www.muslimuz
Даврий нашрларда: «Мусулмон бўлиб қайтдим...»
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Танбеҳул ғофилин” асарида: «Фақиҳ Абу Жаъфар, Абу Яъқуб Исҳоқ ибн Абдураҳмон Қорий, Абул Аббос Фазл ибн Ҳакам Найсобурий, Язид ибн Абдуллоҳ, Икрима ибн Аммор, Шаддод ибн Абдуллоҳ Дамашқий санадлари ила бундай ривоят келади:
Абу Умома Боҳилий айтади: «Амр ибн Абасадан:
– Сени нега “Исломда илк мусулмонлардан” дейишади? – деб сўрадим. У бундай деб жавоб берди:
– Мен одамлар залолатда эканини кўрар, бутлар ҳеч нарса эмаслигини билардим. Сўнгра Маккада бир одамнинг хабарини эшитдим. Минагимга* миниб Маккага келдим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қавми ўраб турибди. Ёнларига бордим ва: – Сиз кимсиз? – дедим.
– Пайғамбарман, – дедилар.
– Пайғамбар нима дегани?
– Аллоҳнинг элчиси, дегани.
– Сизни Аллоҳ юбордими?
– Ҳа.
– Нима учун юборди?
– Аллоҳнинг биру борлигини билдириб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслик, бутларни йўқ қилиш ва силаи раҳмни мустаҳкамлаш учун юборди.
Ёнларида ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Билол розийаллоҳу анҳумо бор эди.
– Сизга тобе бўлайинми? – дедим. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Бугун бунга тайёр эмассан. Ҳозирча оилангга қайт. Менинг майдонга чиққанимни эшитсанг, кейин келасан, – дедилар. Мен мусулмон бўлиб оиламга қайтдим.
...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилдилар. Мен яна минагимга миниб Мадинага келдим. Ҳузурларига кириб:
– Ё Расулуллоҳ, мени танияпсизми? – деб сўрадим. У зот:
– Ҳа, Маккада ёнимга келган эдинг, – дедилар...» (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
Бу ривоятдан Амр ибн Абаса, гарчи Мадинага келганидан сўнг таҳоратдан бошлаб Ислом арконларини ўрганган бўлса-да, Маккада илк имон келтирганлардан бири экани маълум бўлади.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди.
Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юртида суҳбат
Мазҳаблар мусулмонларни бўлиб ташламаган!
Сохта салафийлар “Тўрт мазҳаб имомлари шариат масалаларида мусулмонлар ўртасини бўлиб ташлаганлар”, дея даъво қилишади. Чиндан ҳам шундайми?
Тўрт мазҳаб имомлари ва фақиҳларининг ихтилофи шариатнинг фуруъий масалаларида бўлган, холос. Аммо ақида ва усулуд динда эса уларнинг ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Фуруъий масалалардаги айрим кичик баҳслар саҳобалар замонидан бери мавжуд.
Мисол учун, Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо “авл”1 – илми фароизга тегишли масала ҳақида Умар розийаллоҳу анҳуга хилоф қилган. Умар розийаллоҳу анҳу фикрига эса жумҳур саҳобалар бир овоздан қўшилишган. Бу ҳақда Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бирор нарса демаган. Лекин ижмо, кейин Умар ва саҳобалар розийаллоҳу анҳумнинг “авл” ҳақидаги фикрларини ҳақ деб топган.
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Меърож кечасида Раббиларини кўрганлари ҳақида ҳам ихтилоф қилишган. Ибн Аббос, Абу Ҳурайра ва улардан бошқа саҳобалар: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Раббиларини кўрганлар”, деган. Ойша, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳумо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббиларини кўрмаганлар, балки Жаброил алайҳиссаломни кўрганлар”, дейишган.
Тобеинлар замонида фуруъ2 масалаларида мужтаҳидларнинг ихтилофлари ҳам кўзга ташланади. Ҳар бир Ислом ўлкасининг ўз мужтаҳидлари бўлган. Масалан, Ироқ ва Ҳижознинг ушбу мужтаҳидлари машҳур бўлишган: Урва ибн Зубайр, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар, Алқама ибн Мусаййиб, Нофеъ, Сулаймон ибн Ясор ва бошқалар. Шунингдек, бошқа исломий ўлкаларнинг мужтаҳидлари ҳам илмда донг таратишган.
Табаа тобеинлар ва мужтаҳид имомлар замонида ижтиҳодий фуруъ масалаларида ихтилоф давом этди. Ушбу замонларнинг яхшилиги ҳақида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳлик берганлар.
Мужтаҳидларнинг фуруъ масалаларидаги ихтилофлари мусулмонларни бўлиб, уларни фирқа-фирқа қилиб ташламаган. Асҳоби ҳаволар3 эса – муътазилалар ва хаворижлар4 Ислом умматини пароканда қиладиган фирқалардан ҳисобланади.
Фуруъ масалаларида фақиҳларнинг ихтилофларидан зарар кўрилмаган. Бу ихтилофлар мусулмонларни ажратиб ташлашга олиб бориши мутлақо мумкин эмас.
“Бир масалада ижтиҳодлар кўп бўлишининг сабаби нима? Ахир, Қуръон ҳам, араб тили ҳам бир-ку! Фақиҳлар фуруъ масалаларидаги ихтилофни қўйиб, барча ижтиҳодларини битта қилишса бўлмасмиди?” деган савол туғилиши табиий.
Мен бу саволга бундай жавоб бераман: “Бу мушкул ишдир. Чунки Китоб ва суннатнинг насс5-далиллари таркиблар ҳамда хилма-хил услубларга эга, арабий лафзлардан ташкил топган бўлса-да, лекин улар бир-бирига зид эмас. Булар ўз атрофидаги фикрларнинг саноғида ва улардан олинадиган ҳукмларнинг навларида бир хил.
Имом Шотибий бу масалаларни жамлаган. Ибн Саййид уни “Мужтаҳидлар ўртасида хилофга олиб борадиган сабаблар” деб сарлавҳа қўйиб, қуйидагича баён этган:
- Лафзларда бўладиган муштараклик бу лафзларнинг таъвилларга эҳтимолидир. Бу уч қисмга бўлинади:
а) ёлғиз бир лафзнинг ўрнидаги муштараклик бўлиб, “қуруъ” сўзи кабидир. Бу сўз ҳайзга далолат қилганидек, покликка ҳам далилдир.
б) сўзнинг тусланишидаги муштараклик. Аллоҳ таолонинг: وَلَا يُضَارَّ كَاتِبٌ وَلَا شَهِيدٌ
“Котиб ҳам, гувоҳ ҳам зарарланмайди” (Бақара сураси, 282-) оятида “Ва ла юзоорра” сўзи котиб ёки гувоҳ томонидан ўз ишида зиёда ва камчилик билан зарар келиши жоиз эмас, деган маънога эҳтимол қилинади. Шунингдек, у котиб ёки гувоҳга ўз мажбуриятларини бажараётган пайтда зарар бериш жоиз эмас, деган маънога ҳам эҳтимол қилади.
в) таркиб жиҳатидан муштараклик. Аллоҳ таолонинг: إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ وَالْعَمَلُ الصَّالِحُ يَرْفَعُهُ
“Хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур” (Фотир сураси, 10-) оятида “ҳо” лафзи яхши амалга қайтиши эҳтимол қилинади. Шунингдек, хуш сўзга ҳам.
- Лафзни ҳақиқий ва мажозий маъноларга буриш. Бу ҳам уч қисм:
а) ёлғиз лафзга қайтувчи нарса. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига ўхшаш: “Раббимиз дунё осмонига тушади”. “Тушади” деган лафз ҳақиқатан тушишга ва мажозий тушишга эҳтимол қилинади. Лекин Аллоҳнинг комиллиги ва улуғлигига муносиб бўлган нарса уни ўз ҳақиқатидан буриб юборади. Аҳли сунна вал жамоа наздида эса унинг мажозга ҳамл қилиниши вожиб бўлади. Аммо мужассималар6 эса уни аслича қолдиришган.
б) лафзнинг аҳволига қайтадиган нарса. Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига ўхшаш:
بَلْ مَكْرُ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ
“Балки кеча ва кундузнинг макри” (Сабаъ сураси, 33-) оятида макр кофирлардан бўлганига эҳтимол қилинади. Бу эса ҳақиқатдир. Макр кеча ва кундуздан бўлганига ҳам эҳтимол қилинади, бу эса мажозийдир.
в) таркиб жиҳатига қайтадиган нарса имконсиз нарсани мумкин бўлган нарса шаклида келтириш, буйруқ феълини хабар суратида келтириш, мадҳни айблов сийғаси билан келтириш ва ҳоказо.
- Далилни ҳукм билан мустақил бўлиш ва бўлмаслик ўртасида айлантириш. Лайс ибн Саъднинг Абу Ҳанифа, Ибн Абу Лайло ва Шибрима билан байъ ва шарт масаласида келтирган ҳадисига ўхшаш. Шу ўринда Лайс ибн Саъд байъ ва шартдан қайтарилган ҳадисни мустақил қилди, бу ўринда бошқалар мустақил қилишмади.
Далилни умумий ва хос маъноларга буриш. Аллоҳ таолонинг:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ
“Динга мажбурлаб киритиш йўқ” (Бақара сураси, 256-) ояти одамларнинг ҳаммасини Ислом динини қабул қилишларига зўрлашни бекор қиладиган умумий ҳолатми? Ёки аҳли китобларнинг жизяни7 қабул қилишлари билан уларга умумий айтганми? Ёхуд оят улар туфайли нозил бўлган кишиларга тегишлими?
- Ровийларнинг ва ҳадисни ривоят қилиш йўлларининг саноғидаги ихтилоф. Гоҳида ривоят мужтаҳидга саҳиҳ йўл орқали етиб келса, бошқаси уни саҳиҳ деб топмайди. Гоҳо эса уларнинг баъзисига бир лафз билан етиб келса, бошқасига бошқа лафз орқали етиб келади. Чунки ҳадислар улуғлигига кўра маъно билан ҳам ривоят қилинади.
- Ижтиҳод ва қиёс8нинг жиҳатлари. Яъни, қиёснинг йўлларидаги ва шартларидаги ихтилофлар. Ижтиҳоднинг василаларидаги, иллатидаги ва зобиталаридаги ихтилофлар.
- Китоб ва суннатда насхнинг8борлиги. Шу ўринда жумҳур уламолар насхнинг мавжудлигини айтишса, бошқалари уни инкор этадилар. Унинг борлигини айтгувчилар эса носих-мансух оят ва ҳадислар тўғрисида ихтилоф этишади. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда чегараланган баён келмаган. Саҳобалардан эса жуда кам нарса келган.
- Далилларнинг мубоҳликни ва ундан бошқасини эҳтимол қиладиган бир қанча йўлларга биноан келиши.
Бу ҳадисларнинг барчаси ҳам саҳиҳ бўлиб, уларнинг баъзиларини мужтаҳидлар ҳужжат қилиб олишган бўлса, баъзиларини эса йўқ.
Мухтасар айтганда, сохта салафийлар айтаётганидек, аҳли сунна вал жамоа мазҳаблари мусулмонларни бўлиб ташламаган, балки мужтаҳидларни бирор фуруъий масалада далил-ҳужжатлар асосида баҳслашиб, ҳақиқатни онгли равишда англаб етишга чорлаган. Зотан, адолатли ва асосли баҳс тараққиётга хизмат қилади.
Доктор Абдулқодир Исо Диябнинг
“Ал-Мийзан ал-одил литамйизал ҳаққи
минал ботил” китобидан
Тошкент шаҳар
“Ал-Бадр” жоме
масжиди имом ноиби
Муродуллоҳ МАЖИДОВ
таржимаси
Юртимизга БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси келади
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Махсус маърузачи янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинишини қутлар экан, мазкур ҳужжат диний эркинликни таъминлаш бўйича қонунчилик тизимига кўплаб ижобий ўзгаришлар олиб келганини таъкидлади.
Суҳбат чоғида ушбу қонуннинг қабул қилиниши барча динлар ва эътиқодлар учун инклюзив маконни қўллаб-қувватлаш имконини берувчи самарали ҳуқуқ-тартиботни таъминлашга қаратилган ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бергани қайд этилди.
Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон ҳукуматининг унинг офиси ва бошқа халқаро тузилмалар ҳамда экспертлар ҳамжамияти билан ҳамкорлигининг изчиллигига юқори баҳо бериб, мамлакатимиз билан ўрнатилган конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Шу нуқтаи назардан, Аҳмад Шаҳид жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга сафар қилиб, Нью-Йорк шаҳри университети (CUNY-RBI) ҳузуридаги Ральф Банч номидаги халқаро тадқиқотлар институти ва Эссекс университети ҳуқуқшунослик мактаби (Essex-HRC) ёрдамида техник кўмак дастурини ишга туширишга тайёрлигини маълум қилди.
Сафар дастурида тегишли давлат идоралари, фуқаролик жамияти ва диний ташкилотлар вакиллари учун қатор семинар ва тренинглар ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, БМТ доирасида қўлланилаётган инсон ҳуқуқлари кўрсаткичларига асосланган миллий мониторинг ва баҳолаш тизимини ишлаб чиқишда маслаҳат ёрдами кўрсатилади.
БМТ махсус маърузачиси «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумини ўтказиш режасини олқишлаб, мазкур анжуман якунлари бўйича «Бухоро декларацияси» қабул қилиниши алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. У Ўзбекистон тарихан диний ва конфессионал хилма-хилликнинг бой меросига эга маърифатли ислом маркази бўлиб келган, деб фикр билдирди.
Аҳмад Шаҳид «Бухоро декларация»си лойиҳасини ишлаб чиқишда зарур маслаҳат ёрдами кўрсатишини, шунингдек, декабрь ойида ушбу халқаро конференция ишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга яна бир бор сафар қилишини тасдиқлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Мавзу: Ислом — тинчлик ва эзгулик дини (2-қисм).
Тошкент шаҳар "Убай ибн Каъб" масжиди имом-хатиби Абдуҳаким домла Матқуловнинг Қарши шаҳридаги марказий “Кўк гумбаз” жоме масжидига ташрифлари.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.