Сийрат ва ислом тарихи

“Ўз-ўзидан ясалган қайиқ”

Машҳур имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг ёшлик йиллари эди. У вақтда Аллоҳга ишонмаган, яратиқлар ўзи пайдо бўлиб қолганини иддао қиладиган бир одам бор эди. Бу одам борган ерида сув ҳақида тортишар, баҳслашарди. У бир куни Куфа шаҳрига келди. Бу ердаги Мусулмонлар билан кўришгач, уларга деди:

— Сизлар ҳамма нарса Аллоҳ томонидан яратилганини айтасиз. Мен эса яратиқлар ўз-ўзидан пайдо бўлганини айтаман. Шу ҳақида ким мен билан баҳслашади?

Мусулмонлар унга шундай жавоб беришди:

— Бизда бир ёш олим бор. Агар баҳсда уни енга олсанг, сени улуғ уламоларимиз билан кўриштирамиз. Улар сени қабул қилишади.

Ҳалиги одамга бу гап маъқул бўлди. Учрашув жойи ва вақтини белгилаб тарқалишдилар.

Эртасига белгиланган вақтда халқ тўпланди. Аммо Абу Ҳанифа келмаган эди. Баҳслашишни кутаётган одам:

— Қани ўша сиз мақтаган ёш олим, нега бу ерга келмади? Ёки мен билан баҳслашишдан қочдими, қўрқиб кетгандир-да, деб кула бошлаган эди ҳамки, Абу Ҳанифа чиқиб келди.

Ҳалиги одам ундан: — Нега кеч қолдинг? Баҳслашишдан чўчидингми, воз кечгандирсан-а? — деди.

Имоми Аъзам унга шундай жавоб берди:

— Йўқ, воз кечмадим. Ҳозир сенга: Уйимиз дарёнинг нариги томонида эди. Ўтиш учун келсам, кўприк бузилиб кетибди. Энди дарёдан қандай ўтсам экан, деб тургандим, қарасам, дарахтлар ўз-ўзидан кесилиб, йўнилиб, бирлашиб, қайиқ бўлиб қолди. Қайиқ ўзи келиб, ёнимда тўхтади. Унга миниб, дарёни сузиб ўтдим ва келдим” десам нима дейсан?

Бу гапларни эшитган ҳалиги одам кулганча:

— Эй нодон бола! Қайси замонда дарахтлар ўз-ўзидан кесилиб, йўнилиб, қайиқ бўлибди? Мени шу гапларга ишонади, деб ўйлайсан чоғи? — деди. Абу Ҳанифа эса унга жавобан:

— Асл нодон сен экансан! Модомоки, бир қайиқ (сол)нинг ўз-ўзидан ясалганига ишонмас экансан, бу чек-чегарасиз борлиқнинг ўзи пайдо бўлиб қолганига қандай ишонасан? Бир қайиқки ўзидан ўзи пайдо бўлиб қолмаса, бутун борлиқ қандай қилиб ўзи пайдо бўлади?

Абу Ҳанифанинг бу сўзларидан лол бўлиб қолган ҳалиги одам ўйлай бошлади. Ўзига ўзи: “Бу ёш йигитча тўғри айтаяпти. Ростдан ҳам бу олам ўзи пайдо бўлиб қолмайди. Демак, ҳамма нарсанинг бир яратувчиси бор!” деди. Сўнг ҳамманинг олдида калимайи шаҳодатни айтиб, мусулмон бўлди.

Турк тилидан Абдулатиф Абдуллаев таржимаси
Манба

 

Read 6354 times
Top