muslimuz
Мутахассислар ҳуқуқий саводхонлиги оширилди
Бугун, 28 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги таҳрирдаги низом ва меҳнат шартномаларини бекор қилишнинг ўзига хос хусусиятларига бағишлаб йиғилиш ўтказилди. Zoom дастури орқали ташкил этилган масофавий тадбирда Диний идора тизимидаги барча муассаса ҳуқуқшунос ва кадрлар бўйича мутахассислари иштирок этди.
Дастлаб Диний идора Ҳуқуқшунослик бўлими мудири Жаҳонгир Хотамов иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги таҳрирдаги устави ҳақида маълумот берди. Сўнг Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов меҳнат шартномаларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маъруза қилди.
Ўқув семинар қизғин савол-жавобларга бой бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Диний соҳа Матбуот хизмати ходимларига семинар-тренинг ўтказилди
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малакаошириш марказида диний-маърифий соҳадаги Матбуот хизмати ходимлари учун семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ҳамда Тошкент шаҳар ва вилоят вакилликларининг 71 нафар Матбуот хизмати ходимлари офлайн ва онлайн шаклида иштирок этди.
Ўқув семинарда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғафуровнинг “Ёшларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилишда диний-маърифий сайтларнинг роли: муаммо ва ечимлар”, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул ходими Нурали Ориповнинг “Давлат органлари ва ташкилотларда ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилиш, бугунги талаблар”, Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Нодир Шомирзаевнинг "Интернет тармоғида тарқатилаётган ёт ғояларнинг таҳлили: муаммо ва ечимлар (турли экстремистик ташкилот ва шахсларнинг тарғиботи мисолида)", Ўзбекистон халқаро ислом академияси кафедра мудири, тех.ф.н., доцент Қурбон Раҳмоновнинг "Ижтимоий тармоқ саҳифалари кўринишини янгилаш, фаолият самарадорлигини ошириш, контент тайёрлаш бўйича муҳим таклиф ва тавсиялар" мавзусидаги маърузалари тингланди.
Учрашув давомида марузачилар томонидан соҳага оид иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Соҳа раҳбарлари ва Жиззах имом ноиблари мулоқоти
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Диний идора бўлим мудири Исломиддин Зуҳриддинов ва Идора Масжидлар билан ишлаш бўлими масъул ходими Дилмурод Раҳимов ҳамда Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборовлар вилоятда фаолият юритаётган имом ноиблар билан учрашув ўтказди.
Ўзаро мулоқотда Ўзбекистонда диний соҳадаги ислоҳотлар, дунёдаги гиосиёсий жараёнлар, ёт оқимлар хатари, имомлар масъулияти, илмнинг фазилати, имомлик шарафи юзасидан сўз юритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Жиззах вилоятида охирги йилларда диний соҳада кўплаб натижаларга эришилгани баробарида ҳали тизимда кўплаб қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мазкур жараёнда баъзи имом-ноиблар фаолиятида камчиликлар кузатилаётганини ҳам айтиб ўтилди.
Учрашувда Жиззах вилоятида фаолият юритиб келаётган имом ноибларнинг билим ва малакаларини ошириш, халқимиз ўртасида маънавий-маърифий соҳадаги ҳиссасини юқори савияга етказиш, соҳа вакиллари фаолияти давомида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш масалалари кўрилди.
Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойига пухта тайёргарлик кўриш, масжидлардаги ободончилик ишларига эътибор қаратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хатмга ўтадиган қорилар суҳбатдан ўтказилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан муборак Рамазон ойидаги хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни суҳбатдан ўтказиш анъанаси йўлга қўйилди.
Ушбу анъанани давом эттириш мақсадида 2024/1445 йил Рамазон ойида Республикамиздаги хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни саралаш учун суҳбатлар ташкил қилинди.
Жумладан, бугун 2024 йил 28 февраль куни Тошкент шаҳридаги масжидларда хатмга ўтадиган қорилар суҳбатдан ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими мудири шайх Алижон қори бошчилигидаги устозлар мазкур қориларнинг тайёргарлигини текшириб, уларга керакли тавсияларни бердилар.
Гуноҳ иш қилса юзига ажин тушадими?
Cавол: Яқинда бир қўшним “Юзимга ажин тушяпти, табиий пардоз қилиш йўлларини ўргатинглар”, деб маслаҳат сўради. Шунда бошқа бир қўшнимиз “Одам қанча кўп гуноҳ қилса, шунча унинг ҳусни хунуклашиб, юзига ажин тушади. Сиз тавба қилинг”, деб айтди. Шу гап ростми? Киши гуноҳ иш қилса юзига ажин тушадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Инсон билмаган нарсасини, айниқса, дин борасида билмаган нарсасини умуман гапирмаслик керак. Қўшнингиз бу гапини қаердан олибди?! Унинг бу гапи бирорта ҳам шаръий асосга эга эмас. Инсоннинг юзига ажин тушиши бу табиий ҳолат-ку. Инсон қариган сари ажин тушиб бораверади. Агар ўша одамнинг гапига қаралса, ёши кекса барча инсонлар кўп гуноҳ қилиб юрган бўлиб чиқади.
Истиғфор айтиш масаласига келсак, ҳеч ким хатодан холи эмас. Шундай экан ҳар доим истиғфор айтиб юришимиз керак бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчиларидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.