muslim.uz
Ҳижрат масаласида салафийларга раддия
Ақийда масалаларида ҳам ҳаддан ошиб ғулувга кетган салафийлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган ва тарқатиб юришибди ҳам. Улар бу хоссослик билан ёндашишликни талаб қилувчи тушунчани масала далил ва ҳужжат билан тушунмаганлар ёки тушунсада танолмайдиганлардир. Бузғунчи, фитначи, ғаламис тўда, гуруҳ ва оқим вакиллари томонидан кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.
Ҳаким ибн Муовиядан, у киши ўз отасидан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар». Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Аҳли Суннат вал жамоа раддияси: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Олимлар бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар». Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.
Албатта, ҳижратга тегишли далиллар фақат юқорида зикр қилинганлардангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар қуйидаги ҳукмни баён қилганлар.
"Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади."
Юртимизда бугунги кунда мусулмон халқимиз учун масжидларнинг ҳизмат қилиб турганлиги, Юртимиздаги ўғил ва қизлар учун ўрта-махсус ислом билим юртлари, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом Университети, шунингдек, мамлакатимизда бунёд этилаётган ислом маданият ва маърифат марказлари, Юртимиз бўйлаб барча жойларда диний ибодатлар эмин-эркин адо этилаётганлиги, эътиқод эркинлигининг инсонни қувонтирадиган равишда кенг таъминланганлиги. Бузғунчи гуруҳ ва оқим вакилларининг ғаразли ва фитнали вайронкор ғоялари асоссиз эканлигини кўрсатади.
Олимлар шундай дейдилар: Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш хатодир.
Акбарали Юсуфжонов
Учқўрғон туман Саидхон эшон жоме масжиди имом хатиби
Аллоҳ кимни яхши кўради?
Тиниқ ойна
Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига Абу Жаҳл келиб:
– Бани Ҳошим уруғидаги ҳеч бир одам кўзимга сендан хунукроқ кўринмайди, – деди.
Расули акрам алайҳиссалом:
– Тўғри айтдинг, – дедилар.
Шу пайт ҳазрат Абу Бакр розийаллоҳу анҳу келиб қолди ва:
– Ё Расулуллоҳ, юзингиз қуёшдек ёрқин. Бу оламда сизнинг юзингиздан гўзалроқ юзни кўрмадим, – деди.
Сарвари коинот унга ҳам:
– Тўғри айтдинг, – деб жавоб қайтардилар.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу бир хил жавобнинг ҳикматини сўрашди. Шунда у зот:
– Мен Аллоҳ жилолаган бир ойнаман, менга қараган киши ўзини кўради, – деб жавоб бердилар.
Қалб ва гўзаллик
Ривоят қилишларича, бир подшоҳ Лайлининг унчалик ҳам гўзал эмаслигини кўриб, Қайс унинг нимасига бу қадар шайдо (Мажнун) бўлганига ҳайрон қолганида, вазири: “Шоҳим, сиз Лайлига Қайснинг кўзи билан қарай олмагансиз. Йўқса, бундай демаган бўлардингиз”, деб насиҳат қилади. Демак, гўзалликни кўра билиш учун кишининг қалби салим ва пок бўлмоғи лозим. Акс ҳолда, ўзининг гуноҳлардан қорайган қалбини кўради, холос.
Нима билан машғулсиз?
Аллоҳ таоло қайси бандасини яхши кўришини қандай билса бўлади?
Баъзилар Аллоҳ таоло бандани суйишини унга берилган бойлик билан ўлчайди. Баъзилар эса Аллоҳ фақирларни яхши кўради, шу боис уларнинг ҳисобини осон қилиш учун кам мол-мулк берган, дейишади.
Уламолар айтадилар: “Нима билан машғул қилиб қўйилгансиз? Шунга қараб Аллоҳ сизни яхши кўрадими, йўқми – билиб олаверасиз. Агар жамиятга фойдасиз ишлар билан овуниб юрган бўлсангиз, демак, Аллоҳдан узоқлашибсиз. Аксинча, хайрли, савобли, икки оламда сиз ва бошқаларга фойдаси тегадиган ишларни қилиб юрган бўлсангиз, унда билингки, Аллоҳ сизни суюкли бандалари қаторига қўшибди.
Навбаҳор тумани “Арабхона катта”
жоме масжиди имом ноиби
Ҳазрат ИСМОИЛ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг
2023 йил 2-сонидан олинди
Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи ҳақида биласизми?
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Денов тумани Намозгоҳ маҳалласида Хожа Алоуддин Аттор зиёратгоҳи жойлашган.
Хожа Алоуддин Аттор нафақат Сурхон воҳаси, балки Мовароуннаҳр маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган мутасаввуф олимдир. У ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг севимли шогирди ва куёви, икки буюк халифасидан бири бўлиб, асл исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Хоразмийдир. Отаси хоразмлик бўлиб, атторлик савдоси билан шуғулланган.
Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий Хожа Алоуддин Аттор Хоразмда туғилган. Бухоро мадрасасида таълим олган. Хожа Алоуддин Аттор милодий XIV асрнинг 90-йилларида Бухородан Деновга келгач, нақшбандия тариқати тарғиботини давом эттирди. Нақл қилишларича, Алоуддин Аттор вафотидан 7 йил аввал Хожа Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилиш мақсадида Ҳисор вилоятидан Бухорога бормоқчи бўлади. 18 кун деганда Бухорога етиб, Нақшбанд қабрини зиёрат қилади. Шаввол ойининг бошида яна уйига қайтади. Муҳаммад ибн Тоҳир Хоразмийнинг ривоятига кўра, Алоуддин Аттор 802/1399 йил 2-ражаб ойининг душанба куни дардга чалинади. Ўша ойнинг йигирманчи кечаси хуфтон намозидан сўнг вафот этади. У қўним топган қабристон “Шайх Аттор Валий” ёки “Остона бува” деб номланади.
Хожа Алоуддин Аттор сағанаси XV асрга оид бўлиб, аввал бу манзилда фақат Валийнинг ҳамда ўғли ва набирасининг қабри бўлган, кейинчалик бу жой катта зиёратгоҳга айланган.
2019-2020 йилларда маҳаллий ҳомийлар томонидан эски мақбара ўрнида ҳашаматли мақбара бунёд этилди. Қабр мақбаранинг ертўла қисмига олиниб, тепасига рамзий қабр қўйилди. Мақбарага ганчкорлик усулида чиройли безаклар берилди. Маскан ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА
Маккада кучли ёмғир ёғди
Шу кунларда Масжидул Ҳаром ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам масжиди ишлари бўйича Бош раҳбарият давлат идоралари билан ҳамкорликда Байтуллоҳ зиёратчиларининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш мақсадида фавқулоддаги режаларини фаоллаштирди. Унда Ҳаром масжиди ҳудудида кучли ёмғирлар келтириб чиқарадиган турли нохушликларни олдини олиш ва зиёратчиларга қулай шароитлар ташкил этиш ўрин олган.
Бунинг учун Байтуллоҳ хизматлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идораси вакиллари Масжидул Ҳаромда кучли ёмғирли вазиятларни бартараф этиш ва муаммога йўл қўймаслик мақсадида 200 дан ортиқ назоратчи ва кузатувчи, 4000 нафар эркак ва аёл ишчи ҳамда 500 дан ортиқ техникани жалб қилди.
10 апрель куни Маккадаги зиёратчилар кучли ёмғир остида қолишди. Каъбани тавоф қилиш вақтида Маккада ёмғир ёға бошлади ва зиёратчилар сув оқимлари остида зиёратгоҳ атрофини айланиб чиқишда давом этди, деб ёзади “Islam news” матбуоти “ал-Aрабия” телеканали хабарига таяниб. Кўпчилик зиёратчилар бу пайтда айтиладиган махсус ёмғир дуоларини ўқишди.
Бу пайтда хавфсизлик ва биринчи тиббий ёрдам ходимлари ёмғир билан боғлиқ ноқулайликлар олдини олиш учун чора кўришди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади
Рамазон ўргатади...
Рамазон доимо муносиб вақтда келади. Уни бизга Роббимиз дунё хароб қилган ҳаётимизни яна бир бор тузатиш, қадамларимизни мувозанатга солиш, уни янгидан Ўзи томон олиб борадиган йўлга йўллаш учун юборади. Муҳими, У бизга бунга қодирлигимизни эслатади.
1. Рамазон бизга ҳар кеча бир пора Қуръон ўқиш қийин эмаслигини, аммо дунё бизни эгаллаб олганини ўргатади!
2. Рамазон бизга ҳар ой уч кун рўза тутишни қийин иш эмаслигини, аммо биз бурч ва мажбуриятларимиз қолиб Аллоҳ бизга аниқ ёзиб қўйган нарсалар билан банд эканимизни ўргатди.
3. Рамазон бизга кечалари туриб икки ракат намоз ўқиш қийин иш эмаслигини, ибодатлар машаққат бўлмаслигини, аммо бизнинг қалбимиз хароб бўлганини ўргатди.
4. Рамазон бизга Аллоҳ учун бир нарсаларни тарк қила олишимизни, уларни тарк қилишда лаззат борлигини, бу лаззатни уларни тарк қилмай топиб бўлмаслигини, бизнинг тарк қилишдан ожиз эмаслигимизни, озгина қўрқоқ эканлигимизни ўргатди.
5. Рамазон бизга йилнинг истаган пайтида садақа қила олишимизни, фақирларни қалбан ҳис қилишимиз мумкинлигини, уларни эслаш учун ошқозонни бўшатиш шарт эмаслигини ўргатди.
6. Рамазон бизга бомдод намозига туриш шайтон васваса қилганидек оғир иш эмаслигини, уни муаззин айтганидек "уйқудан яхшироқ" эканлигини ўргатди.
7. Рамазон бизга масжидга қадам босиш лаззат эканини, саодат фақатгина Аллоҳ билан бирга бўлишда эканини ўргатди.
8. Рамазон бизга энг илиқ макон уйимиз эканини, оила аъзоларимизнинг бир жойда ифторда жамланиши оилага жон ато қилишини ўргатди.
9. Рамазон бизга қўшнига бир идишда овқат жўнатиш меҳр-оқибатни зиёда қилишини, улардан бир идишда овқат қабул қилиш эса муҳаббат мактубига менгзалишини ўргатди.
10. Рамазон бизга хонадонимиз аёлларимиз сабри устига бино қилингани, биз эркаклар куннинг охирида силламиз қуриб дам олаётганимизда аёлларимиз ошхонада тинмаслигини, улар ҳақиқатда бизнинг эҳтиромимизга муносиб эканини ўргатди!
Абдулқодир ПОЛВОНОВ