muslimuz
Малайзияликлар Умра сафаридан олдин Бухорони зиёрат қилмоқда
Кўҳна ва боқий Бухородаги туристик фирмалар “Умра+” йўналишидаги турпакетлар асосида иш бошлади.
Зиёрат амалларини бажариш мақсадида 40 нафар малайзияликнинг Бухорога ташрифи амалга оширилди.
Мақсад хорижликлар Бухородаги Етти Пир зиёратгоҳлари бўйлаб зиёрат амалларини адо этиб, кейин Умрага йўл олади.
Меҳмонлар Бухоройи шарифдаги зиёрат амалларидан кейин Арк қўрғони, Пойи Калон, савдо тоқлари ва Лаби ҳовуз мажмуаси каби тарихий обидаларни томоша қилади.
ЎзА
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар дин ва миллат ривожи йўлида хизмат қилган Андижон вилояти Булоқбоши тумани "Ширмонбулоқ" жоме масжиди имом-хатиби Давронбек домла Мирзакаримовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз У Зотга қайтувчимиз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Расулуллоҳ мени мажбур қилдилар
Аллома Шоҳ Валийюллоҳ “Фуюзул Ҳарамайн”да айтадилар: “Бир неча нарсаларда Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссолату васаллам мени табиатимга хилоф амалларга мажбур қилдилар. Бири шуки, менга табиий тарзда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни бошқалардан афзал кўриш марғуб эди. Лекин Расулуллоҳ алайҳиссалом икки шайх, яъни Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумони у кишидан афзал кўришга мени мажбур қилдилар. Иккинчиси шуки, мен табиатан тақлиддан нафрат қилардим. Лекин Ҳазрат Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўрт мазҳабдан чиқиб кетишдан мени қайтардилар”.
Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ
Намозда жаҳрий ва махфий қироат
Cавол: Баъзан уйда ёлғиз намоз ўқишимга тўғри келади. Шунда Бомдод, Шом ва Хуфтоннинг фарз намозларини ўқиётганда Фотиҳа ва Зам сурани овоз cиқармай ўқиса яъни фақат ўзим эшитадиган даражада ўқисам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Намозда жаҳрий ёки махфий деган ҳукмлар қироат яъни Фотиҳа ва зам сурага тегишлидир ва бу фарз намозларида баъзан вожиб, баъзан эса ихтиёрли бўлади. Намозда лаб тил ёрдамида ҳарфларни талаффуз қилиш бу намоздаги барча зикр тасбеҳлар, қироату дуоларга тегишли. Бунда ўзи эшитар даражада пичирлаб ўқиш назарда тутилган. Ўзи эшитмасада тили қимирлаб ҳарфларни тўғрилаб айтишни ҳам жоиз деган уламолар бор.
Демак, Бомдод, Шом, Хуфтон намозларини фарзларининг аввалги икки ракатида Фотиҳа ва зам сурани овоз чиқариб ўқиш жамоат билан ўқилганида имомга вожиб бўлади, ёлғиз ўқиётиган намозхонга эса ихтиёрли бўлади. Пешин ва Аср намозларида ҳаммаси ичида ўқилади. Ичида, махфий дегани ҳарфларни тил ва лаб ёрдамида талаффуз қилмасдан дегани эмас. Махфийни чегараси ўзи эшитмоғидир. Жаҳрий эса энг камида ёнидагилар эшитмоғидир. Намоздаги дуолар жаҳрий ўқилмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Самарқанддаги имом ноиблар билан муҳим учрашув ўтказилди
Шу йил 27 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъуллари иштирокида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-ноиблар мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Диний идора бўлим мудирлари Исломиддин домла Зуҳриддинов, Салоҳиддин домла Шерхонов, Идоранинг Масжидлар билан ишлаш бўлими масъул ходими Дилмурод домла Раҳимов ҳамда вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва вакиллик масъулари иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов имомлик масъулиятли ва шарафли вазифа эканини таъкидлаш баробарида улар дин ва миллат ривожи учун хизмат қилишлари ҳамда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Самарқанд вилоятида охирги йилларда диний соҳада кўплаб натижаларга эришилгани, ҳали тизимда кўплаб қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини алоҳида таъкидлаб, мазкур жараёнда баъзи имом-ноиблар фаолиятида камчиликлар кузатилаётганини мисоллар билан келтириб ўтдилар.
Учрашувда Самарқанд вилоятида фаолият юритиб келаётган имом ноибларнинг билим ва малакаларини ошириш, халқимиз ўртасида маънавий-маърифий соҳадаги ҳиссасини юқори савияга етказиш, соҳа вакиллари фаолияти давомида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш масалалари кўрилди.
Сўзга чиққан соҳа мутахассислари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз маърифатини юксалатириш, диний расм-русумларини эмин-эркин адо этишлари учун муносиб шароит яратиш, келгусида диний соҳа ходимлари олдида турган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Йиғилиш якунида яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойига пухта тайёргарлик кўриш, масжидлардаги ободончилик ишларига эътибор қаратиш бўйича масъулларга топшириқ берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати