Қуръони карим

Тунда Қуръон ўқиш хосиятидан хабардормисиз?

Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади. Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда шундай дейилган: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар  солиҳ бандалардир» (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).

 Ибн Касир оят тафсирида шундай деган: «Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар».

 Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: «Сени  тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман», дейди».

 Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.

 Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:

— Мени танидингми? — дейди.

Банда айтади:

— Сени танимайман.

— Мени танимайсанми?

— Ҳа.

— Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.

Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади.  Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):

— Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! — деб (ажабланиб) сўрашади.

— Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, — дейилади.

Кейин (Қуръон соҳибига):

— Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, — дейилади.

 У — тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам — юқорилаб бораверади.

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким тунда «Бақара» сурасини ўқиса, кўп ва хўп қилибди».

 Иброҳим Нахаий: «Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!» деб тайинларди.

 Авзоий: «Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади», деган.

 

Дилмурод МАМАТОВ

Бахмал тумани «Молгузар» жоме масжиди

имом-хатиби

Read 10701 times
Top