muslim.uz
Ким зулм билан бир қарич ерни олса...
Ўнта жаннатий деб башорат берилган саҳобалардан бири Саъид ибн Зайд розиёллоҳу анҳунинг ери бор эди. Арво деган аёл Мадина волийси Марвон ибн Ҳакамнинг олдига бориб у ерни ўзиники эканлигини айтиб даъво киритди. Марвон ибн Ҳакам текшириш учун Саъид ибн Зайд розиёллоҳу анҳунинг уйига одам юбориб Арво ерни даъво қилаётганини айтди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бўлмиш Саъид розиёллоҳу анҳуга бу гап оғир ботди ва уларга шундай деди:
“Мени у аёлга зулм қилаяпти деб ўйлаяпсизларми?! Қандай қилиб унга зулм қиламан. Ахир мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа қиёмат куни бўйнига етти қават ер мунчоқ қилиб осиб қўйилади”, деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ! У аёл мени зулм қилди деб даъво қилаяпти. Агар у ёлғончи бўлса унинг кўзини кўр қилгин ва қабрини ҳовлисида қилгин!”.
Аллоҳ таоло Саъид ибн Зайд розиёллоҳу анҳунинг дуосини ижобат қилди. Арвонинг кўзлари кўр бўлиб қолди. У уйида юрганида ҳовлидаги қудуққа тушиб кетди. Уни чиқариб олишга кишилар қодир бўлмагач унинг устидан тупроқ тўкиб қудуққа дафн қилишди. Унинг қабри ҳовлисида бўлди.
Бу ҳадисдаги иккита нуқта:
Биринчиси: Мазлумнинг дуосидан қўрқинг. Кофир бўлса ҳам қўрқинг. Энди у мазлум солиҳ бўлиб, саҳоба бўлиб, жаннат башорати берилган кимса бўлсачи?!
Ким Аллоҳнинг дўстини душман тутса Аллоҳ унга қарши уруш очади. Солиҳ инсонлар ер юзидаги Аллоҳнинг аҳли ва Унинг хосларидир. Аллоҳ ўз аҳлини ва хосларини ташлаб қўймайди.
Иккинчиси: Инсонларнинг ҳаққи борасида Аллоҳдан қўрқайлик. Аллоҳнинг ҳузурига Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги мингта гуноҳ билан бориш, гарданида банданинг ҳаққи билан боришдан яхшироқдир. Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ва авфи билан Ўз ҳаққидан истаса воз кечиши мумкин. Аммо адолати билан бандалар ҳаққини олиб беради.
Эй меросдаги ака-укалари ҳаққини эгаллаб олганлар! Эй мардикорни ишлатиб ҳаққини бермасдан ҳайдаб юборганлар! Эй гувоҳсиз бировдан қарз олиб ундан тонадиганлар! Эй ёлғон гувоҳлик бериб ҳақни ноҳақ ва ноҳақни ҳақ қиладиганлар! Ўзингизга келинг. Охират маҳкамаси қоим қилиниб самолар ва ернинг Қозиси маҳкамага тортмасидан ҳақларни эгаларига қайтаринг. У ерда доллар йўқ, сўм йўқ. Ўша кунда золим қутилиш учун бутун борлиғини беришга тайёр бўлади. Аммо ундан қабул қилинмайди.
Бугун амал бор, жазо йўқ. Эртага эса жазо бор, амал бўлмайди. Ҳаром қилинган қонни тўкмасдан, бировга зулм қилмасдан Аллоҳга йўлиққанларга, бировнинг обрўсини тўкмасдан, молини емасдан охиратга борганларга саломлар бўлсин!
Абдулқодир Полвонов
Навоийни таниймизми? (Видеолавҳа)
Англияда мусулмонлар муҳтожларга бепул иссиқ овқат таклиф қилишади
Англиянинг Норвич шаҳридаги мусулмон ошхонаси муҳтожларга бепул иссиқ овқат тарқатади.
2 февраль куни Сент-Огастин кўчасидаги Bombay Spice Bangladeshi and Indian Takeaway тамаддихонаси муҳтож оилалар учун 300 та тушликларни тайёрлади . Islam.ru маълумотларига кўра, Норвич Марказий масжиди ва Ислом жамоатчилик марказига топширилган овқатлар таркибида товуқ таомлар ва гуручли сабзавот карриси бор эди.
"Биз фақат жамият учун, айниқса пандемия муносабати билан бирор бир нарса қилишни хоҳлаган эдик", - дейди акция ташкилотчиларидан бири Сиражул Ислом.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат (2-қисм)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пиёлалари
Осим Аҳвал розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пиёлаларини Анас ибн Моликнинг уйида кўрдим, у дарз кетган бўлиб, дарзи кумуш занжир билан боғлаб қўйилган эди. У соф ёғочдан қилинган, каттагина бир яхши пиёла эди. Анас: “Мен бу пиёлада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фалон ва фалон
мартадан ортиқ сув ичирганман”, деб айтган эди».
Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейди: «Пиёланинг темир ҳалқаси бўлиб, Анас унинг ўрнига олтин ёки кумуш ҳалқа ўрнатмоқчи бўлди. Шунда Абу Талҳа Анасга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрнатиб қўйган нарсаларини ўзгартирма!” деди. Анас темир ҳалқани ўз жойида қолдирди» (Имом Бухорий ривояти).
Собит Буноний дейди: «Анас розияллоҳу анҳу бир кун бизларга бир ёғоч ва темир билан қадоқ қилинган ёғоч пиёлани олиб чиқиб кўрсатиб: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пиёлалари эди”, деди» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳумма солли ва саллим аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммад.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази малайзиялик ҳамкасблари билан ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекади
4 февраль куни мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ва Малайзия Ислом цивилизацияси институти (МИЦИ) Бош директори Фариза Шом ўртасида видеоконференция ташкил этилди, хабар бермоқда "Жаҳон" АА.
Телеконференция давомида Малайзия томони 2018 йилда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишди. Хусусан, унинг асосий мақсадлари маърифатли Исломни ўрганиш, шунингдек, диний-маърифий тадбирлар ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш орқали Ўзбекистон олим ва мутафаккирларининг буюк мероси ҳақида аҳоли ва халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини оширишдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди. Марказ фаол фаолиятни олиб бормоқда ва бу соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлиги таъкидланди.
Ўз навбатида Фариза Шом Ислом цивилизацияси бешиги ва замонавий илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган дунёга машҳур олим ва мутафаккирларнинг ватани бўлмиш Ўзбекистон Малайзиянинг илмий-академик ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг илк қадами сифатида томонлар 8-9 апрель кунлари "Ислом цивилизациясининг буюк алломалари"мавзусида қўшма онлайн-семинар ташкил этишга келишиб олдилар. Семинарнинг асосий мақсади буюк ўзбек мутафаккирларининг Ислом цивилизацияси, жумладан, илоҳиёт, Ислом ҳуқуқи, тарих, фалсафа, математика, астрономия ва тиббиёт ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини очиб бериш ҳамда илмий-тадқиқот ва билим алмашиш, икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти икки муассаса фондларида сақланаётган нодир қўлёзмалар ва литографик китобларнинг каталоглари билан алмашиш муҳимлигини таъкидлади. Бу қўшма тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлган Ўзбекистон ва Малайзиядаги диний тадқиқот марказларининг илмий ресурсларини кенгайтириш имконини бериши қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзияда дин соҳасида ўтказилаётган тадбирлар ва тадқиқотлар ҳақида икки мамлакат жамоатчилигининг хабардорлигини ошириш учун МИЦИ ва ЎИЦМ журналларида юқорида кўрсатилган марказлар вакилларининг илмий-тадқиқотчилик ишларини мунтазам равишда нашр этиб бориш таклиф этилди.
Тадбир якунлари натижасида томонлар жорий йилнинг март ойи бошида юқоридаги соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни онлайн тарзда имзолаш маросимини ўтказишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати