muslim.uz
Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и
Республикада туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–6155-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун харажатларнинг бир қисмини қайтариш тартиби жорий қилинаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита):
а) “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда:
бир ой муддатда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш;
2021 йил 1 апрелга қадар Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўрсин;
б) Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун харажатларнинг бир қисмини қайтариш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган авиарейсларни ва темир йўл қатновларини, шунингдек, Тошкент шаҳридан Бухоро, Нукус, Термиз ва Урганч шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсига қатнов йўналишлари бўйича авиарейсларни субсидиялаш назарда тутилсин;
в) туроператорлар билан биргаликда субсидиялаш механизмини қўллаган ҳолда бошқа авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.
3. Қўмита, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қуйидаги имтиёз ва преференциялар муддатларини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
а) туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш;
б) камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар
учун Ўзбекистон Республикасида тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш;
в) туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар бўйича:
юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;
улар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгилаш.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасидаги йирик моддий маданий мерос объектларида ички туризм оқимларини шакллантириш режаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида туристлар оқимини шакллантириш ва улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 2-иловага мувофиқ;
Хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикасининг зиёрат туризми салоҳиятини манзилли тарғиб қилиш чора-тадбирлари режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади;
ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган “оилавий саёҳат таътили” тизими жорий қилинади. Бунда, “оилавий саёҳат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади;
2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади. Бунда, туристик (меҳмонхона) йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади;
хорижий авиакомпанияларнинг Индонезия, Бангладеш ва Малайзия мамлакатларидан хорижий туристларнинг Ўзбекистон Республикасига саёҳатларини ташкил этишга қаратилган ҳамда “Умра+” дастури доирасидаги Ўзбекистон Республикасига авиапарвозлари, қўниш ва учиш хавфсизлиги қоидаларидан ташқари, тўсқинликсиз амалга оширилади;
республиканинг туризм намойиши объектларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни бой табиий, маданий ва тарихий мерос объектлари билан таништириш ҳамда ички туризмни оммалаштиришга қаратилган (тижорат мақсадларни кўзламаган) ахборот маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборотга тенглаштирилади.
6. 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн Қироллиги, Қатар Давлати, Қувайт Давлати, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгилансин.
7. Транспорт-логистика масалаларини тезкор кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Комиссияга қуйидаги ваколатлар берилсин:
хорижий ва маҳаллий авиакомпанияларнинг туризм ва инвестиция йўналишларида авиапарвозларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини амалга ошириш чоғида юзага келадиган низоларни музокаралар ўтказиш йўли билан тезкорлик билан ҳал этиш;
авиапарвозларга рухсат олиш тизимини соддалаштириш, лоукостерларни жалб этиш, парвозлар географиясини “боғлаш” принципи орқали кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш;
“Очиқ осмон” режими жорий этилган барча аэропортларга янги авиа йўналишлар очиш бўйича хорижий компанияларни жалб этиш,
уларнинг лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш;
аэропортларда қуруқликда хизмат кўрсатиш (ground handling) соҳасини такомиллаштириш, белгиланган нархларни қайта кўриб чиқиш ва мақбуллаштириш орқали инвестицияларни жалб қилиш;
ҳудудлараро йўналишли автотранспорт қатновларини кенгайтириш, янги қатновларни ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни тезкор ҳал қилиш чораларини кўриш;
темир йўл транспорти, шу жумладан темир йўл вагонлари
ва контейнерлар орқали ташиш тизимига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш тартибини такомиллаштириш, бу йўналишдаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш.
8. Белгилансинки:
ҳар йили 1 июлга қадар Қўмита томонидан шакллантириладиган рўйхатга асосан туризм намойиши объектларига олиб борадиган йўллар қуриш ва таъмирлаш учун мақсадли давлат дастурларига киритилади;
2021 йил 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар
ва жойлаштириш воситаларига нисбатан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллаш тўхтатилади.
9. Қўмита, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси
икки ой муддатда туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш ишларини олиб бориш, маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ҳамда ободонлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 триллион сўм миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан тенг улушларда ажратишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Қашқадарё ҳудудида туризмни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан, истисно тариқасида, 200 миллиард сўм ажратиш ва ушбу маблағлар йўналтириладиган мақсадлар назарда тутилсин.
10. Қўмита раисининг амалдаги ўринбосарлари сони доирасида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича раис ўринбосари лавозими жорий этилсин.
Қўмита ташкилий тузилмасида 2021 йилда режали қисқартирилиши кутилаётган штат бирликлари ҳисобидан 9 та штат бирлигидан иборат Зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти ташкил этилсин.
11. Белгилансинки, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ташқи ишлар вазирлигининг масъул шахслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ички туризм оқимини ташкил қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаган тақдирда, уларга Қўмита таклифига мувофиқ мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда эса, белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилади.
12. Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов):
бир ой муддатда ички туризм оқимини ташкил қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб қилишга оид 2021 йил бўйича асосий прогноз кўрсаткичларини ҳамда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқласин;
ҳар ой якуни бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Транспорт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда мазкур Фармонга 1 ва 3-иловалардаги объектларга олиб борувчи йўналишли автотранспорт қатнови тизими йўлга қўйилишини, шунингдек, ҳудуддаги аҳолининг бошқа ҳудудга саёҳат қилиши учун транспорт қатновлари ташкил қилинишини таъминласин.
13. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда зиёрат туризми йўналишида тўғри тарғиботни йўлга қўйиш ва зиёрат объектлари ҳақида илмий асосланган маълумотларни тақдим этиш мақсадида, Зиёрат туризмини ривожлантиришни мувофиқлаштириш кенгаши ва унинг фаолиятини ташкил этиш юзасидан Ҳукумат қарорини қабул қилсин.
14. Қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб “Ипак йўли” туризм халқаро университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро ва Термиз давлат университетларида “зиёрат туризми”, “транспорт логистикаси” ва “ижодий саноат” (creative industry) магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
15. Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2021 йил 1 августга қадар қадимий ипак қоғози хомашё захирасини шакллантириш манбаи сифатида Имом Бухорий мажмуаси атрофидаги 64 гектар ер майдонида тут плантацияси ва Самарқанд ипак қоғозини ишлаб чиқариш бўйича “Ипакчилик шаҳарчаси” туристик мажмуасини ташкил этишни таъминласин.
16. Қўмита Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда уч ой муддатда буюк аллома ва уламоларимиз, айниқса, Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду, пушту ва бошқа хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини, хорижий мамлакатларда унинг мухбирлари фаолият олиб боришини назарда тутган ҳолда ташкил этиш ва уни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
17. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги ва Қўмита билан биргаликда икки ой муддатда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
18. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини
акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
19. Бухоро вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
20. Қуйидагиларга:
Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдухакимов зиммасига – ички туризмни оммалаштириш ва зиёрат туризмини ривожлантириш, Дастур доирасида вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган ишларнинг ўз вақтида ижро этилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиш;
ташқи ишлар вазири А.А.Камилов зиммасига – хорижий мамлакатларда республиканинг туризм салоҳиятини тизимли тарғиб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш чораларини мувофиқлаштириш;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари зиммасига – ушбу Фармонга 3-иловада белгиланган хорижий мамлакатларда зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, улардан республикага авиарейсларни ташкил қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Т.Ахмедов зиммасига – ушбу Фармонга 1 ва 3-иловаларда белгиланган туризм намойиши объектларидаги масъул раҳбар ва ходимларнинг хизмат ва сервис соҳасидаги билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш;
транспорт вазири вазифасини бажарувчи И.Р.Махкамов зиммасига – ушбу Фармонга 1 ва 3-иловаларда белгиланган туризм намойиши объектларига янги транспорт алоқаларини ўрнатиш, маҳаллий ва халқаро авиарейслар географиясини кенгайтириш ва ўз вақтида ташкил қилиш ҳамда “Очиқ осмон” режими жорий этилган барча аэропортларга янги авиа йўналишлар очиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – ушбу Фармонга
1 ва 3-иловаларда белгиланган туризм намойиши объектларида зарур инфратузилмани ўз вақтида барпо этиш ва ички туризм оқимини ташкил қилишга оид 2021 йил бўйича асосий прогноз кўрсаткичларини бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.
21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини тушунтириш юзасидан оммавий ахборот воситаларида мақолалар ва тематик кўрсатувларни ташкил этсин.
22. Молия вазирлиги Қўмита билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармоннинг 3-бандида белгиланган солиқ имтиёзлари муддатларини узайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
23. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
12 сентябрдаги “Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисида”ги ПФ–5819-сон Фармони 2021 йил 1 мартдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
26. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 9 февраль
Навоийни ёд этиб
Буюк шоир ва мутафаккир аллома Алишер Навоийнинг бебаҳо илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихи ривожида алоҳида ўрин тутади. Аллома ўзининг асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Шу кунларда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан жойларда Навоий ижодини янада кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида адабий-бадиий анжуманлар, илмий-амалий конференциялар ва навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 8 февраль куни Ҳадис илми мактабида ҳам буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Мазкур тадбир икки қисмда бўлиб ўтди. Дастлаб Олий мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талабалар учун “Навоий ижодини англаб” мавзусидаги илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Илмий мажлисга навоийшунос олимлардан Самарқанд давлат университети “Мумтоз адабиёт тарихи” кафедраси доцентлари С.Тохиров, А.Раззоқов ҳамда мазкур университет магистранти А.Собиров иштирок этди.
Тадбир аввалида мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлади.
Шундан сўнг маърузачилар С.Тохиров, А.Раззоқов Алишер Навоий ижодида комил инсон ғояси, илоҳий ишқ васфи, хайру-саховат ва эзгулик каби ўлмас умуминсоний қадриятларнинг ёритилиши тўғрисида маърузалар қилди.
Албатта, Навоийхонлик кечаларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда ташриф буюрган магистрант А.Собиров Навоий асарлардан ғазаллар ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзусида илмий маъруза қилди.
Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Алишер Навоийни хотирлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Самарқанддаги Малака ошириш маркази минтақавий филиалида малака ошираётган имом хатиблар ҳамда мактаб ўқитувчи ва талабалар учун эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбир якунида хатми Қуръон ўқилиб, диёримизда ўтган барча алломалар, хусусан, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларини ёд этиб дуои хайр қилинди.
Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан лавҳалар: Умар ибн Абдулазизнинг одоби (Аудио)
ИМОМ МОТУРИДИЙ АДАШМАГАН
Кейинги вақтларда “Мотуридийлар, Ашъарийлар адашган” қабилидаги ижтимоий тармоқларда турли хил маърузалар кўпайиб қолган. Жумладан, яқинда Абдуллоҳ Зуфар номли шахснинг “Аллоҳ қаерда? Мотуридий ва Ашъарийлар” мвзусидаги суҳбатини тингладим. Бу каби маърузаларни эшитган сари, айтаётган гаплари ҳеч бир илмий асосга эга эмаслигини тушуниб борарканман, кўплаб саволлар қийнай бошлайди. Нима учун етарлича диний илмга эга бўлмаган, саводсиз бир кимсалар мужтаҳид имомларнинг йўлларини хато деб айтмоқдалар? Уларнинг мақсадлари нима? Нима учун ўн асрдан зиёд вақтдан буён бир жамоа бўлиб, “Ҳидоят имоми” дея ўзлари ном берган имомга эргашиб келаётган мусулмонларни ва алломаларни энди улар адашган демоқда? Улар наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳ таоло умматимни ҳеч қачон залолат устида жамламайди” (Имом Ҳоким ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган), деган ҳадисларидан кўр-кўрона кўз юмадилар? Ваҳоланки, бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг 92,5 фоизи Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидадир. Яъни, Мотуридий, Ашъарий йўналишида амал қилиб келмоқда. Агар бу мазҳаб хато йўналишда бўлса эди, Аллоҳ таоло унинг умрини узоқ ва унга эргашувчилар сафини бунчалик кўп қилиб қўймаган бўлар эди-ку?
Шунингдек, бизнинг диёрларимизда сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш Мотуридийлик ақидавий йўналиши кенг ёйилган. Бу йўналиш асосчиси бизнинг юртдошимиз Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик йўналиши асосчиси “Имом ал-ҳудо” (“Ҳидоят йўли имоми”), “Имом ал-мутакаллимин”, (“Мутакаллимлар имоми”) номлари билан улуғланган Абу Мансур Мотуридийдир.
Имом Мотуридийга Ислом уламолари турли хил илмий унвонларни берганлар. Масалан, “Имомул ҳудаа” (ҳидоятга бошловчи имом), “Аламул ҳудаа” (ҳидоят маёғи), “Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн” (мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчи киши), “Раису Аҳлис суннаҳ” (Аҳли сунна вал жамоа раиси) ва бошқалар.
Бу сифатлар ва унвонлар у кишининг ўз издошлари қалбидан чуқур жой олганини, суннатга ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш йўлида салмоқли натижаларга эришганини кўрсатади.
Имом Мотуридий Аҳли сунна вал жамоа ақидасини шарҳлаш ва ёритиб беришда муҳим рол ўйнаган атоқли исломий шахсиятлардан бири ҳисобланади.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ тафсир, ақида ва фиқҳ фанларига оид бир қанча китоблар ёзиб, улкан илмий мерос қолдирганлар. Масалан, Қуръони карим тафсирига доир “Таъвилоту аҳлис-сунна” китобини ёзганлар. Ҳижрий етти юз етмиш бешинчи йилда вафот этган имом Абдул Қодир Қураший бу китобга: “У тафсир бобида ҳеч қандай асар унга тенг келолмайдиган бир китобдир. Ҳатто бу фан соҳасида ундан олдингилар ёзиб кетган асарлар ҳам унга яқин келолмайди”, деб таъриф берган.
Имом Кафавий Имом Мотуридийнинг таржимаи ҳоли ҳақида шундай дейди: “Мутакаллимларнинг имоми, мусулмонларнинг ақидаларини ҳар хил бидъат ва хурофотлардан тозаловчиси бўлган бу кишига Аллоҳ таоло тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўйиш билан мадад берган эди. Шунинг учун ҳам у тўғри динни ҳимоя қилишга бел боғлаб улкан асарлар битди. Ботил ақидалар соҳибларининг сўзларига раддиялар берди”.
Имом Маҳмуд Зоҳид Кавсарий айтадилар:
“Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийлар машриқу ва мағрибда Аҳли суннат ва жамоат имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор”.
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ турли ботил ақидавий фирқалар кўпайганда у киши саҳобалар, тобеъинлар ва замондошлари: таба тобеъинларнинг соғлом ақидаларини жамлаб, шарҳладилар ва Аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилдилар.
Баъзи жоҳил тоифалар даъво қилгани каби У зот янги дин ёки янги ақида олиб келмаганлар. Балки, турли фирқалар томонидан Аҳли сунна вал жамоа ақидасини бузиб талқин қилиш бошланганда, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Пайғамбаримиз ва саҳобаи киромлар тутган йўл қайси экани шарҳлаб билдирилган. Бу ишда Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қолдирган илмлари ва ижтиҳодларидан кўп фойдаланганлар. Сабаби, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ устозларининг устози орқали Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадга етиб борадилар. Яъни, икки устоз воситасида Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад силсиласига боғланади.
Демак, Ислом уммати эътироф қилган ва бир овоздан қабул қилган мужтаҳид олимларга Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ қанчалик яқин бўлганликлари ва ўша даврдаги соф ислом билим булоқларидан сув ичганликлари маълум бўлмоқда.
Ўзгаларни адашган дейишдан айниқса мужтаҳид, ислом уммати эътироф этган имомларни хатокор деб айтишдан сақланиш, балки ҳар бир киши ўзини адашиб кетмаслигини Аллоҳ таолодан сўраши зарур. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳт васаллам ҳам адашиб кетишдан қаттиқ хавотирда бўлганлари ҳадисларда ривоят қилинган:
Имом Байҳақий ўзининг “Шуъаб ал-имон” номли асарида Али Шаторийдан қуйидагиларни баён қилади: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочимни Ҳуд сураси оқартирди деб айтганингизни эшитдим”, деди.
Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа шундай”, деб жавоб бердилар.
“Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сурадаги пайғамбарлар қиссаси-ми ёки уларнинг умматларининг ҳоли-ми сизнинг сочингизни оқартирди”.
“Йўқ, пайғамбарлар ҳам уларнинг умматлари ҳақидаги оятлар ҳам сочимни оқартиргани йўқ. Балки сурадаги “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг!” ояти сочимни оқартирди”, дедилар.
Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ўзидан тўғри йўлда мустақим қилишини сўраб кўп дуо қилар эдилар. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йа, муқаллибал қулуби саббит қалбий аъла дийник (Ё, Қалбларни ўзгартирувчи Зот, қалбимни ўзингнинг динингда собит қил)” деб дуо қилар эдилар.
Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ўндан ортиқ асарлари соф исломий таълимотга даъват қилганлиги билан жуда аҳамиятлидир, хусусан, улардан иккитаси муҳим. Улардан биринчиси Қуръон тафсирига оид бўлиб, “Таъвилот ал-Қуръон” деб аталади. Яна у “Таъвилоту аҳли ас-сунна” (“Суннат аҳлининг изоҳлари”) номи билан 12 (ўн икки) жилдлик қилиб нашр қилинган. Унинг аҳли суннат ва жамоат ақоидининг асосини ташкил қилувчи асари “Китоб ат-тавҳид” (“Аллоҳнинг ягоналигини исботлаш китоби”) деб номланган. Мазкур “Китоб ат-тавҳид” асари йирик ҳажмли, ўзида аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мураккаб масалаларини муфассал равишда қамраб олган. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзларининг “Китоб ат- тавҳид” асарларининг таснифига киришар экан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ушбу рисола орқали ўзларини адашиш, залолатга дучор келиш, хатога йўл қўйишидан асрашини илтижо қилиб сўраганларига гувоҳ бўламиз. Иншаллоҳ, бу китобнинг ҳали сиз азиз ўқувчилар билан бўлишадан ўринлари кўп, Аллоҳ насиб қилганича уларни сизга етказишда давом этамиз.
Минг йиллардан бери мусулмонлар маҳкам тутган мана шундай йўналишларда барчамиз собит туриб, фарзандларимиз ва ёш авлодга ушбу тушунчаларни сингдиришимиз айни муддаодир. Ёшларимиз ўз эътиқоди ва мазҳабини яхши билса, ҳар хил оқим аъзолари уларни чалғита олмайди ва тўғри йўлда бардавом бўладилар, иншаллоҳ.
Обиджон Хурсандов - Самарқанд Ақида мактаби устози
Навоий ижодида тақдир тушунчаси (1-қисм)
Ваҳ, нетиб хуш кўрмагаймен Тенгрининг тақдирини?
Навоий
Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм.
Одамзодга сўзни, баённи, қалам билан ёзишни билдирган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Назмдаги фасоҳат ва насрдаги балоғат таърифида: «Албатта, шеърда ҳикмат, баёнда сеҳр бордир», деб сўзда мўъжиза намоён этган ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанобимизга чексиз салоту саломлар бўлсин.
Ҳазрати Алишер Навоийнинг тақдирга бўлган собит иймони ва ўчмас муҳаббати унинг барча асарларидан аёндир. У зотнинг бу ишончи асло таваккулига – ҳар ишда Аллоҳга қаттиқ таяниб иш кўришига, тадбир ва саъйу ғайратига халал етказмайди, аксинча, адиб шуларнинг ҳаммасини, ҳатто, ишқ жунунини ҳам тақдирдан деб билади. «Аллоҳга ҳамд бўлсинки, тақдир қалами азалдан пешонамда жунун ва ишқни ёзди», дейди шоир:
Биҳамдиллаҳки, оллимда азалдин
Жунуну ишқ ёзди килки тақдир.
Охират ва жамол ошиғи ишқи илоҳий ва ваҳдат майи: Аллоҳ таолонинг якка-ягоналиги шавқи азалдан сарнавишт эканига – пешонага ёзилган тақдир эканига шукрлар қилиб, завқу шавқларга тўлади ва бу илоҳий ишқ неъмати боис Аллоҳнинг тақдирини севади; «Нечун, Тангрининг тақдирини севмас эканман?», деб нидо қилади:
Ишқу май, эй шайх, азалдин сарнавишт эрмиш манга,
Ваҳ, нетиб хуш кўрмагаймен Тенгрининг тақдирини?
«Тақдир қалами» деган ибора Ҳазрати Имом Бухорийнинг «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» китобида келган ҳадиси шарифдандир: Ҳазрати Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Аллоҳ таоло сенга муяссар қилган нарсани тақдир қалами ёзиб қўйгандир!» - дедилар.
* * *
Тақир - ўлчов, миқдор, андоза, қазо, қадар, азалдан белгилаб қўйилган, пешонага ёзилган нарса, қисмат деганидир. Қуръонда айтилади: «Аллоҳ ҳамма нарса учун бир ўлчов (бир ҳад) муқаррар қилгандир» («Ат-талоқ» сураси, 3-оят).
Алишер Навоий «Сирожу-л-муслимийн» асарида иймон қоидасининг ижмолини баён этиб, балоғатга етган ақл соҳибига Аллоҳ таоло фарз қилган биринчи нарса иймон эканини айтади, сўнг иймоннинг маъносини билдириб:
Анинг маънисидур тил бирла иқрор,
Кўнгул бирла инонмоғлиғ дағи бор, -
дейди. Яъни, калимаи тоййиба – покловчи сўз: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ» - «Аллоҳдан бошқа ҳеч бир илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир», демоқдир. Иймон калималарини тили билан айтиб, дили билан ҳам тасдиқ этган киши мўъмин бўлиб, пок ҳисобланади. Шундан сўнг Навоий муъман биҳлар тафсилини – ишониш шарт бўлган олти нарсани зикр қилиб, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қиёмат куни ҳақ эканига ишонгандан кейин, тақдирга ҳам ишониш фарз эканини билдиради:
Яна билмакдурур бемакру тазвир
Ки, Ҳақдиндур ямон-яхшиға тақдир.
«Яна макрсиз, ҳийла-фирибсиз билмоқ керакки, яхши ёмон одамларга етадиган яхшилик ва ёмонликлар Ҳақ таоло белгилаган тақдирдир».
Навоийнинг тақдирга иймони шу қадар қувватлики, ҳар ишда ўзини тўлиқ-тўкис Ҳақ таолога ҳавола этади:
Эй Навоий, бил неким бўлғонни Ҳақ тақдиридин,
Мундин ўзга амрдин кўнглингни уз, илкингни йиғ.
«Нимаики юз берган бўлса, уни Ҳақ тақдиридан бил, бундан бошқа ишдан кўнглингни уз, қўлингни торт», деган хулоса асло умидсизлик ва тушкунлик эмас, аксинча, тўлиқ таваккул намойишидир.
Навоий ҳикмати бежиз эмас. Инсоннинг она раҳимида пайдо бўлиб, одам шаклини олишидан то туғилишигача, туғилишидан то ўлимигача бўлган муддатлар ва унга етадиган барча яхши-ёмон нарсалар тақдирга дохилдир. «Саҳиҳи Бухорий»нинг «Тақдир китоби»да ҳазрати Анас розийаллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф ривоят қилинади: «Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло бир фариштани бачадонга вакил қилиб юборгач, у: «Ё Рабб! Маний (нутфа) бўлди, лахта қон (алақ) бўлди, бир парча эт бўлди», - дегайдир. Аллоҳ таоло (ўша бир парча этни) одам қилиб яратишни ирода қилса, фаришта У Зотдан: «Ё Рабб! Ўғил бўлсинми, қиз бўлсинми? Бахтли бўлсинми, бахтсиз бўлсинми? Ризқи қанча бўлсин? Умри қанча бўлсин?» - деб сўрагайдир. Мана шуларнинг ҳаммаси она қорнида тақдир қилиб битилгайдир!» (239-саҳифа).
* * *
«Килки қазо», «хомаи тақдир», яъни тақдир қалами зикри Навоий ғазалиётида комил иймон ва таъкид билан такрорланади:
Ҳар не ёзмиш оллингга килки қазо, кўрмак керак,
Эй Навоий, қочмоқ ўлмас Тенгрининг тақдиридин.
«Тақдир қалами пешонангга ёзган нарсани кўрмоқ лозим, асло Аллоҳнинг тақдиридан қочиб бўлмайди».
Ғам ўлса, солма гириҳлар қошингғаким, қилмас
Ғализ ўлуб бу қаро манъи хомайи тақдир.
«Ғам етса, қошингни чимириб, уни буришиқ, чигал қилмагин, чунки қоралиги бадтар қуюқлашади-ю, аммо зинҳор тақдир қаламининг ёзувини тақиқлай олмайди».
Чун не тақдир ўлса, тағйир ўлмас эрмиш саъй ила,
Қайғу қисмим бўлди деб ортуқси невчун қайғурай?
«Неки тақдир қилинган бўлса, у саъйу ҳаракат билан ўзгармайди, бас, қайғу менга қисмат бўлди деб нечун ортиқча қайғурайин?!»
Бу ҳикматлар Қуръон ва ҳадисга асосланади. Ҳазрати Имом Бухорий «Тақдир китоби»нинг 5-бобига: «Банда назрга эмас, тақдирга ишонмоғи керак» деб сарлавҳа қўйганлар. Унда ҳазрати Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф баён қилинади: …Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Назр бериб, тақдирдан қутулиб бўлмайди…», - дедилар.
Яна у зотдан ушбу ҳадиси шариф баён этилади: «Назр Одам боласига ҳеч қандай манфаъат бермайди, унинг пешонасига ёзилганини ўзгартира олмади. Лекин азалдан тақдир қилинган нарсаларни тақдирнинг ўзигина унга насиб айлайди, холос!»
Демак, инсон саъйу ҳаракати билан эришадиган яхшиликлар ҳам аслида тақдирдандир. Навоий куйлаган маъно ана шудир. Мажоз ортидаги ҳақиқат ана шудир.
Чунончи, «Сунани Термизий»даги баъзи ҳадиси шарифларда яширин садақа хунук ўлимни дафъ этиши, дам солдириш, табибларга бориш, дори-дармон қилиб даволаниш каби яхши ҳаракатлар ҳам аслида тақдирдан экани баён қилинади. Бас, бу маънолар одамзодни яхшиликка, фаолиятга ундайди.
* * *
«Кишига азалдан тақдир қилинган нарса билан унга таъна-маломат қилишдан фойда йўқ. Бемаврид ўгит-насиҳат ҳам беҳудадир. Бировдан айбу нуқсон излагандан кўра, ўз айбингни тафтиш эт, чунки инсон учун ўз нуқсонини кўришдек маърифат бўлмагай». Бу маъно Навоийнинг бир қанча байтларида акс этган.
Не воқиъ ўлса, чу тақдирдин эмас хориж,
Бас, ўктадур қилуридин кишига бермак ўгут.
«Инсонда қандай яхши ёки ёмон иш содир бўлса, бу тақдирдан ташқари эмас. Бас, шундоқ экан, кишининг қиладиган ишидан унга ўгит-насиҳат бериб, таъна-маломат қилмоқ беҳудадир».
Дайр аро усрук кўруб, зоҳид мени айб айламиш,
Билмамиш мискинки, ҳеч иш хорижи тақдир эмас.
«Дунёда мени (Аллоҳнинг зикри, ишқи, файзи ва жазбасидан) маст, сархуш ҳолда кўриб, зоҳид мени айблабди, у бечора билмабдики, ҳеч бир иш тақдирдан ташқари эмас».
Бу байтлардаги маъно инсонларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка буюриш мўъминга фарз эканини асло хаспўшламайди, чунки бу фарзият ҳеч қачон ҳеч кимдан, айниқса, илм аҳлидан соқит эмас. Шунингдек, бу ифода илми калом соҳасида Мотуридий (ҳазрати Имом Абу Мансур ал-Мотуридий-Самарқандий) таълимотида машҳур бўлган жузъий ихтиёр масаласини ҳам зинҳор таомилдан чиқармайди. Яъни, тақдир ҳақ, бандаларнинг феълини, шубҳасиз, Аллоҳ яратган, аммо Ҳақ таоло иймон ва куфрни, яхшилик ва ёмонликни яратиб, буларни танлашда бандага жузъий (бир қисм) ихтиёр ҳам бериб қўйган. Чунончи, Навоий айтади:
Чу топмас ҳар неки тақдирдур бу дайр аро тағйир,
Адаб эрмастурур қилмоқ ҳар ишни муддао густох.
«Ҳар неки тақдир қилинган бўлса, бу дунёда у асло ўзгармайди, демак ҳар ишни қилишни муддао этмоқ, орзу қилмоқ, истамоқ адабдан эмас, баски, густох бўлманг - адабсизлик қилманг, ҳаддингизни билинг, адабга мувофиқ ишларни қилишга урининг, одатланинг!»
Мирзо КЕНЖАБЕК