Рамазон

Қадр кечасининг қадри

Кадр кечаси шарафли, муборак, ва кўп фазилатларга тўла. Бу кечада қилинган дуолар, ибодатлар мақбулдир. Бу тун минг ойда ҳам топилмайдиган кўп яхшиликлар тақсим қилинади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир”(Қадр,3).

 Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳар ким имон билан ажрини Аллоҳдан умид қилган холда қадр кечасини ибодат билан ўтказса, барча хатолари, гуноҳари мағфират килинади», деганлар (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти: Абу Хурайра розийаллоху анҳу). 

 Қуръони карим муборак Рамазон ойи кечаларидан бири Қадр кечасида нозил бўла бошлаган. 

Бу шараф ва улуғлик, ҳукм ва тақдир кечасидир. Аллоҳ таоло унда ажал, ризқ ва бошқа ишларни тақдир қилиб, уларни мукаллаф фаришталар — Исрофил, Микоил, Азроил ва Жаброилга (алайҳимуссалом) топширади. 

Фаришталар, жумладан, Жаброил (алайҳиссалом) барча осмондан, “Сидратул мунтаҳо”дан ҳам тушишади. Улар тонг отгунча одамларнинг дуосига “омин” деб туришади. Бу – Аллоҳ фақат омонлик, тинчлик, хайр ва барака туширувчи кечадир. Унда шайтон бирор ёмонлик қилиш ва озор беришга қодир бўлмайди. Бу кеча барча яхшиликлар ва баракотларни, ризқлар тақдири, диний ва дунёвий манфаатларни қамраб олади. 

Имом Аҳмад Убода ибн Сомитдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта, Аллоҳ аввалгию кейинги гуноҳларини кечиради. У тоқ кечаларда бўлади. Тўққизинчи ёки еттинчи ёки бешинчи ёки учинчи ёки охирги кеча қадр кечасидир”, дедилар». Аксар уламоларнинг фикрига кўра, Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчисидир. Имом Муслим ва Термизий Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилган ҳасан саҳиҳ ҳадис бунинг далилидир. Зирр (розийаллоҳу анҳу) Убай ибн Каъбга (розийаллоҳу анҳу): «Биродарингиз Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким бир йил тунлари қоим бўлса, Қадр кечасини топади”, деб айтганлар», деганида, Убай ибн Каъб: “Аллоҳ Абу Абдураҳмон (яъни, Ибн Масъуд)ни мағфират қилсин, ҳақиқатда у Қадр кечаси Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканини билар эди. Бу кеча йигирма еттинчи кечадир, лекин одамлар у нарсага суяниб қолмаслигини хоҳлаб айтмасди, — деди. Сўнгра қатъий қасам ичиб: — Йигирма еттинчи кечада”, деди. Шунда мен: “Эй Абу Мунзир, нима далил билан бундай дейсан?” дедим. У зот: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга айтган белги билан: у кун қуёш шуъласиз чиқади”, деб жавоб берди. 

Қадр кечасининг аломатларидан бири — қуёш ўша куни шуъласиз оқариб чиқади. Абу Довуд ат-Тайолисий Ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қадр кечаси ҳақида: “У кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Қуёш ўша куни оч қизил ҳолатда чиқади”, дедилар». 

Ибн Абу Осим ан-Набил Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларнинг биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Гўё ой борга ўхшайди. У кеча тонг отгунигача шайтонлар чиқмайди”, дедилар». 

Қадр кечасини яширишнинг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёматни яшириш ҳикмати кабидир. Қадр кечаси мукаллафлар тоат этишга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги учун яширилган.  

Ҳусанбой ШЕРМАТОВ,

 

 

 

Read 93320 times

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top