muslim.uz
Ражаб ойи — тинчлик ойи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ражаб ойи Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар берган тўрт ҳаром ойнинг биттасидир. Бу ойларда қабилалар ўртасида уруш, йўлтўсарлик, қон тўкиш каби тажовузкорлик қилиш ман этилади — ҳаром қилинади.
Бу қоида жоҳилият даврида ҳам мавжуд эди, Ислом келгандан сўнг ҳам ўз кучида қолди ва Қуръони Карим ояти ва Суннат билан қувватланди.
Бу ойлардан учтаси: Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам кетма-кет ойлар, биттаси — Ражаб ойи эса алоҳидадир. Бунинг ҳикмати шуки, Зулҳижжа ойи Ҳаж ойидир. Аллоҳнинг Каъбасини ҳаж қилиш вақтида тинчлик сақланиши умумий халқаро қоида эди. Ҳаж ойининг аввалидаги Зулқаъда ва кейинги Муҳаррам ойларининг ҳаром ой деб саналиши ҳам Ҳаж амали билан боғлиқдир. Бу нарса Зулқаъда ойида ҳожилар соғ-саломат Маккага етиб келишлари, Муҳаррам ойида эса ҳожилар ўз ватанларига соғ-саломат етиб олишлари учун кафолатдир.
Ражаб ойининг алоҳида ҳолда ҳаром ойлардан бири деб саналиши эса Аллоҳнинг Каъбасига Умра зиёрати билан келувчиларга имкон яратган.
Ражаб ойининг рўзаси бошқа ойларда тутиладиган нафл рўзалардан афзаллиги йўқдир. Фақат бу ойнинг ҳаром ойлардан бири эканлиги унинг фазилатларидир.
Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: «Ражаб ойининг фазилатига, унда тутилган рўзанинг фазилатига, бу ойнинг муайян кечасида қоим бўлиб, фалон ракат намоз ўқишнинг фазилатига далолат қилувчи бирорта саҳиҳ ҳадис ворид бўлмаган» (Фиқҳус сунна, 1-ж. 453-с.).
Демак, «Бу ойнинг фалон фазилати бор, унда рўза тутилса, ундоқ бўлади, бундоқ бўлади, мана бу кечада фалон ракат намоз ўқилиши керак, ухламай бедор бўлиш керак, фақат ушбу мазмундаги дуоларнигина ўқиш керак», деган гаплар асоссиз бўлиб, бирор ояти карима ёки Пайғамбар ҳадислари билан ўз тасдиғини топмаган. Бироқ Аллоҳнинг ойларидан бири деб, одатдаги ибодатлар, нафл намоз ва нафл рўзаларни тутиш, Аллоҳнинг ҳузурига илтижо қилиб, истаган дуоларини ўқиш фойдадан холи эмасдир.
Ҳаром ойни асос қилиб қўйишига келсак, буни уруш ҳаром қилинган ойлар – Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларини яхшилик асоси қилиб қўйилиши деб тушуниш керак. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар таққа-тақ тўхтаган. Арзимаган нарса учун ўн йиллаб уруш қиладиган баджаҳл араб қабилалари ҳам бу ойлар кириши билан ўзларини тия олар эдилар. Ўғил отасининг қотилини кўриб қолса ҳам, унга бу ойларда бир оғиз сўз айтмас эди.
Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой деб эълон қилиш бутун дунё тинчлигини кўзлаб қўйилган ажойиб асос эди.
Аллоҳ таоло мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини Қуръони Каримда шундай баён этади.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (Моида сураси, 2-оят).
Оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир.
«Ҳижрий-қамарий тақвим» асосида тайёрланди
islom.uz
Миссионерлик – сиёсий найрангдир!
Диёримизда 130 дан ортиқ миллат ва элат тинч-тотув, ўзаро ҳурмат-эҳтиром билан яшаб келмоқда. Аммо диний қадриятларни эркинлигидан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар ҳам бор.
Миссионер сўзи лотин тилидаги “mission” сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифасини бажарувчи” деган маънони билдиради. “World Book” (Жаҳон китоби) энциклопедиясида эса “Миссионер – бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган киши”, деган фикр қайд этилган. Бу маълумотлардан келиб чиқиб хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Насронийлик (христианлик)да турли секталар борлиги бутун дунёда катта муаммога айланган. Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг охирларида ривожланган мамлакатларда мазкур диннинг 1500 дан 5000 гача турли йўналишлари бўлган. Лекин аҳоли уларни қабул қилмаганликлари учун кўп йўналишлари йўқолиб ҳозирда айрим мамлакатларида 170 га яқин секта ва уларнинг 800 та шахобчаси мавжуд экан.
Аслида Христиан динида Православлик (русча-чин эътиқод) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.
Католиклик (юнонча-бутун жаҳон) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.
Протестантлик (лотинча-норози бўлиш, келишмаслик) ўрта асрларда католикликдан ажралиб ташкил топгач, унинг ўзида турли оқимлар кўпайди.
Баъзи кишилар секталар ва уларга даъват қилаётган “Миссионер”ларнинг нима зарари бор, дейишлари мумкин. Шу жиҳатга эътибор бериш лозим.
Биринчидан, миссионерлик билан маълум бир дин кириб келади. У билан бирга ўзгача дунё қараш, урф – одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама – қаршиликларни вужудга келтиради.
Иккинчидан, “даъват”лари билан бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз диндошларига яхши муносабату, бошқа диндагиларга ёмон муносабат пайдо бўлади. Бу эса оила, қавм – қариндошчилик ҳамда жамият бирдамлигига салбий таъсир кўрсатиб, одамларнинг оиласида, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам можаролар бўлишига олиб келади.
Учинчидан, миссионерларни макрига тушиб уларнинг ъзоларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида қабиҳ ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб эгалари ўз муаммолари билан кишиларни машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан аҳолини чалғитишни мақсад қилиб қўйган.
Миссионерлар мамлакатимизга тил, компьютер ўргатиш, турли – туман ўқув марказлари ёки ҳар хил хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлари қиёфасида кириб келишга интилади.
Санаб ўтилган омилларнинг ўзиёқ бундай секталар ва уларнинг даъватчилари жамият ва давлатга катта хавф ва зарар келтираётганини маълум қилади.
Миссионерлар ўз даъватларида ўз дини билан уларнинг дини ўртасидаги ўхшашликларга тўхталади. Масалан, Исо пайғамбар Исломда ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, дейди. Сўнг Исо алайҳиссаломнинг буюклиги, Қуръоннинг бир нечта оятларида зикр этилганлигини айтиб, Инжилдаги мисоллар билан бойитади. Бундан ташқари миссионерлар ўзларини китобларида айрим Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлади. Бу ҳолатни ўзбек тилида чоп қилинган китобларда ҳам кузатиш мумкин. Миссионерларни бу қилмишлари икки юзламачи эканликларини кўрсатади.
Қуръоннинг бир – неча оятини хақ деб билишса, нега исломни қабул қилишмайди ёки унга ҳужум қилишдан ўзларини тийишмайди? Ҳолбуки улар Қуръонни инкор этадилар. Унда нега Қуръонга суянадилар, деган савол туғилади. Ва бунга жавоб битта – бу уларнинг қилмишлари макрдан бошқа нарса эмаслиги, яъни зоҳирий амаллари билан асл мақсадлари бир эмаслигига далолатдир.
Уларнинг харакатлари тагида эртанги кунга мўлжалланган катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган? Мамлакатимизнинг асосий аҳолиси ислом динига мансуб бўлиб, деярли 1500 йилдан бери аждодларимиз мусулмон бўлиб келган. Бугунги авлод ҳам бутун ҳаёти давомида шу динга эътиқод қилади. Урф – одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш, мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш – мана улар кўзлаган асл мақсад! Секта даъватчиларнинг ортларида турганлар уларни маблағ билан таъминлаш, бу диёрларни маданий ва маънавий истило қилиш ва ўзлари мустаҳкам ўрнашиб олиш учун ўз макрларига илинганлардан фойдаланади.
Бунга тарих ва тажриба гувоҳ. Миссионерлар айрим ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтирадилар. Натижада у ерларда халқ орасида нотинчликлар пайдо бўлади. Ҳомийлар уларни қўллаб-қувватлашади, оқибатда мамлакатни парчалашгача олиб боради. Бунга мисол: Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини “христиан”лаштиргандан кейин бу ўлкаларда тўполонлар пайдо бўлди, бутун ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олди.
Миссионерларнинг макрига тушиб қолиш осон, аммо улардан халос бўлиш ниҳоятда қийин. Бугунги ғоялар кураши даврида доимо ҳушёр бўлиш замоннинг талабидир. Шунинг учун ҳар бир ота-она, мураббий, хусусан имом хатиблар қолаверса, ватанга муҳаббати бўлган фуқаро ҳам энг аввало ўзи, сўнг фарзанди ва ёшларни миссионерларни макри ва найрангидан огоҳ қилиб, уларнинг зарарли оқибатларидан сақлаши лозимдир.
Мураббий ёш авлодга тарбия бераётганида миссионерларнинг даъватини қабул қилган мусулмон кофирга айланиб қолишлигини алоҳида тушунтириши шартдир. Бундан ташқари ёшларни миссионерларнинг арзимаган ёрдамларига, жумладан ишлатилган либослар ва муддати ўтган дорилар ҳамда бўтқа ва супдан иборат бўлган егуликларга имонини сотмасликни тушунтириш керак. Акс ҳолда, Аллоҳ сақласин, имонини сотган киши ватанини ҳам сотади.
Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлни топишга сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсаларидан яхши эканлигини эсдан чиқармайлик.
Аминжон Исмоилов,
Сирдарё тумани бош имоми
Қуръонни жамлаш ва нашр қилиш тарихи
Қуръони каримни жамланиш тарихида китобат – ёзиб қолдириш ўзига хос ўрин тутган. Оятларни ёзиб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврлариданоқ бошланган, котиб саҳобалар ҳар бир оятни нозил бўлиши билан кечиктирмай ёзиб олишга катта эътибор беришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга бандалар сўзи аралашиб қолмаслиги учун Қуръондан бошқа нарсани ёзиб олмасликни буюрганлар.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида эса тарқоқ саҳифалардаги оятлар бир бутун ҳолга – Мусҳаф шаклида ёзиб қолдирилган. Бу жамлашда бош котиблик вазифасида бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу фақат оғзаки тиловат билан кифоянмадилар, балки, эшитган ҳар бир оятларни мавжуд битикларга солиштириб, оғзаки тиловат ёзувдаги билан мос келиб, тасдиғини топса, Мусҳафга қўшардилар. Бу ҳолат ҳам Мусҳаф тарихида ёзишни нечоғли юқори аҳамият касб этишини кўрсатади.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида ёзиб, катта шаҳарлара тарқатилган Мусҳафлар эса, кейинги авлод хаттотлари учун Мусҳафлар кўчириб тарқатишларига асосий манбаа бўлиб хизмат қилди. Ўша замонларда Мусҳафлар қўл меҳнати билан кўчирилган
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг набиралари Али Зайнулобидин айтадилар: “Мусҳафлар варағи кетма-кет (бир-бирига боғланган, уланган) бўлмас эди, кимда Мусҳаф бўлса масжид минбарини олдига келиб, “Ким хоҳласа мендан кўчириб олсин” дер эди. Хоҳловчилар келиб ундан бир саҳифа, бир саҳифа қилиб Мусҳафни охиригача кўчириб олишар эди” (Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 182-саҳифа).
Абу Ҳакима ал-Абидий айтадилар: “Мен Куфа шаҳрида хаттотлар билан биргаликда Мусҳафни кўчирар эдим. Кунлардан бирида Али розияллоҳу анҳу биз кўчирган нусхалардан бирини кўрдилар ва бизнинг ёзгани хатимиз у зотни жуда ажаблантирди, шунда “Аллоҳ нурлантирган нарсани (Мусҳафни) мана шундай нурлатаверинглар”, бошқа бир ривоятда “Аллоҳ таоло бунга (Мусҳафга) нур бергани каби сизлар ҳам нурлантиринглар” дедилар” (Канзул уммол 10/536 саҳифа).
Исломнинг дастлабки асрларидаги ҳолат шундай бўлган. Ўша замонларда нашр қилиш имконияти бўлмагани учун кимга Мусҳаф керак бўлса, хат саводи борлар ўзи кўчириб оларди, хат саводи бўлмаганлар хаттотларга илтимос қилиб, баъзан ҳақ тўлаш эвазига кўчиртириб олар эди. Хаттотлар имон-эътиқодининг мустаҳкамлиги, Қуръони каримга бўлган ҳурмат-эҳтироми ва асосийси, Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятини ҳис қилиб, омонатдорлик билан ўз касбига ёндашуви натижасида Мусҳафлар бехато кўчирилар, камдан-кам ҳолларда йўл қуйилган камчиликлар Қуръонни ёд олган ҳофизлар тарафидан ўз вақтида тўғриланарди ҳам. Айрим моҳир хаттотлар умри давомида юзлаб нусхалар кўчириб, эхтиёжига ярашасини сотар, қолганларини илм давраларига, масжид ва толиби илмларга вақф қилиб тарқатар эди.
Нашр қилиш дастгоҳи ихтиро қилингач, китоб нашр қилиш жабҳасида мисли кўрилмаган ютукққа эришилди. Дастлаб нашр дастгоҳлари Германияда 1431 мелодий санада ишлаб чиқилди. Йиллар давомида бу ускуналарнинг салоҳияти ва имкониятлари кенгайди, дастлаб Италия, сўнгра Франция давлатларида ишлатиладиган бўлди. Кейинчалик мусулмон мамлакатларига ҳам тарқалди. Жумладан, Ҳалаб шаҳрида 1698 йилда, Ливанда 1733 йилда сурён тилида, кейинчалик араб тилига ихтисослашган, Байрутда 1753 йилда “Қудайс” номли нашриёт фаолияти жорий қилинди. Мисрга франциялик ҳарбий қўмондон Бонапарт 1798 йилда ўзи билан нашр дастгоҳини олиб кириши натижасида Қоҳирадаги “Аҳлийя” матбаасига асос солинган. Кейинчалик бу матбаа “Булоқ” номида фаолият олиб бориб, Ислом оламига жуда машҳур бўлган. Туркияга Султон Аҳмад III даврида кириб келган. Бироқ бу дастоҳларда диний адабиётларни нашр қилиш ўша замон Турк уламолари тарафидан рухсат берилмаган. 1141 йилдан кейин аста-секин араб адабиёти, тарихи ва луғатига оид китоблар нашр қилинган.
Нашр этиш дастгоҳида чоп этилиши билан тарихда қолган Мусҳаф 1694 йилда Германиянинг Гамбург шаҳрида Абрахам Хинкельман (Abrahmi Hinckelmanni) исмли шарқшунос олимнинг саъй-ҳаракати билан 560 саҳифада нашр қилинган (Тарихул Қуръон: Ҳафаний Носиф 112 саҳифа, Тарихул Қуръон: Муҳаммад Тоҳир Курдий 16, 186-саҳифалар. Ҳозирда Мисрнинг “Дорул кутуб ал-Мисрия” кутубхонасида (176 рақам остида) ва “Қоҳира” унверситети кутубхонасида бир нусха сақланади). Ҳар бир саҳифа 16 сатрдан иборат бўлиб, оятлар бошланиши тартиб рақами билан белгиланган.
Бундан аввал Италиядаги “Бундуқия” нашриётида ҳам 1530 йилда нашр қилинган, бироқ, ўша замон ҳукмрон бошқарув табақа вакиллари томонидан нашр ўрнида йўқотиб ташланган (Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа).
Шунга кўра, ҳозиргача сақланиб қолган Мусҳафлар орасида энг қадимийси Германиянинг Гамбург шаҳрида чоп қилингани ҳисобланади. Мусҳафнинг мазкур нусхаси бизгача сақланиб қолганлари орасида илк нашр қилингани билан аҳамиятли бўлса-да, кўплаб хато ва камчиликлардан холи эмас эди. Унда учрайдиган хатолар асосан араб тили қоидаларига мос келмаслиги ҳамда нашр дастгоҳидаги техник камчиликларга бориб тақаларди. Масалан, ёнма-ён калималарни ўрин алмашиб қолиши, нуқталарнинг оз ёки кўпайиб қолиши, ораси ажратиб ёзилиши керак бўлган икки калиманинг ораси боғланиб қолиш каби камчиликларни келтириш мумкин.
Ана шундан кейин Мусҳафлар кетма-кет нашр қилина бошланди.
Дастлабки нашр қилинган Мусҳафлар сифатида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 1787 йилда Мавло Усмон бошчилигида нашр этилган Мусҳафни, Эронда нашр қилинган иккита тошбосма нусха: бири 1828 йили Теҳронда, иккинчиси 1833 йили Табризда нашр қилинган нусхани, Қозон шаҳрида 1877 йилда босилган Мусҳафни, ҳудди шу йили Туркияда хаттот Ҳофиз Усмон қаламига мансуб нашр қилинган Мусҳафларни келтириш мумкин. Қозон шаҳрида босилган нусха аввалги Гамбург шаҳрида нашр қилинган Мусҳафга деярли ўхшаб кетса-да, унда йўл қуйилган камчиликлар олди олинган, калима ва ҳарфларда учраган техник хатолар тузатилган эди. Бироқ ҳарфлар устига қўйиладиган ҳаракатларда камчиликлар бор бўлиб, Мусҳаф сўнгидаги махсус жадвалда йўл қўйилган хатолар кўрсатиб ўтилган (Муҳаммад Тоҳир Курдий “Тарийхул хаттил арабий” китоби, 339-саҳифа, Мабоҳис фий улумил Қуръон: Субҳий Солиҳ, 99-саҳифа). Кейинчалик, Мусҳафнинг кўплаб нашриётларда чоп қилиш оммалашиб кетди. Мисрда 1890 йилда Ризвон ибн Муҳаммад Мухаллалотий бошчилигида, 1923 йилда хаттот Муҳаммад Алий Ҳусайний бошчилигида нашр қилинган.
Санаб ўтилган Мусҳафларнинг барчасида ҳарфлар Усмоний Мусҳаф асосида, ҳаракатлар эса Халил ибн Аҳмад ва имом Сибавайҳлар асос солган йўналишда бўлган.
Кейинги пайтларда тижорий нашриётларнинг кўпайиши, унда иш олиб борадиган ходимларнинг масъулиятсизлиги, беэътиборлик билан нашр қилинган бир қанча Мусҳафларда техник хатолар кўпайиб кетиш оқибатида, айрим нашриётлар Мусҳафни кўпайтириб, тарқатиш эмас, балки турли нашрларда учрайдиган хато ва камчиликлардан тозалашни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ҳозирда бундай эзгу мақсад сари фаолият олиб бораётган нашриётлар орасида энг кўзга курингани бу – Мадинаи мунавварадаги “Малик Фаҳд” нашриётидир. 1404 ҳижрий сана 20 рабиуссоний ойида Саудия Арабистони подшоҳлиги муассислигида Мусҳаф ва унга алоқадор илм аҳллари, мутахассислардан иборат ўн беш кишилик қўмита ташкил қилинган. Қўмита ҳайъат аъзолари Қуръони каримни ҳар бир калима, ҳарф ва ҳатто ҳаракатлари, тўхташ белги ва кўрсатмалари устида бош қотириб, чуқур тадқиқ қилишган, йиллар давомида Мусҳафга кириб қолган қушимчалар олиб ташланиб, хатолар тузатилган, камчилиги тўлдирилган, бундай машаққатли вазифани уддалаш мақасадида ҳайъат азолари Мусҳафни икки юз мартадан ошиқроқ ўқиб чиқишларига тўғри келган (Диросот фий улумил Қуръон. 505-саҳифа). Нашр учун тайёр ҳолига келган Мусҳафнинг кўриниши, ҳажми ва хат тури борасида ҳам муаммолар бор эди. Ислом оламига машҳур хаттотларнинг Мусҳаф устида олиб борган изланиш ва маҳоратлари илмий ўрганиб чиқилди ва бир неча қўлёзма Мусҳафлар орасидан Дамашқлик хаттот Усмон Тоҳонинг ёзув услуби танлаб олинди. Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, танзим яъни тартибга, табвиб, яъни жузларга ажратишни ҳам йўлга қўйган эди. Қуръони каримни 30 жузга бўлиб, ҳар бир жузга 20 саҳифа ажратган, Фотиҳа ва Бақара сурасининг биринчи саҳифасига чиройли шакл бериш учун икки бет, охирги жузда “Бисмиллоҳ” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифага жойлаган эди. Бундан ташқари, ҳар бир саҳифани оят билан бошлаб, оят билан якунлашга эриша олгани энг катта афзаллиги бўлган (Нуриддин Ҳошимов, “Қуръони карим ёзувчиси – Хаттот Усмон Тоҳо” мақоласидан қисқартириб олинди). Санаб ўтилган жиҳатлари билан бошқа қўлёзма нусхалардан тубдан ажралиб турган Мусҳафни янги нашр қилинмоқчи бўлган “Мадина Мусҳафи” нусхасига асос қилиб олинди ва ҳозирда дунёга тарқалган Мусҳафлар орасида энг мукаммал шаклга эга бўлди.
Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳомийлигида 1405–1425 ҳижрий йиллар оралиғида “Мадина Мусҳафи” 193 миллион тиражда босиб чиқишга эришилди ва бу дунёдаги энг кўп тираж қилинган нашр деб баҳоланмоқда.
Ҳозирда йилига 30 милион тиражда ҳар хил ҳажм ва кўринишда нашр қилиб, тарқатиб келинмоқда.
Кейинги йилларда юртимизда ҳам ҳар соҳада бўлгани каби диний соҳани ривожлантириш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бундай ислоҳотлар Мусҳафи шарифни нашр қилиш ва аҳолимиз мўъмин-мусулмонларининг Қуръони каримга бўлган эхтиёжини қоплаш жиҳатини ҳам қамраб олди.
Аллоҳ таолонинг муборак каломи — Мусҳафи шариф Ўзбекистонда нашрдан чиқиши қалбларни сурурга тўлдирган шарафли воқеалардан бири бўлди. Юртимизнинг кўзга кўринган нашриётларидан бири «Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти томонидан чоп этилган Мусҳафи шариф китобхонлар оммасига тақдим этилди.
Нашриётнинг кўп йиллик самарали фаолияти давомида Қуръони каримни қадимий анъаналарга, ўзига хос тартиб-қоидалари ва одобларига риоя қилган ҳолда, илғор технологиялар ёрдамида сифатли ва гўзал шаклда чоп этиш учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди.
«Ҳилол нашр» матбаа-нашриёти Мусҳафи шарифни нашр қилиш лойиҳаси бўйича дунёда Мусҳаф нашри бўйича етакчи матбаалардан ҳисобланган — Миср Араб Республикасидаги «Дорус-салом» нашриёти билан ҳамкорлик шартномаси тузди. Тузилган шартномага кўра, «Дорус-салом» нашриёти «Ҳилол-нашр»га Мусҳафни чоп этиш учун махсус ижозат берди ва Қуръони Карим нусхаси андозасини тақдим қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўмагида ушбу табаррук лойиҳани бажаришга киришилди.
Нашриёт имкониятидан келиб чиқиб биринчи босқичда мазкур Мусҳафнинг адади 50000 дона деб белгиланди, дастлаб шу ададдан 10000 нусха савдога чиқарилди ва 31000 сўмдан сотилди. Бундан буён ҳар икки-уч ойда ана шундай ададда Мусҳафи шарифларни халқимизга тақдим қилиб бориш кўзда тутилмоқда. Зеро, Қуръони Карим кириб борган, ўқиладиган ҳар бир хонадонга Аллоҳ таолонинг файз-баракоти ёғилиб туради. Бинобарин, Аллоҳ таолонинг каломи — Қуръони Каримнинг кўп минг нусхада босмадан чиқарилиши ва унинг самараси ўлароқ, ҳар бир мўмин-мусулмоннинг хонадонида мусҳафлар кўз қорачиғидек сақланиши жонажон Ватанимиз учун мислсиз хайр-баракадир. Қуръони бор хонадонда тарбияланган фарзандлар динига, эл-юртига, миллатига содиқ, ватанпарвар, чинакам авлод сифатида камол топади.
Абдулбоқи Турсунов тайёрлади
Толиби илмнинг ҳаётида чарчоқ ва машаққат учун ўрин йўқ
Фазилатли шайх, муҳаддис, муҳаққиқ, аллома Муҳаммад Аввома ўгитларидан:
▪️Илм йўлида сафарга чиқадиган киши худди асаларига ўхшайди. У ҳам асалари каби ҳар бир гулдан хушбўй ва мусаффо нарсаларни йиғиб олади.
▪️Илмни устозлардан олиш саҳиҳ илм калитини қўлга киритиш ҳамда талабанинг зафар қучиб, муваффақиятга эришишининг сиридир.
▪️Илм толиби қуйидаги ишларда тизгин ва бошқарувни устозига топширмоғи лозим: Илм, камолот ва одоб-ахлоқ.
▪️Илм таҳсилида яхши, солиҳ ният билан устозларни кўпайтириш мақтовга лойиқ, аммо мақтаниш ниятида бўладиган бўлса, ҳаромдир.
▪️Ҳар қандай янгилик улоқтирилмаганидек, ҳар қандай эскилик ҳам барча замонга мос келавермайди.
▪️Толиби илмнинг ҳаётида чарчоқ ва машаққат учун ўрин йўқ. Унинг луғатида у икки сўз топилмайди.
▪️Илмни чала қолдириш жоҳиллик устига жоҳилликдир.
▪️Бало ва офат кунларида бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ишнинг энг афзали- зикр ва дуода бардавом бўлишдир.
Доктор Усома Абдурраззоқ Рифоий, (Ливан) Аллома Муҳаммад Аввома ҳақларида:
«Шайхнинг ҳаётдаги тарбиявий йўналишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир» деган ҳадисларига мувофиқ келади. Бу инсон амаллар илмга мувофиқ бўлишини, ўрганилган билимлар асосида амал қилиш лозимлигини ўргатади.
У зотнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари шу қадар кучлики, бу муҳаббат у кишининг атрофларидаги инсонларга ҳам беихтиёр «юқиб» қолади. Бу хокисор, камтар инсон барчага ибратдир. Бу самимий инсоннинг ўз шогирдларига ҳам меҳр-муҳаббати, эҳтироми жуда кучлидир».
Манба: islom.uz
arabic.uz
Ҳиндистонда Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиш этилди
Аграда Ҳиндистоннинг хорижий мамлакатлар билан тарихий-маданий алоқалари, уларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган онлайн-форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси маълумотига кўра, икки кун давом этган анжуманда Германия, Россия, БАА, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа мамлакатларнинг олим ва тадқиқотчилари, дипломатик ваколатхоналари вакиллари маърузалари билан иштирок этди.
Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов онлайн-тадбирда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий-маданий алоқалар, уларнинг бугунги ҳолати ва мавжуд имкониятлар хусусида сўзлаб берди.
Қатнашчиларга Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган 2021 йилда Хива шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро анжуманини ўтказиш ташаббуси бўйича батафсил маълумот берилди. Марказий Осиё минтақасининг бой илмий-маданий меросини тадқиқ қилишга халқаро илмий-академик доираларнинг қизиқишини ошириш, қолаверса минтақа туризм салоҳиятини кенг тарғиб этишда мазкур халқаро форумнинг муҳим аҳамияти эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати