Сийрат ва ислом тарихи

Сийрат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бизларни мусулмон қилган ягона Зот Аллоҳ таолога Ўзининг маҳлуқотлари ададича ҳамд бўлсин.

Мусулмонликни бизларга Улуғ Аллоҳ таолодан етказган Унинг Расули Муҳаммад Мустафога саловот ва саломлар бўлсин.

Аммо баъд. Мен, қачон Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони Каримдаги “Фил” сурасини эшитсам ёки ўқисам, бошқа суралардагидан фарқ қилувчи, бошқача бир ҳузур-ҳаловатни сезаман ва ҳурсанд бўлиб кетаман. Қалбим ёришади.

Нима учун айнан “Фил” сурасида бу ҳол юз беради? Нега ҳурсанд бўлиб қалбим нурланади ?

Бунинг сабабини Пайғамбаримиз алайҳисссаломнинг сийратларини ихлос билан ўрганган кишигина тушуниши мумкин….

Сийрат нима ўзи ?

Шахсан Мен, “сийрат” деганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғулишларидан то вафотларигача бўлган ҳаётлари акс этган тарихини тушунаман. Аслида ҳам шундай. Лекин Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари шунчаки тарих эмас.

Сийрат шундай бир тарихки, у инсоният яратилишини моҳияти бўлган – Ислом динининг тарихидир.

Сийрат шундай бир тарихки, у бутун борлиқни яратган, жумладан бизни ҳам яратган Зот, ҳар қандай нуқсондан пок бўлган Олий Зот – Аллоҳ таолога яқин қилувчи тарих.

Сийрат шундай бир тарихки, у Буюк Аллоҳ таолонинг бандалари ичидан танлаб олган энг севимли ва энг охирги Набийси – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни бизларга танитадиган тарихдир.

Сийрат шундай бир тарихки, у Яратувчи Аллоҳ таолонинг маҳлуқотлари ичидаги энг яхшиси, анбиё ва расуллар саййиди, башарият фарзандларининг энг афзали, энг ҳулқи гўзали, оламларга раҳмат Пайғамбар – Муҳаммад алайҳиссаломнинг тарихлари.

Сийрат шундай бир тарихки, у бизлар учун нур бўлган – Қуръони Каримни Раҳмли Зот Аллоҳ таолодан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлиш тарихидир.

Сийрат шундай бир тарихки, у асрларнинг энг яхшиси бўлган – замони саодат ҳақида сўзловчи тарих.

У шундай бир тарихки, агар тўғри нийят ва ихлос билан ўрганадиган бўлсак, охир-оқибат бизларни энг олий мақсадимиз – жаннатдаги неъматлар ичра кўмилиб турганимизда, ягона бўлган Зот – Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга мушарраф қилувчи тарихдир.

Сийратни нима учун ўрганамиз ?

Биз ўзимизни мусулмон деб биламиз. Аллоҳ таолони ягона илоҳ эканлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг расули эканлигига иймон келтирамиз. Албатта бу мўмин-мусулмонликнинг шарти ҳисобланади ва бу ҳаммага маълум. Лекин биз Пайғамбиримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларидан ҳабаримиз борми ?:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирингиз токи мен унга фарзандидан, отасидан ва барча инсонлардан севимлироқ бўлмагунимча ҳаргиз мўмин бўла олмайди», дедилар».

Муслим ривояти.

Ушбу ҳадисдан маълум бўлаяптики, мўмин бўлишликнинг шарти – Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизлар учун ҳаммадан кўра севимлироқ бўлишлари керак экан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бунчалик даражада севишимиз учун нима қилмоқ керак, қандай қилиб бу нарсага эришамиз ?

Бу саволни жавоби аниқ – сийратни ўрганишимиз керак! Сийрат бизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни танитади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни сийратларини ўрганиш орқали, У зотни таниганимиздан кейин, у зот бизларга нимани етказганларини, нималарни қолдириб кетганликларини, бизлар учун нималар қилиб кетганликларини ва энг асосийси – ўзларини эмас биз умматларини ўйлаб, қиёмат куни учун олиб қўйган дуолари ва шафоатлари ҳақида билганимиздан кейин, ҳар бир ҳақиқий мўмин-мусулмон ҳатто, ўзини жонидан ҳам  кўпроқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қолади.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай дейди:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор» (Аҳзоб сураси, 21.)

Дарҳақиқат, ҳақиқий мўмин-мусулмон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бутун ҳаётлари олий наъмуна ва ўрнакдир.

Биз ҳақиқий мусулмонча яшашни ҳоҳласак ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларидан ўрнак олишга муҳтожмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат бизни у зотга эргашишимизга ундаши керак. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган буйруқларни бажариш, қайтарган қайтариғларини қилмаслик, ҳар бир нарсада уларга итоат қилиш, суннатларини маҳкам ушлаш. Аксинча бўладиган бўлса, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат фақат тилимизда бўлиб, амалда кўринмаса, бу муҳаббатни фойдаси бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидагича марҳамат қилади:

«Айт(инг ей Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, бас, менга эргашинг, (шунда)Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир». Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31.)

Сийратни қандай ўрганамиз ?

Сийрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари билан боғлиқ экан, биз уни ўрганишда асосан у зотнинг таваллудларидан бошлаймиз, шундайми? У зотнинг таваллудлари, дунёга келган вақтдаги ер юзида содир бўлган ғаройиб воқеалар ва ҳоказолардан бошланади. Бу яхши.

Ҳақиқатдан ҳам бу яхши, лекин афзали эмас. Кўзланган мақсадга эришишни ҳоҳласак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни таваллудларидан олдин баъзи нарсаларни билиб олишимиз керак.

         Биз аввало, ҳар бир ишда керак бўладиган, у бўлмаса қилинажак ишимиз ўз қийматини йўқотадиган нарса – ихлос нималигини яхшилаб билиб олишимиз керак. Қисқача тушунтирадиган бўлсак, ихлос – бу, қилинаётган ишни фақатгина Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлишлигидир. Агар нийятимиз бундан бошқача бўладиган бўлса, у иш бизга манфаат бермайди ва кўзланган мақсадга ета олмаймиз.

         Шахсан Мен шуни тавсия қилардимки, сийратни ўқишга киришишдан олдин анбиёлар қиссаларини ўрганиш керак. Чунки, сийрат ҳамда анбиёлар қиссалари – булар бир-бирига боғлиқ илмлардир. Мисол учун, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишларининг бир учи Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларига бориб тақалади. Шунингдек, сийратдан олдин анбиёлар қиссалари билан танишиш, бошқа анбиёлар билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни рисолатларини солиштиришга, бир-бири орасидаги фарқлар ва уйғунликларни, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотни биз умматларининг фазлини англаб етишимизга ёрдам беради. Бу жуда муҳимдир.

         Ва ниҳоят, сийратни ўрганишга киришишимиздан олдин қилишимиз зарур бўлган энг асосий ишлардан бири – бу, арабларнинг тарихини мухтасар, озгина бўлса ҳам билиб қўйишимиз кераклигидир. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларигача бўлган арабларнинг ҳолати, жоҳилият даври. Бу нарса ҳам бизга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган рисолатларининг моҳиятини ва аҳамиятини тушуниб етишимизга жудда катта ёрдам беради.

         Юқорида номи зикр қилинган шартлар жам бўлса, иншааллоҳ, албатта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун ҳаммадан кўра севикли инсонга айланадилар. Бу нарса эса, бизни асосий мақсадимиз – Аллоҳ таолонинг муборак жамолига етиштиради.

         Мен, қачон Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръони Каримдаги “Наср” сурасини эшитсам ёки ўқисам, қалбим эзилади, йиғлагим келади, айрилиқ ва жудоликни ҳис қиламан.

Нима учун айнан “Наср” сурасида бу ҳол юз беради? Нега йиғлагим келади, айрилиқ ва жудоликни ҳис қиламан ?

Бунинг сабабини Пайғамбаримиз алайҳисссаломнинг сийратларини ихлос билан ўрганган кишигина тушуниши мумкин….

Ё Расулуллоҳ! Сизга жоним фидо бўлсин! 

 

Read 17370 times
Top