muslim.uz

muslim.uz

Буюк Британиялик Аиша Розали Туркияга сафаридан сўнг ислом динини қабул қилиб, актрисалик фаолиятига нуқта қўйди. Qalampir.uz бу ҳақда Анадолу ахборот агентлигига таяниб хабар бермоқда.

Истанбулга саёҳатидан кейин ислом динини қабул қилган Аиша Розали аслида Буюк Британияда, атеист оилада туғилган. Унинг энг катта орзуси актриса ёки режиссёр бўлиш эди, чунки талабалик давридан бошлаб у кинематография соҳасида ишлаган

Розали кўплаб фильмларда роль ижро этган, бир қатор сценарийлар ёзган ва ҳатто, фильмга режиссёрлик қилган. У Лос-Анжелесда таълим олган ва бир мунча вақт АҚШда яшаган. 22 ёшида Розали Туркияда келган ва бу унинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлган. Истанбулда қўрқувига қарамай, Султон Аҳмад масжидига боришга қарор қилган. Ғарбнинг исломга қарши ташвиқоти туфайли у масжидда қўпол муомала қилинишидан қўрқарди. Бироқ у дуч келган муҳит қизда чуқур таассурот қолдирди.

“Мен Туркияга дин излаб келганим йўқ. Googleда Истанбулда кўриш мумкин бўлган диққатга сазовор жойларни қидирганимда, Султон Аҳмад масжидини топдим. Уни кўздан кечирмоқчи бўлдим. Бироқ мени қўрқув босди: тўсатдан улар менга бақириб, ғазабланишса-чи? Менда мусулмонлар ҳақида ёмон тасаввур бор эди, чунки улар ҳақида фақат оммавий ахборот воситаларидан ўқиганман. Шунга қарамай, барибир у ерга боришга қарор қилдим. Масжидга кирганимда одамлар жамоат намозини ўқиб бўлишган экан. Атрофда ибодат қилаётганлар бор эди. Намоз ўқиётганларни томоша қилдим ва масжид ичидаги гўзаллик ва тинчликдан ҳайратландим. Ҳеч ким менга бақирмади, ҳеч ким менга зарар бермади, мен шунчаки ҳайратда қолдим”, – дейди у.

Розалининг айтишича, шундан кейин у исломни жиддий ўрганишни бошлаган, сўнгра Британияда мусулмон бўлишга қарор қилган. Қиз актриса бўлиш орзусидан воз кечди. Энди 24 ёшни қаршилаган Розали ўзининг YouTube каналида кузатувчиларига ислом дини ҳақида маълумот бериб бормоқда.

"Одамларга ёрдам беришни, уларни динга яқинлаштиришни хоҳлайман. Мен исломни қабул қилган одамлар ҳақида ҳикоя қиламан. Мен одамларга ёрдам бермоқчиман, бу менинг ягона мақсадим. Муваффақиятли бўлишга умид қиламан”, дейди Аиша Розали.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الإثنين, 12 نيسان/أبريل 2021 00:00

ТАРОВИҲ НАМОЗИ ҚАНДАЙ АДО ЭТИЛАДИ?

Бугун, 12 апрел душанба куни Таровеҳ намозини ӯқиш бошланади.


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Таровиҳ – истироҳат маъносидаги "тарвиҳа" сўзининг кўплигидир. Тўрт ракат ўқиб, ортидан дам олингани учун бу намоз шундай номланган.
Рамазон ойи фазилатларга бойдир. Унинг фазилатларидан бири ой давомида хуфтон намозидан кейин таровеҳ намози ўқишдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози ҳақида шундай деганлар:
"إِنَّ اللهَ فَرَضَ صِيَامَ رَمَضَانَ وَسَنَنْتُ لَكُمْ قِيَامَهُ فَمَنْ صَامَهُ وَقَامَهُ إِيْمَاناً وَاحْتِسَابًا خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ" (رواه الإِمامُ النسائى عن عَبْدِ الرَّحْمَنِ ابن عوف، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).
яъни: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимки имон ва ишонч билан, савоб умидида рўза тутса ва кечалари қоим турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок бўлади” (Имом Насоий ривоятлари).
Рамазоннинг кечаларида қоим бўлиш, деганда таровиҳ намозини адо этиш тушунилади. Демак, ихлос билан савоб умидида Рамазон рўзасини тутиб, таровиҳ намозларини ўқисак, Рамазон ойи тугаши билан онадан туғилган боладек гуноҳлардан фориғ бўламиз, иншааллоҳ.
Таровеҳ намозини ўқиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам таъкидланган суннатдир. Таровиҳни ёлғиз ўқиш мумкин, лекин жамоат бўлиб ўқилса, жамоатга ваъда қилинган ажру савобга эришилади. Икки киши ҳам жамоат ҳисобланади. Қанча жамоат кўп бўлса шунча савоби ҳам кўп бўлади.
Таровиҳ намозига азон ва такбир айтилмайди.
Таровиҳнинг ракатлари: Таровеҳ йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади. Тўрт ракатдан ўқиш ҳам жоиз. Ҳар тўрт ракат ўқилгандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиладиган муддатча дам олиш мустаҳаб. Ушбу истироҳат пайтида тасбиҳ, таҳлил айтиш афзал. Бизнинг юртимизда қуйидагича тасбиҳни уч марта айтиш одат бўлган: Субҳаана зил мулки вал малакут. Субҳаана зил ъиззати вал ъазомати вал қудроти вал кибрияяяи вал жабарут. Субҳаанал маликил ҳаййиллази лаа янааму валаа ямуут. Суббуҳун қуддусун роббунаа ва роббул малааикати варруҳ. Лаа илааҳа иллаллоҳу настағфируллоҳ, насалукал жанната ва наъузу бика минан-наар.
Ушбу тасбиҳни бир киши ўқийди, қолганлар қулоқ солади. Тасбиҳни ёд олгунга қадар китобдан ўқиса ҳам бўлади. Юқоридаги тасбеҳнинг ўрнига киши ўзи билган дуоларини ўқиши ёки жим туриши ҳам мумкин.
Таровиҳнинг вақти – Хуфтон ва унинг суннатидан кейин бошланиб тонг отгунгачадир. Таровиҳни витрдан олдин ўқиш афзал. Витрдан кейин ўқиса ҳам жоиз. Ёлғиз намоз ўқигувчи киши Рамазонда ҳам витрни ёлғиз ўқиши мумкин.
Таровиҳнинг нияти – “Икки ракат таровеҳ намозини ўқишни ният қилдим, юзимни қиблага қаратдим, холисан лиллаҳи таоло Аллоҳу акбар”. Агар имомга иқтидо қиладиган бўлса, ниятга “ушбу имомга иқтидо қилдим” деган жумлани қўшади.
Таровиҳда қироат – Рамазон ойида Таровеҳ намози ўқиш давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Қуръони каримни тўла ёд олмаган киши ҳар ракатда “Фотиҳа” сурасидан сўнг ўзи яхши билган сурани ўқиши мумкин, ҳатто “Фотиҳа” сурасидан бошқа фақат битта сурани билган киши Таровиҳнинг ҳар ракатида шу сурани зам сура қилиши мумкин.
Таровиҳ намозини жамоат бўлиб ўқилса, имом овоз чиқариб қироат қилади. Унга иқтидо қилганлар қироат қилмасдан тинглаб туради. Таровиҳни ёлғиз ўқувчи эркак кишилар эса ихтиёрли, хоҳласа овоз чиқариб, хоҳласа овозсиз қироат қилади.
Витр намозини фақат Рамазон ойида жамоат бўлиб ўқилади. Бунда имом витрнинг ҳар уч ракатида жаҳрий қироат қилади. Қунут дуосини имом ҳам, муқтадийлар ҳам ичларида ўқийдилар (“Ал-Фатовол ҳиндийя” ва “Фатҳу бобил иноя” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Бугун соат 15:30 да ижоза соҳиби Алижон қори Файзулла Махдум ўғли томонидан видеотасмага ёзилган 30 порали Қуръони карим тиловатининг онлайн тақдимоти muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўтказилади. Унда ушбу хайрли иш ҳақида батафсил маълумотлар берилади.
Тақдимотда Алижон қори Файзулла Махдум ўғли ва бошқа нуфузли меҳмонлар иштирок этади.

Ҳурматли Қуръон шайдолари, muslim.uz портали жамоаси моҳи Рамазон муносабати билан мухлис халқимизнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда ижоза соҳиби Алижон қори Файзулла Махдум ўғлининг Қуръони каримнинг 30 жуз тиловатини ҳар куни саҳарлик чоғида Тошкент вақти билан эрталабки соат 04:00 дан бошлаб, бир порадан намойиш этишни режа қилинган.

Мана шундай ҳузурбахш кунларда Аллоҳ таолонинг каломи тиловатини қуйидаги линклар орқали томоша қилинг! Бу файзли онларни яқинларингиз ва аҳли оилангизга ҳам тортиқ этинг!

Аллоҳ таоло ушбу лойиҳамизни муборак қилсин!

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Тадбирда Навоий меросини ўрганиш бўйича дунёнинг етакчи адабиётшунослари, олимлари, илмий тадқиқотчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистондан таниқли навоийшунос олимлар, тадқиқотчилар, филологлар ва Алишер Навоий ижоди билимдонлари қатнашди. Улар ўз чиқишларида улуғ шоир шеърий ва насрий асарларида инсонпарварлик, маърифат, тинчликсеварлик каби юксак умуминсоний ғояларни куйлагани, ўзбек тилининг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганини таъкидлади.

Анжуманда Ўзбекистон президенти номидан афғон халқига совға сифатида чоп этилган Алишер Навоийнинг «Хамса» асари тақдим этилди. Уни давлатимиз раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев топширди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари Ҳиротга амалий ташрифи давомида буюк шоир мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, Алишер Навоий қабрига гуллар қўйилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Рамазон ойига ўзгача шукуҳ, сурур бағишлайдиган, фақатгина бу ойга хос бўлган ибодат таровеҳ намозидир. Аммо минг афсуски ўтган йили бошимизга келган оғир синов сабабли бир йиллик жисму руҳимизга шифо ва куч-қувват бўлувчи таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўлиш бахтидан мосуво бўлгандик.

Алҳамдулиллаҳ, бугундан юртимизнинг барча масжидларида таровеҳ намози, Қуръон хатмлари бошланади. Ўтган йиллардан бери соғинганимиз –таровеҳ намозларида Қуръони каримга сомеъ бўламиз. Рамазон кечаларида қоим бўлиш – улуғ ибодат бўлиб, Аллоҳ таоло тақводор бандаларини сифатлар экан, уларнинг кечаларини ибодат билан ўтказишларини алоҳида зикр қилади: “(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар” (Зориёт сураси, 15—19 оятлар).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло суюкли бандаларини бундай тавсиф қилади: “Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир” (Фурқон сураси, 64-оят).

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон (кечалари)да имон билан (Аллоҳ таолонинг унга савоб бериш ваъдасини тасдиқлаган ҳолда) ва савоб умидида (риё ва унга ўхшаш нарса учун эмас, фақат ажрни талаб қилиб намоз ўқиган ҳолда) турса олдинги ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Албатта Аллоҳ таоло сизларга Рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Бас, кимки имон ва ихлос билан унда рўза тутса ва қоим бўлса, гуноҳларидан онаси уни туғган кундагидек пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).

Рамазон ойининг ғанимат лаҳзаларининг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланишга интилайлик, бир зум ҳам ғафлатда қолмайлик! Аллоҳ таоло таровеҳ намозларимизни, тунги қиёмларимизни Ўз даргоҳида қабул қилсин, Рамазонни ажру савоблар ила манфаатли якунлашимизни насиб этсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Top