Қуръони карим

Умматнинг энг зўр қориси – Убай ибн Каъб (р.а.)

Убай ибн Каъб  розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий бўлиш билан бирга умматнинг энг энг сара қориларидан ҳам эдилар. Қуръони каримни  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганиб, уни ўқишга қаттиқ бел боғлаганди.

Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Соиб, Абдуллоҳ ибн Айёш ибн Робиаъ, Абу Абдураҳмон Суламий каби улуғ саҳобийлар ва улуғ тобеинлардан кўплари у зотдан Қуръони каримни ўрганган.

Сувайд ибн Ғофала, Абдураҳмон ибн Абзо, Абу Муҳаллаб, Абу Аълия Риёҳий, Зирр ибн Ҳубайш, Утайя Саъдийлар эса Убай ибн Каъбдан ҳадис ривоят қилган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатнашган барча ғазотларда ҳозир бўлган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳақида бир нечта ҳадислар ривоят қилинган. Улардан баъзиларини қуйида зикр қиламиз.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу умматнинг энг раҳм-шафқатлиси Абу Бакр (бўлса), энг қориси Убай ибн Каъбдир”, дедилар”.

Унинг даражаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло наздида ҳам улуғ бўлган. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга:

– Аллоҳ таоло менга сен учун Қуръон ўқиб беришимни буюрди, – дедилар.

Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу:

Аллоҳ таоло сизга мени номимни зикр қилдими? – деб сўради.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ҳа, – деб жавоб бердилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу:

– Оламларнинг Раббисининг ҳузурида зикр қилиндимми? – деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Ҳа, – деб жавоб бердилар. Шу чоқ Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кўзлари ёшга тўлди (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуръоний таълимни имтиҳон шаклида бериб қўярдилар. Буни ўзларидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда кўришимиз мумкин.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Мунзир, сенинг наздингда Аллоҳ таолонинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” дедилар. “Аллоҳ ва Расули билувчироқ”, деб айтдим. Яна сўрадилар: “Эй Абу Мунзир, сенинг наздингда Аллоҳ таолонинг китобидаги энг улуғ оят қайси?” деб сўрадилар.

(Бу сафар) «Оят ал курси”, деб жавоб бердим. Шунда мамнунлик ила елкамга қоқиб: “Эй Абу Мунзир, Аллоҳ сенга илмни осон қилсин”, дедилар» (Муслим ривояти).

Абу Мунзир – Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари бўлган.

Убай ибн Каъбнинг саҳобийлар ичида ҳам ҳурматлари баланд бўлган.

Ибн Абу Малик бундай дейди:

“Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: “Қозиликка энг ҳақли кишимиз – Али, Қуръонни энг кўп билувчимиз – Убайдир” ,  деганини эшитганман”.

Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:  

“Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг мавлуси Солимдан, Муоз ибн Жабалдан ва Убай ибн Каъбдан», дедилар.

Юқоридаги ҳадислар шу кунимизгача етиб келган қорилар силсиласининг энг улуғ қориларидан бири бўлмиш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг даражалари нақадар юксак эканини  кўрсатиб турибди. Ҳаттоки Ибн Аббос розияллоҳу анҳудек муфассир саҳобий ҳам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан таълим олган экан. Бу эса Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қорилар султони эканига далолат қилади.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг вафоти тўғрисида уламолар ўртасида ихтилофлар бор. Уларнинг энг саҳиҳи Абу Нуаймнинг гапидир. У зот: “Убай ибн Каъб Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида ҳижрий 30-йилда ўлган”, дейди ва бу гапига Зирр ибн Ҳабийш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳалифалик даврида учрашганини далил қилиб келтиради. 

Убай ибн Каъбдан бошқа қори саҳобийлар ҳам кўп бўлган.Уларнинг барчаси Қуръони каримни ёдлаш билан бир қаторда Қуръонга қандай амал қилиш кераклигини ҳам кўрсатиб берган. Бугунги кунда биз мусулмонларнинг вазифамиз бу муборак зотларнинг умр йўлларини ўрганиш ва баҳоли қудрат ўз ҳаётимизга татбиқ қилишдир. Зероки, улар ўз ҳаёти билан ҳақиқий ислом қандай бўлишини келажак умматларга кўрсатиб, ўргатиб кетган муаллим зотлардир.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни саҳоба розияллоҳу анҳумлардек Қуръонга муҳаббатли, Қуръонга амал қиладиган солиҳ бандалардан қилсин!

Хушвақтов Абдулҳай,

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

3-курс талабаси  

Read 7368 times
Top