muslim.uz
Аллоҳнинг муҳаббати суннатга эргашишликда!
Бир оят шарҳи ёҳуд ибодатларнинг энг афзали
Имом ибн Можа
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий ал-Қазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири – Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари Робиа қабиласининг бошлиғи бўлиб, Можа исми билан танилган эдилар.
Имом Ибн Можа «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 та китобдан бирининг соҳиби бўлмиш имомлардан эдилар.
У зот вояга етганда ҳадис тўплаш учун Ироқ, Басра, Куфа, Шом, Миср, Рай каби ўлкаларга сафар қилдилар. Дамашқдаги Ҳишом ибн Аммор, Аббос ибн Валид, Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир, Маҳмуд ибн Холид, Мисрдаги Ҳарламата ибн Яҳё, Абу Тоҳир ибн ас-Сирота, Муҳаммад ибн Рамҳ, Муҳаммад ибн Ҳорис, Юнус ибн Абдулаъло, Хумсдаги Муҳаммад ибн Мусаффо, Ҳашшом ибн Абдулмалик, Бағдоддаги Абу Бакр ибн Абу Шайба, Аҳмад ибн Абда, Исмоил ибн Мусо, Абу Ҳайсама Зоҳир ибн Харб каби уламолардан дарс олиб, ҳадислар тўпладилар.
Имом Ибн Можа 32 та китоб ёзганлар. Шулардан машҳурлари: «Сунани Ибн Можа» (ҳадис китоблари), «Тафсири Ибн Можа» (тафсир китоблари), «Тарихи Ибн Можа» (тарих китоблари).
У зотдан Муҳаммад Исо ал-Абҳарий, Абу Умар Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Маданий, Али ибн Иброҳим ал-Қаттон, Сулаймон ибн Язид ал-Фолий, Абу Тоййиб Аҳмад ибн Руҳ ал-Бағдодийлар дарс олишган ва ҳадис ривоят қилишган.
Ибн Можанинг ўзлари ва китоблари тўғрисида уламолар кўп мақтовли сўзларни айтишган. Абу Яъло ал-Ҳалимий айтадилар: «Ибн Можага одамлар ишониб, ҳадис илмида у кишига суянадилар». Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний ўзларининг «Рисолати ал-мустатрофа» китобларида шундай келтирадилар: «Уламолар Ибн Можанинг «Сунан» китобларини ишончли, кучли ва фиқҳ илмида катта фойда беришини кўриб, олтинчи саҳиҳ китоб, деб тан олишди».
Ибн Тоҳир айтадилар: «Кимки Ибн Можанинг ҳадис китобларига қараса, боблари кўплиги, бир ҳадис қайта такрорланмаслиги ва ҳадисларнинг чиройли тартибда ёзилганлигини кўриб, ҳақиқатда у зотни ҳадис жамлашда ва китоб ёзишда қандай яхши йўл тутганларини билади. Бу китоб жуда машҳур бўлмаса ҳам, ўзига яраша обрў-эътибори бордир».
Абу Ҳасан Али Иброҳим ибн Салама айтадилар: «Имомнинг «Сунан» китоби 32 жуз бўлиб, унда 1500 та боб бордир. Ва бу китоб 4341дан кўпроқ ҳадисни ўз ичига олгандир».
Имом Ибн Можа ҳижратнинг 273 йили вафот этдилар.
Суннат ва ҳадиснинг фарқи
Ҳадис ва суннат сўзлари жуда кўп талаффуз қилинадиган ва уларни қандай маъноларни ифода этишини ҳам кўпчилигимиз биладиган сўзлардир. Бу сўзлар Расулулллоҳ соллаллоҳу алйҳи васалламнинг гапирган гаплари, қилган ишлари ва тақрирларига далолат қилади. Кўп ўринларда бу калималарнинг бири иккинчисининг ўрнида ишлатилади. Яъни маънодош сўзлар каби қўлланилади. Лекин аслида бу иккала сўз бир-биридан фарқ қиладими ёки улар иккиси ҳам бир маънони ифода қиладими? Келинг бу масалани баён қилиш учун шу борада ёзилган адабиётларга мурожат қилайлик ва унинг ҳақиқатини билишга уриниб кўрайлик.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Суннат ва ҳадис” китобларига эътибор қиладиган бўлсак айни биз излаган нарсаларни тўлалигича топамиз. Бу китоб суннат ва ҳадис ўртасидаги фарқли ва муштарак жиҳатлар, суннатнинг ҳамиша ҳужжат эканлиги, ҳадиснинг ҳаммаси ҳам ҳамиша ҳужжат бўла олмаслиги ва шунга ўхшаш муҳим фиқҳий масалалларни ўз ичига олади. Қуйида шу китобдан олинган баъзи иқтибосларни келтириб ўтамиз.
“Ҳадис ва суннат бири иккинчисидан буткул фарқли эмас. Яъни икковида қарама қаршилик маънолари йўқ. Балки ҳадис ва суннатнинг бири умумийроқ иккинчиси эса хосроқ маъноларни ифода қилади..... гоҳида ҳадис бошқа бўлади у суннат бўлмайди. Гоҳида суннат бошқа бўлади у ҳадис бўлмайди. Баъзи ўринларда иккови ҳам жамланади у ҳадис ҳам суннат ҳам бўлади”.
Суннат ва ҳадиснинг фарқли жиҳатлари;
“Уч нав ривоятлар фақат ҳадисдир улар суннат эмас.
1.Мансух бўлган ҳадислар суннат ҳисобланмайди. Мусуомонлар унга амал қилмайдилар. Уни насх қилгувчи бўлиб келган ҳадисга амал қиладилар. Мисол: “Ўтда пишган нарсани ейдиган бўлсангиз таҳорат олингиз”. Бу аъло даражадаги саҳиҳ ҳадисдир. Лекин кейинчалик бу ҳукмга амал қилиш қолмади. Кейинига севикли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам, Хулафои рошидинлар ва ҳамма саҳобалар ўтда пишган нарсани ер эдилар ва янгитдан таҳорат қилмай намоз ўқир эдилар. Бу ҳадис Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйдаги ҳадис билан мансух бўлган.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва мени ёнларига олиб ансорийлардан бўлмиш бир хотиннинг уйига кирдилар. Хотин у кишига бир қўй сўйди ва У зот қўй гўштидан едилар. Кейин бир идишда янги хурмо келтирди. Ундан ҳам едилар. Кейин пешин учун таҳорат олиб намоз ўқидилар. Намоз ўқиб бўлганларидан сўнг хотин у кишига қолган гўштдан яна келтирди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан едилар. Кейин эса таҳорат олмасдан аср намозини ўқидилар”.
Демак ўт теккан нарсани егандан сўнг таҳорат қилиш ҳадис бироқ суннат эмас ва унга амал қилинмайди.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос бўлган ҳадислар. Булар гарчи ҳадис бўлсада лекин суннат эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳлари тўттага чекланмаган. Бинобарин у зотнинг никоҳларида тўққизта хотин жам бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу феъллари ҳадисдир суннат эмас. Бу феъл у зотнинг ўзларига хос.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъайян фойдани кўзлаб бир гапни айтишлари ёки бир амални бажаришлари. Бу турдагилар ҳам ҳадис деб аталади суннат эмас.
Бунга мисол қилиб тик туриб бавл қилишни айтишимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир маротаба бир қавмнинг ахлатхонасига тик туриб бавл қилганликлари ривоят қилинган. Аммо бу ривоят ҳадисдир, суннат эмас. Яъни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам доим ўтирган холда бавл қилганлар ва шу амал суннат. Бироқ бу ривоятда келган тик туриб бавл қилишликлари фақатгина шу масалага ойдилик киритиш мақсадида бўлган холос. Инсон гоҳида шундай холатга тушадики ўтириб бавл қила олмайди. Масалан бавл қилиш жойи ахлатхона бўлиб ўтирганда бавл уст-бошига сочраши мумкин. Ёки бирор касаллик сабабли ўтира олмаслиги мумкин. Шу вақтда умматлар туриб бавл қилишликлари жоиз эканлигини баён қилиб қўйиш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб бавл қилганлар.
Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳар бир ҳадис шариатда амал қилинадиган хужжат бўлавермайди, бироқ ҳар бир суннат шариат ҳукмларига асос бўла оладиган далил ҳисобланади.
Жалолиддин Ҳамроқулов
“Суннатларнинг онаси”
· Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади;
“Бир куни Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Бизларининг бирортамиз уни танимадик ҳам. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасинин у зотнинг тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва “Эй Муҳаммад менга Ислом ҳақида ҳабар бер”, деди. Шунда Расулуллоҳ солаллоҳу алйҳи васаллам; “Ислом “Лаа илаҳа илаллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо этмоғинг, закотни бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг байтни ҳаж қилмоғинг, дедилар”
“Тўғри айтдинг”, -деди. Биз унинг ишидан ажабландик. Ўзи сўрар ва ўзи тасдиқ қилар эди.
“Менга иймон ҳақида ҳабар бер”-деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
У “Менга эҳсон ҳақида ҳабар бер”, деди.
“Аллоҳга ҳудди уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен уни кўрмасанг У сени кўриб турибди”, дедилар.
“Менга қиёмат ҳақида ҳабар бер”, деди.
“Бу борада сўралинаётган киши сўраётган кишидан билгувчи эмас”, дедилар.
“Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларни бино қуришда бир-биридан ўзишга уринишларини кўрмоғинг”, дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бир муддат туриб қолдим. Сўнг У зот менга “Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?”, дедилар.
“Аллоҳ ва унинг Расули билгувчи”, дедим.
“Албатта У Жаброилдир. Сизларнинг динингизни ўргатиш учун келибди”, дедилар. Муслим ривояти.
Ибн Дақийқ ал-Ийд айтадилар: “Бу ҳадис жуда муҳим ҳадис бўлиб у барча зоҳирий ва ботининй амалларни ўзида мужассам этган. Шариат илмларининг барчаси бу ҳадисдан тўйинган. Чунки бу ҳадис барча суннат илмларини жамлаган. “Фотиҳа” сураси Қуръоннинг онаси деб номлангани каби бу ҳадис ҳам суннатнинг онасидир”.
“Жибрил ҳадиси” номини олган бу ҳадис мутавотир ҳадис ҳисобланади. Зеро бу ҳадисни Абу Ҳурайра, Умар, Абу Зар, Анас, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Омир Ашърий, Жарийр Балхий каби буюк саҳобийлар ривоят қилганлар.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар;
1.Кийим бош ва кўринишни чиройли тутиш. Масжид ва илм мажлисларига бориш учун покиза кийимларни кийиш ва ҳушбўйликларни суриш мустаҳаб саналади. Шунингдек илм мажлисларида олимлар билан одоб доирасида муомилада бўлиш. Зеро Жаброий алайҳиссалом инсонларга гаплари ва холатлари билан илм ўргатиш учун ташриф буюрган эдилар.
2. Эҳсон нима? Эҳсон – бирор ишни пухта ва ихлос билан қилишликдир. Яъни Аллоҳ таолога ибодат шу даражада холис бўлиши керакки, гўёки банда ибодат вақтида Аллоҳни кўриб тургандек бўлиши керак. Агар бунинг уддасидан чиқа олмаса шуни ёдига тутсинки, Аллоҳ таоло уни кўриб турибди ва ундан содир бўлаётган барча катта ва кичик амаллардан хабардордир.
3. Қиёмат ва унинг аломатлари. Қиёмат қачон қоим бўлиши фақтгина Аллоҳ таолонинг ўзигагина маълум бўлган ишдир. Бироқ ҳадисда унинг аломатлари зикр қилинмоқда.
4. Илм ҳақида сўрашнинг зарурлиги. Мусулмон инсон ўзининг дунёси ва охирати учун фойдали нарсалар ҳақида сўраб ўрганиши ва бефойда нарсаларни тарк қилиши лозим. Шунингдек бир илм мажлисига борса ва бу ердагилар бирор масалага мухтож эканликларини кўрса-ю, бироқ бу масала ҳақида ҳеч ким сўрамаётган бўлса, агарчи ўзи бу ҳақда билса ҳам ҳудди билмаган одам сингари бу ҳақда олим одамга савол бериши керак. Чунки унинг саволи натижасида шу масаладан бехабар бўлганлар унинг моҳиятини билиб оладилар.
5. Кимки ўзи билмайдиган нарсалар ҳақида савол берилса унга “билмайман” деб жавоб қайтариши вожиб бўлади. Бу унинг тақвоси ва илмини тўғри йўналтирганининг далилидир.
6. Савол жавоб ҳам тарбия бериш усулларининг биридир. Бу услуб қадимда ҳам ҳозирда ҳам оммалашган усулдир. Шунингдек бу усул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўп ҳадисларида ҳам такрорланган. Зеро бундай услуб тингловчиларнинг назарини ўзига жалб қилади ва уларни жавобга ташна холатга келтиради.
Жалолиддин