Сийрат ва ислом тарихи

Саҳобаларни қандай таниймиз?

“Саҳоба” сўзи луғатда дўст, ҳамроҳ, йўлдош каби маъноларни билдиради.  Бу сўзнинг истилоҳий маъносида кўплаб тарифлар берилган. Уларнинг орасида ҳадис уламолари берган таъриф энг мукаммалидир. Ҳадис уламолари Ибн Салоҳ, Ибн Касир, Ибн Ҳажар ва имом Суютийлар “саҳоба” сўзига қуйидагича таъриф беришган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан то вафот этгунларича У зотга имон келтирган ҳолда йўлиқиб шу ҳолда вафот этган кишига “саҳоба” дейилади.

Бу қисқалигига қарамасдан жуда кўплаб маъноларни ўз ичига олади. Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатида доимий юрганларнинг саҳобалигига шубҳа йўқ. Аммо атрофларида у зотни кўрган-у, овозларини эшитмаган ёки кўзи ожизлиги сабаб кўролмай қолган ёхуд у зотдан бирор бир ҳадис ривоят қилмаган кишилар бор эди. Ўша замонда ҳали балоғат ёшига етмаган ёшлар, ҳаётида бир лаҳзагина кўришиш бахтига эга бўлганлар бор эди. Бу таърифдаги “У зотга имон келтирган ҳолида йўлиқиб”, деган жумла умумий бўлиб, юқоридагиларнинг барчасини ҳам қамраб олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришиб, гаплашиб юрган, ўтмишдаги пайғамбарларга имон келтирган, аммо у зотга имон келтирмаган ёки вафот қилганларидан сўнг имон келтирганлар ёхуд тили билан имон келтириб, қалбида тасдиқламаган мунофиқлар[1] “У зотга имон келтирган ҳолида йўлиқиб”, деган жумладаги саҳобалар қаторига қўшилмайди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга имон келтириб, адашиб муртад бўлган, сўнг яна имонга келган кишилар бўлган эди. Улар ҳам “У зотга имон келтирган ҳолда вафот этган”лиги учун саҳоба дейилади. Бундаги асосий шарт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида имонга келган бўлишидир.

Охирги замон пайғамбарига ишониб, кутиб яшаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан аввал кўриб вафот этганлар, у зотни вафот қилганларидан сўнг кўрганлар ҳам “пайғамбарлик келганидан токи вафот этгунларича” деган қайд билан  саҳоба дейилмайди.

Кўриниб турибдики, ўша замонда яшаган кишиларнинг саҳобалигини аниқлаш масаласи жуда ҳам мушкул иш саналади. Шунинг учун ҳам уламолар саҳобаликни аниқлашнинг муайян йўлларини белгилаганлар.

  1. Саҳобалигида шак-шубҳа қолмаган даражада танилиб кетиш. Масалан, ҳазрати Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳу кабиларнинг саҳобалигига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
  2. Юқоридагидек шуҳрат топмаган бўлса-да, лекин ислом оламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издоши экани ҳақида кенг миқёсда хабарлар тарқашидир. Бунга етмиш минг киши ҳисобсиз жаннатга кириши ҳақидаги хабарда номи зикр қилинган Уккоша ибн Миҳсан мисол қилинган.
  3. Саҳобалиги маълум бўлганлар бирор киши ҳақида гапирганида “У саҳобалардан эди” деб гувоҳлик бериши.
  4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонида яшаган одам “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман” ёки “у зотнинг фалон ишни қилганларини кўрганман” қабилидаги сўзлар билан ҳадис ривоят қилиши. Бу ҳадис матн ва санад жиҳатидан қабўл даражасида бўлса, шу ҳадис ровийси ҳам саҳоба бўлади.
  5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонида яшаган одам: “Мен саҳобаман” ёки “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан фалон ишда бирга эдим” деб, ўзининг саҳобалигига ўзи гувоҳлик бериши. Бунда ҳам мазкур ҳадис ва унинг ровийси муҳаддислар тарафидан зийраклик билан ўрганиб чиқилади, саҳобалигини инкор қиладиган маълумот топилмаса, саҳобалар қаторида саналади.
  6. Адолатли тобеъин бирор ҳадис санадида ўзи билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларида бир кишини келтириб, “Шу одам саҳоба эди” деб гувоҳлик берса, унинг гувоҳлиги қабул қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ана шу тахлит танилади. Бундан ташқари, ислом оламининг забардаст уламолари ва тарихчилари саҳобалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус китоблар ёзган. Масалан, Абу Нуаймнинг “Маърифат ус-саҳоба”, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Исоба фий тамйиз саҳоба”, Ибн Абдулбаррнинг “Истиоб фий маърифат ил-асҳоб”, Ибн Асийрнинг “Усуд ул-ғоба фий маърифат ис-саҳоба”, Имом Заҳабийнинг “Тажрийд асмо ис-саҳоба” каби машҳур асарлар мавжудки, бугунги кунда ана шу китобларда номлари келтирилган шахслар ҳам саҳобий деб тан олинган. 

Абдулбоқий ТУРСУНОВ,  

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси 

 

 

[1] . Уларнинг мунофиқлиги Расулуллоҳ с.а.в.нинг сўзлари ёки саҳобалардан ишончли санадлар ила келган мутавотир ривоятга қараб аниқланади. Бировни мунофиқликда айблашга саҳобалар ўзларича ботинишмаган.

Read 8873 times
Top