muslim.uz

muslim.uz

Бугунги кунда мусулмонлар ўртасида низога сабаб бўлиб турли ихтилофлар келтириб чиқараётган муаммолардан бири бу бидъат масаласидир. Бидъат сўзи луғатда “بدع” ўзагидан олинган бўлиб, “ўхшаши бўлмаган бир ишни қилмоқ, ижод қилмоқ” маъносида келади. Бу сўз келиб чиқиш маъносига кўра, “янгилик, кейин пайдо бўлмоқ, ўхшаши йўқ” каби бир-бирига жуда яқин маънолар бериш билан бирга, бошқа маъноларда ҳам ишлатилади.

Умуман олганда, Қуръон ва суннатда келмаган, пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вақтларида бўлмаган кейинчалик пайдо бўлган амалларни луғавий жиҳатдан “бидъат” дейиш мумкин. Лекин бу амалларнинг барчасини инкор этиш ва ҳаромга чиқариш тўғри эмас. 

Олимлар ўртасида бидъатга таъриф беришда асосан икки хил ёндашув мавжуд: 

Биринчи йўналиш: Бу йўналишдаги олимларнинг таъкидлашича, бидъат, бу Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган иш ва нарсалардир. Улар ибодатларда ёки одатий ишларда, яхши ёки ёмонбўлишидн қатъи назар, барчаси “бидъат” номи билан аталиб, сўнг улардан мумкин бўлгани ва ман қилинганини ажратиб берадилар. Бу фикр тарафдорлари орасида Имом Шофеъий, Иззуддин ибн Абдуссалом, Имом Нававий, Абу Шома, Имом Қарроний, Зарқоний, Ибн Обидин, яна бошқа олимлардан Ибн Жавзий ҳамда ибн Ҳазмни санаш мумкин.

Бу йўналишдаги олимлар қуйидаги ҳужжатларни ўзларига далил сифатида келтирадилар: 

1. Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим ривоят қилган.

2. Абдурраҳмон ибн ал-Қорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча ана уларни бир қори (орти) га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб намоз ўқир эдилар. «Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал», деди ҳазрати Умар. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди» (Молик ривояти).

3. Мужоҳид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Урва ибн Зубайр билан бирга масжидга кирдик. Қарасак, Абдуллоҳ ибн Умар Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг ҳужраси олдида ўтирган экан. Одамлар бўлса, жамоат бўлиб зуҳо намози ўқимоқдалар. Биз Ибн Умардан уларнинг намози ҳақида сўраган эдик, “Бидъат” деди» (Муслим ва Аҳмад ривояти).

Изуддин ибн Абдуссалом бидъатни қуйидагича таснифлайди:

Вожиб бидъат - ижобий маънодаги бидъат бўлиб адашган фирқаларнинг даъволарига раддиялар бериш, уларни ўрганиш, динни муҳофаза қилиш ва уни бузмоқчи бўлганларга қарши керакли бўлган янги илмларни ўрганишни жорий қилиш, Қуръонни тушуниш учун наҳв ва сарф илми, тафсир, фиқҳ илми ва шу кабиларнинг барчаси киради.

Ҳаром бидъатлар бунга Қуръон ва суннатга хилоф ишларни шариатга олиб кириш каби бидъатлар киради. Жумладан хорижийлик, қадарийлик каби ботил мазҳаблар қарашлари бунга мисол бўлади. Хулоса қилиб айтганда, динга зарар келтирадиган, унинг асосларидан бирор нарсани бузадиган ёки бир суннатни йўқ қиладиган бидъатлар, ҳаром бидъатлардир.

Макруҳ бидъатлар - ўринсиз қоидалар ва унинг далилларини ўз ичига олган бидъатлар ҳисобланади. Масалан, намоздан кейин тасбеҳ, ҳамд ва такбирни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ошириб 33 тадан кўпроқ ўгириш каби ҳолатлар бунга мисол бўлади.

Мандуб бидъатлар - Диндаги рағбатлантириш қоидалари ва далилларини қамраб олган бидъатлардир. Рамазонда таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш, шариатга хилоф бўлмаган ва асри саодатда бўлмаган турли яхшиликлар - ҳаётни қулайлаштирувчи мустаҳкам, кенг бинолар, мактаблар қуриш қабилар бунга киради.

Мубоҳ бидъатлар - Ҳаром ва макруҳ амалларга йўл қўймай еб-ичиш, кийиниш, яшаш жойида қулайлик яратиш, пешин ва аср намозларидан кейин қўл бериб саломлашиш кабилар бу доирага киради. 

Имоми Бирғивий бу ҳақда қуйидаги маълумотларни беради: “…Эътиқодий бидъатнинг акси аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодидир. Ибодатдаги бидъатнинг зидди эса, суннати ҳуда (Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг гоҳида қилиб, гоҳида тарк қилган ибодатлардир. (Масалан, эътикоф сингари) одатлардаги бидъатларга амал қилмоқ залолат бўлмайди. Бунинг акси суннати зоидадир. Суннати зоидани қилмоқ мустаҳабдир”.

Имом Шофеъий: “Бидъатнинг икки тури мавжуд: “Бидъати мамдуҳа” (мақталган бидъат), “бидъати мазмума” (ёмонланган бидъат). Суннатга мувофиқ келадиган бидъат - бидъати мамдуҳа, суннатга тўғри келмайдиган бидъат бидъати мазмумадир”.

Ибн Хазм: “Бидъат Қуръони каримда ва суннатда бўлмаган ҳамма нарсадир”-, деган таърифни беради.

Ибн Асирга кўра эса бидъат иккига бўлинади: “бидъати ҳуда” (ҳидоятга бошлайдиган) ва “бидъати залал” (залолатга бошлайдиган бидъат)лардир.

Шайх Абдулҳақ Деҳлавий “Мишкот” шарҳида шундай дейди: “Билингизки Расулуллоҳ (алайҳис-салом)дан кейин пайдо бўлган ҳар нарса бидъатдир. Агар суннатга мувофиқ бўлса ёки унга қиёс қилинса, у бидъати ҳасана бўлади. Янги пайдо бўлган нарса суннат ва унинг асосларига хилоф бўлса, у бидъати саййиадир”. 

Айрим олимлар бидъатни бундай гуруҳларга ажратишни нотўғри санашади, уларнинг фикрича мадраса қуриш, араб тили грамматикасини ўрганиш ва шу каби китоб ва суннатда бўлмаган ишларни “яхши бидъат” дейиш нотўғри, уларни умуман бидъат дейиш керак эмас. 

Иккинчи йўналишдаги олимлар - имом Молик, Шотибий, Туртуший, ҳанафийлардан имом Шумунний ва Айний, шофеъийлардан Байҳақий, Ибн Ҳажар Асқалоний ва Ибн Ҳажар Ҳайсамий, ҳанбалийлардан Ибн Ражаб ва Ибн Таймияларнинг фикрича, бидъатнинг барчаси – ибодатдагиси ҳам, одатдагиси ҳам залолатдир.

Бу йўналишдаги таърифларнинг энг машҳури имом Шотибийга тегишли бўлиб, у кишидан икки хил таъриф келтирилган:

1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш орқали Аллоҳга ибодат қилишда муболаға қасд қилинади.

Мазкур таърифда дин жавҳарига ўзгартиш киритиш, ибодатларда шариат кўрсатган йўлга ўхшаш йўл пайдо қилиш ҳақида сўз бораётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

2. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у билан шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юришдан шариат йўлига юриш қасд қилинади.

Имом Шотибийнинг иккинчи таърифи биринчисидан кенг бўлиб, унда ибодат ва одатлардаги янги ихтиро қилинган нарсалар бидъат экани таъкидланган.

Ҳақли равишда, нима учун имом Шотибий бидъатга икки хил таъриф берган, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз, имом Шотибий: “Бунда бошқаларнинг бидъат маъносини кенг ёки тор олганига эътибор берган”, деб жавоб берганлар.

Имом Шотибийнинг биринчи – тор таърифида бидъат фақат ибодатларда бўлади, деганларнинг фикри, иккинчи – кенг таърифида эса, бидъат ибодатларда ҳам, одатларда ҳам бўлади, деганларнинг фикри ўз ифодасини топган.

Имом Шотибийнинг ўзи эса, бидъат фақат ақида ва ибодатларга хос бўлишига мойил бўлган.

Иккинчи йўланишдаги таърифда бизга керак бўлган асосий маъно «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл» деган жумладир. Демак, мусулмонлар ичида янги пайдо бўлган нарса бидъат бўлиши учун диннинг асосига оид бўлиши ва унга ҳам худди шариатнинг асосий ибодатлари мақоми берилиши экан.

Қуйидаги ҳадисларда худди шу маъно кўзда тутилган.

1. Оиша (розияллоҳу анҳо)дан имом Бухорий, Муслим ва Абу Довудлар томонидан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у мардуддир», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «ишимиз» деганларидан мурод, динимиз, деганларидир.

2. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, энг содиқ калом Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш бидъатдир. Ҳар бир бидъат залолатдир. Барча залолат дўзахдадир», дедилар» (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Қайд этиш лозим-ки, мусулмонлар ҳаётида янги пайдо бўлган ва диннинг асосига дахлдор бўлмаган нарсалар бидъат бўлмайди. Масалан пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаётлик даврларида Қуръони карим китоб шаклига келтирилмаган, мадрасалар қурилмаган, турли илмлар шаклланмаган, китоблар ёзилмаган эди. 

Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий шундай дейди: “Бидъатдан мурод, шариатда борлигига ҳеч бир далил бўлмаган янги пайдо бўлган нарсадир. Янги пайдо бўлган нарса аслида шариатда бор бўлса, у ҳолда бидъатнинг луғавий маъносига тўғри келсада, аслида шаръан бидъат ҳисобланмайди”. Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам шу фикрни маъқуллаб, бидъат суннатнинг зидди сифатида қўлланилишини айтади. Ходимий ҳам шу фикрларни қувватлайди: “Фақиҳларга кўра бидъат асло одатларни ўз ичига олмайди”, дейди.

Иккинчи йўналишдаги олимларнинг фикрига қарасак, улар бидъат сўзининг кўпроқ салбий маънода ишлатилишига эътибор қаратганлар. Шу сабабдан, янги пайдо бўлган амаллар агар шариатга тўғри келса уларга нисбатан бидъат сўзи қўлланмаслигини таъкидлаганлар.

Салоҳиддин Тошонов,

“Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили – Тошкент вилояти «Абу Бакр Сиддиқ» масжиди имом-хатиби Нурали Мавлановнинг Россия ҳудудларига амалий сафари доирасида Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятида яшаётган ҳамда таълим олаётган ватандошлар билан учрашувлари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирлар давомида Нурали домла сўнги йилларда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш бўйича амалга оширилаётган тарихий ишлар, диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан фуқароларнинг ўз диний амалларини эмин-эркин бажаришлари учун яратилаётган шароитлар, қурилаётган масжидлар, таълим даргоҳлари ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидаги ватандош ташкилотлар раҳбар ва фаоллари сўзга чиқиб, ушбу учрашувни ташкил этган Бош консулликка миннатдорлик билдирдилар ва мамлакатимиз томонидан хориждаги ватандошларга қаратилаётган катта эътиборни эътироф этдилар.
Талабалар билан учрашувда эса Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш ва янгиланаётган Конституция бўйича бўлажак умумхалқ референдуми ва хорижда истиқомат қилиб келаётган юртдошларимизнинг овоз бериши учун ташкил этилган участкалар тўғрисида маълумот берилди.
Учрашув якунида талабаларга ўқишдан ташқари бўш вақтларида Бош консулхонага ташриф буюрган ҳолда, дипломатик ваколатхона иш фаолияти билан танишишлари ва бевосита фуқаролар билан ишлаш бўйича ўз билим ҳамда малакаларини оширишлари мумкинлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الأربعاء, 19 نيسان/أبريل 2023 00:00

Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!

Биз мўминлар шундай саодатли умматмизки, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳматини кенг қилиб, мағфират эшикларини биз учун очиб қўйган. Бунга қуйидаги оят далолат қилади. Аллоҳ таоло Ўз суюкли Пайғамбарига шундай амр қилган:

“Менинг ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилади”, деб айтинг” (Зумар, 53).

Ушбу оят маъносига кўра, банда билмай туриб бирон гуноҳ иш қилиб қўйиб, кетидан чин дилдан истиғфор айтса ва ўша ишни қайта қилмасликка қатъий қарор қилса, гарчи унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, Аллоҳ таоло у банданинг гуноҳларини Ўз раҳмати ила кечириб юборади. Зеро, Аллоҳнинг раҳмати кенгдир.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг ояти Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим  ривояти).

Ато ибн Ясор айтади: “Бу уч оят – “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг”дан “ўзларингиз сезмаган ҳолингизда”гача (Зумар, 55) – Мадинада Ваҳший ва унинг дўстлари ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир ривояти).

Абу Саиддан ривоят қилинади: “Ваҳший мусулмон бўлганида Аллоҳ таоло “улар Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳга дуо-илтижо қилмайдилар ва Аллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмайдилар” оятини нозил қилди. Шунда Ваҳший ва унинг ҳамроҳлари: “Биз олдин бу гуноҳларнинг ҳаммасини қилганмиз-ку?!” дейишди. Шунда Аллоҳ таоло “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг” оятини нозил қилди” (Ибн Абу Ҳотим  ва Ибн Мардавайҳ ривоят қилган).

Савбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё ва ундаги бор нарсадан кўра менга ушбу оят – ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг – ояти афзалдир”, деганларида, бир киши: “Эй Расулуллоҳ, қайси бир инсон ширк келтирса ҳам (Аллоҳ унинг гуноҳларини кечириб юбораверадими?)” деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам индамадилар ва кейин: “Йўқ, фақат ширк келтирган(ларнинг гуноҳи кечирилмайди)”, деб уч марта айтдилар” (Аҳмад, Ибн Жарир, Байҳақий, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ривояти).

Албатта, Аллоҳнинг раҳмат-мағфиратига сазовор бўлиш ўткинчи дунё ашёларига эришишдан кўра яхшироқ. Аммо бунинг учун ширк деб аталмиш иллатдан саломат бўлиб, мўмин ҳолида яшаш ва мўмин ҳолида Аллоҳнинг даргоҳига бориш керак.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу шундай деган: “Ушбу оят Қуръони каримдаги энг умидбахш оятлардан биридир”.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулишиб ўтирган бир гуруҳ саҳобалар олдига чиқиб, “нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар мен билган нарсаларни билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, дедилар ва кетдилар. Шунда қавм йиғлай бошлади. Аллоҳ у зотга ваҳий қилиб, “эй Муҳаммад, бандаларимни ноумид қилма!” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларига қайтиб бордилар ва: “Хурсанд бўлинглар, яқин бўлинглар ва тўғри бўлинглар!” дедилар” (Бухорий “Ал-адабул-муфрад”да ривоят қилган).

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу одамларга ваъз-насиҳат қилаётган кишини кўриб, унга: “Эй одамларга ваъз айтувчи, сен бандаларни Аллоҳнинг раҳматидан ҳеч қачон ноумид қилма”, деб “ўз нафсларига зулм қилган бандаларимга... айтинг” оятини тиловат қилди. (Байҳақий, Табароний, Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим , Ибн Абу Шайба, Абд ибн Ҳумайд, Ибн Абу Дунё ривояти).

Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Одамларни Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид қилмаган, уларнинг маъсиятга ботишларига рухсат бериб қўймаган, уларни Аллоҳнинг азобидан омонда қилиб қўймаган, бошқа нарсадан таъма қилиб Қуръонни ташлаб қўймаган фақиҳ ҳақиқий фақиҳдир. Зеро, илм йўқ ибодатда яхшилик йўқ, тушуниш бўлмаган илм илм эмас, тадаббур бўлмаган қироат қироат эмас” (Ибн Зурайс ва Абулқассом ибн Башир ривояти).

Зайд ибн Аслам розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ўтган умматларда бир киши жуда кўп ибодат қиларди, ҳатто ўзига оғир ҳам қилиб қўярди. Аммо ваъз-насиҳат қилса, одамларни Аллоҳ таоло раҳматидан ноумид қиларди. У вафот этди ва: “Эй Парвардигор, мен учун Сенинг ҳузурингда нима бор?” деди. У Зот: “Жаҳаннам”, деди. Шунда банда: “Шунча қилган ибодатим ва ҳаракатларим қаерда қолди?!” деди. Шунда унга: “Сен одамларни Менинг раҳматимдан ноумид қилардинг. Бугун Мен ҳам сени раҳматимдан ноумид қилман!” дейилди” (Абдураззоқ ва Ибн Мунзир ривояти).

Абу Айюб Ансорий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ гуноҳ қиладиган бир қавмни яратади ва уларни мағфират қилади”, деб айтганларини эшитганман” (Муслим ва Ибн Абу Шайба ривояти).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар еру осмонни тўлдириб юборадиган даражада (кўп) гуноҳ қилсаларингиз, кейин Аллоҳга истиғфор айтсангиз, У Зот (гуноҳларингизни) албатта кечиради. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сизлар гуноҳ қилмасангиз, Аллоҳ гуноҳ қилувчи (бошқа) қавмни келтиради. Сўнг улар истиғфор айтадилар ва Аллоҳ улар(нинг гуноҳлари)ни кечириб юборади”, дедилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Зиё Мақдисий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан, авваламбор, Аллоҳнинг мағфирати улуғлиги ва У Зот бандаларига меҳрибон экани, иккинчидан, хато-гуноҳ ишларни қилиш инсон табиатига хослиги, шунингдек, киши бир хатога бехосдан йўл қўйганида дарров ўзини ўнглаб, хатоси учун пушаймон бўлиши ва Аллоҳга кўп истиғфор айтиши лозимлигини билиб оламиз.

Агар киши бирон маъсият ишни қилиб қўйгач, афсус-надомат чекса, Аллоҳ ана ўша бандани яхши кўради, гуноҳини тан олмай, кибр-ҳаво қилган кимсалардан эса ғазабланади. Ушбу маънодаги ҳадисни Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган:

“Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бирон гуноҳни бехосдан содир этиб, сўнгра муттасил тавба қилувчи бандасини яхши кўради” (Аҳмад, Абу Яъло ва Байҳақий ривояти).

Демак, бизлар биринчи навбатда, Аллоҳ таолога осий бўлмасликка ҳаракат қилишимиз, агар ногаҳон шундай ҳолат юз берган тақдирда дарров Улуғ ва Меҳрибон Парвардигоримизга илтижо қилиб, хатоларимизга пушаймон бўлишимиз лозим экан. Шунда ҳам гуноҳлардан фориғ бўламиз, ҳам Аллоҳнинг розилигига эришамиз.

 

Одилхон қори Юнусхон ўғли

 

الأربعاء, 19 نيسان/أبريل 2023 00:00

Бир гуруҳ уламолар Туркияда

Ўзбекистон ва Туркияни бир-бирига яқин тил, уйқаш анъана ва тутумлар, ягона дин, азалий дўстлик ва уйғун маданий алоқалар боғлаб туради. Ўзбеклар ва турклар икки халқ бўлса-да, аслида, бу икки миллатнинг муштарак жиҳатари кўп: аждодлари бир, маданияти бир-биридан улги олган. Энг муҳими, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги муносабатлар ҳар жиҳатдан юксак даражага кўтарилиб, икки мамлакат манфаатларига бирдай хизмат қилмоқда. Айниқса, туризм, маданий, маънавий-маърифий диний соҳадаги ҳамкорликлар ҳавас қилгудек даражага етди.

Туркия Республикаси аҳолисининг деярли 95 фоизини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этгани боис бу ерда ислом динига нисбатан ҳурмат юқоридир.

Яқинда юртимизнинг бир гуруҳ уламолари Туркия Республикасига ташриф буюрди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов бошчилигидаги гуруҳ аъзолари билан дастлаб Ўзбекистоннинг Туркиядаги бош консуллигида учрашув ўтказилди.

Сафар жуда тиғиз, айни пайтда гўзал таассуроталрга бой кечмоқда. Хусусан:

14 апрель. Ўзбекистоннинг Туркиядаги бош консуллиги мутасаддилари билан ҳамкорликда Туркиядаги ўзбек ватандошлар жамоаси билан ифторлик уюштирилди. Тадбир доирасида ватандошлар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди. Суҳбат асносида ватандошлар Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлардан яхши хабардор эканликларини мамнуният билан изҳор этдилар.

15 апрель. Туркия сафарида бўлиб турган гуруҳ Истанбул шаҳрида фаолият олиб бораётган “Ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти” билан суҳбат уюштиришди. Суҳбат асносида ватандош аёлларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди. Тадбирда ўндан зиёд аёл иштирок этиши.

* * *

Туркияга ишлаш, таълим олиш учун борган аёллар ҳам эътибордан четда қолмади. Улар билан ҳам учрашувлар уюштирилиб, мусофирчиликда юрган юртдошларимизнинг дарду ташвишлари тингланди, зарур тавси, маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди.

Шу билан бирга, уламолар Арнавут мавзесида меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган талабалар билан ифторлик дастурхонида учрашиб, улар билан суҳбат уюштиришди. Тадбирда 20 дан ортиқ ватандош иштирок этди.

* * *

Ўзбекистонлик имом-хатиблар Истанбул шаҳридаги Шайх Муҳаммад Содиқ номидаги таълим тарбия академиясига ҳам ташриф буюриб, талабалар билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда Жалолиддин домла Ҳамроқулов илм олишнинг фазилатлари ва одоби, ватанга садоқат, устозларга ҳурмат тўғрисида суҳбат қилиб бердилар. Суҳбат савол-жавобларга бой ва файзли ўтди.

Тадбирда 150 нафар талаба ва устозлар иштирок этди.

* * *

Туркиянинг Бурса шаҳрида Бурса вилояти муфтийси Ёвуз Салим ва депутат Осман Местен билан самимий урашув ўтказилди. Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, Фарғона вилоти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов, Бухоро вилоти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек домла Авезов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайруллоҳ домла Сатторов иштирок этди.

Меҳмонларни Бурса шаҳри ҳокимлиги ва муфтияти мутасаддилари илиқ кутиб олишди.

Османгази тумани ҳоким ўринбосари томонидан Бурса шаҳрида таълим олаётган юзга яқин ўзбекистонлик талабаларига ифторлик дастурхони ёзилди.

* * *

Уламолар Бурса шаҳридаги “Амир Султон Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби, доктор Мустафа Баки Эфе билан учрашув ўтказдилар. Масжидга йиғилган 500 дан ортиқ намозхонларга Ўзбекистонда туризм салоҳияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумотлар берилди. Хусусан, зиёрат туризми доирасида Туркия фуқаролари республикамиздаги табаррук қадамжоларга таклиф этилди.

Намозхонлар бухорийлар юртидан келган меҳмонларга юксак эҳтиром кўрсатиб, уларнинг дуо қилишлариин сўрадилар. Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов жамоатнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

* * *

Бурса шаҳрида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Отабек домла Авезов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Сатторов, Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов суҳбат уюштирди. Талабаларнинг саволларига атрофлича жавоблар қайтарилди.

Тадбирда юзга яқин ёш қатнашди.

 

 

 

تم بفضل الله  في هذا العام في شهر رمضان التنظيم أكثر من 1500 مسجد جامع في بلادنا ختمات القرآن الكريم وازداد إيمان المؤمنين وصدقهم أكثر. ان شعبنا في جميع مناطق بلادنا إستمعوا كلام الله بمحبة خلال ختمات القرآن الكريم الذي استمرت 27 يومًا.

    وفي مساء يوم 17 أبريل ليلة السابعة والعشرين من شهر رمضان أي ليلة القدر في جميع المساجد إنتهىت ختمات القران الكريم في نفس الوقت. وان الملايين من أهلنا تضرع إلى الله بالدعاء الخالص.

    قام في ليلة القدر رئيس إدارة مسلمي أوزبكستان وسماحة المفتي نور الدين داملا بزيارة لمسجد وجامع "حضرت الإمام" في طشقند ليصلي صلاة التراويح وشارك في حدث نهاية ختم القران الكريم.

   خلال الحدث تحدث سماحة المفتي عن فضائل ليلة القدر وبعد انتهاء ختم القرآن برئاسة المفتي في المسجد المركزي في جمهوريتنا - "حضرت الإمام" علماء و القراء المهرة وآلاف المصلين وكذلك عدة ملايين من الناس في جميع مساجد بلادنا  في الوقت واحد تضرعوا إلى الله بالدعاء الخالص.

   تم بث هذه اللحظات المباركة على الهواء مباشرة من جميع المناطق وعلى الإنترنت وانضم إليها عدة ملايين من المسلمين في بلادنا والعالم.

   وبهذه جميع الدعوات الخالصة ستصبح بلادنا أكثر ازدهارًا وستزدهر حياتنا وسيكون عالمنا سعيدًا بإذن الله تعالى.

 

خدمة الصحافة بإدارة مسلمي أوزبكستان

Top