Қуръони карим

Энг умидбахш оятни биласизми?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

“Сен менинг тарафимдан: “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир”, деб айт” (Зумар сураси, 53-оят).

Имом Бухорий Саъд ибн Жубайрдан (р.а.) келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?” деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.

Али розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Ибн Умар розияллоҳу анҳу каби зотлар бу оятни “Қуръондаги энг умидбахш оят” дейишган.

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга “Менинг бандаларимга айт” дея амр билан бошламоқда.

Аллоҳ таоло “Эй инсонлар!”, “Эй мўминлар!”, “Эй одамлар!”, “Эй Менга нисбатан исён қилганлар!” демади. Балки, “Эй ... бандаларим!” деди. Менинг бандаларим деяпти. Бу эса банда учун улкан, бемисл шарафдир. Бу Аллоҳнинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло “Эй Менга нисбатан исён қилганлар”, “Эй гуноҳкорлар!”, “Эй фосиқлар!”, “Эй жиноятчилар!”, “Эй осийлар!”, “Эй фалон-фалон ишларни қилганлар!” демади. Балки, “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим” деди. Бандаларининг айбларини беркитди. Уларга меҳрибонлик, лутф билан хитоб қилди. Бу ҳам Аллоҳнинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло гуноҳ қилган биз бандаларига “Энди ҳаммаси тамом. Тавбаларингни қабул қилмайман. Абадий азобга гирифтор қиламан. Ортга йўл йўқ. Сенларни кечирмайман” демади. Балки, “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!” деб бизни Ўзининг раҳматидан ноумид бўлмасликка чақиряпти, шунга амр қиляпти. Бу ҳам Унинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло  “Гуноҳ қилган бандалар тавба қилиб ўтирмасинлар. Уларни кечирмайман” демади, балки, “Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар” деди. Бандаларининг қалбларида умид уйғотяпти. Мағфират сўрашга ундаяпти. Бу ҳам Аллоҳнинг раҳматидандир.

Аллоҳ таоло “Мен гуноҳ содир этган мўмин бандаларни кечирмайман. Уларни абадий азобга гирифтор этаман” демади. Балки, “Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир” деди. Аллоҳ таоло гуноҳ қилиб, қилган гуноҳига астойдил тавба қилган мўмин бандасининг гуноҳларини кечиради. “Ўта мағфиратли” дегани кўп бандаларининг кўплаб гуноҳларини кечиради, деганидир. “Ўта раҳмли” дегани банда тавба қилганидан кейин, уни айнан ўша гуноҳи учун азобламай, раҳм қилади, деганидир.

Ҳа, азизлар, Роббимиз Меҳрибон, Раҳмли, Ғофир, Ғофур, Ғаффордир. Гуноҳ қилиб қўйганимизда, Унинг раҳматидан умидимизни узмай, дарҳол тавба-истиғфорга берилиб, Унинг ўзидан бизни мағфират қилишини сўрайлик! Албатта, У бандаларининг кўплаб гуноҳларини мағфират этувчи ва бандаларига раҳмли зотдир.

 

 

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

Read 15223 times
Top