ зотларимиз ҳам бу муборак ойда Қуръони карим учун алоҳида эътибор ва вақт ажратганлар. Фақиҳ олимлар ҳам бу ойда илм билан шуғулланишни бутунлай йиғиштириб ёки камайтириб, Қуръон мутолаасига иқбол этганлар. Манбаларда келишича, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу Қуръони каримни ҳар куни ўқиб туширар эдилар. Бошқа баъзилар Қуръони карим қироатини уч кунда ниҳоясига етказар эдилар. Яна бирлари бир ҳафтада хатм қилсалар, бошқалар ўн кунда ўқиб битирар эдилар. Қатода раҳимаҳуллоҳ Қуръонни доимо ҳар етти кунда хатм қилсалар, муборак Рамазон келганда ҳар уч кунда ўқиб туширар, охирги ўн кунлик кирганда эса ҳар кечада хатм қилардилар. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ муборак Рамазон ойида Қуръони каримни олтмиш марта хатм қилардилар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ Рамазон ойи кирганда ҳадис илми ва уламолар билан бўлган илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига юзланар эдилар.
Шундай экан, биз ҳам бу ғанимат ой давомида хатми Қуръонга ошно, тиловатини эшитувчи бўлсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Муборак Рамазон ойи қадимдан ўзаро меҳр-оқибат, кўмак ва ёрдам ойи ҳисобланиб келган. Мууборак Рамазони шариф ҳар бир эзгу амал учун савоблар бир неча баробар кўпайтириб бериладиган ой эканлиги боис ҳар бир мўмин-мусулмон банда бу фурсатлардан фойдаланишга ҳаракат қилади, муҳтож кишиларга қўлидан келганча кўмак беради. Бу ойнинг баракасидан ҳар бир уй баҳраманд бўлиб, мўминлар қалбига хурсандлик ва шодлик кирсин учун одамлар алоҳида Рамазонга хос хайру эҳсонлари билан бир қаторда закотларини ҳам шу ойда берадилар.
Салмон Форсий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди... Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади... Бу – кўмак ва ёрдам ойидир! Бу ойда мўминниг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди”.
Шунга биноан, ҳар биримиз аввало аҳли оиламизга, сўнг яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз орасидаги эҳтиёжманд кишиларга саховат кўрсатсак, фазилати янада улуғ бўлади.
Аллоҳ Таборака ва Таолонинг фаришталарининг энг улуғлари Жаброил алайхиссалом айтадилар:
"Агар Аллоҳ менга дарё, денгиз, океанларда қанча сув борлигини санаб кел, деса, санаб кела оламан.
Агар саҳрою, чўлларда қанча тупроқ зарраси борлигини билиб кел, деса, билиб кела оламан.
Агар дунёдаги ҳамма ўсимлик ва дарахтлардаги баргларини сонини санашни буйирса, уддасидан чиқаман...
Лекин Муҳаммад саллаллоху алайҳи васалламнинг рўзадор умматларига бериладиган савобини санай олмадим!"
Бизнинг жонажон диёримизда ҳар йили муборак Рамазон ойи муносабати билан уни муносиб ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг махсус қарорлари чиқади. Жойларда ушбу қарорнинг ижроси юзасидан қатор амалий ишлар қилинади. Жумладан, тв ва радио орқали юртдошларимизга бу муборак ва улуг ойнинг фазилатлари ҳақида кенг маълумотлар берилиши, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиниши, саховатпеша халқимиз ҳам яхшилик қилишга бел боғлаб, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳам шу жумласидандир.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари