Сийрат ва ислом тарихи

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – икки олам сарвари»

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – юксак балоғат ва фасоҳат соҳиби

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фасоҳатли (аниқ ва равон) тил соҳиби ҳамда гапни равшан ва очиқ ифодалаб берувчи зот эдилар.

У зотга Аллоҳ таоло томонидан пурмаъно сўзлар, хислатли ҳикматлар, балоғатли[1] ваъз-насиҳатлар билан хитоб қилиш истеъдоди, муҳкам (аниқ, ишонарли, қатъий) далиллар билан узил-кесил ҳукм чиқариш маҳорати ато қилинган эди. Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Мен уммий (ўқиш-ёзишни ўрганмаган) пайғамбар – Муҳаммадман (буни уч марта айтганлар), мендан кейин бирорта пайғамбар бўлмайди. Менга каломнинг бошию охири[2] ва жавомеълари[3] ато қилинди».[4]

Бошқа бир ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб: «Эй инсонлар! Менга пурмаъно сўзлар ва уларнинг хотималари ато этилиб, мен учун жуда мухтасар қилинди», деганлар.[5]

Бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Набийси, қандай қилиб сиз орамизда бўла туриб, фасоҳат билан сўзлайдиган бўлдингиз, ҳолбуки ҳеч қаерга чиқмаган бўлсангиз? (Яъни ўқиш-ёзишни ўрганиш учун бирор кишининг ҳузурига қатнамаган бўлсангиз)», деб сўраганида у зот: «Исмоил алайҳиссаломнинг (сўзлашган фасоҳатли) тили унутилиб кетган эди. Жаброил алайҳиссалом ана шу тилни менга олиб келди, мен уни ёдлаб олдим», деб жавоб берганлар.[6]

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бирор муаллимдан дарс олмай туриб, шундай фасоҳату балоғат билан сўзлашлари Аллоҳ таолонинг у зотга берган улкан неъматидир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини, сийратларини ўрганиб чиққан жуда кўп олимлар бу ҳақиқатни эътироф этганлар. Пайғамбар алайҳиссалом гапирганларида ҳар бир сўзни аниқ-тиниқ талаффуз билан дона-дона қилиб гапирардилар. Сўзлари худди маржонга терилган дурлар каби эди.

Жоҳиз раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларини тавсифлаб, шундай дейди: «Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломнинг каломларини тингловчида у зотга нисбатан муҳаббат уйғонадиган даражада зийнатлаб қўйди. Каломларида ҳайбат бўлиши билан бирга, эшитган одам ҳаловат ҳам топарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу даражада тушунарли, дона-дона қилиб сўзлардиларки, айтадиган гапларини қайта такрорлашга ҳожат қолмасди. Ул зотнинг ибора ва жумлаларидан бирон-бир сўз тушиб қолмас, гапиришда тутилиб қолиш ҳолатлари кузатилмас, келтирган ҳужжат-далиллари бефойда кетмас, сўзларини эшитиб турган бирор-бир нотиқ у зотга қарши фикр билдириб, гапларини бўла олмас эди. Фақат рост сўзлар билангина ҳужжат келтирардилар. Инсонлар ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларидан кўра манфаати кўпроқ, ишончлироқ бирор-бир каломни эшитмаганлар».

Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг фасоҳатларини: «Мен араблардан қандайдир ажойиб, нодир сўз эшитган бўлсам, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман. Мен Расулуллоҳнинг «Маата ҳатфа анфиҳи»[7]деганларини эшитганман. Бундай сўзни илгари бирор арабдан эшитмаган эдим», деб тавсифлайдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари шу даражада равшан ва очиқ-ойдин эдики, унда бирор-бир ортиқчалик ҳам, камчилик ҳам бўлмасди, ҳатто ёнларидаги киши гапларини ёдлаб оладиган даражада тушунарли гапирардилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга ўхшаб шошилиб гапирмасдилар, балки шундай очиқ-ойдин ва дона-дона қилиб гапирардиларки, у зот билан бирга ўтирган киши гапларини бемалол ёдлаб оларди».

Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай гапирардиларки, сўзларининг ҳарфларини санамоқчи бўлган киши санашга улгурарди».

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор гапни гапирсалар, (агар эҳтиёж бўлса) уни уч марта такрорлардилар».

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни «Сиздан фасоҳатлироқ кишини кўрмадик» деб мақтаганларида, ул зот: «Аллоҳ таоло мени лаҳҳонлардан[8] қилмади, Аллоҳ таоло мен учун энг яхши калом бўлмиш китоби – Қуръони Каримни танлади», деб жавоб берганлар.[9]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фасоҳат билан сўзлашни мақтардилар. Жумлаларнинг маъносини бузиб, қўпол гапиришдан қайтарардилар. Шунинг учун Аббос розияллоҳу анҳу: «Гўзаллик нима?» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тил», деб жавоб берганлар.[10]

Бошқа бир ривоятда Аббос розияллоҳу анҳу: «Кишидаги гўзаллик нима?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилининг фасоҳатлилиги», деб жавоб бериб, «Равон гапирадиган кишига Аллоҳ таоло раҳматини ёғдирсин!» деб дуо қилдилар.[11]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фасоҳатлари шу даражада эдики, ҳар бир қавмга ўша қавмнинг тилига хос фасоҳат билан хитоб қилар, ўша қавмнинг шевасида гаплашар ҳамда уларнинг тилларига оид балоғат масалалари бўйича баҳслаша олар эдилар. Бу ҳолатни кузатган саҳобалар кўпинча у зотдан бошқа шевада айтган гапларини шарҳлаб, изоҳлаб беришларини сўрашарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қурайш, Ансор, Ҳижоз ва Нажд халқи билан қилган суҳбатлари Хазрамавт ва Яман подшоҳлари билан бўладиган суҳбатларига сира ўхшамас эди (яъни ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳлар билан бўлган суҳбатларида ўша подшоҳларнинг тили, фасоҳати ва балоғатида гаплашардилар. Улар билан гаплашишда қўллайдиган сўзлари Қурайш ва ансорларга нисбатан ишлатадиган сўзларидан фарқ қиларди. Шу ўринда сўзлашув услублари фарқли эканини билдириш мақсадида араб тилидаги сўзларни ўзбек ёзувида ифодалаб, ёнида изоҳини келтириб ўтдик).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамадонга шундай мактуб ёзган эдилар: «Албатта, сизлар Ҳамадоннинг фараъи (ернинг тепаликлари), вуҳоти (пастликлари), азози(бирор киши эгалик қилмайдиган бепоён қаттиқ ерлари)га эгалик қиласизлар. Ўша жойларнинг алофи (подалар ўтлайдиган ўтлар)да подаларингиз ўтлайди ҳамда афолари(бирор киши эгалик қилмайдиган, кимсасиз жойлари)да подаларингизни боқасиз. Модомики (Ҳамадон халқи) аҳду паймон ва омонатларини (закотларини) топширар эканлар, Ҳамадоннинг дафъилари (туя, қўйлари) ва суромлари(хурмо дарахтлари ёки хурмо мевалари)гина бизга тегишлидир. Садақанинг салб (тишлари тўкилган қари туялар), ноб (қари туяларнинг урғочиси), форидуд дожин (қари сигир), кабшул ҳаворийи (қўйларнинг катта ёшли қўчқор) уларникидир. Зиммаларида садақанинг солиғи (ёши олтига тўлган қўй ва сигир) ва фориҳи (беш ёшли туя ва отни бизларга юбориш вазифаси) бор».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Наҳд аҳлига ҳам шунга ўхшаш мактуб ёзганлар: «Аллоҳим, уларнинг маҳди(қаймоғи)га, мазқи(қоришма сути)га баракот бер. Подачиларини дусур(унумдор, серҳосил ерлар)га юбор, подачининг самади(оз миқдордаги суви)ни мўл-кўл қилиб бер ҳамда моллари ва фарзандларига барака ёғдир. Ким намозни адо қилса, у (комил) мўмин бўлади, ким закотни берса, ғофил бўлмайди, ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берса, мусулмон бўлади. Эй Наҳд уруғи, сизлар учун вадоиъушширк (урушдан кейинги ўзаро келишилган аҳду паймонлар) ва вазоиъул мулк (мулк солиқлари) лозимдир. Намоз борасида дангасалик қилманглар, закотни ман қилманглар ҳамда ҳаётда ҳақ йўлдан оғманглар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам наҳдликларга фарз топшириқ борасида ҳам қуйидагича мактуб ёзганлар: «Фориз (қари сигир), фариш (ёш сигир), зул инонир-рукуб (миниладиган туя), филвуз-зобис (миниш қийин бўлган тойчоқ) сизларгадир. Модомики ичингизда римоқ(нифоқ, мунофиқлик) сақлаб юрмасангиз (яъни қалбларингиз ҳаққа бўйсунишдан бош тортмас экан), рибоқ(арқон) емас экансиз (ўртамиздаги келишувни бузмас экансиз), сизларнинг сарҳларингиз (кундузи яйловда ўтлаб юрадиган подаларингиз) ман қилинмайди (ўтлашдан тўсиб қўйилмайди), толҳингиз (мевасиз дарахтларингиз) кесилмайди, шунингдек, даррингиз (сут берувчи чорваларингиз) ҳам яйловдан тўсилмайди. Ким (бизнинг айтганларимизга) амал қилса, келишувни бажарган бўлади. Ким келишувдан бош тортса, унинг зиммасига (закотдан ташқари жазо ўлароқ олинадиган) зиёда нарса юкланади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Воил ибн Ҳажар орқали Яман подшоҳларига бир неча мактублар юборганлар. Уларнинг бирида шундай ёзилади: «Бир тиъада (қирқта қўй ёки туядан бештасида) миқваратил алёт (нуқсонли, озғин) ҳам бўлмаган, зоннок (семиз) ҳам бўлмаган битта қўй, сабажа (ўртача қўй), суюбдан (қазилма конлардан) бешдан бири берилади. Ким бикр билан зино қиладиган бўлса, уни юз марта фасқоъуҳу (дарра уринглар), бир йилга фаставзуҳу (сургун қилинглар), ким жувон билан зино қиладиган бўлса, уни азомим (тошлар) билан фазрожуҳу (тошбўрон қилинглар). Динда тавсим (айб ва уялиш ҳамда Аллоҳнинг ҳадларини адо қилишда дангасалик) йўқдир, Аллоҳ таолонинг фарзларида ғумма (беркитиш, тараддудланиш) ҳам йўқдир. Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Воил ибн Ҳажар ақёлга (Ҳазрамавт подшоҳларига) тараффул (бошчилик) қилади».

Юқорида матни келтирилган мактубларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан хитоб қилинаётган қавмлар ва подшоҳларнинг сўзлашган тили, балоғату фасоҳати биз билган ҳозирги араб тилидан фарқли бўлган. Яъни уларнинг шевасида турли фарқлар бор эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар учун нозил бўлган Қуръони Каримни уларнинг ҳолатларига мос равишда, истеъмоллари, одатий сўзлашадиган сўзларига қараб баён қилганлар.

Атийя Саъдийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Устун, олий қўл мунтия (берувчи) қўлдир.Остки, қуйи қўл эса мунтот (олувчи) қўлдир», деганлар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўз лаҳжамизда гаплашган эдилар».

Бир куни Омирий розияллоҳу анҳу савол сўраш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Шунда у зот (араб тилидаги «хоҳлаган нарсангни сўра» маъносини англатадиган «сал ъаммаа шиъта» дейиш ўрнига) «сал ъанка», дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом ишлатган бу ибора Омирий розияллоҳу анҳунинг лаҳжасига мос келар эди.

Сийрат уламолари Пайғамбар алайҳиссаломнинг кундалик турмушда, инсонлар билан муомалада ишлатган гап-сўзлари, ваъз-насиҳат қилганларида айтган ҳикматли гаплари ва гўзал иборалари, қўйингки, шу борадаги барча-барча маълумотларни тўплаб, жуда кўп китоблар ёзганлар. Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўзида мужассам этган китоблар оламига кирар экансиз, ўзингизни худди мевали дарахтлари кўп бўлган гўзал бир боққа киргандек ҳис қиласиз. Қалбингиз хотиржамлик ва сурурга тўлганидан, бу оламдан асло чиқиб кетгингиз келмайди. Қуйида биз ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ана шу бўстондан терилган мевалар янглиғ пурмаъно сўзлари ва гўзал насиҳатларидан баъзиларини сиз азизларга ҳавола қиламиз:

  • «Амаллар ниятга боғлиқдир».[12]
  • «Амал қилувчининг амалидан фақатгина ният қилгани бўлади. Мўминнинг нияти амалидан яхши­роқдир».[13]
  • «Уруш хийладир».[14]
  • «Жиноятчи фақат ўз зарарига жиноят қилган бўлади».[15]
  • «Ҳақиқий жасоратли ва кучли киши – одамлар устидан ғолиб бўлган киши эмас, балки ўз нафси устидан ғолиб бўлган кишидир».[16]
  • «Кураги ерга тегмаган паҳлавон эмас. Ҳақиқий паҳлавон ғазаб келган вақтда уни енга олган кишидир».[17]
  • «Эшитилган хабар кўрганчалик эмасдир».[18]
  • «Мажлислар(да айтилган гап-сўзлар) омонатдир».[19]
  • «Бало тилга боғлиқдир».[20]
  • «Ёмонликни тарк қилиш ҳам садақадир».
  • «Бахилликдан ҳам ёмонроқ иллат бўлиши мумкинми?»[21]
  • «Ҳаёнинг турган-битгани яхшиликдир».[22]
  • «Ёлғон қасам ичиш юртни саҳро ҳолатига олиб келади».[23]
  • «Қавмнинг саййиди (бошлиғи) уларнинг хизматчисидир».[24]
  • «Илмнинг фазилати ибодат фазилатидан яхши­роқдир».[25]
  • «Савоби энг тез етадиган яхшилик – ўзгаларга яхшилик қилиш ва силаи раҳмдир (яъни яқинлар билан қариндошлик ришталарини боғлаш). Жазоси ва азоби тез келадиган ёмонлик эса бировга зулм қилиш ва қариндошликни узишдир».[26]
  • «Баъзи баён(нутқ)ларда сеҳр, баъзи илмларда жаҳолат, баъзи шеърларда эса ҳикмат бор».[27]
  • «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар уларга бепарводир: сиҳат-саломатлик ва бўш вақт».[28]
  • «Макр-ҳийла ва фирибгарликнинг олиб борадиган жойи жаҳаннамдир».[29]
  • «Маслаҳат берувчи (ундан сўралган масалалар борасида) ишончлидир».[30]
  • «Надомат – тавбадир».[31]
  • «Яхшиликка сабаб бўлган одам худди уни қилган одам кабидир».[32]
  • «Бир нарсани яхши кўришинг сени кўр ва кар қилиб қўяди».[33]
  • «Энг яхши мол – ухлаганингда ҳам оқиб турувчи булоқдир». Бу ҳадиснинг маъноси: Мол-мулкнинг энг яхшиси манфаати доимий бўлган молдир, худди одамлар ичсин деб текинга топшириб қўйган булоқ кабидир. Эгаси ухлаб ётса ҳам, булоқ кечаю кундуз оқаверади, савоби ҳам эгасига ёзилаверади.
  • «Энг афзал мол – кўп болаловчи бия ва четларига хурмо экилган йўлакдир».[34]
  • «Амали ортга сурган одамни насаби олдга сура олмайди».[35]
  • «Бир-бирингизни зиёрат қилиб туринглар, ўзаро му­ҳаб­бат з???????????иёдалашади»
  • «Бу дин мустаҳкамдир. Сен унга мулойимлик ила киргин».[36] Бошқа бир ривоятда қуйидаги зиёдалар келтирилган: «Бошқалардан узилиб ўзи ёлғиз қолган киши кўзлаган жойига етиб бора олмайди, туясини ҳам соғ қолдирмайди».[37] Ҳадиснинг маъноси: Ёлғиз қолган киши олдиндагиларга етиб олиш мақсадида уловини аямай, унга тоқати етмайдиган нарсаларни юклайди. У бу ҳолатида қанча шошилмасин, на кўзлаган ерига етиб олади ва на туяси соғ қолади.
  • «Оқил одам – ўзини сарҳисоб қилиб, ўлимдан кейинги ҳолатни ўйлаб амал қиладиган кишидир. Ожиз одам эса ҳавойи нафсига эргашиб, Аллоҳ таолодан кўп (нарсани) умид қиладиган кишидир».[38]
  • «Қалбингиз бир (ёмон) нарсага тараддудланса, уни тарк қилинг (қалбда кечадиган турли васвасаларга эътибор берманг)»[39].
  • «Аёлга чиройи, моли, дини ҳамда насаби учун никоҳланилади. Сен диндорини танлагин, барака топкур».[40]
  • «Қиш фасли мусулмоннинг баҳоридир. Қисқа кунларида рўза тутади, узун тунларида бедор бўлади».[41]
  • «Қаноатли бўлиш битмас-туганмас мол, йўқ бўлмайдиган хазинадир».[42]
  • «Истихора қилган ноумид бўлмайди, маслаҳат қилган надомат чекмайди, иқтисод қилган фақир бўлмайди».[43]
  • «Инфоқда (сарф-ҳаражатда) иқтисод қилиш ҳаётнинг ярмидир, инсонларга дўстона муносабатда бўлиш ақлнинг ярмидир, гўзал савол бериш илмнинг ярмидир».[44]
  • «Аллоҳ розилиги йўлида қилинган чора-тадбир каби ақлли тадбир йўқ. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан тийилишдек тақво йўқ».[45]
  • «Ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир. Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ҳижрат қилган (яъни ўша нарсаларни тарк қилган) кишидир».[46]
  • «Омонатдорлиги йўқ кишининг иймони йўқ, аҳду паймони йўқ кишининг дини йўқ».[47]
  • «Қадрдон дўстларга гўзал муомалада бўлиш иймондандир».[48]
  • «Кишининг чиройи тилининг фасоҳатидадир».[49]
  • «Иккита еб тўймас очкўз бор. Бири – толиби илм, яна бири – дунёни талаб қилувчи».[50]
  • «Нодонликдан ортиқ фақирлик йўқ. Ақлдан азизроқ бойлик йўқ, ужб (ўзига-ўзи қойил қолиш)дан тубанроқ йўқ».[51]
  • «Гуноҳ унутилмас, яхшилик ўчмас, Дайён Зот ўлмас. Қандай хоҳласанг, шундай бўл».[52]
  • «Илмга ҳалимлик қўшилганидан гўзалроқ нарса йўқ».[53]
  • «Ризқни ерости бойликларидан изланглар».[54]
  • «Дунёда худди мусофир ёки йўловчидек бўлгин, ўзингни қабр аҳлларидан деб ҳисобла».[55]
  • «Яхшилик ва мурувватли ишлар ҳалокатли, ёмон ишлардан сақлайди, махфий садақа бериш Робб таолонинг ғазабини сўндиради, силаи раҳм қилиш умрни зиёда қилади».[56]
  • «Афвли, кечиримли бўлиш бандага азизликни зиёда қилади, тавозели бўлиш мартабасини юксалтиради, ҳеч бир мол садақа туфайли камайиб қолган эмас».[57]

Мазкур ҳадислардан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари, маърузалари, хутбалари, дуолари ҳамда аҳдномалари ҳақида жуда кўп ровийлар бир-бирларидан ривоятлар келтирганлар.

Шак-шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча соҳада, хусусан фасоҳат ва балоғат соҳасида ҳам бирор киши ета олмайдиган юксак даража эгаси ҳисобланганлар ва бу борада барчага ўрнак бўлганлар.

[1] Балоғат сўзи «вояга етиш», «етуклик» маъноларини билдиради. Балоғат билан сўзлаш ҳар бир ҳолатнинг вазиятига мос сўзларни топиб, сўзамоллик ила гапиришдир. Юқоридаги жумлада «балоғатли ваъз-насиҳатлар» деб савияси баланд панду насиҳатлар назарда тутилган (валлоҳу аълам).

[2] Фасоҳат ва балоғат билан гапириш, маъноларнинг сиру асрорлари, хислатли ҳикматлар, гўзал иборалар қўллаш қобилияти.

[3] Кўп маъноларни ўз ичига олувчи қисқа жумлалар.

[4] Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган. Бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилган.

[5] Ҳофиз Ибн Касир бу ҳадиснинг санадини Абу Яълога боғлаган.

[6] Бу ҳадисни Абу Нуъайм «Асбаҳон тарихи» китобида ривоят қилган. Шунингдек, «Мавоҳиб» китобининг шарҳида ҳам зикр қилинган.

[7] Ҳеч бир ташқи таъсирсиз вафот этган кишига нисбатан қўлланиладиган бу ибора араб тилида юксак фасоҳат намунасидир.

[8] Нотўғри, ғализ гапирувчи, грамматик қоидаларга риоя қилмайдиган киши.

[9] «Жомиъус-сағир» китобида ҳадис ривояти имом Дайламийга нисбат берилган.

[10] Имом Ҳоким ривояти.

[11] Аскарий ривояти. Мазкур икки ривоятдан биринчисида Аббос розияллоҳу анҳу умумий қилиб сўрадилар, кейингисида эса хос қилиб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккала саволга ҳам жавоблари тил ҳақида бўлди.

[12] Икки шайх ривояти.

[13] Имом Табароний ривояти.

[14] Икки шайх ривояти.

[15] Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари.

[16] Ибн Ҳиббон ривояти.

[17] Икки шайх ривояти.

[18] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.

[19] Уқайлий ривояти.

[20] Ибн Абу Шайба ва бошқалар ривояти.

[21] Имом Бухорий ривояти.

[22] Муттафақун алайҳ.

[23] Фирдавснинг «Муснад»ида ривоят қилинган.

[24] Абу Абдурроҳман ас-Суламий ривояти.

[25] Имом Табароний ва бошқалар ривояти.

[26] Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти.

[27] Абу Довуд ривояти.

[28] Имом Бухорий ривояти.

[29] Имом Байҳақий ва Баззор ривояти.

[30] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.

[31] Имом Табароний ва имом Аҳмад ривояти.

[32] Аскарий ва имом Табароний ривояти.

[33] Имом Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар ривояти.

[34] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.

[35] Имом Муслим ривояти.

[36] Имом Аҳмад ривояти.

[37] Баззор ривояти.

[38] Имом Аҳмад, имом Термизий, имом Ҳоким ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳлар қаторига киритган.

[39] Имом Табароний ривояти.

[40] Муттафақун алайҳ.

[41] Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.

[42] Имом Табароний ва бошқалар ривояти.

[43] Имом Табароний ривояти.

[44] Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.

[45] Имом Байҳақий ривояти.

[46] Муттафақун алайҳ.

[47] Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.

[48] Имом Ҳоким «Мустадрак»ида ривоят қилганлар.

[49] Қодоъий ривояти.

[50] Имом Табароний ва бошқалар ривояти.

[51] Имом Ибн Можа ривояти.

[52] Фирдавс «Муснад»идаги имом Дайламийнинг ривояти.

[53] Аскарий ривояти.

[54] Абу Шурайҳ ривояти.

[55] Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.

[56] Имом Табароний ривояти.

[57] Имом Муслим ривояти. Бошқа муҳаддислар ҳам турли лафзлар билан ривоят қилган.



ЎМИ матбуот хизмати

манба

Read 7981 times
Top